Нуруллоҳ Турдиев 1975 йили Тошкент шаҳрида туғилган. «Кўкалдош» мадрасасини битирган (2003), Ислом университетида малака оширган. «Мўйи Муборак» жомеъ масжидида имом-хатиб (1993-1999), 1999 йил «Хўжа Аҳрор Валий» жомеъ масжидида ноиб имом (1999-2010) бўлиб ишлаган. 2010 йилдан Тошкент шаҳридаги “Ислом нури” жомеъ масжиди имом хатиби.
— Исломга кўра, илм талаб қилишлик ҳар бир мусли ва муслима учун фарз бўлган амаллардандир. Динимизда қайси илмларни эгаллашга тарғиб этилган?
— “Илм” сўзи Қуръони каримда 765 маротаба такрорланади. Аллоҳ ўз Каломида марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…”. (Мужодала, 11-оят).
Ислом чақираётган илм қандай илм ўзи? Фақат диний илмми? Йўқ, бу илм билимсизликни йўқотадиган барча илмлардир. Диний илмлар бўлса ҳам, дунёвий илмлар бўлса ҳам (табиат илми, психология, тарих, жуғрофия, социология, алгебра ва бошқалар) Аллоҳ мусулмонларни мана шу барча илмларни ўрганишга қизиқтиради. Шоядки, шу илмлар орқали Аллоҳнинг қудрати, улуғлигини чуқур тушунсалар. Бундан ташқари, ўз ҳаётларида шу илмлардан манфаатдор бўладилар. Қуръон оятларида табиий илмларни ўрганишга чақириқлар бор. “Унинг белгиларидан (яна бири) – осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хиллигидир. Албатта, бунда барча оламлар учун аломатлар бордир”. (Рум, 22-оят).
Бу оятда зикр қилинган “олимлар” дан мурод, Аллоҳ ер юзида яратган махлуқотларнинг сир-асрорларини билувчи шахслардир. Бу оятнинг мавзуси ҳам табиий илмлардир. Чунки табиий илмлар борлиқдаги нарсаларни ва уларнинг хусусиятларини ўрганади. Осмонлару Ернинг яратилиши, инсонларнинг ранглари ҳам турли хил эканлигини айнан жуғрофия фани ўргатиши фикрларимизга далилдир. Оятдаги “ва тилларингизни турли хил қилиб яратдик” деган турли миллат вакилларини тилларини ўрганишга тарғиб бор. Бу ҳозирги чет тиллини ўрганишга далил эмасми? Инсон жинсларини ва ҳайвонот оламини эса антропология, зоология, биология ўрганади.
“Ахир, улар ер юзида сайр этишиб, ўзларидан аввалги пайғамбарларни инкор қилиб, имонсиз (кетган) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ўшалар булардан (Макка кофирларидан) кўра қувватлироқ бўлган ва (ўз) ерларини булар обод қилганидан кўра кўпроқ ишлов бериб, обод қилган эдилар-ку! Уларга ҳам ўз пайғамбарлари ҳужжатлар келтирганлар. Бас, Аллоҳ уларга зулм қилувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм қилувчи бўлдилар”. (Рум, 9-оят)
Қаранг, бир халққа шундай таълимотлар келибди. Унда ўтган умматларнинг тараққиёти, ободончилиги юзтубан кетиши ва хароб бўлиши сабабларини ўрганишга чақириқ бор экан. Бу чақириқ тарих ва социология илмини ўрганишга бўлган чақириқ эмасми? Кези келганда, муҳим бир масалани эслатиб қўйиш зарур. Ояти карима ва ҳадисларда зикри келган илм ҳақида кишилар ичида тушунмовчиликлар мавжуд. Баъзилар: “Оят ва ҳадисларда зикр этилган илмлардан мурод, диний илмлар”, дейдилар. Бу нотўғри фикр! Оят ва ҳадисларда зикри келган илм ҳамма фойдали илмларни ўз ичига олади. Агар оят ва ҳадисларда фақат диний илмлар кўзда тутилса, бу нарса алоҳида қайд қилинади. Мисол учун, “Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, динда фақиҳ қилиб қўяди”, дейилган ҳадис. Шунга ўхшаш бошқа диний илмлар ҳақида гап кетганда уларнинг номи ва сифати ҳам зикр қилинади. Демак, ҳозирги замонда мусулмонларнинг ҳам фан-техника соҳасидаги барча дақиқ илмлар – кибернетика, дақиқ ҳисоблар мажмуаси, заррашунослик, ирсиятшунослик ва шу каби илмлардан ҳам фарзи кифоя даражасида билишлари зарур бўлади.
— Нима учун биз ёшлар аждодларимиз ёш бўла туриб, техник тараққиёт бу даражада ривожланмай туриб эришган улкан ютуқларга эриша олмайяпмиз?
Миллатимизнинг фахри саналган Алишер Навоий ҳазратлари 6 ёшида шеър ёза бошлаганлар. Абу Райҳон Беруний эса 15 ёшида самони кузатиб тадқиқ қилганлар. Ибн Сино 16 ёшларида машҳур табиб бўлиб танилганлар. Бизларнинг аксар ёшларимиз шу ёшда бозорда “савдо” қиляпти, компютер ўйинларига бор вақтини сарфлаяпти ёки бемақсад кўча чангитиб юрибди.
Бунинг ўрнига улар мукаммал илмни эгаллашга киришса, ҳорижий тил ўрганса, бирор ҳунармандга шогирд тушса ўзларига ҳам, ота-оналарига ҳам, қолаверса, бутун жамиятга ҳам фойда бўлади-ку. Мактабга бориш ўрнига бозорда нарса сотиб пул топаётган бола ёшлигиданоқ моддий бойлик кетидан қувиб, маънавиятдан узоқ ҳолда улғаяди, тарбияси бузилади. Кейин уни қайта тарбиялаш қийин кечади. Жисмнинг, нафснинг ғолиблиги руҳий оламнинг, маънавиятнинг инқирозига олиб келиши аниқ.
— Илм фазилати ҳақида буюкларимизнинг сўзлари барчамиз учун ибратлидир.
— Улуғ саҳобалар, атоқли олимлар ва мутафаккирларнинг ҳам илм фазилати ҳақидаги кўплаб ривоятлари, ҳабар ва сўзлари келган. Қуйида шулардан айримларини келтириб ўтмоқчимиз.
Ҳазрати Али (р.а.) Кумайлга: “Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм – ҳоким, мол маҳкумдир, эҳсон-нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради”, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) “Илм олишда қийналдим, бироз ҳорландим, тилагимга эришгач, азизу мукаррам бўлдим” деганлар. Имоми Шофеий: “Илм ўрганиш нафл ибодатдан афзалроқдир”, деганлар.
Фатҳ Мусилий: “Касалга обу таом берилмаса у ўладими?”, деб ёнидагилардан сўрадилар. Атрофдагилар “Ҳа, ўлади”, дейишди. Шунда Фатҳ: “Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса у ўлади”, деган эканлар. Дарҳақиқат, шайх Мусилийнинг гапларида чуқур ҳикмат бор. Жасаднинг озиғи таом бўлганидай, қалбнинг озиғи ва тириклик манбаи илм-у ҳикматдир. Ким илмни бой берган бўлса унинг қалби касалдир. Бундай қалб ўлимга маҳкум, лекин ўзи сезмайди. Бемор кучли қўрқинч туфайли жарроҳ тиғини сезмагандай қалбнинг ҳам дунёга муҳаббат қўйиши ва у билан машғул бўлиб қолиши ундаги сезги ва қобилиятларни йўқ қилади. Қачонки ажал етиб, дунё машаққатларидан қутилганида ўзини-ўзи ҳалок қилганини ҳис этади, ҳасрат-надоматлар чекади, афсуслар қилади, лекин энди булар фойда бермайди. Бу ҳолат мастлик пайтида етган жароҳат аламини ўзига келганидагина сезган кишининг аҳволига ўхшайди.
Муоз ибн Жабал (р.а.) нинг мана бу сўзлари илмнинг фазилатига энг яхши далиллардан бири: “Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи маёқ, хурсандчилиг-у ҳафагарчиликда улфат, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст, жаннат йўлининг минорасидир”.
— Илм, агар Аллоҳ учун холис ўрганилса, эгасини жаннатга олиб бориши ҳақида ҳикматлардан баҳраманд бўлдик. Илм эгаларининг оқибатлари хайрли бўлиши ҳам табиийдир.
— Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради”, дедилар. Илмга даъват қилиш учун бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – жаннат. Жаннатга эришиш учун у ҳар нарса, ҳар қандай қийинчиликларга тайёр. Илм талаб қилиш эса, ҳадисда айтилишича, жаннатнинг йўлига тушишдир. Илм йўли билан борган одам охири жаннатнинг эшиги олдидан чиқади. Шунинг учун илоҳий таълимотда келган илмдан мурод барча фойдали илмлар бўлиб, бундай илм эгаларига қилинган ваъдаларга имон ва ихлос билан уринган мўмин-мусулмонлар эришади.
Бу қоидани ушбу ҳадисга ишлатадиган бўлсак, мўмин-мусулмон киши ўзи учун фойдали илмга “Бу менга Аллоҳнинг амри, диннинг талаби”, дея уринса, у жаннатнинг йўлига тушган бўлади. Аллоҳ таоло унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Исломда илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун бешикдан қабргача фарз қилинган. Бу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик. Фарз Аллоҳнинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган инсон катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда азобга учрайди.
Доно халқимиз ёшларни гўёки ёш ниҳолга ўхшатиши ҳам бежиз эмас. Чунки ёш ниҳолни қандай парвариш қилиниб, эътибор берилса кўзланган мақсадни ҳосил қилади. Шундай экан, жамиятимизнинг гавҳари – ёшларимизни билимли, комил инсон бўлиб етишлари учун ўз хиссамизни қўшайлик. Бу шарафли ишларда Аллоҳ таоло барчаларимизга ёру мададкор бўлсин.
Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.
http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=20