Давронбек Тожиалиев,
www.ziyouz.com маърифий портали бош муҳаррири
– Интернет деб аталган аломат ихтиро инсоният ҳаётини ўзгартирмади, балки буткул бошқа ўзанга буриб юборди. Халқаро компьютер тармоғи одамзотга келтираётган нафни санайман, деб саноқдан адашиб кетиш аниқ.
Фойдали томонлари:
Биринчидан, ҳар доим ҳам кўришиш, суҳбатлашиш имкони бўлавермайдиган мактабдош, курсдош, хизматдош, маҳалладош, маслакдош, сирдош дўстларингиз билан ижтимоий тармоқ орқали осонгина топишиш, қайта алоқа ўрнатиш, доимий ҳол-аҳвол сўрашиш мумкин.
Иккинчидан, ижтимоий тармоқ иш юзасидан музокаралар олиб бориш, ҳамкорликни жонлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, фаолияти интернет билан боғлиқ касб эгаларининг оғирини енгил, узоғини яқин қилади.
Учинчидан, бошқаларнинг ўй-хаёллари, қизиқишлари, қалб кечинмаларини ўрганишда ижтимоий тармоқлар қўл келади. Девор-дармиён қўшнингиздан тортиб баҳри муҳитнинг у соҳилидаги танишингизга қадар – замондошларнинг бугунги кайфиятини билишда унга тенг келадигани йўқ.
Тўртинчидан, интернет орқали энди “тандирдан узилган”, қайноқ янгиликлардан баҳраманд бўлиш мумкин.
Бешинчидан, виртуал тўгаракларга аъзо бўлиб, илм, ҳунар ўрганиш имконияти ҳам мавжуд.
Зарарли томонлари:
Биринчидан, интернет мустақил фикри шаклланмаган болалар учун ўта хатарлидир. Айниқса, ўтиш ёшидаги ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиши уларнинг руҳий, жисмоний тарбиясига қаттиқ таъсир қилади. Нетомания касалига чалинган болалар, одатда, одамови, хилватнишин бўлиб қолади. Тармоқдаги меҳрибон дўстлари (тузукроқ суриштирсангиз, улар билан реал ҳаётда бирор мартаям кўришмаган бўлиб чиқади!) суянган тоғ, доно маслаҳатчи, меҳрибон ака ва садоқатли ёрга айланади. Одамовилик социофобия (ижтимоий муносабатларга киришишдан ҳайиқиш) хасталигини етаклаб келади. Ижтимоий тармоқцаги бебилиска маслаҳатларга маҳлиё ўсмир, ҳатто ота-онаси билан “очилиб” гаплашмай қўяди. Кўп ҳолларда боланинг интернетга муккасидан кетишига ота-она сабабчи бўлади. Ўз яқинларидан муносиб меҳр ва далда топмаган болалар ижтимоий тармоқдан сирдош излайди.
Иккинчидан, ижтимоий тармоқда ахборот чегараланмаган. Виртуал оламда беҳаёлик, зўравонлик, бузғунчилик каби ғайриинсоний ғояларни тарғиб этувчи юзлаб саҳифалар борки, улардан ёш авлодни эҳтиётлаш зарур.
Учинчидан, кузатувларга кўра, замонавий мегаполисларда яшовчиларнинг ярмидан кўпи ёлғизлик, доимий чарчоқ ва руҳий сиқилишдан азият чекади. Авваллари уларга телевизор овунчоқ эди, ҳозир эса ойнаи жаҳон ўрнини интернет эгаллаган. Албатта, кўнгил дардига малҳам қидиришнинг ёмон томони йўқ. Аммо ижтимоий тармоқ аъзолари кўпинча реал дунё билан хаёлий оламнинг фарқини унутиб қўяди.
Тўртинчидан, интернетга жойланган шахсий маълумот, фотосуратларнинг ғаразли гуруҳлар қўлига тушмаслигига, ёмон мақсадларда фойдаланилмаслигига ишонч йўқ.
Бешинчидан, бир неча миллионлик аудиторияни ўзида жамлаган ўзбекзабон ижтимоий тармоқларда тилимизнинг бузилиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса ёшлар ўртасида саводсизлик авж олишига сабаб бўлади.
“Жаннатмакон” журнали, Октябрь сони