– Муносабат –
«КАМОЛОТ» САЙТИ НОМИГА МУНОСИБ БЎЛСИН!
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар бўлимининг Интернет веб-саҳифаси (www.tk.uz) деярли ҳар куни телевидение орқали реклама қилиняпти. Сайт эгалари ўз олдиларига юксак мақсадларни қўйишгани кўриниб турибди. Сайтдаги пойтахт олий ўқув юртлари ва кутубхоналар тўғрисидаги маълумотлар билимга чанқоқ ёшларга асқотиши табиий. Шунингдек, кўнгилочар саҳифалар тенгдошларнинг бўш вақтини мароқли ўтказишга кўмаклашади, албатта. Ёшлар ҳаётига бевосита дахлдор ўзбек тилидаги сайтнинг ташкил этилгани қувонарли воқеа. Бироқ…
Тинимсиз тарғиб-ташвиқ қилинаётган сайтга кирар эканман, энг аввал эътиборимни тортган жиҳат бош саҳифанинг рус тилида очилгани бўлди. Аста қидириб, ўзбекча саҳифага ўтадиган тугмани ҳам топиб олдим. Беихтиёр “Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар бўлими портали” деган ёзув ёнидаги суратларга диққат қилдим. Ҳаммани ҳам хаёлини банд этиши мумкин бўлган биринчи ҳамда учинчи суратда қиз билан йигит тасвирланган ва иккала суратда ҳам қиз… мини-юбкада. Энг ҳайратланарли тасвирларни иккинчи суратда кўриш мумкин. Катта магнитофон кўтариб олган, либослари ҳам ажабтовур йигит тор шим кийган, бунга-да қаноат қилмай қорнини ҳам очиб олган қизнинг белидан ушлаяпти. Қизиқ ва ажойиб томоша. Шундай эмасми?
Мамлакатимиз ёшларини эзгу ғоялар, ватанпарварлик, миллий қадриятларга содиқлиқ руҳида тарбиялашни бош мақсад қилиб олган “Камолот”нинг бундай антирекламаларини қандай изоҳлаш мумкин? Ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтлар шундоқ ҳам кўпайиб кетаётган бир пайтда ёшлар эътиборини тортишнинг бошқа йўли топилмадимикин?..
Сайтнинг бошқа бўлимларига ҳам назар ташлаймиз. Қизиқиб кирганим бадиий адабиётлар саҳифасида Умар Хайёмнинг “Рубоиёт”и ва Абдулла Қаҳҳорнинг “Нутқ” фельетонидан бошқа ўзбекча асарларни топа олмадим. Дарсликлар саҳифасида ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин.
Афсуски, сайтнинг форум, эълонлар, фотогалерея бўлимлари ҳам фақат русчада. Мусиқа саҳифасида эса бирорта ҳам миллий қўшиқни учратмайсиз. Қўшиқларнинг аксарияти хориж ва рус эстрадаси намуналари…
Нима бўлганда ҳам, “Камолот” замон талабидан келиб чиқиб, ёшларга мўлжалланган Интернет саҳифа ташкил қилгани яхши иш бўлибди. Лекин ушбу сайт ҳаракатнинг номи, нуфузи, даражаси ва мақсадларига мос келса, янада аъло бўлар эди.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ
«Hurriyat» газетаси, 22.12.2004
[singlepic id=39 w=500 h=500 float=center]