– Шоу-олам –
ЭНГ ЁШ ВА ЭНГ МАШҲУР БОЙВУЧЧАЛАР
Англиянинг Sunday Times газетаси ҳар йили Буюк Британиянинг энг ёш бойвуччалари рўйхатини эълон қилиб боради. Бу рейтингда Англияда яшаб, ижод қилувчи 30 ёшгача бўлган саҳна юлдузлари иштирок этадилар. Бу йил ушбу рўйхатга кирганларнинг сони 100 тага етди.
Буюк Британияда яшовчи, асли сингапурлик скрипкачи Ванесса Мэй бу йил Англия шоу-бизнесидаги энг бой ёш санъаткорга айланди. 27 ёшли Ванессанинг маблағи 32 миллион фунт стерлинг дея баҳоланди. Машҳур футболчи Дэвид Бэкхемнинг хотини Виктория Бэкхем эса 30 ёшга тўлганлиги муносабати билан ушбу рейтингдан “четлаштирилди” ва ўрнини скрипка қироличасига бўшатиб берди. Энди Виктория Пол Маккартни, Элтон Жонлар билан биргаликда “катталар” рейтингида иштирок этади.
Чарли Чаплиннинг набираси Кейра Чаплин 30 миллион фунт стерлинг маблағи билан иккинчи ўринни банд этди. У Limelight Films кинокомпаниясининг 30 фоизлик акцияси соҳибидир. Шунингдек Кейра асосан бойлар учун хизмат кўрсатадиган – вертолёт ва Ferrari каби суперавтомобиллар ҳамда тан соқчилари ижараси билан шуғулланувчи компания президенти ҳамдир.
Кейинги тўртта ўрин Coldplay гуруҳининг аъзолари – Гай Бэрриман, Жон Бакленд, Уилл Чемпион ва Крис Мартинга тегишлидир. Уларнинг ҳар бири 25 миллион фунт стерлингга эгалик қилади. Улардан 5 миллион фунтга ортда қолаётган эр-хотинлар – британиялик модель Карен Элсон ва White Stripes гуруҳи солисти Джек Уайтлар 7-ўринни банд этишган.
Саккизинчи ва тўққизинчи ўринларни актёрлар – Орландо Блум ва Гарри Поттер ролини ижро этган Дениэл Редклифф эгаллашган. Иккаласининг ҳам маблағи 14 миллион фунт стерлинг дея баҳоланмоқда. Ўтган йилги рўйхатда Блум иккинчи ўринни эгаллаганди, бу йил эса 8-ўринга тушиб кетди. Дениэл Редклифф эса бир йил ичида ўз маблағини икки баравар оширишга муваффақ бўлди. 2005 йилда унинг маблағи 6 миллион фунт эди.
Рейтингда 10-ўринни “Титаник” фильмида бош рол ижрочиси Кейт Уинслет 12 миллион фунт стерлинг билан банд этди.
Sunday Times газетаси ҳар йили турли соҳалардаги Буюк Британиянинг энг бой ва машҳур кишилари рўйхатини эълон қилиб боради. Ушбу рўйхатни Бритни Спирс альбомларини чиқарадиган овоз ёзиш студиясининг собиқ раҳбари Клайв Келдер 1,3 миллиард фунт стерлинг билан бошқариб турибди. Ундан кейинги ўринларда машҳурлардан Пол Маккартни 825 миллион фунт маблағи билан, Эндрю Ллойд Вебер (700 миллион фунт), продюссер, сэр Кэмерон Макинтош (400 миллион фунт) мавжуд. Шунингдек, Мик Жаггер, Элтон Жон, Том Жонс, Стинг ва бошқа машҳур шоу-бизнес юлдузлари ҳам бу рўйхатдан жой олишган.
АНГЛИЯНИНГ 30 ЁШГА ТЎЛМАГАН ЭНГ БОЙ МАШҲУР КИШИЛАРИ:
1. Ванесса Мэй – 32 млн. фунт.
2. Кейра Чаплин – 30 млн. фунт.
3. Гай Бэрриман – 25 млн. фунт.
4. Жон Бакленд – 25 млн. фунт.
5. Уилл Чемпион – 25 млн. фунт.
6. Крис Мартин – 25 млн. фунт.
7. Карен Элсон ва Джек Уайт – 20 млн. фунт.
8. Орландо Блум – 14 млн. фунт.
9. Дениэл Редклифф – 14 млн. фунт
10. Кейт Уинслет – 12 млн. фунт.
АбдулАзиз тайёрлади.
«7 мўъжиза» газетаси, 27.04.2006
[singlepic id=42 w=500 h=500 float=center]