ЯШИЛ ШАҲАР. «Эрудит». 13.10.2001

Бу менинг диёрим –

ЯШИЛ ШАҲАР

Ўрта Осиёнинг энг қадимги шаҳарларидан бири Шаҳрисабздир. Шаҳар дастлаб Кеш деб аталган бўлиб, юнон тарихчиларидан Геродот ва Ктесийларнинг берган маълумотларига кўра, у милоддан аввал V асрда ҳам мавжуд бўлган. Милоддан аввал 328 йили Кешни Александр Македонский, 710 йили араблар, 1220 йили эса мўғуллар босиб олди. Ушбу шаҳарга босқинчиларнинг кўз олайтиргани бежиз эмас. Чунки Кеш қадимдан катта иқтисодий-савдо аҳамиятига эга шаҳар ҳисобланган. Бу аҳамият айниқса, V-VI асрларга келиб анча ортди. Археологларнинг тадқиқотлари бу даврларда Шаҳрисабз билан Китоб орасида йирик ягона мудофаа девори мавжуд бўлганини кўрсатди. Девор 60 км узунликда бўлиб, 14 та дарвозаси бўлган.

Кеш XIII асрдан бошлаб Шаҳрисабз деб ҳам атала бошлаган. Шаҳрисабз форс тилида “яшил шаҳар” деган маънони билдиради. Буюк бобомиз соҳибқирон Амир Темур Шаҳрисабз яқинидаги Хўжаилғор қишлоғида дунёга келганлар. Бобомиз ўз она шаҳрини пойтахтга айлантириш ниятида бўлиб, унинг ободонлигига катта аҳамият берганлар. Салтанат куч-қудратининг тимсоли бўлган Оқсарой айнан шу шаҳарда қад кўтарди. Эроний меъморларнинг маҳорати билан бино қилинган бу муҳташам саройнинг пештоқи, тоқу равоқлари ва деворлари зангори ва олтин рангдаги арабий нақшли кошинлар, гулдор ўймакор парчинлар билан зийнатланди. Шунингдек, Жаҳонгир Мирзо мақбараси қурилиши (1380-1404) билан йирик меъморий комплекс вужудга келди, масжид, мадраса, ҳаммом, карвонсарой каби иншоотлар барпо этилди.

Соҳибқирон Шаҳрисабзни Ўрта Осиёнинг маънавий марказига айлантиришга ҳаракат қилганлар. Шу боисдан бу шаҳар “Қуббатул илм вал адаб” унвонига эга бўлган. Аммо Заҳириддин Бобур таърифлаганидек: “Темурбекнинг зоди-буди кештин учун уни шаҳар ва пойтахт қилурға кўп саъй ва эҳтиромлар қилди. Олий иморатлар Кешга бино келди… Чун Кешнинг қобилияти шаҳар бўлурға Самарқандча эмас эди. Охир пойтахт учун Темурбек Самарқандни ўқ ихтиёр қилди.

Шаҳарда сақланиб қолган архитектура иншоотлари орасида марказда қурилган беш гумбазли чорсу диққатга сазовор. У тахминан XVII асрда барпо этилган. Қози гузар масжиди, Хўжа Илим кон ҳонақоси, Шамсиддин Кулол мақбараси ҳам сақланиб қолган.

Шаҳрисабз Ўзбекистоннинг муҳим саноат ва ишлаб чиқариш марказларидан биридир. Шаҳар айниқса, сўнгги йилларда ўзгача чирой очмоқда.

1996 йили Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган тантаналар Шаҳрисабзда ҳам бўлиб ўтди. Шу йил 18 октябрь куни юртбошимиз Ислом Каримов бу ерга ташриф буюрди. Қадимий Оқсарой ҳовлисига уланиб кетган улкан майдон байрамона безатилди. Ватанимиз мадҳиясининг тантанавор оҳанглари остида Ислом Каримов рамзий лентани қирқиб, машҳур ҳайкалтарош Илҳом Жабборов яратган Соҳибқирон Амир Темур ҳайкалини очди. Майдонда йиғилган жамоат олдида Шаҳрисабз шаҳри байроғига “Амир Темур” орденини қадаб қўйди.

Шаҳрисабз ҳамиша Ўзбекистоннинг гўзал, дунёга танилган, фахрланишга арзийдиган шаҳарларидан бўлади.

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ тайёрлади.

«Эрудит» газетаси, 13.10.2001

[singlepic id=28 w=500 h=500 float=center]

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *