ИНТЕРНЕТДА ИЖОД ИСТИҚБОЛИ. «Жамият». 11.04.2011

– Тўртинчи ҳокимият –

ИНТЕРНЕТДА ИЖОД ИСТИҚБОЛИ

Адабиёт инсоният ижодиёти ва тафаккурининг чинакам ҳайратомуз маҳсулидир. Унда ўтмиш тажрибаси ва бугуннинг нафаси, ақл-идрок ва заковат мужассам. Шунинг учун у инсон туйғуларини жонлантиради, одамни фикрлашга ундайди, баҳс-мунозараларга чорлайди.

Шу маънода бугун юртимизда адабиётга эътибор ҳар қачонгидан кўра ортмоқда, ўзбек адабиёти намуналарини кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, эндиликда севимли ижодкорларимиз ҳаёти ва ижоди, қолаверса, уларнинг энг сара асарлари бшан нафақат янги нашрдаги китоблар орқали, балки бутун дунё «ўргимчак тўри» — интернет воситасида ҳам бемалол танишиш имконига эга бўлмоқдамиз.

Айни пайтда ўзбек адабиёти намуналарини интернетда жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада келгусидаги мақсад ва вазифалар хусусида бевосита мазкур соҳада самарали фаолият олиб бораётган «ZiyoNET» ахборот-ресурс тармоғи ходими Нигора Умарованинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Бундан беш-олти йил аввал мактабда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлаётган пайтларимда дарсларни инновацион технологиялар асосида ташкил этиш мақсадида пойтахтимизнинг Сергели тумани халқ таълими бўлими томонидан ташкил этилган «Компьютер саводхонлигини ошириш» қурсида ўқидим, — дейди Нигора Умарова. — Ўшанда медиа-дарслар ташкил этиш учун она тилимизда ўзбек адабиётини ёритадиган сайтларнинг етарли эмаслиги туфайли айрим муаммоларга дуч келдим. У пайтда фақатгина www.ziyouz.com, www.student.hs-mittweida.de/~truziboy/uzbek.html хамда Ўзбекистон Миллий университети томонидан ташкил этилган www.literature.uz сингари сайтлардан фойдаланган ҳолда медиа-дарслар ўтиш мумкин эди. Бироқ мактаб дастурини ўқувчиларга тўлиқ етказиш учун уларда маълумотлар етарлича эмасди. Шунда муайян мавзу юзасидан ўзим тўплаган маълумотларни умумлаштирган ҳолда ҳар бир мавзу бўйича алоҳида сайт яратиш ғояси туғилди. 2005 йилнинг май ойида ўзбек шоираси Зулфияхоним ижоди бўйича ўқув муассасаларига мўлжалланган илк сайтимни яратишга муваффақ бўлдим. Биласиз, бу шоиранинг ҳаёти ва ижоди асосан 6-7-синфларда ўргатилади. Сайт яратиш жараёнида шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратдим. Хусусан, сайт орқали нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар, қолаверса, адабиёт ихлосмандлари ҳам Зулфиянинг ҳаёти ва ижоди, унинг рус тилига таржима қилинган асарлари, шунингдек, мавзуга оид аудиофайллар ва фотоальбом билан яқиндан танишиши мумкин. Бундан ташқари, сайтда Зулфия номидаги Давлат мукофоти ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрин олган.

Кейинчалик ўзбек хотин-қизлари, жумладан, шоир ва адиблари ҳақидаги www.ayel.edunet.uz, шунингдек, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Ўткир Ҳошимов, Сирожиддин Саййид каби адибларимиз ҳаёти ва ижодига бағишланган бир қатор сайтларни яратдим.

ZIYONET – ЭРКИН МУЛОҚОТ МАЙДОНИ

Суҳбатдошимиз эътироф этганидек, интернет имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда етук бадиий асарларни китобхонлар оммасига, айниқса, ёшларга етказиб бериш муҳим масалалардан бири саналади. Бу борада ўзбек тилидаги Интернет адабиётини шакллантириш, шоир ва ёзувчиларимизнинг ўз веб-сайтига эга бўлишига эришиш нафақат адабий жараёнга, балки маънавий-маърифий ҳаётимизга ҳим кучли ижобий таъсир ўтказишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мамлакатимиз раҳбарининг 2005 йил 28 сентябрда қабул қилинган «ZiyoNET» ахборот-ресурс тармоғини тузиш тўғрисида»ги Қарори ўзбек адабиётига оид янги сайтлар яратиш борасидаги ишларда яна бир катта туртки, таъбир жоиз бўлса, рағбат бўлди, — дейди суҳбатдошимиз. — «ZiyoNET» ахборот-ресурс тармоғидаги www.uforum.uz сайтида «Ижод хусусида сўз» бўлими ташкил этилган бўлиб, айни пайтда унда бугунги кундаги адабий жараён, шунингдек, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар, адабиётшунос олимлар, санъаткорлар ижоди борасида сўз юритилиб, улар билан доимий равишда онлайн-мулоқот уюштирилиб келинмоқда.

Эътиборли жиҳати, мазкур тармоқ нафақат таълим тизими соҳасининг вакиллари, балки, олимлар, ўқитувчи ва ўқувчилар, талаба-ёшларга, умуман, кенг оммага ҳам хизмат кўрсатади. Хусусан, тармоқнинг www.utube.uz (видеопортал), www.fikr.uz (ижтимоий тармоқ), www.tanlov.uz (танлов ва грантлар ҳақидаги сайт), www.uforum.uz (эркин мулоқот майдони) каби лойиҳаларидан барча фуқаролар эркин фойдаланиши, шунингдек, ресурсни бойитиш учун у ерга ўз маълумотлари ёхуд фикр-мулоҳазаларини жойлаштиришлари мумкин.

ДУНЁ «ЎРГИМЧАК ТЎРИ»ДА ЎЗБЕК АДАБИЁТИ

Айтиш жоизки, бугунги кунда ўзбек ва жаҳон адабиётини тарғиб этишда www.e-adabiyot.uz сайти ҳамда www.ziyouz.com портали самарали ишламоқда. Хусусан, www.ziyouz.com порталида 500 дан ортиқ ижодкорларнинг фаолиятига оид маълумотлар ўрин олган. Мазкур портал, шунингдек 5196 та мақола, 1152 та электрон китоблар, 214 та аудио китоблар, жаҳон ва ўзбек халқ оғзаки ижодиёти намуналари, жумладан, турли мақол ва топишмоқлари билан бойитилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 26 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида «Ижод» фондини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарорида халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъана ва қадриятлари тараннум этилган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз, замонавий адабиётимиз намуналарининг хорижий тилларга таржима қилинишини ҳамда интернетда кенг тарғиб этишни молиялаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, — дейди Нигора Умарова. — Айни пайтда бу борада, хусусан, ўзбек ва жаҳон адабиётидаги бугунги адабий жараённи ёритиб бориш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ ушбу соҳада қилиниши лозим бўлган вазифаларимиз ҳам анча. Масалан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан яратилган www.literature.uz сайти ўзбек адабиётига оид маълумотларни даврлаштириш орқали кенг аудиторияга тақдим этиб келаётган етакчи веб-сайтлардан бири эди. Бироқ ушбу сайт фаолияти кейинги йилларда муайян сабабларга кўра тўхтаб қолган. 2002 йилда Ўзбекистоннинг маданий ҳаётини ёритиб беришга қаратилган www.student.hs-mittweida.de/~truziboy/uzbek.html сайти бутун ҳам ўз фаолиятини давом эттираётган бўлса-да, унга 2004 йилдан буён янгиликлар киритилмагани афсусланарли. Сайтнинг саҳифаларини кузатган киши унинг ўз ўқувчилари, мухлислари бор эканига гувоҳ бўлади. Шундай экан, сайтни тез-тез янги маълумотлар билан бойитиб бориш, имкониятини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқдир.

Бундан ташқари, бугунги кунда халқ эътиборини қозонган кўпгина шоир ва ёзувчиларимизнинг 2005 йилда сайти яратилиб, уларнинг айримлари ўзбек-рус тилларида, баъзилари эса фақат ўзбек тилида фаолият кўрсатади. Афсуски, бундай сайтлар яратилтандан буён уларга янгилик ва ёки ўзгартиришлар кам киритилган.

ЭЪТИРОФ ВА МАҚСАД

Бу борада алоҳида эътирофга лойиқ жиҳатлар ҳам йўқ эмас, албатта. Масалан, бир қатор адиблар, жумладан, Абдулла Ориповнинг www.aoripov.uz, Тоҳир Маликнинг www.tohirmalik.uz Анвар Обиджоннинг http://anvarobidjon.narod.ru, Улуғбек Ҳамдамнинг www.ulugbekhamdam.uz сайтлари, шунингдек Нусрат Раҳматнинг www.nusratrahmat.ru блоги доимий равишда янгиликлар, адабий-танқидий мақолалар, янги ижод намуналари билан бойитилиб борилади. Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув жараёнида мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўқувчини тезкор ва изчил равишда санъат даражасидаги бадий асарлар билан таништириб бориш мақсадга мувофиқ.

Эътибор қаратишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат, юқоридаги сайтларнинг халқаро мулоқот тили ҳисобланган инглиз тилидаги варианти яратилиши зарур. Айни пайтда ўзбек адабиётини инглиз тилида ёритувчи ягона сайт, бу таржимон Аъзам Обид томонидан яратилган www.navoigarden.com сайти саналади. Фикримизча, ушбу сайтни ҳам яна янги маълумотлар билан бойитиш, айрим ўзгартиришлар киритиш лозим. Бу борада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида фаолият олиб бораётган «Ёш таржимонлар мактаби» билан ҳамкорликда иш олиб борилса, мақсадта мувофиқ бўларди, назаримизда.

Айни пайтда бой маънавий меросимиздан муносиб ўрин эгаллаган мумтоз адабиётимизнинг ноёб дурдоналари, етук намояндаларининг ҳаёти ва ижодини келажак авлодларга муносиб тарзда етказиш, бу ўлмас хазинадан жаҳон аҳлини янада кўпроқ баҳраманд этишга қарагилган сайтларни яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси томонидан Алишер Навоийнинг 20 томлик асарлари интернет саҳифаларига тўлиқ жойлаштирилгани алоҳида эътирофга лойиқдир. Айни пайтда www.navoi.natlib.uz орқали ҳазрат Наdjийнинг «Хамса»си, шеърий девонлари, маънавий-маърифий асарлари билан тўлиқ танишиш мумкин. Бундан ташқари, www.uforum.uz нинг «Ижод хусусида сўз» бўлимида Фаридиддин Аттор, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Машраб, Огаҳий каби адабиётимиз намояндаларининг ижодидан намуналар, шунингдек, уларнинг асарлари бўйича адабиётшунос олимларнинг таҳлили бериб борилмоқда.

Гап шундаки, сайтга жойлаштирилган аксарият китоб ва адабий журналлардан нафақат халқимиз, балки ўзбек тилини билувчи ёки уни ўрганишга киришган барча инсонлар дунёнинг исталган нуқтасидан туриб осонгина излаб топиш, ўқиш имконига эга бўлади. Бундан ташқари, интернет орқали бирор адибнинг янги асари ҳақида қисқача аннотация берилиши ўқувчини янгиликлардан хабардор қилиш билан бирга, унда қизиқишни кучайтиради. Шунинг учун бу борада электрон китоб савдоси йўлга қўйилиши ҳам мақсадга мувофиқ, фикримизча.

Дарҳақиқат, интернет тармоғи билим олиш, манбалар билан яқиндан танишишнинг янги воситаси экан, биз бу глобал тармоқ имкониятларидан самарали фойдаланишимиз ҳамда тарихимиз, маданий-маънавий меросимиз, бугунги кунимиз ҳақида ҳикоя қилувчи сайтларнинг сони ва сифатини ошириш орқали ёш авлодни, қолаверса, жаҳон аҳлини миллий маънавий бойлигимиздан баҳраманд этишга муносиб ҳисса қўшишимиз лозим.

Феруза МИРЗАКОМИЛОВА,

«Жамият» мухбири

«Жамият» газетаси, 22.04.2011

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *