Шукр ва сабр – иззат ва шараф гарови

http://www.qadriyat.uz/foto/7/1376335623_000.jpg
Тошкент Ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири Жалолиддин Ҳамроқулов билан суҳбат

Жалолиддин Ҳайдархон ўғли Ҳамроқулов 1975 йилда Наманган вилояти Норин туманида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини тамомлаган (1991-1995).  Миср араб республикасининг “Азҳар” университетида малака оширган.
“Абул Қосим” мадрасасида мударрис (1995-1996), Тошкент ислом институтига ўқитувчи (1998-2008), Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги “Бўри жар” жомеъ масжиди имом-хатиби (1999-2010) бўлиб ишлаган. 2008 йилдан эътиборан Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири, 2010 йилдан Тошкент шаҳар “Новза” жомеъ масжиди имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келмоқда. 2008 йил “Энг намунали имом” кўрик танлови ғолиби.
Жалолиддин Ҳамроқуловнинг “Мусталаҳул-ҳадис” фанидан маърузалар матни китоби чоп этилган. У бир қанча асарларнинг таржимаси ва таҳририда иштирок этган, шунингдек “Олтин силсила” туркумидан халқимизга  тақдим қилинаётган буюк алломаларимизнинг асарларини тайёрлашда бевосита иштирок этиб келмоқда.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

— Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида «Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва шукр қилишларингиз учун сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди» (Моида, 7) деб марҳамат қилади. Қори ака, Аллоҳ таоло буюрган шукр неъмати ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга саноқсиз неъматларни, туганмас яхшиликларни ато қилди, бу неъмат ва яхшиликлари билан уни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёд қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таолонинг бандаларига берган ҳадя ва инъомлари биз учун кўриниб турган очиқ ва зоҳирий ёки биз кўра олмайдиган ботиний ва яшириндир, улар бизга маълум ва ёки ҳали номаълумдир. Аллоҳ таолонинг Одам боласига кўрсатган энг аввалги икроми бу уни гўзал хилқатда, аъзоларини мутаносибликда ва чиройли кўринишда яратгани, унга ҳалол ва ҳаромни, яхши ва ёмонни, ҳидоят ва залолатни, фойда ва зарарни ўргатгани, бунинг учун кўз, қулоқ ва ақл билан фазл кўрсатганидир.
Баъзи неъматлар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга хабар берганлар. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат  мавжуд  бўлиб кўпчилик  одамлар  уни  қўлдан  бой  берадирлар.  Бу — тансиҳатлик бирлан бўш вақтдир», – дер эрдилар». Яна ҳадиси шарифда “тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” дейилади.
Баъзан биз англаб етмаган, эътибор ҳам бермаган неъматларимиз ҳақида Раббимиз ўзи эслатиб туради. Ҳадиси қудсийда келади: “Эй Одам фарзанди! Сен икки неъмат орасида тонг оттирдинг. Улардан қай бири сенга зарарлироқ эканини билмайсан: одамлардан бекитилган  гуноҳларингми  ёки  сен  ҳақли бўлмаган ҳолда эшитган мақтовларингми? Агар одамлар сен ҳақингда Менинг билганларимни билганларида, сенга салом  ҳам  беришмас эди. Ўша берганларимдан  ҳам  улуғроғи офият, одамларнинг ҳожати сенга тушиб турганида сенинг одамлардан беҳожат бўлишинг, уларнинг озоридан ҳимоя қилинишингдир. Менга ҳамд айт, неъматимнинг қадрига ет, амалингни риёдан халос эт”.
Демак, бандаларига бу турли хил икром ва неъматлар берилишининг ҳикмати, инсонларнинг Аллоҳ таолога шукр қилишлари, У зотга таслим бўлиб, ҳамд айтишлари ва У зотга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қилишлари учундир.

— Аллоҳ таоло бизларга ато этган неъматларнинг шукри қандай амалга оширилади? Қандай қилсак шукр қилгувчилардан бўламиз?
— Неъматларнинг шукри ушбу уч иш билан амалга ошади:
1. Неъмат берувчи − мунъим зотни эътироф этиш.
2. Қалб билан Аллоҳ таолога муҳаббат қўйиш.
3. Неъматларни Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсаларга, рози бўладиган ишларга сарфлашдир.
Шукрнинг яна бир ифодаси неъматларни тил билан гапиришдир. “Раббинг неъмати ҳақида сўзла” оятига биноан, Аллоҳнинг неъматлари ҳақида сўзлаш шаръан матлубдир. Раббингиз неъматларини эсланг оятидан уни шукрини адо қилинг, уни таъсирини кўрсатинг дейилгани ҳолда, буюк бир одоб таълим берилмоқда. У ҳам бўлса неъмат ҳақида гапириш ва уни кўрсатиш, олийжаноблик, саҳийлик каби гўзал аҳлоқлар билан хулқланишга қизиқтирилмоқда. Шунинг учун банда ўзига берилган неъматларни эслатма ва ибрат учун гапириб туриши маъқул саналган.
Карамли зотлар Аллоҳ таоло уларга ўз фазлидан ато қилган нарсаларни сарфлайдилар, уларга бу нарсаларни етказган Зотга ҳамд айтадилар. Имом Қуртубий бу оят тафсирида шукр ва сано билан Аллоҳ таолонинг неъматларини ёйинг, гапиринг, шукр билан уни эътироф қилинг деганлар. Нўъмон ибн Баширдан Имом Шаъбий ривоят қилишича, Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмабди. Ким инсонларга шукр қилмаса, Аллоҳ таолога шукр қилмабди. Неъматларни гапириш шукрдир. Уни тарк қилиш эса куфрдир” дедилар.
Молик ибн Назла ал-Хушамий: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида йиртиқ кийим билан ўтирган эдим, молинг борми дедилар. Ҳа, Ё Расулуллоҳ! дедим. Модомики, Аллоҳ сенга мол ато қилган бўлса, унинг асарини сенинг устингда кўринсин дедилар”. Бу ҳақида Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни яхши кўради ва бандасида ўз неъматларининг асарини кўрмоқликни яхши кўради” дедилар.

— «Агар шукр қилиб, иймонли бўлсангизлар, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Ахир Аллоҳ (бандаларининг тоат-ибодатларига савоб ато этиш билан) шукр қилгувчи ва билгувчи бўлган зот-ку?!» (Нисо, 147). Шукрнинг ҳикматлари нимадан иборат?
— Қуръони карим оятларига теран назар солсак, Аллоҳ таоло Ўз каломида неъматларга шукр келтиришни иймон билан боғлайди. Аллоҳ таоло Ер аҳлига юборилган аввалги пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссаломни шукр сифати билан мақтайди. Аллоҳ таоло томонидан Мусо алайҳиссаломга нубувват ва рисолатни ато қилинган ва гаплашилган вақтида ҳам дастлабки амрлардан шукр қилишга буюрилади. Ўзининг дўсти Иброҳим алайҳиссаломни неъматларига шукр келтирувчи эканини айтиб, мадҳ қилади. Довуд алайҳиссаломни ҳам шукр қилишга буюради. Сулаймон алайҳиссалом Раббидан шокирлардан бўлишини сўраб дуо қилса, Луқмон алайҳиссалом ҳам, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам шукрга буюрилдилар. Бизнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом барча яратилганлар ичида энг шукрлиси эдилар. Очликдан қорниларига тош боғладилар, у зотнинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилди, шунга қарамай оёқлари шишиб кетгунларича қиёмул лайлда турдилар ва шукр қилувчи банда бўлмайинми дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик-фаровонлик даврида биз фақат шукримизни зиёда қилишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.
Раббимизнинг инсонларга қилган энг аввалги васияти Ўзига ва ота-онасига шукр келтириш ҳақида бўлди. Шунинг учун барча пайғамбарлар ўз қавмларини шукрга буюрган эдилар. Шукр аҳли бандалар орасида яхшиликлар билан хосланган бўлиб, уларга турли фитналар таъсир кўрсатмайди. Иблис алайҳиллаъна шукр мақомининг қадрини, ибодатларни асоси ва аълоси эканини билганидан ҳам асосий мақсадини инсонларни шукрдан тўсишга қаратди. Оятларга биноан қачонки, Сабаъ қавми ўзларига берилган неъматларни инкор қилганларида Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан маҳрум қилди ва уларга турли азобларни юборди.
Шукр барча мавжуд неъматларни сақловчиси ва йўқ неъматларни жалб қилувчисидир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: Неъмат шукрга боғлангандир, шукр зиёдаликка таълиқ қилингандир, шукр кесилмагунча, зиёдалик кесилмайди. Яъни, кимки шукр билан ризқланган бўлса, зиёдалик билан ризқланибди: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”. Демак, Аллоҳ таолога иймон келтириб, тақво қилиш, шукр қилиш ва итоат этиш дунё ва охират эшикларининг очилишига сабаб бўлади.

— Аллоҳ таолога шукр келтириш қандай амалда қандай бўлади?
— Аллоҳ таолога шукр келтириш қалб, тил ва аъзолар билан бўлади. Қалб билан шукр  − неъматни Борийсига боғлаш билан бўлади.  Тил билан шукр − ҳадя қилувчига ҳамдни кўпайтириш билан бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Алҳамдулиллаҳ тарозини тўлдиради” дедилар. Аллоҳга ҳамд айтиш шукрнинг аввали ва асосидир. У Қуръони каримнинг биринчи ояти ҳамдир: Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аъзолар билан шукр қилиш эса Аллоҳ таоло рози бўладиган ишларга ёрдам бериш ва ғазабига хизмат қиладиган ишлардан қайтариш билан бўлади. Масалан, кўз шукри у билан ҳаром қилинган нарсаларга қарамаслик, тил шукри у билан фақат ҳақни гапириш, сидқдан бошқасига ишлатмаслик, қулоқлар шукри у билан ғийбат, бўҳтон ва бошқа муҳарромотларни эшитмасликдир. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонни ота-онасига шукр қилишга буюради. Ота-онасига шукр қилиш −  уларга яхшилик ва эҳсон қилиш, ҳақларига дуо қилиш, розилиги учун лутф ва меҳрибонлик кўрсатиш ҳамда камтарлик қанотини тутишдир, буюрган ишларига қулоқсиз бўлиш, норозилик, итоатдан оғринишлар исён ҳисобланади.
Раббимиз шукр сифати билан сифатлангандир, яратилганларидан унинг учун энг севимлиси ҳам шукр сифати билан сифатланганлардир. Яъни, У зот шакурдир, шокирларни яхши кўради. Агар Сен бировга яхшилик қилсанг, лекин унда шукрни кўрмасанг, савобини Аллоҳдан излагин, қаноатли бўл, инсонларнинг шукрлиси бўласан. Озгина шукр қилмаган, кўпга ҳам шукр қилмайди. Абу Муғийрадан қандай қилиб тонг орттирдингиз деб сўралганида, неъматларга кўмилган, лекин шукридан ожиз ҳолда деган эканлар. Шунинг учун инсонлар офият пайтида қанчалар шукрли эканини, балолар пайтида қанчалар сабрли эканини кўришлари мумкин бўлади.

— Қуръони каримда Аллоҳ таоло: «Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир!» (Анфол, 46) деб буюрган. Сабрнинг маъноси нима?
Инсон ҳаёти тинимсиз курашлардан иборат. Бу дунёда биз беҳисоб ва турли-туман қийинчиликларга дуч келамиз. Ушбу курашларда кишининг зафар қучиши унинг сабр-матонатига боғлиқ бўлади. Сабр бу турли-туман, пинҳону ошкор ҳаёт қийинчиликларини енгишда қудратли қуролдир. Шунингдек, Аллоҳ таоло уни бандаларини синашнинг асосий жабҳаси қилди, негаки, айнан сабр орқали содиқ мўмин каззоб ва мунофиқдан ажралади: “Албатта мол-мулкларингиз ва жонларингиз мусибати билан синалурсизлар ва албатта сизлардан илгари Китоб берилганлар ва мушриклар томонидан кўп азият-маломатлар эшитасизлар. Агар сабр-тоқат қилсаларингиз ва Аллоҳдан қўрқсаларингиз, албатта, бу ишларнинг пухталигидандир”.
Китобу Суннатда сабр калимаси бир қанча ўринларда зикр этилади. Бироқ уларнинг ҳаммаси битта маъно остида бирлашади ва битта ғоя томон бошлайди. Қуръонда кўрсатилган ва 70 марта зикр қилинган сабр бу ҳар бир кишида қийинчиликларга чидаш, мусибатларга бардош бериш, қалбингизга озор берган нодонларга нисбатан саботли бўлиш кабилардан иборат.

— Бандага қайси ҳолат, ўринларда сабр қилишга буюрилган?
— Қуйида сабр ўринларининг айримлари хусусида тўхталиб ўтамиз:
1) Тоатларни бажариш ва маъсиятлардан четланишда сабр қилиш. Сабр – бу ақл ва шариат тақозо этадиган хайрли ишларга нафсни мажбур қилиш. Шунингдек, у шариат ва ақл ман этадиган амаллардан нафсни тийиш ҳамдир. Албатта, Аллоҳнинг буйруқларига тўла-тўкис амал қилиб, мункар ишлардан ўзини покиза сақлаш анча мушкул вазифа. Нафсга унинг маълум оғирлиги тушиши ҳам шубҳасиз. Шариат буюрган амалларни бажариб, мункар ишлардан тийилиб юрмоқ учун инсон ўзининг ҳақиқий душмани билан курашиши лозим. Бу душман –  нафс, ҳавои-хоҳиш ва шайтон тимсолида гавдаланади: “Албатта нафс барча ёмонликларга буюргувчидир”. Ана шу душманлар инсонни йўлдан уришга, унга шаҳватларни чиройли қилиб кўрсатишга ва уни тоат-ибодатлардан узоқлаштиришга уринадилар. Улар кўзлаган мақсадларига эришиш учун бетўхтов хуруж қилиб туришади. Шу боис, инсон нафсини жиловлаб олиш, ҳавои хоҳишини шариат измига юргизиш ва ҳақиқий душманни – шайтонни мағлуб этиш йўлида жидду жаҳд кўрсатмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ йўлида нафсига қарши жиҳод қилган киши мужоҳиддир!” .
Нафсини жиловлаб, фақат тоат-ибодатлар сари ошиқадиган ва маъсият-гуноҳ ишлардан йироқ юрадиган мўмин ўзининг махфий душмани устидан албатта ғалаба қозонади. Нафс, шайтон ва ҳавои-хоҳиш измига юрмайди. Аслида ҳеч қайси ғалаба мазкур ғолиблик каби улуғ саналмайди. Нафсини мағлуб этиб, ҳавои-хоҳиш асирлигию шайтон васвасаларидан озод бўлган инсон қалбида ҳақ нури порлайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадиси шарифда “Сабр зиё демакдир” дедилар.
2) Мусибатларга сабр қилиш. Ҳаёт давомида инсоннинг жони, моли, аҳли-оиласи ва тинчлиги кўп хатарларга дуч келади. Албатта ҳар битта мусибат қаршисида сабот билан туриш осон иш эмас. Бундай ҳолатларда кишини умидсизлик чулғаб олади ва у қўрқув-саросима исканжасида қолади. Мусибатлар қаршисида эсанкираб ўзини йўқотиб қўювчилар ҳаётда мағлуб бўладилар. Улар ғалаба сари йўл очишга уринмайдилар. Аллоҳ таоло мўминларни мусибат чоғида сабр-бардошли бўлишга ундаган. Чунки ҳаёт мусибат-кулфатсиз ўтмайди. Шу боис, нажот калити бўлмиш сабр билан қуролланиб, музаффарият сари одимламоқ, заифлик ва умидсизлик чангалига тушиб қолмаслик мақсадга мувофиқ ишдир. Ояти каримада “Албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва экин-тикинга нуқсон етказиш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. Бирон мусибат келганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот-мағфират ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир”, дейилади.
Дарҳақиқат, ана ўшалар иззат ва шараф йўлини тутган инсонлардир. Айниқса мусибатнинг илк лаҳзасида ўзларини мардона тутувчи зотлар амали таҳсинга лойиқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқий сабр мусибатнинг дастлабки зарбаси пайтида бўлишини айтганлар.
Собир бандалар оғир ҳолатлардан матонат билан чиқиб кетадилар. Улар бошларига тушган кулфатни ҳам дунёю охиратлари учун хайрли натижага айлантиришга уринадилар. Шу боис, уларнинг кулфат ҳолати билан саодат онлари бир-биридан у қадар кескин фарқланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақида “Мўминнинг иши қизиқ! Унинг ҳамма иши ўзи учун хайрли. Бу нарса фақат мўминда мавжуд. Агар мўминга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун хайрли. Агар унинг бошига ғам-кулфат тушса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун хайрли бўлади” дейдилар.
3) Бандалар озор-азиятига сабр қилмоқ. Сиз турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар экансиз, албатта улардан бир қанча озор-азиятлар кўрасиз. Агар ҳар бир озор-азият сизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз бутун ҳаётингиз азобга айланади. Шу боис, имкон қадар биродарингизнинг хато-камчиликлари, билиб-билмай қилиб қўядиган зулм-озорларини кўтаришга ва кечириб юборишга ҳаракат қилинг. Шунда меҳр-муҳаббатга тўлиқ, саодатли ҳаёт кечирасиз. “Ёмонликни энг гўзал сўзлар билан даф қилинг! Шунда, баногоҳ, сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўст каби бўлиб қолур”. Албатта бировлар озорини кўтариш, уларни кечиб юбориш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. “Албатта ким сабр қилса ва кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу пухта ишлардандир”.
Бу фақат Аллоҳ таолодан мадад тиловчи чинакам мўминларгина қодир бўлган оғир вазифадир. “Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик. Сизлар сабр қила олурмисизлар? Парвардигорингиз барчани кўриб турувчи бўлган Зотдир”.

— Қуръони каримда сабр эгалари учун қандай хушхабарлар келган?
— Хотиржамлик, қониқиш-розилик, саодат ҳиссини туйиш, азизу мукаррамлик, Аллоҳ нусрати ҳамда муҳаббатига сазовор бўлмоқ сабрнинг самараларидир. Қуръон сабрли кишиларда уч хислат борлигини, бу хислатлар улардан бошқаларда бўлмаслигини айтади:
Биринчиси – уларга Аллоҳнинг мағфирати бўлишлигидир. Бу улар учун мақтов бўлиб, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам шарафдир.
Иккинчиси – Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, бу етган мусибатнинг ўзи ҳам Аллоҳнинг лутфи ва эҳсонидан эканлигини билдиради.
Учинчиси – улар ҳидоятда юрган кишилар эканлиги, яъни ҳақ ва тўғри йўлда эканликлари мусибат чоғида киши ўзини қандай тутиши керак бўлса, шундай тутганликлари, уларга хафагарчилик ва дарду ҳасрат ўз ҳуснини ўтказа олмайди, мусибат қалбларидаги орзу-умид оловини сўндира олмайди. У хафа қалбларга тасаллидир, у ҳаётда муваффаққиятга ундовчи бир омилдир.

— «Сабр қилинглар, чунки сабр этиш — иймондан. Худди бош жасадда бўлганидек, сабр ҳам иймонда бўлади» деган эканлар Али ибн Абу Толиб (рз.). Сабрнинг ҳикматлари нималарда намоён бўлади?
Ўзбек шеърият мулкининг султони Алишер Навоий сабр-қаноат тўғрисида шундай деганлар: “Кимки сабр-қаноатни ўзига касб қилиб олган бўлса, билки, бу уни бой қилади. Олтин, кумуш билан зебу зийнатларни бойлик деб билма, балки ҳақиқий бойлик сабр-қаноат олтинларидир. Қаноат олтини ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Ана шу олтинни қўлга киритиб, шу орқали бойишга ҳаракат қил… Қаноат қилганнинг жойи иззат тахтидадир”.
Сабрнинг нечоғлик улуғ неъмат эканлигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳеч кимга сабрдан яхшироқ ва улканроқ неъмат берилмаган” деган ҳадисларидан билиб оламиз. Сабр-қаноатли киши ҳаётнинг аччиқ чучугига бардош беради. Садоқат билан оила тутади. Фарзандларини ақлли, ахлоқ-одобли қилиб тарбиялайди. Сабрли кишида меҳр-мурувват, инсоф-диёнат мавжуд бўлади. У ўз кучи билан кун кечиради, топганига қаноат қилиб яшайди. Ҳалол меҳнат қилиб, ҳеч кимдан бирор нарса тама қилмайди.
Улуғларимиз “ғалаба сабр билан биргадир” дейишади. Сабр ғалаба сари етаклайди. Инсон сабр қилгани сайин ҳақ устида тобора муқимроқ ўрнашади. Ҳаёт турли-туман мусибат ва қийинчиликлар билан тўла. Киши улар қаршисида сабот-матонат билан турмас экан, ўзини йўқотиб қўйиши турган гап. Имоннинг афзали- сабр ва бағри кенгликдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уч хил нарсага қасамёд қиладилар: 1. Садақа қилган билан банданинг моли камайиб қолмайди. 2. Қайси бир бандага зулм билан унинг молига хиёнат қилинса-ю, у унга сабр айласа, албатта Аллоҳи Таоло унинг иззат ва шарафини зиёда этади. 3. Қайси бир банда тиламчилик эшигини очиб қўйса, Аллоҳи Таоло унга фақирлик эшигини очиб қўяди.
Умуман, бу ҳаётда инсон учун сабрдек муҳим ва зарур эҳтиёжни топмоқ мушкул. Биз тоат-ибодат қилишда ҳам, гуноҳ-маъсиятларни тарк этишда ҳам, бало-кулфатларга бардош беришда ҳам сабрга муҳтожмиз. Шу боис, сабр барча қувватлардан устун қўйилди. Аллоҳнинг собир бандалари сабр зиёси остида мангу ҳақ йўл соҳибларига айландилар. Шукр ва фикр қилиш сабр-қаноатнинг чироғи бўлиб, ҳалқимизда “Сабр таги сариқ олтин” деган мақол бежизга айтилмаган.
Инсон бу дунёда яшар экан, икки ҳолатнинг бирида бўлиши тақозо қилинади. Неъматлар ва хотиржамлик ичида бўлганда, шукр қилади, ёки мусибат ва қийинчиликлар вақтида сабр қилади. Шукр ва сабр соҳиби қарам бўлиб эмас, ўзига ҳокимлик ҳисси билан яшайди. Бу фазилатлар тоқатли бўлиш, вазминлик, босиқлик каби инсоний хислатларни ўзида жамлайди. Бу хислатлар инсонни эзгуликка, эзгулик эса комилликка етаклайди. Шунинг учун инсон етукликка эришиши, турмушининг мазмунли ўтиши, ҳаёт маъносини теран тушуниши учун сабрли ва шукрли бўлиши жуда муҳим саналади.
Киши нафс талаби, кўнгил орзуларини сабр орқалигина чегаралай олади. Шу боис, ҳадиси шарифда сабр имоннинг ярмидир, дейилади. Сабр ва шукр икки дунё саодатининг калити ҳисобланади. Агар ҳар бир киши қилаётган ишида сабр ва шукрни дастур қилса, албатта, муваффаққиятга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда “мусибат етганда сабр қилувчи, берилган неъматларга шукр қилувчи, бировларнинг қилмишларини кечирувчи, ўзи бировга зулм етказса, тавба қилувчи кишиларга хотиржамлик ва ҳидоят адо этилур” дейилади. Инсон ҳар бир ишни сабр билан олиб борса, борига шукр, йўғига қаноат қилса мақсадига эришади, тинч ва осуда ҳаёт кечиради. Инсонийлик қадрини сақлаш билан бирга, турли ноинсоний йўлларга кириб кетмайди. Инсон ўз етуклигига эришиши, турмушининг фаровон бўлиши, умрининг мазмунли ўтиши, ҳаётнинг маъносини чуқурроқ билиши учун ҳам бу хислатлардан насибадор бўлиши керак.  Шунинг учун  шукр ва сабр киши маънавияти хазинасининг асоси бўлиб,  бунга эришиш иззат ва шараф йўли саналади.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=21

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *