Пайғамбарни жондин азиз кўрамиз ва Ул зотга салавот ва салом айтамиз!

http://www.qadriyat.uz/foto/7/1375975670_IMG_6454.jpg
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Абдулҳамид Турсунов билан суҳбат

Абдулҳамид Турсунов 1951 йили Наманган шаҳрида туғилган. Бухородаги Мирараб мадрасасини (1974), Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини (1978), Мисрнинг Ал-Азҳар университетини (2000) тамомлаган. «Совет Шарқи мусулмонлари» журнали, «Мовароуннаҳр» нашриёти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги элчихонасида ишлаган. Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири. Имом Мақдисийнинг «Минҳожул қосидийн» китобини таржима қилган, «Тасаввуф муқаддимаси», «Жумъа мавъизалари» китоблари муаллифи.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

— Исломда бандай иймонининг муҳим шўъбаларидан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилишдир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва суннатларига эргашиш ортидан қандай фойдалар топамиз?
— Барчаларимиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари ўлароқ юборилган Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар кунимизда, ҳар бир амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қилиш ҳар бир мўминнинг вазифасидир. У зотга, аҳли байтларига ва саҳобаларига саловот ва саломларини кўпайтиришимиз имонимизнинг белгисидир. У зотни яхши кўришимиз Аллоҳ таолони севишимиздир. Зеро, у зотнинг ўзлари буни умматларига васият қилганлар: Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда наздида унинг аҳлидан, молидан, одамларнинг барчасидан афзал бўлмагунимча у мўмин бўла олмайди», деганлар” (Имом Муслим ривояти).
Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари, пайғамбарларнинг энг улуғи ва хотималовчиси, Парвардигорнинг бутун оламларга раҳмат ўлароқ юборган элчиси, Коинот фахри, одамларнинг энг яхши хулқлиси ва комили эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча сураларида ўзининг суюмли Набийси ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак номларини зикр этган, у зотнинг номларида алоҳида сура ҳам нозил қилинган.

— Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишнинг ҳукми қандай? Саловотнинг маъноси ва афзали ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Улуғ аждодларимиз каби бизлар ҳам ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммадни (с.а.в) жондан азиз даражада севамиз. У зотга салавот ҳамда саломлар айтамиз. Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!”. (Аҳзоб сураси, 56)
Имом Байзовий ўзининг “Анвор ат-танзил ва асрор ат-таъвил” тафсирида бундай дейди: “Мазкур ояти карима Пайғамбар исмлари зикр қилинганда доимо салавот ва салом айтиш вожиблигига далолат қилади”. Шамсул аимма Имом Сарахсий: “Ҳар вақт Пайғамбар исмлари зикр этилса ул зотга салавот ва салом айтиш мустаҳаб амал, деб айтганлар”. Фатво ҳам шу сўзга асосланган.
Агар “салавот” Аллоҳ таоло томонидан бўлса “раҳмат” маъносида, фаришталардан бўлса, “истиғфор” маъносида, инсонлар томонидан бўлса “дуо” маъносида бўлади. Салавот ушбудир: “Аллоҳумма солли аъла сайидина Муҳаммад” ёки “Соллаллоҳу аъла сайидина Муҳаммад”.
Пайғамбар алайҳиссаломга салавот ва салом айтиш ҳижратнинг иккинчи санасидан бошланган. Баъзи олимлар Исро кечасидан бошланган деган фикрдалар.

— Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг «Қалам» сураси, 4-оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида «Албатта сиз улуғ хулқ устидасисиз», дейди. У зотнинг ахлоқлари қандай эди?

— Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳамма жиҳатдан умматга намуна эдилар, у зотнинг хулқлари Қуръон эди. Сийрат китобларида, у зотдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда Муҳаммад
соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг комил инсон бўлганлари васф этилади:
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийи, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг чиройлиси ва хулқи энг гўзали эдилар» (Имом Бухорий ривояти, «Жомеъус-саҳиҳ»).
Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хулқлари Қуръон эди» (Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен карамли ахлоқларни комил қилиш учун юборилганман», дедилар» (Имом Аҳмад, Бухорий ва Ҳоким ривоят қилишган).

— Ислом — бағрикенглик дини. Пайғамбар алайҳиссалом эса кечиримлиликнинг, дини ва эътиқодидан қатъи назар ҳар қандай инсонга гўзал муомалада бўлишликнинг буюк намунаси бўлганлар. Бу ҳақда ҳадис китобларида қандай ривоятлар келган?
— Ҳадиси шарифлар билан яқиндан танишган ҳар бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг буюк кечиримлиликлари, одамларга ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши муомалада бўлишлари, айниқса у зотнинг ҳатто бошқа дин ва таълимот вакилларига ҳам ўта бағрикенглик билан муносабатда бўлганларига ишонч ҳосил қилади.
Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Амрнинг аҳлида қўйи сўйилди. У келиб: «Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Жаброил менга қўшнининг ҳаққи ҳақида шу қадар кўп тавсия қилдики, ҳатто уни мерос оладиган қилса керак, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», деди» (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).
Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: «Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳумо Қодисияда ўтиришган эди. Икковларининг олдидан бир жанозани олиб ўтишди. Шунда улар ўринларидан туришди. Уларга: «У ерлик аҳолидан», дейилди (Яъни, аҳли зиммадан). Шунда иккиси айтди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидан жаноза ўтганда ўринларидан турдилар. Шунда у зотга: «Бу – яҳудийнинг жанозаси», дейилди. Шунда у зот: «У жон эмасми?!» дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Сафвон ибн Сулаймдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг бир неча ўғилларидан, улар оталаридан ривоят қилишади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ўз розилигисиз ундан бирор нарса олса, Қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», дедилар» (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфатини берганлар ва хизмат қилганлар. У зот ўша куни бундай деганлар: “Булар асҳобимга икром кўрсатишган эди, мен ҳам уларни икром этишни яхши кўраман”. Бир гал Нажрон насронийлари келганида у зот уларни масжидга жойладилар ва унда ибодатларини адо этишга ижозат бердилар.
Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилган пайтларида у ерда анчагина яҳудийлар бор эди. У зотнинг давлат ишларидаги биринчи амаллари улар билан ақидаларини ҳурматлаш асосига қурилган аҳднома тузиш бўлди. Аҳдномага кўра, Ислом давлати яҳудийларни ўз ҳимоясига олади ва улар ҳам ўз навбатида Мадинага ёмон қасд қилган кимсаларга қарши мусулмонлар билан бир куч бўладилар. Бу билан Расули акрам исломий ҳазоранинг илк уруғларида диний эркинлик асосларини татбиқ қилганлар.
Биз Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларини ўрганиш орқали ҳар бир ишда, ҳар бир амалда у зотнинг суннатларига мувофиқ йўлда юришимиз, у зотга эргашишимиз зарур. Чунки ҳақиқий мўмин ҳаётда фақат охирзамон Пайғамбарига имон келтириб, уни севиб, унга итоат этиб, муборак номлари зикр этилганда чин қалбдан салавот ва саломлар айтиши керак бўлади. Зеро Пайғамбарни (алайҳис солату вассалом) жондин азиз биламиз.

 Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=19

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *