Элчи Жорж А.Крол Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида 2011 йилнинг 10 июнь куни қасамёд қилгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
Жорж А.Крол Олий дипломатия хизматининг профессионал аъзоси ва элчихона маслаҳатчиси мартабасига эга, яқин-яқингача Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бюросида Давлат котиби ёрдамчисига ўринбосар бўлиб хизмат қилган эди. У 1982 йили дипломатия хизматига ишга ўтди ва 2003-2006 йилларда АҚШнинг Беларусдаги элчиси бўлиб хизмат қилди. У Варшава, Нью-Дели, Санкт-Петербург, Москва, Киев ва Минск шаҳарларидаги АҚШ элчихоналарида хизмат қилди ҳамда Давлат департаментининг Россия масалалари бўйича бошқармаси директори, Янги мустақил давлатлар бўйича хос элчининг махсус ёрдамчиси сингари вазифаларда ишлади. У, шунингдек, Миллий ҳарбий коллежда дарс берди ва Давлат департаментининг “Битирув семинари” аъзосидир. Элчи Крол бир неча марта Давлат департаментининг “Хизмат кўрсатган ва юксак шараф” мукофотларига сазовор бўлган. У Гарвард университети ва Оксфорд университетини (Англия) битирган.
Тошкентдаги АҚШ элчихонасида янги элчи журналистлар билан учрашиб, соф ўзбек тилида суҳбатни очиб, уларнинг саволларига жавоблар берди.
— Муҳтарам элчи жаноблари, Ўзбекистонга келишдан аввал собиқ элчи Ричард Норланд билан бу ердаги вазият, иш фаолияти ҳақида гаплашдингизми?
— Ҳа, албатта. Нафақат бу ерга келишдан олдин, Ричард Норланд Тошкентда, мен Вашингтонда ишлаб юрган кезларимда ҳам доимий телефонда мулоқот қилиб турардик. Унинг айтишича, бу ерда ишлаш доимо қизиқ. Мен аввал ҳам Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бюросида Давлат котиби ёрдамчисига ўринбосар сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрганман. Элчи сифатида келганимга уч ҳафта бўлган бўлса-да, бу ердаги одамлар билан, расмий кишилар билан мулоқот қилдим. Менга уларнинг самимийлиги жуда ёқди. Албатта бу ерда яшаш ва ишлаш мен учун катта обрўдир.
— АҚШ мустақиллиги кунига бағишланган тантаналарда Сизнинг ўзбек тилида нутқ қилганингиз кўпчиликка манзур бўлди. Муҳтарам элчи жаноблари, сизнинг қизиқишларингиз ҳақида билмоқчи эдик.
— Энг катта қизиқишим — ўз ишим. Менинг ишим — менинг ҳаётим. Тарих йўналиши бўйича ҳам таҳсил олганман. Нафақат Америка, ўзим ишлаган давлатлар тарихи, маданияти ва тилига қизиқаман, ўрганишга ҳаракат қиламан. Белоруссияда элчи бўлиб ишлаганимда мен ҳар доим белорус тилида нутқ сўзлардим. Шунинг учун ҳам рус тилида белорусча акцент билан гапираман. Шунингдек, мен ўзбек тилида гапирганимда сиз туркман акценти билан гапирасиз, дейишади. Бундан олдин туркман тилини ҳам ўрганишга ҳаракат қилгандим. Бу тиллар бир-биридан фарқ қилса-да, умумий бўлган жиҳатлари кўп. Айниқса, Марказий Осиё тарихи, маданияти мен учун жуда қизиқ. Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларда буюк маданият намуналари кўзга яққол ташланади. Тошкент шаҳри ҳам икки минг йиллик тарихга эга. Вашингтон эса бу шаҳарлардан анча ёш. Тарихан шаклланиб келган анъаналар тадқиқи орқали бизнинг сизлардан ўрганажак бир қанча жиҳатларимиз мавжуд. Масалан, Америкада «маҳалла» деган тушунчани ҳар қанча изоҳласангиз-да тушунишмайди.
— Ўзбекистон билан АҚШнинг иқтисодий муносабатларини қандай баҳолайсиз? Қайси соҳалар бўйича алоқалар янада мустаҳкамланади, деб ўйлайсиз?
— Фикримча, Ўзбекистон ва АҚШнинг савдо-иқтисодий муносабатлари анча паст. Лекин Ўзбекистоннинг иқтисодий потенциалини ижобий баҳолайман. Менинг вазифам Америка компанияларига Ўзбекистонда фаолият юритиш имкониятлари ҳақида маълумотларни етказиш ва икки томонлама ҳамкорликка кўмаклашишдир.
— Сўнгги уч ой мобайнида АҚШ ҳукумат ва жамоат вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи кўп кузатилди. АҚШнинг Ўзбекистонда янги ҳарбий база очиш нияти борми?
— Бундай режа йўқ.
— АҚШ эчисининг тарихий обидаларни асраш жамғармаси фаолияти ҳақида нима дея оласиз?
— Фаолият бошлаганимга уч ҳафта бўлди. Ҳали бу жамғармага келиб тушган аризаларни тўлиқ ўрганиб чиққаним йўқ. Тарихий, маданий обидаларни асраш, реконструкция қилиш бўйича энг яхши таклифларни амалга оширишда кўмаклашиш ниятим бор.
Элчи жаноблари ўз сўзларини соф ўзбек тилида қуйидаги лафзлар билан якунлади:
— Сизларга чин қалбимдан катта раҳмат. Сиз билан танишганимдан жуда хурсанман. Сизларга ката омад тилайман!
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ тайёрлади.
“Vatandosh” газетаси, 01.07.2011