Давронбек Тожиалиев, www.ziyouz.com портали бош муҳаррири:
Ўзбекистонда Интернет журналистикаси эндигина тетапоя қилаётган янги йўналиш саналади. Мазкур йўналиш тез суръатларда тараққий этмоқда, лекин ихтисослашув жараёни соҳадаги шиддатли ривожланиш билан уйғун тарзда кечяпти дейиш қийин. Бунга асосий сабаблардан бири сифатида юртимизда йирик интернет концернлари шаклланиб улгурмаганини айтиш мумкин. Кузатувларимга кўра, аксарият мустақил информацион сайтлар таҳририятларида журналистлар сони ўнтага ҳам етмайди. Ўзбек интернет маконида муайян соҳага ихтисослашган профессионал журналистларнинг таҳлилий мақолалари етишмайди. Интернет таҳририятлари фото, аудио ва видео форматдаги материаллардан унумли фойдалана олмаётир. Табиийки, мукаммал интернет таҳририяти талабларига жавоб бермайдиган, иқтисодий жиҳатдан кучсиз медиа жамоаларида ихтисослашувга эришиб бўлмайди.
Юртимиз интернет журналистикасида янгиликлар (www.gazeta.uz, www.kun.uz, www.daryo.uz, www.uz24.uz, www.podrobno.uz, www.anons.uz ва ҳ.), спорт (www.sports.uz), янада ихтисослашадиган бўлсак, футбол журналистикаси (www.uff.uz, www.stadion.uz, www.championat.asia) тараққий этяпти. Айрим давлат ташкилотларининг ахборот хизматлари (www.gov.uz, www.soliq.uz, www.dtm.uz, www.customs.uz ва ҳ.) ҳам веб оламда муайян ихтисосликка оид маълумотларни мунтазам тақдим этмоқда. Шунингдек, турли соҳаларга ихтисослашган сайтлар ҳам ривожланмоқда (www.kommersant.uz – бизнес, www.bibi.uz – автотранспорт, www.ictnews.uz – ахборот технологиялари). Газета-журналлар (www.noviyvek.uz, www.uzbekistonovozi.uz, www.xabar.uz, www.marifat.uz), ахборот агентликлари (www.uza.uz, www.jahonnews.uz, www.turkistonpress.uz), радио ва телеканалларнинг (www.mtrk.uz) веб версияларида ҳам таҳририят ихтисосига кўра маълумотлар узатилади.
Дунёнинг нуфузли оммавий ахборот воситалари конвергент журналистика (сonvergence journalism) тизимида фаолият юритмоқда. Конвергент журналистика бу матбуот, радио, телевидение ва интернетнинг ўзаро уйғунлашувини англатади. Дейлик, бугун ривожланган давлатлардаги бирор нуфузли газетада фаолият юритаётган журналист фақат матн ёзиш ёки унга фотолавҳа илова қилиш билан чекланмайди. У, айни чоқда, аудио ва видео форматдаги материалларни ҳам тайёрлаш салоҳиятига эга бўлиши лозим. Умуман, дунё журналистикасида қизиқ ҳолатни кўриш мумкин. Соҳа ва мавзу бўйича тиғиз ихтисослашув кечаётган бир пайтда журналистларнинг ижодий фаолиятида универсаллашув кузатилмоқда.
Менимча, интернет журналистикаси учун ҳам универсаллашув муҳим. Замонавий журналист бир вақтнинг ўзида ҳам теша тегмаган мавзуда янгилик ёки долзарб мақола ёза олиши, аудио интервью уюштириши, фото ва видео материал ҳозирлаши, турли форматдаги материаллар асосида интернет учун интерактив саҳифа тайёрлай олиши керак. Бунда у ҳам журналист, ҳам оператор, ҳам фотограф, ҳам режиссёр вазифасини бажаради. Демак, бугун журналистдан замонавий ахборот коммуникация технологияларидан маҳорат билан фойдалана олиш, яъни техник кўникмаларга эга бўлиш ҳам талаб этилмоқда.