Исломда муомала маданияти

http://www.qadriyat.uz/foto/7/1376452253_0.jpg
“Оқлон” жомеъ масжиди имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримов билан суҳбат

Ҳусниддин Абдукаримов 1979 йили Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. Тошкент Ислом университети бакалаври (2008) ва магистратурасини (2010) тамомлаган. Тошкент шаҳридаги «Фирдавс» масжидида ноиб имом бўлиб ишлаган (2000-2010). 2010 йилдан Тошкент шаҳридаги “Оқлон” жомеъ масжиди имом-хатиби.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.    

— Инсон ҳаётда яшар экан, бошқалар билан муомалада бўлади. Исломда муомала маданияти қандай тартибга солинган?
— Мутафаккирлардан бири “хокисор бўлгин, хокинг зор бўлмайди” дея гап бошлар экан. Муқаддас динимиз манбаларида инсонлар бир бирларига доимо ширинсуханлик ва самимийлик билан муомала қилишлари лозимлигини таъкидланади.
Ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмонан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва Ватанга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари керак.
Фарзанд тарбиясида динимиз белгилаб қўйган муҳим қоидалардан яна бири  болани ёшлигидан жамият орасида ўзини чиройли тутиш, барчага баробар самимий, камтарин каби одобларга ўргатишдир. Фарзанд улғайиб, инсонлар билан ўзаро муомалага киришар экан, жамият орасида инсонни ҳурматга сазовор қиладиган умумий одоблар борки, буларсиз соғлом жамиятни тасаввур қилиб бўлмайди. Овқатланиш, саломлашиш, рухсат сўраш, мажлис, сўзлашиш, ҳазил-мутойиба, касал кўриш, таъзия билдириш, акса уриш ва эснаш, меҳмондорчилик ва шу каби ижтимоий одобларни ҳар бир киши билиши ва уларга риоя этиши лозим. Бу борада Пайғамбаримиз(с.а.в.) ҳар бир нарсанинг одобини кўрсатиб берганлар. Саҳобалар Расулуллоҳ(с.а.в.)дан: “Инсонга ато қилинган энг яхши нарса нима?” деб сўрашганда, “Гўзал хулқ”, деб жавоб бердилар. Бошқа бир ҳадисда: “Пайғамбар қилиб юборилишимнинг боиси гўзал ахлоқни такомилига етказишдан иборатдир” дедилар. (Имом Молик ривояти).
Аллоҳ таоло: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли ва мақтанчоқ кимсаларни суймас”, дея марҳамат қилган. (Луқмон сураси, 18-оят)

— Ҳар қандай муомаланинг боши саломдир. Динимизда саломга катта эътибор қаратилишининг ҳикмати нимада?
Баъзан ёш йигит-қизларнинг атрофдагиларга нисбатан такаббурлик, баланддимоғлик билан муомала қилганларига гувоҳ бўламиз. Ўзларидан катталарга, устозларига, ҳатто ота-оналарига нисбатан қилган одобсизлигини кўриб ачинамиз. Ўзаро кўришганда лозим бўладиган оддийгина саломлашишни риоясини қилмайдиган ёшлар кишини қайғуга солади. Бундай қўрс ва эгри ўсаётган ниҳолларни ҳам қайсидир ота-она тарбиялаётганига аминмиз.
Абу Ҳурайрадан(р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Имонли бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз ва бир-бирингиз билан ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча имонли бўла олмайсиз. Сизларни орангизда меҳр-муҳаббат уйғотадиган нарсани ўргатайми? Ораларингизда саломни ошкор (кенг жорий) қилинглар” дедилар. (Имом Муслим ривояти). Пайғамбаримиз(с.а.в.) ўзаро саломлашиш орқали жамият аъзолари ўртасида меҳр-муҳаббат, ҳурмат эҳтиром ва бирдамлик пайдо бўлишига ишора қилдилар. Саломлашиш динимиздаги муомала маданиятининг бош мезони саналади. Шунингдек, кишилар ўртасидаги ижтимоий ахлоқий томондан алоқа ўрнатишга асосий омил бўлиб хизмат қилади.

— Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ота-онага гўзал муомалада бўлишга чақирилади. Фарзанднинг ота-онага муомаласи қандай бўлмоғи лозим?

Фарзанд ҳурмат қилиши керак бўлган биринчи тоифа кишилар – ота-оналардир. Уларга эҳтиром кўрсатиш ва хизматларини бажариш билан фарзандлик бурчимизни адо этган бўламиз. Қолаверса кишининг бошқаларга нисбатан муомаласидан унинг ота-онасига нисбатан ҳурматини билиб олиш қийин эмас. Аллоҳ таоло Қуръон оятларининг бир нечасида Ўзигагина ибодат қилишни зикр қилганидан сўнг, ота-онага яхшилик қилишга буюради: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди”.(Исро сураси, 23-оят).
Бир киши Умар ибн Зайддан: “Ўғлингнинг сенга бўлган меҳрибонлиги қандай?” деб сўради. У киши: “Кундузи орқамдан, кечаси олдимда юради ва ундан юқорида ётаман” деди. Яъни, Умар ибн Зайднинг ўғли отасини ҳурматлаб, кундузи орқароқда, кечаси чуқур чаноққа қоқилиб кетмасин, деб олдинроқда йўл кўрсатиб юрар экан.
Абу Ғассон аз-Забий деган бир киши айтадилар: “Отам билан иссиқда пиёда кетаётган эдик, олдимиздан Абу Ҳурайра чиқиб қолди. Абу Ҳурайра: “Ёнингдаги ким?” деди. Мен унга: “Отам” деб жавоб бердим. У “Отангдан олдин юрма, орқасида ёки ёнида юргин. Отанг ётган уйнинг томида юрма, Отангнинг назари тушган гўштни ема, унинг егиси келган бўлиши мумкин”, деди.
Бу ривоятларда фарзанд учун ота-она нақадар юксак мақомда экани акс этган бўлсада, мақом соҳиблари ҳам, ўз навбатида шунга ярашадиган иш тутишлари лозим бўлади. Бир донишманд: “Каломинг камолингни белгилайди, мақоминг маконингни белгилагани каби”, деб айтишида ҳикмат бор. Кўпинча, ўзимиз амал қилмайдиган ишни фарзандларимиздан талаб қиламиз. Кутган натижага эриша олмагач, уларни койиб уришамиз ва бунинг фойдаси бор ёки йўқлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бошқача айтганда, жамият ҳаётида ҳусни хулқ шаклланиши ва одатга айланиши учун ёш авлодни ортиқча тергаш ёки бўлар-бўлмасга бирор нарсадан ман этиш кифоя қилмайди. Чунки нафс ўз одати ва кўникмасидан воз кечиб, узоқ муддат риёзат чекишини тақозо этади. Гўзал хулқ ва тарбияга эга бўлмаган киши ҳеч қачон муваффақиятли натижага эриша олмайди. Шу боисдан ҳам, тарбия берувчи-мураббий аввало ўзи одоби билан ўрнак бўлиши лозим. Ана шундагина таъсир кучига эга бўлади ва аста секин кутилган натижага эришилади.

— Фарзандларнинг турли иллатлар таъсирига тушиб қолмасликлари учу нота-оналар қандай чоралар қўллаши лозим?  
Инсон табиатини бузувчи хулқ-атворлар ва носоғлом муҳит урф-одатлари эндигина улғайиб келаётган ёш фарзандлар учун ниҳоятда хатарлидир. Бу иллатлар тасирига тушмасликлари учун уларда маънавий иммунитетни шакллантириш зарур. Ота-оналар фарзанди мактабга бориши биланоқ унга ўқувчи маъносида муомала қилиб, ҳаётда ўқишдан бошқа мақсади йўқ деган фикрда бўладилар. Кўпинча биз гўшт ва суякдан иборат бўлган инсон билан муомала қилаётганимизда, сезиб, ҳис қиладиган ва ақли ҳам ўша ҳиссиётининг бир бўлаги бўлган инсон, яхши ўсиши учун ахлоқий, жисмоний ва ижтимоийи эътиборга муҳтож эканлигини, қолаверса ўйин кулги қилиши, хафа бўлиб хурсанд бўлиши, дўст ортириши кераклигини эсдан чиқариб қўямиз. Яъни, уларни тадқиқ қилишдан мутлақо йироқлашиб кетамиз. Оқибатда улар сирларини, гўзал туйғуларини ёки изтиробларига сабаб бўлаётган ички кечинмаларини бизга эмас бошқаларга – бегоналарга ёрилгилари келади. Шундай бўлди ҳам дейлик, бегона кишилардан қандай маслаҳат чиқиши мумкинлигини бир фараз қилиб кўринг-а.. Фарзандимиз биздан қанча узоқлашса, бизга нисбатан шунча бегоналашиб бораверади ва тарбия беришда калавани учини йўқотиб қўямиз. Биз ҳаёт тажрибаларимиздан келиб чиқиб, уларга маслаҳат бериб энг тўғри йўлни кўрсатиб қўйишимиз лозим.
Биз учун энг муҳими, фарзандларимиз дўстларидан ҳам кўра бизни энг яқинлари деб билишларидир. Агарда шунга эриша олсак, ҳар қандай хавфни енгишга кучимиз етади.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=22

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *