РАМАЗОН ОЙИ КЕЛДИ: УНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИШ КЕРАК? “Vatandosh”. 01.07.2011

Мусулмон олами учун севимли бўлган Рамазон ойи остонасида турибмиз. Аллоҳ таоло ҳар бир соғлом ва вояга етган мусулмонга Рамазон ойида тўлиқ рўза тутишни буюрган. Рўза тутишда инсон соғлиғи учун кўп фойдалар борлиги олимлар томонидан исботланган.

Масалан, америкалик олим Пол Брег эллик йиллик илмий таржибаси маҳсули ўлароқ “Мўъжизакор очлик” номли китоб ёзган. Дунёнинг кўп тилларига таржима қилинган бу китобда рўза инсон соғлиги учун энг фойдали омил экани айтилади. Бу эса Имом Табароний ўзларининг “Ал-Авсат” китобида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган, “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, деган ҳадиси шарифнинг илмий тасдиғидир. Энг ажабланарлиси, рўза билан даволовчилар киши соғ-саломат юриши учун йилига 28-32 кун ихтиёрий оч қолиши керак, деган хулосага келганлар. Аллоҳ таоло эса бу муддатнинг  ўртачаси – 30 кунлик Рамазонни биз мусулмонларга бундан 15 аср илгари фарз ибодати қилиб қўйган. Буюк ватандошимиз шайхур-раис Ибн Сино ҳам кишиларни очлик йўли билан даволаган.

Ҳозирги кунимизда Сурия бош муфтийси Шайх Аҳмад Куфтару Ислом оламида рўза билан даволаш бобида анча шуҳрат қозонганлар. Машҳур спортчи, асримиз бокс тарихи афсонасига айланган афсонавий Муҳаммад Али ҳам тузалмайдиган дардига у кишининг ҳузурларида шифо топган эди. Бунгача Муҳаммад Али ўзини даволатиш учун 30 миллион доллар сарфлаган, аммо бирор натижага эришмаган эди. Аллоҳ унга йигирма кунлик очликдан сўнг шифо беради.

Очлик билан саратон-рак касалидан шифо топган одамлар ҳақида ҳам хабарлар бор. Ана шундай фойдали амални биз мусулмонларга савоб, маънавий ибодат қилиб қўйган Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиш керак.

Мусулмон ушбу ибодатни қандай амалга ошириши керак? Шу саволга жавоб бериш учун қуйида Рамазон ойи рўзасини тутиш йўл-йўриқлари ҳақида умумий маълумот берамиз.

Раҳмат ва мағфират ойи

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», – дедилар». (Насаий ва Байҳақий ривоят қилишган.)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай». (Бухорий, Муслим, Насаий ва Аҳмад ривоят қилишган.)

Рўза арконлари

Рўзанинг саҳиҳ бўлиш шарти унинг икки рукнига боғлиқ. Улар: ният – қалбда Аллоҳга бўйсуниш ва Унга яқинлашиш мақсади билан рўза тутишга азму қарор қилиш, субҳ-тонг киргандан то қуёш ботгунча еб-ичиш ва жинсий алоқадан тийилиш.

Рўзанинг мустаҳаблари

1. Саҳарлик қилиш. Ундан мурод саҳар пайти туриб, кундузи рўза тутиш ниятида еб-ичишдир. Ибн Мунзир саҳарлик қилиш суннат эканига олимлар иттифоқ қилишганини айтганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳарлик қилмасдан рўза тутганликлари унинг вожиблигини билдирмайди. Саҳарлик қилиш билан мўминлар аҳли китоблардан фарқланиб турадилар. Саҳарликнинг энг ками бирон нарса еб олишдир. Бир қултум сув ичиб олинса ҳам, саҳарлик қилган ҳисобланади. «Саҳарлик қилингиз, саҳарликда барака бордир», деганлар Набий алайҳиссалом (муттафақун алайҳ).

2. Саҳарликни тонгга яқин қилиш. Зайд ибн Собит айтадилар: «Расулуллоҳ билан бирга саҳарлик қилдик. Сўнг у зот намозга турдилар. Мен: «Саҳарлик билан азон орасида қанча вақт бор?» деб сўрадим. «Эллик оят миқдорича», дедилар (Муслим ривояти).

Саҳарлик қанчалик тонгга яқин қилинса, шунчалик афзал бўлади. Фақат тонг кириб қолгунга қадар кечиктирмаслик керак. Кечроқ саҳарлик қилган киши кўпроқ ажр олади, кундузи ҳам тўқроқ юради. Еб-ичиб ўтирган киши тонг кириб қолганини сезса, еб-ичишни тўхтатади ва рўзасини тутаверади. Вақт жуда кам қолганини билатуриб, ўзини ғафлатга солиб, еб-ичиб ўтириш узр бўлмай қолиши мумкин. Шунингдек, эҳтиёт юзасидан деб субҳи содиқдан анча илгари, масалан, бир соат олдин оғиз ёпиб олиш ҳам суннатга хилофдир.

3. Ифторни эртароқ қилиш. Қуёш ботгани аниқ бўлганидан кейин дарҳол оғиз очиш лозим. Ширин ва ҳўл нарса ила оғизни очиш афзал. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: «Одамлар ифторни эртароқ қилар эканлар, мудом яхшилик устида бўладилар» (муттафақун алайҳ). Анас (р.а.) айтадилар: «Пайғамбар алайҳиссалом сув билан бўлса ҳам, оғиз очмагунларича шом намозини ўқимас эдилар» (Термизий ривояти).

4. Ифтор маҳали дуо қилиш. Пайғамбар алайҳиссалом оғиз очганда қуйидагича дуо қилар эдилар: «Чанқоқ қонди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоҳ» (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳу эса шундай дердилар: «Эй Аллоҳим, мен Сендан ҳамма нарсадан кенг бўлган раҳматинг билан сурайманки, гуноҳларимни кечир» (Ибн Можа ривояти).

5. Рўзадорларга ифтор қилиб бермоқ.

6. Жунублик, ҳайз ва нифосдан қилинадиган ғуслни кечга қўймай тонг отишдан олдин қилиб олмоқ.

7. Ортиқча гап-сўз ва амаллардан тил ва жисмларни тиймоқ.

8. Рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш бўлган нарсаларни тарк қилмоқ.

9. Оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик қилиш. Бева-бечора ва камбағалларга хайр-эҳсонни кўпайтириш.

10. Қуръон қироати, илм суҳбатлари, зикр ва cаловотларни кўпайтириш.

Рўзадор учун макруҳ амаллар

1. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш. Чунки, бунга ўхшаш нарсалар рўзанинг бузилишига олиб бориши мумкин.

2. Оғизга таъм берадиган ҳеч қандай моддаси бўлмаган сақич чайнаш. Бу ишни қилган одамни оғзи очиқ деб ўйлайдилар.

3. Қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган ишлар.

4. . Жинсий яқинлик қилишдан ўзларини тийиб қолишга ишончлари бўлмаса ҳам, (эр-хотиннинг) аъзоларини бир-бирларига теккизишлари.

5. Қасд ила тупугини оғзида тўплаш ва уни ютиш.

6. Рўзадорни заифлашишга олиб борадиган ўткир наштардек нарса билан қон олдириш каби ишларни қилиш.

Рўзадор учун макруҳ бўлмаган ишлар

1. Мўйлабга хушбўй нарса суртиш.

2. Сурма қўйиш.

3. Ҳолсизланиш ёки қувватдан кетиб қолишдан амин бўлса, қон олдириш.

4. Эрталаб мисвок қилиш.

5. Оғиз ва бурунни чайиш.

6. Ғусл қилиш.

7. Салқинлаш учун ҳўл латтага ўраниш.

Рўзани бузмайдиган нарсалар

1. Рўза тутганини унутиб, таом ейиш, ичимлик ичиш, жинсий алоқа қилиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Рўзадор киши рўзаси эсдан чиқиб бирор нарса еб қўйса, егани Аллоҳ берган ризқидир, қазо қилмайди”, деганлар. Таом еб ёки ичиб турган ҳолатида рўзадорлиги эсига тушса, ейишини тўхтатади, оғзидаги луқмани чиқариб ташлайди. Рўзаси эсига тушганида ҳам, еб-ичишда давом этса ёки оғзидаги луқмани чайнайверса, бунга каффорат лозим бўлади. Жинсий яқинлик қилаётган киши рўзадорлигини эслаши билан ажраши керак. Агар ундан кейин ҳам туриб қолса, рўзаси бузилади.

2. Рўзадорлигини унутиб овқат еётган киши ифторгача чидай олмас даражада оч ёки ташна бўлса, унга рўза тутгани эслатилмайди. Ифторгача сабр қилишга кучи етиши аниқ бўлса, рўзадорлиги эслатилади.

3. Эркак ёки аёлнинг шаҳват қўзғайдиган жойга тикилиш ёки шаҳват қўзғовчи нарсаларни (узоқ) ўйлаб қолиш оқибатида манийси тўкилса, ўзи гуноҳкор бўлса ҳам, рўзаси очилмайди. Кундуз куни эҳтилом бўлиб қолса, ҳатто кечқурунгача жунуб ҳолида қолса ҳам рўзаси очилмайди.

4. Кўзига дори томизса, ранг ёки сурма қўйса, гарчи сурилган нарсанинг таъми сезилса ҳам рўзаси очилмайди.

5. Қон олдирса рўзаси очилмайди.

6. Мисвок қилса рўзаси очилмайди.

7. Сочга ёғ (ранг) сурса рўзаси очилмайди.

8. Ғусл қилса ёки салқинлаш учун ҳўл латтага ўранса рўзаси очилмайди.

9. Ғийбат қилса ёки оғзини очишни ният қилиб, бузмаса рўзаси очилмайди.

10. Рўзадорнинг ичига унинг ихтиёрисиз тутун, чангу ғубор ёки пашша кирса рўзаси очилмайди. Аммо рўзадорлигини эслаб туриб хушбўй нарсани тутатиб ҳидласа, рўзаси очилади.

11. Тиш олдириб, қон ёки дорини ютмаган бўлса рўзаси очилмайди.

12. Эркак кишининг жинсий олатидан сув, мой ёки дори киритилса рўзаси очилмайди. Қулоқдан сув кирса, қулоқни ковласа,  қулоғини кавлаган чўпдаги кирни олиб, яна шу чўп билан қулоқ кавласа ҳам рўзаси очилмайди. Аммо бу каби ишларни қилмаган маъқул.

13. Балғам ёки бурун сувининг кириш ёки чиқиши билан,  уни тортиб, ичга ютса ҳам рўзаси очилмайди.

14. Ўз ихтиёридан ташқари ҳолда мажбур бўлиб қусса, шунингдек оғиз тўла келиб, кейин ичга қайтиб кетган қусуқ ҳам рўзани очмайди. Бармоғини томоғига тиқиб оғиз тўлмайдиган ҳолда қусса ҳам рўза очилмайди.

15. Тишлари орасида қолган нўхатдан кичик нарсани ютса рўзаси очилмайди.

16. Оғизда қолган бирор нарсанинг таъмини тупуги билан ютиш рўзани очмайди.

17. Закарига ёғ суриш билан рўза очилмайди.

18. Оғизга седана, кунжут каби кичик нарсаларни солиб, таъми йўқолиб кетгунича ютмай чайнаса  рўза очилмайди.

19. Мушакка, тери остига укол қилиш билан рўза очилмайди.

(«Нурул-изоҳ» ва «Кифоя» китобларидан)

Мужда

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рўза ва Қуръон қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайди. Рўза: «Раббим, мен уни таом ва майллардан тўсдим, энди уни шафоат қиламан қабул эт!» дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, энди уни шафоат қиламан қабул эт!» дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло жаҳаннамни Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутган банданинг юздан етмиш йиллик масофага узоқ қилади», дедилар. (Имом Абу Довуддан бошқа барча шлончли муҳаддислар ривоят қилишган).

Бир одам Расулуллоҳга: “Мен Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, сиз Аллоҳнинг элчиси эканингизга гувоҳлик берсам, беш вақт намозни ўқисам, рамазон рўзасини тутиб, кечалари ибодат билан бедор бўлсам, кимлар билан бирга бўламан?» деди. Набий: «Сиддиқлар ва шаҳидлардан бирисан», деб жавоб бердилар. (Ибн Ҳузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти)

Ушбу ой ибодатларини тўкис бажариб, Яратганнинг раҳмати ва мағфиратига эришиш, У ваъда этган Райёнлар билан муждаланиш барча мўъмин-мусулмонларга насиб этсин!

АбдулАзиз тайёрлади.

“Vatandosh” газетаси, 01.07.2011

One thought on “РАМАЗОН ОЙИ КЕЛДИ: УНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИШ КЕРАК? “Vatandosh”. 01.07.2011

  1. Ассалому алайкум ва рахматуллох саволим иссик парга кирса Руза очиладими жавобингиз учун олдиндан рахмат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *