• Болта билан чопилган дарахт қайта ўсиб чиқади, қилич яралаган жароҳат битади, лекин тил етказган яра тузалмайди ва унинг давоси йўқ.
• Боши оғримаганнинг Худо билан нима иши бор?
• Кимдир очликдан сакрайди, кимдир — тўқликдан.
• Агар ёмондан яхши туғилса, унинг ўхшаши йўқ, яхшидан ёмон туғилса, унинг давоси йўқ.
• Ёмон одамга яхшилик қилсанг — менсимайди, яхши одамга ёмонлик қилсанг — унутмайди.
• Кўз кўради, юз уялади.
• Ёмонликсиз хайр йўқ, хайрсиз ёмонлик йўқ.
• Касаллик ботмонлаб кириб, мисқоллаб чиқади.
• Кўрнинг йўлдоши бўлсанг бир кўзингни юмиб ол.
• Биз олти биродар эдик, ўлдик, ўлдик, еттита бўлдик.
• Таниш жойда инсонни, нотаниш жойда кийимини ҳурмат қиладилар.
• Бир қозонга икки қўй сиғмайди.
• Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда қашшоқ бўл.
• Мулойимликни қўрс инсондан ўрган.
• Отилган ўқ орқага қайтмайди.
• Эркаклар кўп жойда ўтин, хотинлар кўп жойда сув танқис бўлади.
• Берсанг — оласан, эксанг — йиғасан.
• Бир пой этикка икки оёқ сиғмайди.
• Болали уй — бозор, боласиз уй — мозор.
• Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит.
• Дўстлар иккита, душман саккизта.
• Озғин сигирни боқсанг оғзи бурнинг мой бўлади, озғин одамни боқсанг оғзи бурнинг қон бўлади.
• «Асал, асал» деганинг билан оғзинг ширин бўлиб қолмайди.
• Отангни ҳурмат қилсанг, ўғлингни ҳам сев, хўжайинни ҳурмат қилсанг, унинг итини ҳам боқ.
• Тойчоқ бир кун от бўлади.
• Бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер.
• Кўп яшаган эмас, кўп кўрган кўп билади.
• Бир отадан туғилган фарзандлар ҳар хил.
• Сассиқ оғиздан хунук сўзлар чиқади.
• Бир дона дондан овқат пишириб бўлмайди.
• Бургут қариса сичқон тутаркан.
• Итлар йўқ жойда чўчқалар увиллайди.
• Чўпон кўп бўлса қўйлар ҳаром ўлади.
• Қанот — учишда, дум — қўнишда.
• Яқинларига ёрдам бермайдиганларнинг қўли синсин.
• Ўзи йиқилган бола йиғламайди.
• Тинч юрган узоққа боради.
• Араванинг олди қаерга юрса, орқаси ҳам ўша ерга юради.
• Яхши одамнинг оти ориқламайди.
• Ўғлим, сенга айтаман, келиним, сен эшит.
• Ўзингни кучли санама, сендан кучлилар ҳам бор.
• Оловсиз тутун бўлмайди.
• Сўз куюги олов куюгидан кучли.
• Узумни эслаш билан оғзинг тотли бўлиб қолмайди.
• Мингта ит егандан, майли, битта бўри есин.
• Ҳўкизнинг доғи ташида, ёмоннинг доғи ичида.
• Ғознинг ўлими — қарғалар учун байрам.
• Тиғ яраси битади, тил яраси битмайди.
• Бугунги тухум эртанги товуқдан афзал.
• Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли даштда.
• Кўр товуққа ҳамма нарса дон бўлиб туюлади.
• Сўздан сўз туғилади.
• Шамнинг ёруғи ўзига тушмайди, одамнинг яхшилигини яқинлари билмайди.
• Сўз яхши, агар у қисқа бўлса.
• Ит ҳам ўз ерида қаҳрамон.
• Ит ҳурар, бўри ўтар.
• Кўп яшагандан эмас, кўп кўргандан маслаҳат ол.
• Йўқолган пичоқнинг сопи олтин.
• Бўйдоқнинг ақли унинг кўзида.
• Ёмон қариндошдан яхши душман афзал.
• Яхши одамнинг қадри у ўлганда билинади.
• Қозонга солганинг қошиққа чиқади.
Давронбек Тожиалиев таржималари
Қозоқлар — туркий халқ, Қозоғистон Республикасининг асосий аҳолиси (10,7 млн., 2012). Шунингдек, Хитой (1,4 млн., 2010), Ўзбекистон (800 минг киши), Россия (647 минг, 2002), Мўғулистон (101 минг), Туркманистон (40 минг киши), Қирғизистон (32 минг киши), ва бошқа мамлакатларда яшайди. Умумий сони 14 млн.га яқин. Қозоқ тилида сўзлашади. Диндорлари — сунний мусулмонлар.