Истиқболи баланд ёшлар

Даврон Тожиалиевни сиз жуда яхши танийсиз. Айтмоқчи бўлганим, унинг юксак иқтидори билан дунёга келган, ўзбек тилидаги энг бой ахборот манбаларидан бири бўлган www.ziyouz.com порталига ҳар куни ташриф буюрувчилар ичида сиз ҳам борсиз. “Зиё истаган қалблар учун” деган ўзига хос шоир остида фаолият юритаётган мазкур портал “InfoCOM – 2013” – ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказилган “UZ Миллий домени–2013” Интернет фестивалининг “Фан ва таълим соҳасидаги энг яхши сайт” йўналиши бўйича 1-ўринга муносиб кўрилди. Бу эса Истиқлол фарзандлари қўлга киритаётган катта муваффақиятлардан биридир.

Фарғонанинг кўҳна ва навқирон Марғилон шаҳрида таваллуд топган Давронбек 2005 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факултетини, 2007 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг магистратура бўлимини тамомлаган. У ўзининг журналистик маҳоратини Польша, германия, Қозоғистон каби давлатларда ошириб қайтган. Ўз танлаган соҳасига бўлган қизиқиши ва меҳри туфайли Нью Йорк шаҳрида “Ватандош” деб номланган биринчи ўзбек газетасини нашр эттиришга муваффақ бўлди.

Қаҳрамонимиз Истиқлолга муносиб қадам ташлаётган ёшлардан. Сабаби у ҳамиша изланишда. Унга халқимизнинг кўп асрлик маънавий қадриятлари, маданиятини кенг тарғиб қилиш, миллий манфаатларимизни ҳимоялаш, ёшларни турли ахборот хуружлари, жумладан, “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асрашга қаратилган журналистик фаолияти учун Интернет-журналистика йўналишида 2013 йилги “Олтин қалам” Миллий мукофотининг берилиши Давронбекни янги-янги марралар ва эзу мақсадлар сари чорлаётир.

–Бугунги ҳар томонлама илғор замонда сиз-у биз ахборот технологияларидан ҳам тезкор ҳаракатда бўлишимиз керак, –дейди Давронбек Тожиалиев. –Айни пайтда 15 мингдан ортиқ илмий-оммабоп, маърифий мақолалар, 4130 та электрон китоб, ўзбек адабиётидан 1920 та, жаҳон адабиётидан 673 та насрий асар, 700 дан ортиқ ижодкорнинг фаолиятига оид маълумотлар, ўзбек мумтоз ва замонавий шеъриятидан намуналар, шунингдек, минг-минглаб ўзбек ва жаҳон халқлари мақоллари, афоризм, топишмоқлари, ҳикоят ва эртакларини ўзида жамлаган www.ziyouz.com порталини ёшларимизнинг маънавий-маърифий манфаатларига янада мукаммал хизмат қилиши учун такомиллаштириш ва бойитиш устида иш олиб бораяпман.

Давронбек забт этаётган бугунги марралар ҳар биримизга илмий-ижодий, маънавий тафаккурнинг кучини кўрсатмоқда. Бироқ ҳар қандай тафакур ёниб тургандагина кучли, ҳар қандай юксак марралар ҳам давомли бўлгандигина ибратлидир. Ўз ҳаёти ва фаолияти негизида ана шу қатъий фикрга суяниб изланаётган, энг асосийси, мустақиллик фарзанди эканлигидан куч олиб яшаётган қаҳрамонимиз бундан кейин ҳам Истиқлолга муносиб одимлашда давом этишига ишончимиз баланд.

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА

kamolot.uz

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *