Ўзбек тилидаги энг машҳур веб-сайт қайси? (BBC, 13.01.2013)

Зиё улашиш осонми?

Ўтган 2012 йилда ziyouz.com интернет порталидан фойдаланганлар сони 1 миллион 585 минг нафардан ортган. 35 000 000 саҳифа ўқилган. Бу ҳақда Openstat маълумот берган. 2004 йилдан буён порталга кирганлар сони эса 12 миллион нафарга яқинлашган.

Ўз фаолиятида «Зиё истаган қалблар учун!» сўзларини шиор қилиб олган ziyouz.com ўқувчиларининг йил сайин кўпаяётгани сабабини аслида сайтда жойланган кўп сонли китоблар, асарлар, ҳикмат ва мақоллар, ғаройиб маълумотларнинг ўзи айтиб турибди.

Лекин бунга қарамай ўкувчилар фикрига мурожаат қиламиз.

«Мен керакли маълумотларни топдим. Айниқса, жаҳон адабиёти бўйича… Сайт ташкилотчиларига миннатдорчилик билдираман», дейди Алишер Маҳмудов.

«Мен Қўқон шаҳриданман. Касбим – ўқитувчилик. Мазкур сайт орқали барча дарсларимни ташкил қилишга ҳаракат қилмоқдаман…», деб ёзади сайтнинг Дилшода исмли мухлиси.

Нуралиев насабли ўқувчи эса ўз эҳтиросларини яшира олмайди: «Ўртоқлар, китоб излаш балосидан қутулдик. Энди фақат ўқиш ва ва яна ўқиш лозим…»

Мен эса, бироз зерикарлироқ туюлса-да, яна рақамларга мурожаат қиламан:

Ҳозирда кунига порталга 4 мингдан 4 ярим минггача киши ташриф буюради.

www.uz рейтинги маълумотларига кўра, соф ўзбек тилидаги сайтлар орасида www.islom.uz сайтига бир кунда 3200-3500 киши, футбол ишқибозларининг www.fk.uz сайтига ҳам шунча, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – www.lex.uz сайтига 3000-3500 киши, Ўзбекистон ҳукумати портали – www.gov.uzга 1500-1800 киши, Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг www.uza.uz сайтига 1500-1600 киши ташриф буюради.

Четда яшаётган ўзбеклар учун қулайлик

Ziyouz.com интернет порталига фақат Ўзбекистоннинг ўзида эмас, балки чет элларда ҳам қизиқиш ой сайин ортиб бормоқда. Шу ўринда Россияда йилига 255 минг киши, АҚШда 170 минг киши портал хизматидан фойдаланаётганини таъкидлаш жоиз. Жанубий Корея, Туркия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Бирлашган Араб амирликлари, Олмония, Тожикистон ва Украинадаги ziyouz.com ихлосмандлари 32 мингдан 10 минг нафаргача эканлиги аниқланган. Умуман олганда ҳозирда бу энг оммабоп сайт хизматидан жаҳоннинг 160 давлатида яшаётган кишилар фойдаланишмоқда.

Афғонистонлик Тошқин исмли киши сайтга кириб, ўзига зарур барча керакли китобларни топа олгани учун мамнунлигини билдиради.

Қозоғистонлик Фаррух эса «Ўзимизнинг бу ўзбекча сайт борлигидан унинг ижодкорларидан ўта миннатдорман. Айниқса, четда яшаётган биз ўзбеклар учун қулайликлар яратиб беряпсизлар…», дейди.

Айни шу ўринда сайтга киритилган насрий ва шеърий асарлар муаллифлари орасида Ўзбекистондан ташқарида яшаётган ўзбек ижодкорлари талайгина эканлигини таъкидламоқчимиз. Жумладан, Буюк Британия, Канада, Тожикистонда яшаб, ижод этаётган шоир ва носирларнинг асарлари мавжуд.

Сайтга фақат сара мақолалар танланади

Сайтдаги ўнлаб бўлимларнинг ҳар бири ўзининг кўп сонли ўқувчисига эга. Масалан, «Сара мақолалар» бўлимига гарчи кейинги пайтларда янги мақолалар киритилмаган бўлса-да, бу бўлимнинг ўқувчилари сира камайган эмас.

Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққулнинг «Мактаби бетакрор» мақоласи ўқувчилар энг кўп ўқийдиган сара мақолалардан биридир.

«Ҳамма замонда ҳам амал атрофида алам ва адоват ўралишиб, эргашиб юрган. Мансаб ва мартаба учун олишув, тортишув, ҳасад ва маккорликлар ҳеч бир даврда тўхтаб қолмаган – ҳамиша фаол ҳаракатда бўлган. Энг ёмони, ҳасад ва адоват на истеъдод, на фазилат, на умумъэтироф, ҳеч нарсани тан олмаган. Мана шу ҳақиқатни Абдулла Қодирий «Меҳробдан чаён» романида жуда ёрқин шаклда ёритиб берган.»

Мақоланинг бошида бўлган бу фикр ўқувчи диққатини тез ўзига тортади ва энди у Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён»ни яратишдаги маҳорати ҳақида Иброҳим Ҳаққулнинг фикрлари билан тўлалигича танишишга ошиқади.

Ё бўлмаса, адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошнинг марҳум адиб Шукур Холмирзаев ҳақидаги «Узун йўл боши ёки эркин сўз умри» мақоласини олайлик. «Ёшлик» журналидан олиб берилган бу мақолада адабиётшунос «Шукур ака ўзидан кўра адабиётни кўпроқ севмоқнинг уддасидан чиқди. У қулайликлардан воз кечиб, адабиётга хизмат қилишга ўзида куч топа олди. Ёзувчи адабиётни ўзига хизмат қилдирмади, аксинча, бир умр унга хизмат қилди. Шу боис адабиёт ҳам Шукур Холмирзаевни астойдил ёрлақади. Аслида ҳам адабиёт ижодкорга ҳеч нарса бермай туриб, ундан қурбонлик сўрайдиган ҳодисадир,» дея фикр юритади.

Ҳамдардга, суҳбатдошга айланган ҳикматлар

Портал ўқувчиларидан бири Н. Нурматов «100 файласуф ҳикмати» бўлимининг ашаддий мухлисларидан бири. У «Айниқса ҳикматлар хазинаси ниҳоятда қалбларни жунбушга келтирадиган, руҳий ва маънавий озиқ берадиган, бўлимдир. Кўп ҳикматлар ўқувчига осон тушуниладиган қилиб арабчадан моҳирона таржима этилган. Ишонсангиз, бу ҳикматлар сандиғи ва баъзи китоблар менинг ҳамдардимга, суҳбатдошимга айланиб улгурди. Ўқиган сарим қалбим таскин топади, шу ҳикматлар билан, илм билан ўзимга ўзим таскин бераман, худди мен учун атаб, мени назарда тутиб айтилгандек гўё», дейди.

Шу ўринда бу бўлимда Ҳазрат Сулаймондан (тахминан милоддан аввалги 960-935 йилларда ҳукмронлик қилган) тортиб Умар Хайёмгача бўлган мутафаккир, файласуфларнинг ҳикматга айланган фикрлари келтирилганини эслатмоқ ўринли.

Абу Наср Форобий «Агар ҳукмдор одамларни ўзига бўйсундириш, итоат эттириш, уларни буткул ўз измига солиб, нима истаса, нимани буюрса, шуни сўзсиз бажо келтиришлари учун жанг қилса, бу адолатсиз курашдир. Агар ҳукмдор кимдандир устун туриш мақсадида жанг қилса, бу ҳам адолатсиз уруш ҳисоблангусидир. Борди-ю, ҳукмдор кимнидир ёки кимларнидир ўз ғазабини қондириш ёхуд шунчаки ҳузурланиш учун ўлдирса, бу ҳаракат ҳам адолатсизлик саналади», деб айтиб кетган.

Форобийнинг бу ҳикмати билан ҳозиргача сайтга кирган 6800 нафарга яқин ўқувчи танишиб чиққан.

Гарчи орадан не-не асрлар ўтган бўлса-да, лекин бу ҳикматга янги тўн кийдиришнинг ҳожати йўқ, дейди ziyouz.com га деярли ҳар куни кириб туришини айтган А. Йўлдошев исмли ўқувчи.

«Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт”

Сайт фаолиятини юритиш асосан унинг асосчиси ва бош муҳаррири Давронбек Тожиалиевнинг зиммасига тушади.

Сайтга янги нарсаларни танлашда қайси тамойилларга суянилиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у аввало киритилаётган маълумотнинг ўқувчиларга фойдали эканлигига эътибор қаратилишини, шунингдек, порталдаги аксарият киритмалар сингари, унинг интернетга биринчи марта жойланишини таъкидлайди.

Бадиий асарлар танлашда ҳам аввало унинг савиясига эътибор қаратилади.

Портал мутасаддиси Давронбек Тожиалиевнинг айтишича ўтган йили амалга оширилган энг катта ишлардан бири электрон китоблар сонининг 3100 тадан ошганлиги бўлди.

«Бу ўтган йилгига нисбатан икки баравар кўпдир. Шунингдек 2012 йили 233 нафар носирнинг 1600 тага яқин асарини ўз ичига жамлаган “Ўзбек адабиёти онлайн антологияси” (ҳали уни тўлдириш давом этмоқда) ташкил этилди. UZ Миллий домени 2012 йил интернет-фестивалининг «Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида www.ziyouz.uz портали биринчи ўринни қўлга киритди,» дейди Давронбек Тожиалиев.

Давронбек Тожиалиев таъкидлаган “Ўзбек адабиёти онлайн антологияси”га киритилган носирларнинг энг ёши улуғи Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875 йилда туғилиб, 1919 йилда вафот этган) бўлса, энг ёш адиб Лобар Азизхўжаева эндигина 21 ёшга кирган.

Сайтга қўйилган энг сўнгги китоблар орасида Навоий асарлари луғати, Бобораҳим Машрабнинг «Меҳрибоним қайдасан?», Маъруфжон Йўлдошевнинг «Чўлпон сўзининг сирлари», Қутб Хоразмий, Сайфи Сароий китоблари борлигини таъкидлаш ўринли.

Оз ишчи кучи билан шунчалик катта ишларни амалга ошириш осонми? Айрим китоб, журнал, манбаларни қидириб топишда қандай қийинчиликлар учраб туради, сўраймиз Давронбек Тожиалиевдан.

«Агар инсонда хоҳиш, кимгадир фойдаси тегаётганидан завқ ҳисси бўлса, у қилаётган иш асло оғирлик қилмайди. Манба топишда қийинчиликлар бўлиб туради. Тузум ўзгариши, турли кўчди-кўчдилар, китобхонлар ва кутубхоначиларнинг лоқайдлиги сабабли кўпгина кутубхоналарда ўзбек тилидаги баъзи эски манбаларни топишда қийинчиликлар юзага келади. Шундай бўлса-да, боридан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Айрим муаллифлар, журнал таҳририятлари ўз манбаларини тақдим этяптилар. Шоирлар Хуршид Даврон, Фахриёр, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқул ва бошқаларнинг шахсий кутубхоналари манбаларидан ҳам баҳраманд бўляпман,» дейди Давронбек Тожиалиев.

Ўтган йилдан бошлаб порталнинг рус ва инглиз тилидаги саҳифалари ҳам ишга тушди. Аллақачон рус тилидаги саҳифага 1000 дан ортиқ, инглиз тилидаги саҳифага 100 га яқин мақола киритилган.

Мен бу рақамларни келтиришдан чарчамайман ва рақамлар бошқаларни ҳам толиқтирмайди, деб ўйлайман. Чунки мен бу рақамлар замирида қанчалар меҳнат ётганлигини ҳис қилиб тураман.

Ҳис қиламан-да, истак ва имконият ҳақидаги фалсафани эслайман. Демак, айримлари бир неча кун, айримлари бир-икки ой умр кўрган, умри узоқроқ бўлса-да, мазмун-мундарижаси ғариб, тор сайтларнинг муаллифлари келтираётган қийинчиликлар ҳақидаги баҳоналар асоссиз экан-да!

Албатта,www.ziyouz.com нинг ҳам ўзига яраша камчиликлари бор. Масалан, ҳали лотин ҳарфида яхши ўқий олмайдиган ўқувчилар кириллда кўпроқ адабиётлар киритилишини сўраб хат ёзишади. Кимдир электрон китоблар берилган форматларни оча олмасдан доғда…

Лекин бу камчиликлар порталнинг умумий кенг кўламли ишлари олдида ҳечдек гўё…

Минтақадан мустақил журналист

13 январ 2013 – 16:16 GMT

http://www.bbc.co.uk/uzbek/culture/2013/01/130113_ziyouz_web_site.shtml

4 thoughts on “Ўзбек тилидаги энг машҳур веб-сайт қайси? (BBC, 13.01.2013)

  1. Sayt tashkilotchilariga cheksiz minnatdorchiligimni bildiraman. Kutubxona va hatto sotuvda uchramaydigan bir qancha kitoblarni yuklab oldim. Sayt tashkilotchilariga OMAD tilayman! Haqiqiy Ziyo tarqatuvchi insonlar! OFARIN!

  2. Assalomu Aleykum Hurmatli Davron aka va ziyouz.com saytining jonkuyar tinib tinchimas izlanuvchi ijodkorlari. Men sizning saytingizdan har doim foydalanaman va juda ham mamnunman sizlardan. Bu saytni man xazina deb atagan bulardim juda ham kup foydali malumotlar jamlangan xazina bu. Sizlarni ishlaringizga ulkan omadlar tilayman olloh doim ishlaringizni barakasini bersin.

  3. Yuqoridagi fikralarni hammasiga qo’shilaman. Saytda yana ilm-fan haqidagi video roliklara bo’lsa yana ham yaxshi bo’lardi

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *