Туркия: Осиё ва Европа жавоҳири

Туркияда Рамазон ўзгача кайфият, ажиб руҳда ўтказилиши ҳақида кўп ва хўб эшитган эдим. Муборак ойда ушбу юртни кезиб, Рамазон баракотидан баҳраманд бўлсам, деб кўпдан ният қилиб юрардим. Яхши ният – ярим давлат. Туркия Жумҳурияти Матбуот ва ахборот Бош мудирлиги ташкил этган “Туркия медиа таълим дастури”нинг (Türkiye medya eğitimi programi) айни фазилатли ойга тўғри келгани кўнгилдаги иш бўлди.

Рамазоннинг илк кунини Тошкентда ўтказдиму ярим тунда “Қайдасан, Истамбул?!” дея йўлга отландим. Учоғимиз бироз кечиккани сабабли, аэропортда саҳарлик қилишга тўғри келди. Бу ерда нарх одатдагидан 3-4 баравар қиммат (масалан, ярим литр сув – 3000 сўм, энг кичик гамбургер – 12500 сўм). Airbus 320 учоғида аввал Истамбулга, у ердан эса Анқарага учдик. Эрталаб маҳаллий вақт билан соат 9:20 да Туркия пойтахтига қўндик.

Ҳаво ҳарорати  20 C° – айни жоннинг роҳати! Анқара ўзимизнинг Тошкентга ўхшар шаҳар экан. Йўл бўйларида қадрдон терак ва чинорлар саф тортган. Шаҳар қирликларда жойлашган эмасми, бинолар ҳам шунга мувофиқ қурилган. Осмонўпар иморатлар камроқ, аммо ҳар қадамда масжид минораларига кўзга ташланади.

Кечқурун таровиҳ намозини Анқаранинг энг катта масжиди – Кожатепе жомесида адо этдим. Файзли жоме меъмор Синон услубида 1967-1987 йилларда қурилган. Умумий майдони 4500 м², баландлиги 48,5 м бўлган асосий қуббанинг атрофида 4 та ярим қубба ҳам мавжуд. Масжиднинг 88 метрли тўртта минораси бор. Хонақоҳ тилла суви юритилган кошинлар, улкан қандиллар, ранго-ранг мармар билан зийнатланган. Уч қаватли ибодатгоҳ 20 минг намозхонни ўз бағрига сиғдиради. Жомега ташриф буюрган меҳмонлар, аёллар ва болалар учун барча шароитлар муҳайё.

Kocatepe camii

Нафсиламри, барибир ўзимизнинг жомеларга етмас экан. Таровиҳда Қуръон тиловатидан ҳузур ила баҳраманд бўламан дегандим. Аммо Анқаранинг энг катта жомесида тезликда ўқилган таровиҳдан ватандагидек завқ ололмадим. Айтишларича, 1000 дан ортиқ масжиди бўлган пойтахт Анқаранинг атиги уч-тўрт жомесидагина таровиҳ намози хатми Қуръон билан адо этиларкан. Дарвоқе, Тошкентдаги таҳоратхоналар шароитига турклар ҳавас қилса арзийди. Шаҳардаги биронта жомеда ўзимиздаги таҳоратхоналар каби шароитни кўрмадим.

Катта масжидларда ҳам жамоат сийракроқ. Таровиҳ намозида 8-10 саф тўлади, холос. Эҳтимол, бунга сабаб атрофда кичик масжидларларнинг кўплигидир. Ҳар бир маҳаллада (Анқарадаги маҳаллалар бизникидан каттароқ) 7-8 тадан масжид мавжуд. Туркия диёнат ишлари бошқармасининг маълумотларига кўра, 2013 йили мамлакатда 85412 та масжид фаолият юритган. Энг кўп масжид (3223 та) Истамбул вилояти ҳиссасига тўғри келади.

Нурли Рамазон

Рамазон шукуҳини Анқарада кечган илк кеча довулчининг (дўмбирачи) чақириғи билан туйдим. Одатга кўра, ихтиёрий ёлланган довулчилар субҳ арафаси дўмбира чалиб, халқона шеърлар айтиб, кишиларни саҳарликка уйғотарканлар:

Рамазон бизга нур бўлди,
Қалбларга сурур бўлди,
Кўзингни оч ғафлатдан
Вақти хуш саҳар бўлди.

Аксар турк телеканалларида саҳарлик ва ифторлик дастурлари мавжуд. Баъзи каналларда оғиз ёпиш ва очиш азон билан қарши олинади. Телеканаллар жуда эркин, дастурлар ҳам шунга яраша қурама: эрта тонгда ислом ахлоқи ҳақида кўрсатув, тушликда эса шармсиз саҳналарга бой фильм намойиш этилиши мумкин (газеталарда ҳам шундай манзара: бир саҳифада Рамазон билан боғлиқ оят ва ҳадис, фиқҳий масалалар баён қилингани ҳолда, кейинги саҳифада ярим яланғоч моделнинг сурати берилаверади). Умуман олганда, Рамазон телевидениега ўз таъсирини ўтказади. Ҳар бир телеканал ўз эфирини муқаддас ой билан боғлиқ дастурлар, рекламалар билан бойитади. Ифторликка яқин шаҳарда автомобиллар тирбандлиги бошланади. Кафе, ресторан ва емакхоналар гавжумлашади. Маҳаллий аҳолининг айтишича, авваллари меҳмонларни ифторликка ўз уйларига таклиф этишган бўлса, ҳозир умумий овқатланиш масканларига бориш урф бўлган.

Туркия диёнат ишлари бошқармаси давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказган сўнгги сўровнома натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг 99,2 фоизи ўзини мусулмон деб билади, 42,5 фоизи намоз ўқийди, 83,4 фоизи (эркаклар – 80,7 %, аёллар – 86 %) рўза тутади.

Йирик жоме ва майдонларда бепул ифтор дастурхонлари ташкил этилган. Унга ҳар ким: рўза тутгану тутмаган, ғайридину ажнабий, мискину фақир таклиф этилади. Шу тариқа ифторлик дастурхонидан минглаб одам насибадор бўлади. Бир сафар Кожатепе жомесига шом намозига чиққанимда ифтор дастурхони учун узундан-узоқ навбатни кўрдим. Энг ажабланарлиси, шу куни шом намози жамоатида атиги 50-100 киши ҳозир бўлган эди, ташқаридаги ифтор дастурхонида эса ўн минг чоғли киши иштирок этаётганди. Бепул ифторликка келганларнинг кўпчилиги суриялик қочоқлардир. Маълумотларга кўра, ҳозир Туркия ҳудудида 1 150 000 га яқин қочоқ бошпана топган экан. Аллоҳ таоло инъом берган тинчлик ва хотиржамлик неъмати нақадар буюк эканини шу ерга келиб тўла англадим. Кўча-кўйда, масжидлар атрофида тиланчилик қилаётганларнинг аксарияти суриялик бечораҳол аёллар ва болалар. Бошини қай деворга уришни билмай саросар кезаётган мазлум халқ вакилларини кўриб, ичингиз эзилади, уларга Яратгандан нажот ва нусрат сўрайсиз.

“Ишончли. Бетараф. Ахлоқий. Тезкор”

“Туркия медиа таълим дастури”нинг биринчи ҳафтаси Анадолу ахборот агентлигида замонавий журналистика, фотография ва видео, янги медиа технологиялари, ижтимоий тармоқдан фойдаланишнинг афзалликлари мавзуларида маърузалар тингладик. Анадолу ахборот агентлиги (Anadolu Ajansi) 1920 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда Туркиянинг энг катта хабар хизматидир. Сўнгги уч йил мобайнида Анадолу ахборот агентлиги (АА) тез суръатларда ривожланиб, дунёнинг саккизинчи ахборот агентлигига айланди. 2011 йили атиги бир тилда кунига 600 хабар ва 600 сурат тарқатилган бўлса, бугунга келиб 7 тилда 2035 хабар, 1865 фото дунёга улашилмоқда. 85 давлатга ёйилган АА тизимида 71 миллат вакиллари фаолият юритмоқда. Агентликнинг шиори: “Ишончли. Бетараф. Ахлоқий. Тезкор”.

“Юз йиллик ривожланиш концепцияси”га кўра, 2020 йили Reuters, AFP, AP, Xinhua сингари медиа гигантларидан кейин дунёнинг бешинчи ахборот агентлиги даражасига чиқиш, 12 тилда хабар тарқатишга эришиш мўлжалланган. Анадолу агентлиги Туркиянинг энг йирик оммавий ахборот воситаларидан бири бўлиб, 94 йил давомида тарқатилган хабар, фото ва видеоматериаллар электронлаштирилган ва махсус тизимга киритилган. ААнинг ўқув академияси ҳам мавжуд, бу ерда ахборот агентлиги журналистикаси, молия ва дипломатия журналистикаси, ҳарбий журналистика, энергия журналистикаси (инглиз тилида) курслари фаолият юритмоқда.

Анқарадаги малака оширишнинг иккинчи ҳафтасида TRTда (Туркия радио ва телевидение бирлашмаси) янги медианинг анъанавий тележурналистикага таъсири, ТВда социал медиадан самарали фойдаланиш, социал медиа хабарчилиги, ТВ хабарчилиги, интернет хабарчилиги каби мавзуларда семинарлар бўлиб ўтди.

Туркияда илк радиоканал 1927 йили эфирга чиққан. 1964 йили ТRТтаъсис этилган,1968 йили Анқара телевидениеси ўз фаолиятини бошлаган. Айни пайтда ТRТ 15 та телеканал ва 18 та радиоканални бирлаштирган. Тизимда 7000данортиқ ижодий ва техник ходим хизмат қилади.

“Мен ўзбекларни севаман!”

Анқарада турли миллат вакиллари билан гаплашдим. Эйваллоҳ, ўзбекни, Ўзбекистонни билмаганни кўрмадим. Шаҳарнинг Қизилой майдонидаги дўконларни айланиб, ўзимга керакли жиҳоз қидирдим. Жиҳоз бренд-дўконларда 70-100, бошқа дўконларда 25-40 лира атрофида экан. Меҳмонхонага қайтаётиб, бир дўконга бош суқдим. Серилтифот сотувчи югуриб олдимга келиб, молларини кўрсатишга тушди. Мен излаган жиҳоз бу ерда 20 лира экан. Савдолаша бошладим, дастлаб 15 лира таклиф қилдим. Дўкондор кўнмади. 17 лирага ҳам унамади – 20 лира деб оёқ тираб туриб олди. Гап орасида:

– Афандим, қаерликсиз? – деб сўради.
– Ўзбекистонданман.
– Машааллоҳ, ўзбекмисиз?
– Ҳа, ўзбекман.

Дўкондор ҳали оғиз очмасимдан шоша-пиша жиҳозни тахт қилиб, унга яна қўшимча қисмлар ҳам қўшди-да:
– Қардошим, Сиз 15 лира берсангиз кифоя – деди.
– Аллоҳ рози бўлсин. Нега бундай қилдингиз?
– Мен ўзбекларни севаман…

Дўкондор қўярда-қўймай ифторга олиб қолмоқчи бўлди. Мен, иншааллоҳ, бошқа сафар келишимни айтиб, йўлимда давом этдим.

Бошқа куни турк дўстларимдан бири ифторга – ўзбек ошига таклиф қилди.  Анқара маҳаллаларидан биридаги кафега бордик. Каттагина издиҳом, одамлар атайин ўзбек оши тановул қилиш учун келган. Суюқ овқатдан кейин дастурхонга ош тортилди. Атрофимдагилар таомни мақтаб-мақтаб ейишар, қайта буюртма беришар эди. – Қалай, ош ўхшабдими? – деб савол берди мезбон. …Очиғи, у ерда еганим бизнинг ошимизга кўп-да ўхшамади. Қардошлар ҳақиқий ўзбек ошини еганида борми!..

Каппадокия – гўзал арғумоқлар ўлкаси

Туркиянинг Невшеҳир вилоятида туристларни энг кўп жалб этадиган Каппадокия ўлкаси жойлашган. Эрамиздан аввалги биринчи мингйилликдан буён бу ҳудудда инсонлар яшаб келмоқда. Аллоҳ қудрати ва инсон кучи билан яратилган гўзал манзаралар, ер ости шаҳарлари, ғор-уйларни кўриш учун бу ерга дунёнинг турли давлатларидан сайёҳлар оқиб келади. Айтишларича, тарихда мустамлакачилар зулмидан азият чеккан маҳаллий халқ тоғларни, қоятошларни ўйиб, ўзига бошпана бино этган. Невшеҳирнинг Учҳисор қояси тоғ ичи шаҳри бўлиб, қоя усти қабристонга айланган. Қоядан бутун Каппадокиянинг гўзал манзараси намоён. Гўреме, Ургупдаги қалпоқли қоялар табиий эканига ишонгингиз келмайди. Йиллар давомида ёққан ёмғир, қор ва шамол таъсирида чўнг қоялар шу кўринишга келган.

Очиқ осмон остидаги Гўреме музейи ва бошқа ҳудудлардаги ғор-шаҳарларнинг аксарияти дастлаб насроний ибодатхонаси вазифасини ўтаган бўлса-да, ҳозир бу ҳудудларда биронта ҳам черков фаолият юритмайди. Уларнинг баъзилари масжидга, баъзилари музейга айлантирилган. Туркияда икки юз элликка яқин ерости шаҳар-музейлари мавжуд бўлиб, энг каттаси Деринкўйида. 80 метр чуқурликдаги шаҳарни кезарканман, ибтидоий қуроллар билан бу каби бошпанани барпо этганларнинг маҳоратига тан бердим. Кўҳна ғорларда бутик-меҳмонхоналар ташкил этилган бўлиб, уларда бир кеча тунаш баҳоси 2000 доллар атрофида. Ҳудудларнинг бор гўзаллигини юқоридан томоша қилишга нима етсин! Лекин бундай кўнгилочар томошани ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди: ҳаво шарида бир соат сайр 200 доллар!

“Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл”

Холис ният орзунинг амалга ошишига кўприк экан.Кўня зиёрати ҳам кўнгилдагидек, машаққатсиз кечди. Аввалига тезюрар поездга арзон нархга чипта олдик (бориш-келиш – 44 лира – 21$). Соатига 250 км.гача ҳаракат қилган тезюрар поезд 260 километрлик Анқара–Кўня йўлини бир ярим соатда босиб ўтди. Вокзалдан чиқишимизга автобус келди. Матбуот картамиз билан у бизни Мавлоно Румий зиёратгоҳига бепул элтиб қўйди.

Анқарада танишган дўстларимдан бири “Румийни зиёрат этдингизми?” деб сўраб қолди. Шу ҳафта охирида Кўняга бормоқчи эканимизни айтдим. “Кўняда бир киши сизни кутиб олиб, шаҳар айлантиради” деб, унинг рақамини берганди. Якшанба бўлгани учун у кишининг вақти бўладими-йўқми деган истиҳола билан телефон қилдим. Фахри деденинг самимий муносабати тараддудни бир зумда тарқатиб юборди, илтифотли мезбон кўз очиб юмгунча етиб келди. Фахри деде кўнялик мавлавийлардан бўлиб, тасаввуф тарихи, маданияти билимдонларидан экан. У Ўзбекистондан – Бухорий, Термизий, Нақшбандийлар ватанидан эканимизни билгач, жуда севинди. Машинасида Кўнянинг энг кўзга кўринган зиёратгоҳларига олиб борди.

Кўнянинг юраги – Мавлоно Жалолиддин Румий зиёратгоҳи. Меъморий обида XIII асрда бунёд этилган бўлиб, бу ерда Жалолиддин Румий оиласи ва яқинлари дафн этилган. Асрлар давомида мавлавийларнинг маърифий маркази сифатида фаолият юритган. Мавлоно хилхонаси Туркиядаги сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган иккинчи музейдир. Зиёратчилар орасида ғайридинлар ҳам кўзга ташланади. Ажнабийлар хилхонага киришда, гарчи мажбурий бўлмаса-да, Мавлонога ҳурмат юзасидан энгил-бошларини тўғрилаб олишади.

Зиёратгоҳ ҳовлисида Мавлононинг ушбу машҳур ҳикмати битиб қўйилган:

“Севгида қуёш каби бўл.
Дўстлик ва қардошликда оқар сув каби бўл.
Бировларнинг хатоларини ёпишда кеча каби бўл.
Тавозеда тупроқ каби бўл.
Ғазаб онида ўлик каби бўл.
Ҳар не бўлсанг бўл –
ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл”.

Асарларига Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳикматларини сингдирган, инсон руҳий олами сирларини дақиқлик билан инкишоф этган Румий мақбарасида Пайғамбаримиз с.а.в.нинг соқоли шарифлари ҳам сақланади. Ўн тўрт аср ўтибдики, ундан муаттар бўй келиб турибди. Румийнинг камолотида шайх Шамси Табризийнинг ўрни катта. Мавлоно бир байтида «Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди», деган. Устозини ниҳоятда ҳурмат қилган Румий ғазалларида «Шамси Табризий», «Шамси» тахаллусларини қўллаган. Шоир ғазалларининг «Шамси Табризий девони» номи билан шуҳрат қозонгани боиси ҳам шу. Дарвоқе, Шамси Табризий мақбараси ҳам Румий зиёратгоҳи яқинида жойлашган. Кўня – румиёна шаҳар: сокин, сўлим, ўзгача руҳи, файзли муҳити бор. Шаҳар аҳолиси ҳам мулойим, мўмин инсонлар экан.

Дунёнинг маркази

Истамбул – кўпмиллатли шаҳар. Бу ерда дунёнинг исталган давлатидан келган сайёҳларни учратасиз. Бозорларда ҳабаш йигит соф турк тилида соат олишни таклиф қилади. Туркчада қийналиброқ қолсангиз, сотувчи кутилмаганда ўзбекча гапириб жонингизга ора киради. Чапдаст тужжорлар инглиз, араб, рус, форс тилларида мурожаат қилса ҳам асло ҳайрон бўлманг.

Сайёҳлардан Истамбулнинг қай жиҳати эсингизда қолди, деб сўрасангиз, аксари миноралари кўкка бўй чўзган жомелар ва бир-бирига қоришиб кетадиган азон сасини хотирлайди. Яна айримлар Европа ва Осиёни ажратиб турадиган бўғознинг гўзал манзарасини эътироф этади. Таксим майдонидаги меҳмонхонада тунадик. Истамбул марказида жойлашган ушбу майдон сўнгги йилларда дунёга машҳур бўлган Гези парки билан туташган. Хиёбон мўъжазгина. Биздаги паркларнинг ўндан бирича ҳам келмайди. Бунинг устига, ичида ҳайратланарли бирон нарса ҳам йўқ. Қуриб қолган майсалар устида одамлар осмонга қараб ётибди. Паркнинг бор-буди шу, шугина. Мана шу кичик парк сабабли Таксим майдони бир неча ой дунё нигоҳида турганига ишонгингиз келмайди.

Истамбулнинг энг гавжум масканларидан бири – Истиқлол шоҳкўчаси ҳам Таксим майдонига олиб чиқади. Шоҳкўча бўйлаб тўғри юрилса Галата минораси ва соҳилга чиқилади. Галата кўприги шаҳарнинг Европа қисмини машҳур масжид ва саройлар жойлашган яриморол билан боғлайди. Босфор бўғози бўйлаб кемада сайр қилсангиз кўҳна шаҳарнинг тарихий жойлари, гўзал табиатини кўриш имконига эга бўласиз.

Истамбул – тезкор шаҳар. Бу ерда ҳаёт суръати шитоб, одамлар тез ҳаракатланади, тез гапиради, тез ишини битиради. Вақт ҳам шиддат билан ўтаётгандек. Уч ярим кунда талай жойларни зиёрат қилишга ният қилгандим, лекин фурсат етмади. Хулласи калом, Истамбулга тўймадим…

Истамбулдаги сўнгги кунимиз эрталабдан жала қуйиб берди. Шиддатли ёмғир сира тўхтамас, бугунги режада эса Аясофия масжиди ва Тўпқопи саройи зиёрати бор эди. Тирбандлик ва жала туфайли юзага келган ноқулайлик сабаб иккисидан бирини танлашга тўғри келди. Фурсат ғанимат, Тўпқопи саройининг “Муқаддас омонатлар” бўлимига чопдим. Чунки Истамбулда зиёрат этишим шарт бўлган жойларнинг аввалида шу маскан турарди. “Муқаддас омонатлар” бўлимида Ислом тарихининг энг ноёб экспонатлари – Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ҳирқалари, соқоллари, Уҳуд жангида синган тишлари, оёқ излари, мактублари ва қиличлари, Иброҳим алайҳиссаломнинг қозончаси, Мусо алайҳиссаломнинг асоси, Ҳазрати Довуднинг қиличи, Юсуф алайҳиссаломнинг жуббаси, саҳобаи киромларнинг шамширлари, Ҳазрати Фотима ва Ҳусайн р.а.ларнинг кўйлаклари ва бошқа қимматли бойликлар сақланади. Ушбу омонатларнинг аксарияти Султон Ёвуз Селимхон ҳукмронлик қилган XVI асрда қўлга киритилган, XX асргача музей қимматли экспонатлар билан тўлдириб борилган.

* * *

Катта шаҳарларда яшайдиган турклар қизиққон кўринади. Гурунгларда футбол ва партиялардан гап очилса, энг яқин дўстлар бир-бири билан шундай даҳанаки жанг қиладики, ташқаридан кўрган одам уларни ашаддий душман деб ўйлайди.

* * *

Туркияда журналистлар учун яхши шароит ва имтиёзлар яратилган. Ана шундай афзалликлардан бири сариқ рангли матбуот картаси (Basin karti) бўлиб, ушбу ҳужжат эгалари шаҳар транспортидан бепул фойдалана олади, шаҳарлараро транспорт ва бошқа тизимларда ҳам чегирмалар мавжуд. Бу карта билан мамлакатнинг исталган музейига текин кириш мумкин. Ана шундай ҳужжат сафар давомида бизга ҳам асқотди. Анқарада Онадўли маданиятлари музейи, Туркия Буюк Миллат Мажлиси музейи, Невшеҳирда очиқ осмон остидаги Гўреме музейи, Деринкўйи ерости шаҳри, Кўняда Мавлоно Румий музейи, Қоратош музейи, Истамбулда Тўпқопи ва Долмабаҳче саройлари музейларини бепул зиёрат қилдик.

* * *

Туркияда Ўзбек, Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошкент номи билан аталган кўплаб жой номлари бор. Бу ҳам бир пайтлар бизнинг тупроқлардан бориб Кичик Осиёдан макон топган, вақтида Европани зир титратган, Ислом динининг бошқа ўлкаларга ёйилишига сабабчи бўлган қардошларнинг ота юртига ҳурмати ифодаси. Ҳа, Осиё ва Европа жавоҳири бўлган Турк диёри ҳар ким умри давомида бир марта бўлса-да, кўришига арзийдиган ўлкалардан биридир.

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ

Тошкент – Истамбул – Анқара – Невшеҳир – Кўня – Истамбул
30.06.2014–19.07.2014

2 thoughts on “Туркия: Осиё ва Европа жавоҳири

  1. Давронбек йўл эссенингизни ўқиб,маза қилдим, раҳмат. Содда, самимий, қимматли фактларга бой, ўқилиши осон ва жуда қизиқарли, бир нафасда ўқийдиган чиқибди. Гарчанд ўзим уч бор бу юртда бўлган бўлсамда, сиз келтирган кўп фактлардан бехабар эдим. Азбаройи таъсирланганимдан Туркиянинг Болу вилояти, Қибриз оролларидаги гўзал шаҳарлар ҳақида кўрганларимни ёзиш иштиёқи туғилди.Соғ бўлинг, рухсат берсангиз бу ээсенгиздан бадиий публицистикада, йўл очерки дарсида ўқув материали сифатида фойдалардик.

  2. Катта рахмат. Кимматли маълумотлар олдим. Аллох рози булсин.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *