Германияга сафар олдидан яна ОВИР билан боғлиқ муаммо чиқди. Ўтган сафар Польшага борганимда ОВИР муаммосидан безиганим учунми таниш-билишлар орқали бу дардисар ҳужжатни осон олиш мумкин деб ўйлабман. Германия элчихонасидан қўнғироқ қилиб, ОВИРни тайёрлаб қўйинг, сафарга бориб қолишингиз мумкин, деб хабар беришган куни эртасигаёқ ҳужжатларни танишимга олиб бориб бердим. Унинг таниши тезда ОВИР олишга ёрдам берар экан.
Орадан 15 кунча ўтди ҳамки, ОВИРдан дарак йўқ. Танишимга телефон қилсам, эртага бўларкан, деди. Эрта, индин, ўша ҳафта ҳам ОВИР чиқмади. Марғилонда бўлганим учун Германия элчихонасидан телефон қилиб, инглизчада имтиҳон қилишди ва дастур ҳақида қисқача маълумот беришди. Охири ОВИР идорасига ўзим бордим. Текшириб кўришди: сизнинг ҳужжатларингиз топширилмаган дейишди. Яна танишимга айтдим. У ОВИРни “шессекундда ҳал қилиб бераман” деган акахонига қўнғироқ қилган экан, бир кун кутсин, эртага аниқ чиқади дебди. Бу сафар ҳам ишондим.
Эртаси куни ҳам хабар бўлмади. Танишимга ўша акахоннинг рақамини беринг, ўзим топмасам бўлмайди, дедим. Ҳалиги одамни топишимга бир кун кетди. “Ҳужжатимни (паспортим ҳам бирга эди) қаердан бўлса ҳам тезда топиб беринг, акс ҳолда бошқа чора қўллашга мажбур бўламан” деб қаттиқ гапиришга тўғри келди. Эртасига ҳужжатларимни олиб келиб берди. Ўша куниёқ ОВИРга ҳужжат топшириб, у ердагиларга илтимос қилиб, паспортимни пойтахтга бориб келгандан сўнг ташлаб кетишимни айтдим. Шу куниёқ Тошкентга кетдим. Эртаси куни элчихонага кириб, визага топшириб чиқдим. Сўнг паспортимни қайта олиб, Фарғона ОВИРга топшириб келдим. Хайрият, сафар бошланишидан 4 кун бурун ОВИРим чиқди. Паспортни олиб, яна Тошкентга йўл олдим. Визани олиш учун паспортни яна элчихонага топширдим.
* * *
Берлинга Санкт-Петербург орқали учдим. Пулково аэропортининг 2-терминалидан Берлиннинг Шёнефельд аэропортига 2,5 соатда етиб келдим. Европа иттифоқи бўлгани учун қаттиқ текширади, деб ўйлагандим. Йўқ, визамни кўрди-да, “ташрифдан мақсадингиз” деб ҳам сўрамади, муҳр босиб, “Германияга хуш келибсиз!” деди. Бунгача Тошкент аэропортида, кейин Санкт-Петербургда “Нимага кетяпсиз? Нима қиласиз у ерда? Таклифномангиз борми?” деб бошимни қотиришганди.
Багажимни олиб, ташқарига чиқдим. Номим ёзилган ёрлиқни бир қиз кўтариб турган экан. Мени кутиб олган ташкилотчи билан инглизча гаплашиб, таксида шаҳар томон йўл олдик. Исми Татьяна экан. “Русмисиз?” десам, “Ҳа” деди. Кейин русчага ўтдим. Татьяна Россиядан бўлиб, Германияда ўқишни тугатиб, Берлинда малака ошираётган экан.
Таксичига қарасам, ўзимизнинг туркларга ўхшайди. Унга “Биродар, туркмисан?” десам хурсанд бўлиб кетди. Оз-моз ҳаётидан гапирди. Сўнг: “Қойил қолдим, ўзбеклар ҳаммаси шунақами? Гид билан инглизча, сўнг русча гаплашдинг, мен билан туркча. Ҳавас қилдим” деди. “Ҳавас қилма, немисчани билмайман!” дедим. Уям бир табассум қилди-да, “Барибир. Немисчани менам яхши билмайман” деди.
Бугун Берлин бўйлаб халқаро югуриш марафони бўлаётган экан. Бутун дунёдан 40000 киши қатнашибди. Марказдаги кўп йўллар марафон сабаб беркитилгани учун ярим йўлда таксидан тушиб, метрода кетишга тўғри келди.
Меҳмонхона Берлиннинг қоқ марказидаги Фридрихштрассе кўчасида экан. Мени чекмайдиганлар қаватига олишди. Ташкилотчилар чексиз WI-FI учун ҳам тўлаб қўйишибди. Интернет тезлиги мана бунақа бўлибди. Тезда уйдагиларга хабар юбордим. Почтамни текширдим.
Ташкилотчи ва иштирокчилар билан танишув кечқурун 20:00 га белгиланган. Унгача вақтим бор. Шаҳар айланишга чиқдим. Меҳмонхонадан 1 км жанубга юриб, марафонни кузатдим. Бу кўча машҳур Бранденбург дарвозасига олиб бориб, марафоннинг финиш чизиғи ҳам шу ерда экан. Бунақа катта марафонни биринчи марта кўрдим. Ёшу қари, эркагу аёл югурмоқда. Улар орасида 90 ёшли бобойдан тортиб, чақалоғини аравачага солволиб югураётган аёлларгача бор эди. Томошабинлар эса қўлларига тушган шиқилдоқлар билан марафончиларни қўллаб-қувватламоқда.
Бранденбург дарвозасигача юриб, финишни кузатдим. Бошловчи марафончилар кўтариб олган байроқча ёки кийимига ёпиштирилган байроққа қараб, “Қани Нигер вакили олға, финишга 10 метр қолди. Украинадан келган атлетимиз ҳам шиддат билан финиш сари йўналмоқда” деб марафончиларга далда бўлмоқда. Афсус, биронта Ўзбекистон байроғини учратмадим.
Марафон тугагандан сўнг Берлиннинг асосий рамзи Бранденбург дарвозаси, Унтер-ден-Линден бульварини кездим. Бошимда марғилонча дўппи борлиги учун 2-3 киши юртим ҳақида қизиқишди. Сўнг Рейхстагни томоша қилиб, Шпрее дарёси бўйлаб Фридрихштрассега йўл олдим.
* * *
Берлин сафаридан асосий мақсад Германия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган “Германияда миграция ва интеграция” мавзусидаги информацион тур дастурида қатнашиш эди. Дастурда Россия, Туркия, Болгария, Руминия, Миср, Украина, Македония, Эстония, Озарбайжон ва Қозоғистондан иштирокчилар келишибди. Ўзбекистондан эса мени таклиф қилишган. Кечқурун ўзаро танишув дастурхони ташкил этилди. Тўғриси, овқатлари ёқмади, ҳидига чидолмадим. Салат едим холос.
Эртаси куни ташкилотчилар Берлин шаҳрининг диққатга сазовор жойларига тур уюштирдилар. Куннинг иккинчи ярмида Берлин сенатида шаҳардаги иммиграция масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Айтилишича, Берлин Германиядаги энг кўп иммигрантлар келадиган шаҳар бўлиб, бу ерда махсус иммиграция полицияси ташкил этилган. Бошқа давлатларда яшайдиган немис миллатига мансуб аҳолини Германия фуқаролигига қабул қилиш дастурига кўра, Қозоғистондан келган немислар биринчи ўринда тураркан (91,7 %).
Кейинги манзилимиз 1953 йили ташкил этилган Deutsche Welle халқаро ахборот агентлиги бўлди. Агентлик телевидение, радио ва интернетда жаҳоннинг 30 тилида ахборот тарқатади. Deutsche Welle TV канали 1992 йили ташкил этилган бўлиб, немис, инглиз, испан ва араб тилларида эфирга узатилади. Телеканалда 450 киши ишлар экан. ТВнинг янгиликлар тайёрлаш, узатиш студияларини айландик.
Кечқурун Ғарбий Берлиндаги “Шаҳризода” араб ресторанига таклиф этишди. Алькогол сотилмайдиган ва чўчқа гўштидан холи бу ерда хотиржам овқатландим. Ресторанда Берлин Сенатида маслаҳатчи бўлиб ишлайдиган Савсан Чебли хоним билан танишдик. Унинг вазифаси Ислом динига эътиқод қилувчилар ва бошқа маданият вакиллари ўртасида диалог ўрнатиш экан. Мутахассиснинг айтишича, ҳозирда Германияда 4 миллиондан ортиқ мусулмонлар бўлиб, Исломни янги қабул қилаётганлар орасида немис миллатига мансублар ҳам ортиб бормоқда экан.
Кейинги кунлари Германия Меҳнат вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Европа маданияти ассоциацияси ва бошқа ташкилотларда учрашувлар бўлди.
* * *
Берлин қиммат шаҳарлардан бири. Айниқса, маданий масканлар – музей ва театрлар чиптаси ҳам арзон эмас: 8 евродан 20 еврогача ва ундан қимматлари ҳам бор. Берлиннинг машҳур бир театрига ташкилотчилар қарийб 100 евродан чипта сотиб олиб, бизни таклиф қилишди.
Меҳмонхонамиз ёнгинасида Шпрее дарёсида жойлашган музейлар ороли жойлашган. Унда Берлиннинг 5 та машҳур музейи ўрин олган. Умримда биринчи марта шу ерда музейга кириш учун қарийб бир километрга чўзилган навбатни кўрдим. Навбат узунлигигами, пулимни қизғонибми, музейларга кирмадим. Кейин турк ҳамкасбим айтиб қолди. Матбуот картаси билан музейларга кириш бепул экан. Агар сиз журналист бўлсангиз, ёнингизда шахсингизни тасдиқловчи инглиз тилида ёзилган матбуот картангиз (гувоҳнома) бўлса, бемалол музейларда бепул сайр этишингиз мумкин экан.
* * *
Берлин метроси 9 та линиядан иборат бўлиб, баъзи бекатлар 3 қаватдан иборат. Ҳар бир қаватда линиясига кўра, алоҳида поезд келади. Метрога тушишим билан илк ҳайратим кираётган жойда на касса, на турникет, на бир тўсиқ, на бир назоратчи борлиги эди. Худди супермаркетга киргандек кириб бораверасиз. Керакли линия ва манзилга борувчи поезд йўлагини топсангиз бўлди.
Манзилимга қандай боришни билмай, бир аёлдан инглизчада қандай бориш кераклигини сўрадим. Аёл инглизчада зўрға гапираркан, “кетдик, сенга кўрсатиб юбораман” деди-да, мен билан қарийб 1 км юриб, бошқа линия, бекатга олиб борди. “Сиз ҳам шу ердан кетасизми?” десам, “Йўқ, сен сўраган бекатга қайтиб бораман”, деди. Аёлга чин дилдан раҳмат айтдим.
Манзилга бориб, ишларимни битириб, яна метрога тушдим. Қарасам, баъзилар поезд келадиган жойда ўрнатилган қурилмага цент ташлаб, қоғоз чиқариб олишяпти. Бу нимайкан, дедим-да, поезд келиб қолганди, чиқиб кетавердим. Эртаси куни гидимиз Люсендан бу ҳақда сўрасам, самимий бир хохолади-да, “шунча кун метрода бепул юрдингми?” деди. “Ие, метро пуллимиди?” дедим ажабланиб, “Метрога кирганда ҳеч ерда касса кўрмадим, турникет, тўсиқ йўқ эди, сўрай десам назоратчилар ҳам тополмадим”. Ҳалиги қоғоз чиқариб оладиган қурилмадан чипта чиқариб олиш керак экан. Чиптасиз йўловчиларга жарима белгиланган. Баъзида контроллерлар текшириб туришаркан (яхшиям менга учрамади, акс ҳолда 60 евро жарима тўлардим). Одамларнинг бир-бирига ва давлатга ишончига тан бердим. Баъзилар бунинг сабабини ССчилар даврида билетсиз йўловчилар отиб ташлангани билан изоҳлашади. Яна ким билади, дейсиз.
* * *
Берлин ҳавоси менга жуда хуш келди. Ҳаво намлиги юқори, шаҳарда яшил майдонлар, парклар, ҳатто ўрмонлар кўплиги учун кислород мўл. Тупроғи ҳам қўнғир тусда. Бир ҳафта юриб, бирон марта оёқ кийимимни артмабман. Деярли чанг йўқлигидан бўлса керак.
* * *
Берлинда кундуз куни аёллар жуда сипо кийиниб юраркан. Бизда ғарб кинолари таъсириданми европа аёли деганда умуман бошқача тасаввур шаклланган. Лекин айтиб қўяй, бу ерда аёллар Москва, Санкт-Петербург, ҳатто, Тошкентдагидан кўра анча сипо кийинаркан. Лекин кечқурун манзара бироз ўзгаради. Фоҳишаликка лицензия асосида расман рухсат берилгани учун кечанинг маълум соатларида шаҳарнинг айрим жойларида ўшанақа аёллар кўчага чиқиб оларкан.
* * *
Навбатдаги сайрдан қайтишда бир кишидан йўл сўрадим. У инглизчани билмас, менга амаллаб русчада жавоб қайтарди. “Қаерликсан?” деб сўраганди, “Ўзбекистондаман” деди. У Ўзбекистонда 2 марта бўлганини, Тошкент ва Самарқандни кўрганини, яна боргиси келишини айтиб қолди. Кристианнинг айтишича, Германияда ишлаб, пул топиш яхши, лекин бошқа нарсалари яхши эмас экан. У айрим жиҳатларда Ўзбекистонга ҳавас қилишини айтди.
* * *
Дастур доирасида Берлиндаги MÜSİAD (Мустақил саноатчи ва бизнесменлар ассоциацияси) офисида бўлдик. Ташкилот 1996 йили Туркияда ташкил этилган бўлиб, унинг Германияда 7 та бўлими мавжуд. У Германия ва Туркиядаги 400 га яқин компанияларни бирлаштираркан. MÜSİAD Берлин шўъбаси бошлиғининг айтишича, айни пайтда Германияда 3 миллиондан ортиқ турк мавжуд бўлиб, уларнинг 1 миллионга яқини Германия фуқаросидир. Германиядаги расман муҳожирларнинг 25 фоизи турклардир. Берлинда 250000 турк истиқомат қилади. Туркларнинг 50 фоизи расман ишсиз. Қолганлари асосан иншоот ва хизмат секторида меҳнат қилади.
Германияда “Сабоҳ”, “Замон”, “Ҳуррият” газеталари турк тилида чоп этиларкан.
Берлиннинг Кройцберг туманини Кичик Истанбул деб ҳам аташади. Бу ердаги аҳолининг кўп қисми турклар ва араблардир. Германияда яшаётган ҳар бир турк ҳам интеграцияга чидай олмайди. Бу ерда неча йиллардан бери яшаб, немисча гапирмайдиган турклар ҳам бор. Туркча таълим билан боғлиқ муаммолар ҳам бор.
“Дўнерчи” деган номдан қутулиш учун ҳам бу ерда тилни яхши ўрганиб, жамиятга киришиб, университетда ўқиб, сўнг яхши жойларга ишга кириш керак. Акс ҳолда шу ерда дўнерчи бўлиб қолаверамиз”, дейди, Кройцбергда яшовчи ёш турклардан бири.
Германияда илмий соҳа, тиббиёт, сиёсат, бизнес, ТВ ва кино, мусиқа, спортда муваффақиятга эришган турклар жуда кўп. Германия парламентига ҳам бир неча марта турк депутатлар сайланган. Берлинлик турк гидимиз Дениздан “Ҳозирда Германиядаги турклар орасида энг машҳури ким?” деб сўрасам, “футболчи Месут Ўзел” деб жавоб берди.
Ёш туркларнинг ичида ўз тилини унутганлар, динини ўзгартирганлар кўпайиб бормоқда.
* * *
“Дорул ҳикма” деб номланган мусулмонлар боғча-мактабига таклиф қилишди. Энг қизиғи у ерда христиан дини вакилларининг болалари ҳам таълим олишаркан. Муслима қизлар рўмолда, бошқа дин вакиллари бошяланг эдилар. Диний дарсларда ноисломий эътиқод эгалари қатнашмасликлари мумкин. Лекин овқатланишдан олдин ҳаммалари “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб кейин бошлашаркан.
Бу марказ 1995 йили ташкил этилган. Унинг мудири асли иорданиялик бўлиб, шу ерга яқин жойдаги бир масжидда имомлик ҳам қиларкан. У билан бирга жума намозига бордим. Турли миллат, мазҳаб ва маданият вакиллари биргаликда намозни адо этдик. Намоздан сўнг бир-биримиз билан сўрашиб, танишдик. Жуда самимий инсонлар йиғилган экан. Аксарияти араблар. Ораларида немислар, шведлар ҳам бор. Ёш намозхонлардан бири (инглизчаси жуда зўр экан) ўзининг олий математика масалалари бўйича семинарига таклиф қилди.
* * *
Дастурнинг охирги кунида Берлин чеккасидаги Шпандау округига бордик. Йўл бўйи турли саноат зоналари кўзга ташланади. Siemens, BMW заводлари шу ерда экан. Йўл бўйи турли автомобил заводларининг автосалонларини учратиш мумкин. Йўлнинг сифати аъло. Биронта “яма” кўринмади.
Берлиннинг жиноятчилик даражаси юқори бўлган ушбу округида “Strong without violence” (“Зўравонликсиз қудрат”) деб номланган лойиҳа мавжуд бўлиб, унда собиқ ҳуқуқбузар-мигрантлар полиция билан ҳамкорликда ҳудудни патруллашда иштирок этаркан. Шунингдек, ташкилот жазони ижро этиш муассасаларидан чиққан ёшларга жамиятга интеграциялашда ёрдам бераркан.
* * *
Дастурнинг хайрлашув дастурхони “Ҳисор” турк ресторанида бўлиб ўтди. Яхшиямки, бу ерда турк ва араб ресторанлари кўп. Ҳалол таом топса бўлади. Акс ҳолда, немис ошхонасига ҳеч кўника олмаган мендеклар учун жуда қийин бўларди.
* * *
Германияда ўзбек диаспораси деярли йўқ. Борлари ҳам жуда тарқоқ. 8 кун юриб биронта ўзбекни учратмадим. Боришимдан олдин келсангиз кўришамиз деб ваъдалашган ва мен Берлинга келгач, қўнғироқлашган икки ўзбек танишим, алалоқибат, вақтлари тўғри келмади, шекилли, келишмади.
Германиядан ўрганажак жиҳатларимиз жуда кўп. Шунингдек, немисча ҳисоб-китобни ҳам. Бу юртнинг бошқа шаҳарларини ҳам кўриш истаги туғилди.
Тошкент – Санкт-Петербург – Берлин
24 сентябр – 3 октябрь, 2011 йил