– Рейтинг –
ДУНЁНИНГ ЭНГ ҚИММАТ ШАҲАРЛАРИ
Economist Intelligence Unit (EIU) гуруҳи дунёдаги 130 та шаҳарнинг нарх-наво баҳосини тадқиқ этиб, Норвегия пойтахтини энг қиммат шаҳар деб эълон қилди.
ВВСнинг хабар беришича, дунёдаги яшаш энг қиммат бўлган шаҳарлар ичида Токио 14 йиллик пешқадамликдан сўнг ўз ўрнини Ослога бўшатиб берди.
Яна бир шимолий шаҳар — Рейкьявик (Исландия) иккинчи ўринни банд этган бўлса, рейтингдаги иккинчи Япония шаҳри Осака тўртинчи ўринни эгаллади. Дунёдаги энг арзон шаҳар эса Теҳрондир. 14 йил аввал эса айнан шу шаҳар дунёнинг энг қиммат шаҳри деб эътироф этилган эди.
Токионинг «чўққидан қулаши» унчалик ҳам катта сюрприз бўлмади. Япон валютаси иеннинг қадри тушиши, япон иқтисодиётидаги паст инфляция бунга бевосита сабаб бўлди, дея хабар қилади EIU. 2004 йилдаги кризисдан сўнг Норвегия иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилишга эришди.
Шарқий Европа давлатларида ҳам яшаш тарзи қимматлашгани сезилади. Европа Иттифоқига янги аъзолар ва номзод давлатларда бу ҳолатни кузатишимиз мумкин. Истамбул (48-ўрин), Прага (58-ўрин), Варшава (63-ўрин), Киев (82-ўрин), Будапешт (95-ўрин), Белград (107-ўрин) каби шаҳарларда яшаш тарзи 5 %га қимматлашган.
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, рўйхатдаги бундай силжишлар жаҳон валюталари курсларининг тебраниши билан боғлиқ, айниқса, доллар ва евронинг. Шаҳардаги турмуш АҚШ долларида ҳисобланади. Шу сабабли, агар доллар курси маҳаллий валютага нисбатан пасайса, аслида ҳеч нарса ўзгармаган бўлса-да, ҳисоб-китоб бўйича шу шаҳардаги ҳаёт қимматлашган ҳисобланади.
Шуни таъкидлаш лозимки, тадқиқот у ёки бу шаҳардаги ҳаётни тўла ҳақиқий баҳолай олмайди, чунки ушбу рейтингнинг буюртмачилари ўз ходимларини чет давлатларга узоқ вақтга хизмат сафарига жўнатадиган йирик корпорациялар бўлиб, уларни, асосан, хизмат сафарига тўланадиган харажатлар қизиқтиради. Шу нуқтаи назардан, дейлик, Москва ва Санкт-Петербург беш юлдузли меҳмонхоналари, элита ресторанлари ҳамда иномарка автомобиллар ижараси қимматлиги туфайли энг қиммат шаҳарлар қаторига қўшилган.
АҚШнинг энг қиммат шаҳри – Нью-Йорк жаҳон рейтингида 27-ўринни эгаллаб турибди.
Жанубий Америкада эса катта силжишлар Бразилиянинг Рио-де-Жанейро ва Сан Паулу шаҳарларида кузатилди. Мамлакатдаги иқтисодий жонланиш туфайли бу шаҳарлар жаҳоннинг энг қиммат шаҳарлари рўйхатида 87-ўринни банд этдилар.
Гарчи Токио ва Осака дунёнинг энг қиммат шаҳарлари сифатида эътироф этилса-да, Осиё қитъаси энг арзон минтақалардан бирилигича қолмоқда. Қитъада энг арзон етти шаҳардан бештаси жойлашган.
ДУНЁНИНГ ЭНГ ҚИММАТ ШАҲАРЛАРИ ЎНЛИГИ:
1. Осло, Норвегия
2. Токио, Япония
3. Рейкьявик, Исландия
4. Осака, Япония
5. Париж, Франция
6. Копенгаген, Дания
7. Лондон, Буюк Британия
8. Цюрих, Швейцария
9. Женева, Швейцария
10. Хельсинки, Финляндия
АбдулАзиз тайёрлади.
«7 мўъжиза» газетаси, 04.05.2006
[singlepic id=43 w=500 h=500 float=center]