ҲИДОЯТ ГУЛШАНИ. “Vatandosh”. 18.05.2011

– Ҳидоят –

ҲИДОЯТ ГУЛШАНИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Сурия уламоларидан Аб­дул­фаттоҳ Абуғудданинг “Уламолар сабридан лавҳалар” китоби аввалида Амр ибн Аълодан ушбу воқеа ҳикоя қилинади:
“Ёши юздан ўтган, дунё лаззатларидан маза қилмайдиган даражада заиф бир инсонни зиёрат қилиб, ундан сўрадик:
— Ўлишни хоҳлайсизми?
— Йўқ, — деди у киши.
— Дунёдаги лаззатларнинг бари битиб, тугаган бўлса, сизга ўлим афзалроқмасми? Яна қандай лаззат қолди?
— Яхшиларнинг сўзларини эшитиб маза қилавераман.”
Ҳурматли ватандош. Ушбу сондан бошлаб, «Ҳидоят гулшани» деб аталмиш рукн остида сизга ана шундай гўзал сўзларни тақдим этмакни ният қилдик.

БИСМИЛЛАҲ ҲАҚИДА

Тақий Усмоний “Зикр ва фикр” китоби муқаддимасида “Бисмиллаҳ” шарҳи ҳақида шундай дейдилар:
Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қиладилар:
“Аллоҳнинг номи билан бошланмаган иш чаладир”
Яна Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дейдилар:
“Киши кўчадан уйига келар экан, шайтон у билан эшиги олдигача бирга келади. Аммо киши уйга қадам қўйишдан аввал “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” (яна бир ривоятда “Бисмиллаҳи хорожна, ва ъалаллоҳи роббина таваккална”) деса шайтоннинг бу ерда насибаси қолмай, кетиб қолади. Овқатланишда ҳам “Бисмиллаҳ” билан бошланса, шайтон овқатга шерик бўлмайди.”

СУВ ҲАҚИДА ТАФАККУР

Тақий Усмоний айтадилар:
“Бисмиллоҳ” расмий нарса эмас, заруратдир. Буни икки мисол билан сизга исботлаб берай.
Сизга бир сув келтирилса, оний вақтда уни томоғингиздан ўтказиб роҳат қиласиз. Тафаккур қилиб кўринг, у сувни вужудингизга ким келтирди? Қандай қилиб?
Аллоҳ таоло банданинг ҳожатларига ярайдиган, унинг тириклигига сабаб бўладиган сувни денгиз, уммонлар шак­лида тўплаб беради. Сув бир жойда туриб айниб қолмаслиги учун Парвардигоримиз уни тузлар билан тўлдиради. Уммон ичида ўлиб кетган жониворлар сувни айнитиши мумкин эди, лекин Холиқимиз унинг мавжлантириб тургани учун сув ачимайди.
Худованд: “Бўлди, мен сувни яратиб қўйдим, энди ундан ўзинг фойдаланиб ол”, демади, балки булутни уммон тепасига келтириб, ундаги чучук сувларни ўзига сўриб олиб, шамол билан бандалари устига олиб келиб, сув қилиб ёғдирди.
Аллоҳ таоло кўринишида тоғларга ҳусн бўлиб турган қору музликларни бизлар учун ўша ерда жамлаб қўйди. Худованд: “Бўлди, ана тоғларга сувни жамлаб қўйдим, энди уни ўзинг бориб, парчалаб, уйга олиб келиб, эритиб ишлатавер” демади, балки ўзи Қуёшни унинг устига олиб келиб, тагидан эритиб, ариқлар, сойлар қилиб, хонадонингиз олдига оқизиб қўйди. Ўша тоғдаги қорларни Аллоҳ таоло сизга яқин бўлган далаларга ёғдириб, жамласа бўларди, лекин бундаям сизнинг фойдангиз бор: агар далада бўлганда унга турли жониворлар тегиб, ифлос қиларди, тоғда эса унга чанг ҳам, ғубор ҳам тегмай, тоза бўлиб туради.
Баъзида Аллоҳ таоло ер остида ҳам филтрлаб сувларни ҳозир қилади, хоҳлаган жойингизни кавласангиз, унга етишасиз. Сиз сув учун нима хизмат қилдингиз?
Энди, Аллоҳ таолонинг шунча хизмати билан олдингизга келган сувни ичаркансиз, қандай қилиб, унинг номини айтмайсиз?
Сув ичингизга кирди. Энди унинг вужудингиздаги хизматлари ақлни лол қолдиради. Аллоҳ таоло “Сувдан ҳамма нарсани тирик қилдим” дейди. Танангизнинг энг кичик парчаси ҳам сув билан тирик. Банда асли баданининг қайси қисмига қанча сув кераклигини билмайди. Аллоҳ таоло мана шу эҳтиёжни ҳис қилиш учун чанқоқлик деган неъматни берди. Нега шукр қилмайсиз?”

ҲАҚИҚИЙ ТОЛИБ

Андалус олимларидан, буюк муҳаддис Бақиъ ибн Михлат Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳадис эшитиш мақсадида машриққа пиёда келган экан. Бағдодга яқинлашганида Имом Аҳмадни мўътазила эътиқодига қарши чиққани учун халифа Маъмун уй қамоғига ҳукм қилганини эшитиб, қаттиқ ғамга ботди.
Шу куни шаҳардаги масжидга борди. У ердаги илм ҳалқасида ўтириб, устоз Яҳё ибн Маъин (катта муҳаддис, Имом Бухорийнинг устозларидан)дан Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ҳолатини сўраб, у зотнинг уйларига борибди. Биров кўриб қолишидан хавотирда ичкарида гаплашибдилар. Аҳмад ибн Ҳанбал сўрабдилар:
— Қаердан келдингиз? Узоқданми? Африқияданми?
— Йўқ, ундан ҳам узоқдан, Андалусдан келдим, фақатгина сиздан ҳадис ўрганиш мақсадида келдим.
— Билгандирсиз, халифа мени илм беришдан, масжидга чиқишдан маҳрум қилди…
— Ҳазрат, агар йўқ демасангиз бир ҳийла ишлатсам. Ҳузурингизга ҳар куни гадо қиёфасида келаман-да, оз муддат ичида менга битта ҳадис айтиб берсангиз бўлди, кетавераман.
Бақиъ ибн Михлат ҳикоя қилади:
“Ҳар куни жулдур кийимларда, қўлимга эгри таёқ тутиб Аҳмад ибн Ҳанбалнинг олдиларига келар, у зот баъзан битта, баъзан эса 2-3 та ҳадис айтиб берардилар. Устоздан шу йўл билан 300 дан зиёд ҳадис ёд олдим. Маъмун дунёдан ўтиб, Аҳмад ибн Ҳанбал машҳур уламо бўлиб, муҳаддисларга дарс берадиган бўлдилар. Буюк мужтаҳид шунча буюк муҳаддисларга дарс бераётиб, ҳузурларига келсам, ёнларидан жой бериб, толибларга шундай дер эдилар:
— Мана буни ҳақиқий толиби илм дейди! У гадойлик қилиб бўлса-да, мендан илм ўрганди.
Бир куни касал бўлиб қолганимдан хабар топган имом шогирдлари билан мен ётган карвонсаройга келдилар. Шу даражада олимлар кўп эдики, ҳатто одам сиғмади. Дуо қилиб кетдилар. Шундан сўнг, ҳамма мени ҳурмат қиладиган, зиёратимга келадиган бўлди.”

ЯШИРИН САВДО

Аббосийлар халифаларидан Ҳорун ар-Рашид аёли Зубайда билан тунги сайрга дарё қирғоғига чиқишибди. Дарё бўйида Баҳлул деган авлиёуллоҳ қумдан уй ясаётганини кўрган халифа ундан сўрабди:
— Аё, Баҳлул нима қиляпсиз?
— Қумдан уй қуряпман.
— Уни нима қиласиз?
— Ким сотиб олса, уни дуо қиламан, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир қаср беради.
Ҳорун ар-Рашид Баҳлул Дононинг гапига кулимсираб, ўтиб кетаверибди. Ҳалифанинг орқасидан етиб келган хотини Зубайда ҳам Баҳлулдан нима қилаётганини сўрабди.
— Уй қуряпман, бекам. Ким сотиб олса, уни дуо қиламан, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир қаср беради.
— Қурган уйингизнинг нархи неча пул?
— 1 динор.
Зубайда 1 динорни унга бериб, дуо олибди.
Кечқурун халифа тушида жаннатда юрганмиш. Қараса, қизил ёқутдан қилинган қаср тепасига Зубайда деб ёзиб қўйилибди. Хотинимнинг қасри экан, кириб кўрай-чи, деб борса, посбон киритмабди ва:
— Бу ерга кимнинг исми ёзилса, ўша киради, — деб, кўкрагидан итариб юборган жойида халифа уйғонибди.
“Кеча хотиним ҳақида Баҳлулнинг дуоси қабул бўлибди. Мен ҳам дуо олиб келай”, деб яна кечқурун халифа дарё бўйига келибди. Баҳлул ҳамон уй қураётган экан, ундан сўрабди:
— Уйингизни қанчага сотасиз?
— Уйимнинг нархи бутун ер юзининг подшолиги.
— Бутун дунёнинг подшолигига ҳатто мен ҳам эгамасман, нега бугун қиммат қилиб юбордингиз?
— Кеча кўрмаган савдо эди, бугун кўрган савдо.

БАДАВИЙНИНГ ҲИММАТИ

Қаҳатчилик бўлиб, ҳамма жойда сув қуриб кетган пайтда бир бадавий қишлоғидаги айниб, ранги ҳам ўзгариб кетган ҳовуздаги сувдан олиб, Бағдод халифасига совға қилиб олиб боргани йўлга тушибди. Сарой дарбонларига халифага буюк совға олиб келаётганини айтиб, рухсат сўрабди. Ичкарига кириб, подшоҳ билан суҳбатлашар экан, халифа сўрабди:
— Менга нима совға олиб келдинг?
— Жаннатнинг сувини олиб келдим. (Бадавий сувнинг ўз қишлоғидаги ҳовуздагина борлигига ишонарди.)
Халифа бадавийнинг ўз қишлоғидан бошқа ерларни кўрмагани учун, шу сувни жаннат суви деб ўйларкан-да деб фикр қилиб, хазинабонга сув олиб келган хумини олтинлар билан тўлдириб беришини айтибди ва:
— Кетишида уни Дажла дарёси бўйидан олиб ўтинг, — дебди.

АЛЛОҲНИНГ РАҲМАТИ

Ҳадиси шарифда келадики, Аллоҳ таоло мўмин банданинг ҳисобини қиёмат кунида яшириб қилади. Банда Яратган ҳузурига келаркан, Аллоҳ унинг гуноҳларини жадвалма-жадвал кўрсатиб, шу гуноҳларни қилган эдинг-а, деб ҳисоб сўрайди. Шунда банда ўзининг дўзахга маҳкум бўлганини, ҳар томондан жаҳаннам олови қуршаганини ҳис қилади. Шунда Аллоҳ таоло: “Эй бандам, дунёда шунча гуноҳингни яширган эдим, иймонинг ҳурматидан бу ерда ҳам яшириб, номаи аъмоилингни ҳасаналарга тўлдириб, сени жаннатга киритаман” дейди. Аллоҳ таоло айтади: “Мен шундай зотманки, уларнинг гуноҳларини яхшиликка алмаштираман”.
Парвардигоримиз қиёмат кунида ҳам мўмин бандани қилган гуноҳлари учун шарманда қилмас экан…
Таҳонавий айтадилар:
“Эй дўстим, сен шундай Худони ташлаб қаерга кетяпсан?”

Ёрқинжон қори
маърузалари асосида АбдулАзиз тайёрлади.
“Vatandosh” газетаси, 18.05.2011

http://www.ziyouz.com/images/vatandosh_4-son_9.gif

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *