ЖИН, СEҲР ВА ФОЛБИНЛАР
Инсонни адаштирувчи кофир жин уч ҳолатда одамнинг ичига кириб олиши мумкин экан:
1. Гуноҳи кабира қилаётганда.
2. Қаттиқ хафа бўлганда.
3. Қаттиқ хурсанд бўлганда.
Гуноҳи кабира қилаётган пайтда кириб олган кофир жин инсонни ўша гуноҳ билан буткул залолатга учратишни режа қилади. Инсон ўзини бу гуноҳдан сақлашга уринса-да, жин васаваса қилиб, ўша гуноҳи кабирани қилдираверади.
Инсон қаттиқ хафа бўлганда, тақдирдан маломат қилиб, Аллоҳни эсдан чиқаради. Қаттиқ хурсанд бўлганда ҳам Аллоҳни унутади. Шу ҳолатда инсонга жин кириб олиши мумкин.
Жиннинг васвасаларидан қутулиш учун Қуръон ўқиб уни чиқариб юбориш ўрнига, одамлар дарҳол фолбинга югурадилар. Фолбиннинг ҳам ичида жин борлиги учун, беморнинг ичидаги жин билан мулоқот қилади. Кофир жин эса инсонни залолат ботқоғига яна-да чўктириш мақсадида, унинг номига қурбонлик сўйса, ўша одамдан чиқишини айтади. Фолбин эса жиннинг талаби битта товуқ ёки қўйни қурбон қилиш эканини етказади. Сўнг инсон жиннинг номини айтиб қурбонлик қилади. Танасидан жин чиқиб кетганидан енгиллаб, фолбинга ихлоси ошади. Бу билан у иккита гуноҳи кабира қилиб, иймонидан ажралади: биринчидан, фолбинни тасдиқлагани учун, иккинчидан Аллоҳдан ўзгага атаб қурбонлик сўйгани учун.
Жин эса бундан сўнг ҳам тинч турмайди. Фолбинга бориб, ўша одамни ўзига яна боғлаб беришини талаб қилади. Ихлоси тушган “бемор”га фолчи “шу вазифани олмасангиз бўлмайди”, деб уқтиради. Натижада яна янги фолбин пайдо бўлади.
ҲАЛОЛ СEҲР НИМА?
Ваҳид Абдуссалом айтади:
“Эй синглим!
Сен эрингни ўзингга иситаман, деб ҳаром фолчиларга бординг-а… Иймондан ажрадинг-а… Аллоҳнинг расули қайтарган ҳаром жойга ҳалол пулларингни сарфладинг-а…
Менга қулоқ солгин-а, сенга ҳалол сеҳрни ўргатай:
Эринг сени, фарзандларингни боқаман деб кўчада ишлаб, ҳориб уйга келганда рўпарасида кулиб турган, эри учун гўзал кийимларини кийган хушсурат, хушмуомала аёлини кўришни хоҳламайдими? Сен эса биронта маросим бўлса бировлар учун гўзал кийимларни кийиб, атир-упалар билан ўзингга оро берасан-у, шуларни сенга олиб берган эринг ишдан келганда эса доғланмаган ёғ ҳиди уфуриб турган ямоқ кийим билан уни кутиб оласан. Унга яхши келдингизми, дея кўнгил сўраш ўрнига, кундалик ғалваларингни гапирасан. Шундай қилишга қиласан-у, кейин фолчи қидириб юрасан. Сен унинг учун пардозланишинг ва унга гўзал муомала қилишинг сеҳрнинг ҳалолидир. Сен яна бунда Аллоҳнинг ризолигини ҳам топасан.”
ҚАЛАМ НEГА ЁЗМАДИ?
1500 га яқин китоб ёзган ҳиндистонлик буюк олим Ашраф Али Таҳонавий “Баёнул Қуръон” деб номланган тафсирни ёзаётган пайтлари аёллари у кишига иш буюрибди: “қафасдаги қушга донини бериб, сўнг мадрасага кетинг”. (Шундай буюк зотларга ҳам аёллари иш буюраркан)
Ҳазрат “Баёнул-Қуръон”нинг хаёлида аёлларининг гапини эсдан чиқариб, мадрасага кетаверибдилар.
Шу зотнинг шогирдларидан Шафеъ Усмоний айтади:
“Агар бир одамнинг 1500 та китоб ёзишига кимки шубҳа қиладиган бўлса, унга икки гуноҳкор кўзим билан кўрганимни айтиб берай: “Мен Таҳонавийнинг қаламини қўли тегмаган ҳолда китобнинг устида айланиб ёзаётганини кўрганман”.
Ўша куни тафсирни давом эрттирмоқчи бўлган олимнинг қалами қимирламабди. Харчанд уриниб, уни юргизишга ҳаракат қилмасин, қалам турган жойида тураверибди. Шунда Яратганга “Ё, Аллоҳим, мен ҳар доим ёзишга ўтирганимда қалам ўзи ёзишни бошларди, мендан нима гуноҳ содир бўлдики, бугун қаламим ёзмаяпти” деб нола қилибдилар. Шунда қуш эсга тушиб, қаламни ташлаганча, уйга югуриб кетибдилар.
Уйга бориб, қушга дон бериб келганларидан сўнггина қалам қимирлаган экан. Қалам ёзишни бошлаган жой эса “Нисо” сурасидаги “Аёлларингиз билан яхши муомалада бўлинглар!” деган оят экан.
ГЎЗАЛ ҲИЙЛА
Англиялик мустамлакачилар Ҳиндистон мусулмонларини қатағон қиларкан, минглаб қори ва олимларнинг бошини олган экан. Мусулмон раҳбарларидан, буюк олим, “Ҳужжатул Ислом” Қосимун Нонутвийни ҳам ҳибсга олиш учун келганларида у зот Масжиди Чаттада байтуллоҳни супуриб юрган экан. Буюк олимнинг жулдур кийимларда масжид супураётганини кўрган аскарлар, у кишидан “Қосим қаерда?” деб сўрашибди.
Қосимун Нонутвий ҳикоя қиладилар:
“Мен умримда ёлғон гапирган эмасман. Ўлимга рўпара келиб турган вақтимда ҳам ёлғон гапирмадим. Улар мендан “Қосим қаерда?” деб ўзимни сўрашди. Шунда мен билдирмай, бироз орқага тисарилиб: “Бир пас олдин шу ерда эди” – дедим. Шунда улар Қосим шу атрофда бўлса керак, деб тарқалишганда мен ҳам қочиб кетишга улгурганман”.
ҚАЛБ МАМЛАКАТИ
Ашраф Али Таҳонавий айтадилар:
“Дунёнинг энг буюк подшоси бирон мамлакатга бостириб кирса, аввал ўша давлатнинг энг киборларини хор қилиб ташлайди.
Қалб ҳам жуда кенг бир мамлакат. Унинг ҳам ичида Кибр, Бахиллик, Ҳарислик, Ёмон гумон деган ифлос киборлари бор.
Шу мамлакатга шоҳларнинг Шоҳи кириб келса борми, уларнинг ҳаммаси ювилиб кетади.
Бас, қалбни зийнатлантириш учун кўп зикр қилинг”.
3 ДИРҲАМЛИК ЖАННАТ САВДОСИ
Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд денгизнинг қирғоғида ўтирсалар, узоқдаги кемада овози баланд инсоннинг акса урганини, сўнг “Алҳамдулиллаҳ” деганини эшитибдилар.
“Алҳамдулиллаҳ” дейилгандан кейин “Ярҳамукаллоҳ” дейиш вожиб. Абу Довуд “Ярҳамукаллоҳ” демоқчи бўлсалар, у одам эшитмайди. Чунки ҳазратнинг овозлари баланд эмас, акса урган одам эса узоқда. “Алҳамдулиллаҳ”ни эшитган одамга “Ярҳамукаллоҳ” дейиш вожиб бўлиши учун улар бир жойда турган бўлишлари керак.
Шунда Имом Абу Довуд бир қайиқни 3 дирҳамга кира қилиб, кемага бориб, ҳалиги акса урган одамга “Ярҳамукаллоҳ” деб қайтган эканлар.
Абу Довуд айтадилар: “Шунда қулоғимга бир нидо эшитилди: Эй Абу Довуд, 3 дирҳамга жаннатни сотиб олдинг.”
ОЛИМНИ МОТ ҚИЛГАН “АЖНАБИЙ”
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳикоя қилади:
“Бир куни хонамда ўтирсам сочлари ва кийиниши буткул ғарбона бўлган бир йигит олдимга кирди. Унда иймоннинг милтираб турган чироғи ҳам кўринмасди. Йигит савол берди:
— Ҳазрат, менинг ишим катта банк соҳасида ҳисоб-китобдан иборат. Мен буни Англияда ўқиб ўрганганман. Шу ишнинг моҳиятини биласизми?
— Биламан, Ҳиндистонда мен билган 3 та шу соҳанинг забардасти бўлса, тўртинчиси сен экансан.”
— Менинг даромадим шаҳар ҳокиминикидан ҳам кўплигини биласизми?
— Биламан.
— Шу ишимда хотиржам ишлаб юргандим. Бир одам менга бу ишдан келадиган даромад ҳаром деди. Шунга аввал сиздан аниғини сўраб билиб олайин, деб келдим. Бу ишим ҳақида нима дейсиз?
— Сенинг ишингда иккита ҳаром амал бор: қимор ва судхўрлик. Лекин, бир одам ҳаромдан пул топяпти. Билган ҳунари шу. Вақтики, бу ишнинг ҳаромлигини билгач, унга бошқа иш топиш фарз бўлади. Бошқа ҳалол ишни эса худди очдан ўлаётган киши егулик излагандек излайди. Лекин ўша ишни топилгунча ҳаром ишини ташламай туради. Токи шайтон сенга ҳалол ишни қидириб оч қолдинг, деган васвасани солмасин. Бу улуғларнинг гапидир.
— Ҳазрат, мен сиздан қандай иш топиш кераклигини сўрамадим. Бу ишим ҳалолми ҳаромми? Биргина сўзни сўрадим.
— Ишинг ҳаромдир.
— Буни ким ҳаром қилган? Сизми ё худоми?
— Аллоҳ ҳаром қилган.
— Аллоҳ ҳаром қилган бўлса, аввал ҳалолнинг эшигини очиб, сўнг ҳаром қилади. Ваъда бераманки, ўлгунимга қадар эски ишимга қайтмайман.
Менинг кўзимни очган эди бу воқеа. Бир одам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ” дедими, сурати қандайлигидан қатъи назар бизнинг эҳтиромимизга лойиқ экан. Менинг дастлабки гумоним қандай эдию, унинг анча-мунча олимга хос бўлмаган таваккули қандай эди! Шу йигит ҳозир Американинг энг бой мусулмонларидан…”
Ёрқинжон қори маърузалари асосида
АбдулАзиз тайёрлади.
“Vatandosh” газетаси, 01.11.2011
Jin insinning ichiga kirmaydi, bu haqda hech qanday ma’lumot yo’q. Ma’lumot ishonchli bo’lsagina uni qabul qilinadi, ishonchsiziga ishonish iymondan chiqaradi, Jin faqat vasvasa qiladi, holos.