Ҳомиджон Ишматбеков 1970 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1991-1997 йилда Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини, 1992-1996 йилда Мадина Ислом университетини тамомлаган. 1996-1999 йиллари Тошкент Халқаро исломий тадқиқотлар марказида илмий ходим вазифасида ишлаган. 1999 йилдан Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида оддий ходим даражасидан бўлим бошлиғи лавозимига қадар меҳнат қилди. 1998 йилдан Юнусобод тумани “Муҳаммад Носир ҳожи” жомеъ масжиди имом-хатиби, 2008 йилдан “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири. “Имоми Аъзам васиятлари” (Абдурашид қори Баҳромов билан ҳаммуаллифликда) китоби чоп этилган, “Ҳидоя”нинг “Никоҳ китоби”ни таржима қилган. 2003-2007 йиллар давомида “Жума мавъизалари” тўпламини тузган ва нашрдан чиқарган.
— Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз с.а.в.: «Ҳар бир қўпол, қуруқ, гердайган, беқаноат ва димоғдор одам аҳли дўзахдир» деган эканлар. Кибрнинг инсонлар ва жамиятга қандай зарарлари бор?
— Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини инсониятни яхшиликка бошлаш, одам зотини энг гўзал фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш мақсадида нозил қилган. Пайғамбаримиз с.а.в. бу ҳақда шундай марҳамат қилганлар: “Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилганман”. Демак, киши Ислом дини таълимотларига риоя қилиб яшар экан, унда энг гўзал ахлоқ ва фазилатлар намоён бўлиб боради, ўз ўзидан иллатлар, ёмон феъл атворлар йўқолиб боради.
Ўз навбатида Ислом дини таълимотида инсонга номуносиб бўлган, инсонлар ўртасида зиддият ва адоват уруғини сепилишига сабаб бўладиган иллатлар қаттиқ қораланади. Инсонларни бундай салбий феъл атвордан зудлик билан ўзни асраш, акс ҳолда оқибати аянчли бўлиши муқаррар эканлигидан огоҳлантирилади.
Қуръони каримда хабар берилишича одам зоти яратилганда ер юзида биринчи содир бўлган гуноҳ кибрдир. Бақара сурасида бу ҳақда шундай дейилган: “Эсланг, (эй, Муҳаммад!) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди” (34-оят). Демак, такаббурлик куфр билан баробар экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз с.а.в.: “Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ҳориса бин Ваҳб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в. саҳобалардан: “Сизларга дўзах аҳллари кимлигини хабарини берайми? — деб сўрадилар. Улар: “Ҳа”, дейишди. У зот: “Қўпол, мутакаббир ва ўзини катта олувчилар” дедилар (Имом Муслим ривояти).
Агар банда мутакаббирлик қилиб, Аллоҳнинг оятларини менсимай тан олмаса, гуноҳга ботади. Гуноҳ эса унинг дилини қорайтиради, ҳакни танишдан тўсади. Кўзини тўғри йўлни кўрмайдиган, қулоғини ҳақиқат гапни эшитмайдиган қилиб қўяди.
Кибрланиш Аллоҳ таолога хос хислат бўлиб, банда зинҳор кибру ҳаво қилишга муносиб эмас. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Азизлик изорим, кибриё эса ридоимдир. Ким менинг бу хусусиятларимда менга шерик бўлмоқ истаса, мен уни азоблайман”.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло мақтанчоқ ва мутакаббир кимсани ёқтирмаслигини шундай баён қилган:
“Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон, 18).
Кибр шунчалик улкан гуноҳ экан, биз мўмин мусулмонлар кибрланишга мутлақо йўл қўймаслигимиз, ўзимизни хамиша хоксор, камтар, Аллоҳга куллик, бандаликда тутишимиз, мутакаббир кимсалардан йироқда бўлишимиз, ҳаётимизни Аллоҳга чин бандалик қилишимиз билан безашимиз лозим.
Мақтанчоқлик ҳамда кибр бир бирига жуда яқин, таъбир жоиз бўлса эгизак тушунчалар ҳисобланади. Агар бирор киши мақтанчоқ бўлса, демак унда кибр бор, шунингдек кибрли кимса албатта мақтанчоқ бўлади.
— Кибр ва мақтанчоқликни тарк қилиш учун қандай тадбирларни қўллаш зарур?
— Албатта, мусулмон киши кибру ҳаво ҳамда мақтанчоқликдан сақланмоғи ва ўзи учун камтарлик фазилатини касб қилмоғи лозим бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида: «Ким Аллоҳ учун камтарлик қилса, Аллоҳ унинг даражасини юқори кўтаради», деб марҳамат қилганлар. Инсон такаббурликдан қутилиш учун аввало, Аллоҳнинг буюклигини эсга олмоғи лозим бўлади. Зеро, унга кибру ҳаво қилишига сабаб бўлаётган барча нарсани ҳам Аллоҳ таоло ато этган. У нарса мол-дунёми, обрў-мансабми ёки бошқами, ҳаммаси Аллоҳ таолонинг мулки, ҳатто ўша кишининг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида ожиз ва нотавон кимса эканлиги маълум. Шундай экан, у такаббурликни тарк қилиши, аксинча Аллоҳнинг берган бу неъматларига тавозелик билан шукрона қилмоғи лозимдир. Ўзгаларни ўздан ортиқ билмоқлик, бошқаларга паст назар билан боқмаслик кибру ҳавони даф қилади. Такаббурлик ўзгаларга нисбатан инсоф қилмаслик, сўзда ва амалда зулм қилишга ундайди. Инсофсизлик ва зулмкорликнинг оқибати эса дунё ва охиратда хорликка сабаб бўлади. Такаббур кимса мана шуларнинг оқибатини мулоҳаза қилса кибру ҳаводан қутилиши осон бўлади.
— Нима учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига ҳасадчининг ёмонлигидан паноҳ сўраш лозимлигини таълим берган?
— Ҳасад ҳам энг ёмон хулқлардан биридир. Ҳасад савобларни еб битирадиган, бандани Аллоҳнинг ҳузурига қуруқ қўл, қаро юз билан боришига сабаб бўладиган иллатдир. Ҳасад қилувчи кишида гина, душманлик, ичиқоралик, тақдирга рози бўлмаслик, жосуслик, васвос каби ёмон иллатлар юзага келади.
Динимиз мусулмон кишини ҳасаддан сақланишга чорлайди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Инсонларнинг қайси бири афзалроқ?” деб сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Махмумул қалб ҳамда ростгўй киши”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар сўрашди: “Ростгўй кишини биламиз. “Махмумул қалб” ким?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У ўта пок, тақводор, гуноҳи, хиёнати, алдови, ҳасади йўқ кишидир”, дедилар” (Ибн Можа ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга кетма-кет уч кун: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, дедилар. Уч кун фақат бир киши келди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу унинг уйида уч кун меҳмон бўлдилар. Лекин мезбоннинг бирор кеча ҳам туриб ибодат қилганини кўрмади. У кишининг амалини оз санаб, кетмоқчи бўлганида, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларидан уни хабардор қилди ва бошқалардан амали оз бўлатуриб, бу мартабага қандай эришганидан ажабланди. Шунда ҳалиги киши: “Сиз кўрган амалларимдан бошқа амалим йўқ”, деди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу кетаётганида ҳалиги киши у зотни чақириб: “Яна менинг қалбимда бирор-бир мусулмонга нисбатан ҳасад йўқ. Мен ҳеч кимга Аллоҳ ато этган неъмати борасида ҳасад қилмайман”, деб айтди. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу: “Мана шу хислат сизни шу мартабага етказган”, деди.
— Банда Ислом ман этган ҳасаддан қутулиши учун нима қилмоғи лозим?
— Ҳасад иллатидан қутулиш учун бир қанча даволар тавсия килинган. Улар қуйидагилар: Аллоҳнинг қазои қадарига рози бўлиш, нафсни маломат қилиш, ўзи учун яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўриш, охиратдаги азобдан қўрқиш, Аллоҳ таолони доимо зикр килиш. Шунда, иншааллоҳ, Ҳақ таоло киши қалбини ҳасад зулматидан бандаларга яхшилик илинишдек ёруғлик сари олиб чиқади.
Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.
http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=23