“1042 нафар қорилар 833 та масжидда Хатми Қуръонда қатнашадилар”

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов билан суҳбат

Жалолиддин Нуриддинов 1952 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат университети шарқ факультети араб бўлимини тугатган. Араб мамлакатларида таржимон, халқ таълими муассасаларида ўқитувчи, мактаб директори (1986-95), Дин ишлари бўйича қўмита ходими, бўлим бошлиғи (1995-1998), Тошкент давлат Шарқшунослик институти тарих ва шарқ тиллари лицейи директори (1998-2000), Тошкент ислом университетида илмий ходим, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири (2001-2013) бўлиб ишлаган. 2013 йил ноябридан Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котиби. Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим муассасалари талабалари учун ёзилган қатор дарслик ва қўлланмаларга ҳаммуаллифлик қилган. “Ҳаж ва умра қўлланмаси” нашр қилиниш арафасида.  “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетаси ва “Муслим.уз” сайтида долзарб мавзуларда қатор илмий-оммабоп  мақолалари эълон қилинган.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

— Ассалому алайкум. Рамазон айёмингиз муборак бўлсин. Бу йилги Рамазонга тайёргарлик ишлари қандай кечди? Ўзбекистон мусулмонлари идораси аввалги йиллардан фарқли ўлароқ ушбу мавсумга қандай туҳфалар ҳозирлади?

— Ва алайкум ассалом. Ўлкамизга ташриф буюрган ойларнинг сарвари ва саййиди, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган Рамазон барчамизга муборак бўлсин!

Дунёдаги барча мусулмонлар Рамазон ойини соғиниб, катта тайёргарлик билан кутиб олишади. Диний идорамиз томонидан Рамазонга тайёргарлик ҳам ана шундай шукуҳ билан адо этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “2015 йилги Рамазон ойи ва ҳайити муносабати билан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди. 2015 йил 28 май куни “Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш, кўтаринки руҳда ўтказиш, ибодат қилувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва имом-хатибларда масъулият ҳиссини янада ошириш мақсадида” ЎМИнинг махсус буйруғи ишлаб чиқилди. Унда мусулмонларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш, таровеҳ намозидаги хатми Қуръонлар ўн беш кундан кам бўлмаслиги, жойларда ифторлик ва саҳарликларни ихчам, дабдабасиз шаклда ўтказилишини эътиборга олиш, саховатпеша кишиларни хайрия тадбирларига жалб қилишга қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш каби масалалар белгилаб берилди. Жорий йилнинг 15-16 июнь кунлари тозалик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, унда масжидларнинг хонақо, айвон, таҳоратхона, қўшимча хоналарига эътибор берилиб, намозхонлар учун етарли шароитлар яратилди.

Рамазон ойи арафасида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг www.muslim.uz сайти интернет порталига айлантирилиб, янги дизайнда ишга тушди. Янги исломий портал ўзбек (кирилл ва лотинда), рус, инглиз ва араб тилларида бўлиши режалаштирилган. Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида 25 та сайт фаолият юритмоқда. Ҳудудий вакилликларнинг ҳам сайтлари ишлаб турибди. Наманган, Андижон, Жиззах вилоятлари вакилликлари сайти ҳам ишга тушиш арафасида.

Порталда муфтий Усмонхон Алимов, шайх Абдулазиз Мансур, уламолар Исоқжон домла, Анвар қори Турсун, Одилхон Исмоилов, Салоҳиддин Шариповлар мухлислардан келган саволларга жавоб беришади.

Рамазон ойида “Минор”, “Ҳазрати Имом”, “Ҳазрати Али”, “Хўжа Аламбардор”, “Шайх Зайниддин” жомеъ масжидлари жума мавъизалари онлайн тарзда порталда узатилиши режалаштирилган.

Жорий йилнинг 6 июлидан 650 киши умра сафарига юборилади.

— Ҳозирда юртимиздаги нечта масжидларда хатми Қуръон ўқилмоқда? Ўзбекистон мусулмонлари идораси хатми Қуръонларни ташкил қилишда қандай ишларни амалга оширяпти?

— Ҳозирда республикамизда 2039 та масжид фаолият олиб бормоқда. Уларнинг барчасида таровиҳ намози адо этилади. Ўтган йили Рамазонда 800 та масжидда хатм қилинган бўлса, бу йил бу 833 та масжидларда хатми Қуръон тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирларга юртимиздан етишиб чиққан 1042 нафар қорилар белгиланган рўйхат асосида жалб қилинди.

Маълумки, Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари малакали диний кадрлар, имомлар, хусусан ҳофизи Каломиллоҳ бўлган қорилар етишмаслиги сабабли, қатор қийинчиликларга дуч келинар эди. Рамазон кунлари таровеҳ намозида хатм 5-6 кунда ўқилиб, намозхонларга муайян қийинчиликлар туғилар эди. Бугунги кунда, алҳамдулиллаҳ,  қориларимиз етарли.

— Ўтган йиллари ўзбекистонлик қориларнинг бошқа давлатларда ҳам Қуръони карим хатмида қатнашиб, жамоатни мамнун қилганлари ҳақида хабар қилинганди. Бу йил ҳам ўзбекистонлик қорилар чет-элга юборилдими?

— Ўтган йили Рамазон ойида АҚШ, Россия Федерацияси ва Украина мусулмонлари ва диний идораларнинг расмий илтимосларига кўра, қориларимиз ушбу мамлакатларга сафар қилган эдилар. Бу анъана жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда, санаб ўтилган мамлакатларга қориларимиздан жўнатдик.

— Бу йилги Рамазон ёзнинг иссиқ пайтига тўғри келди. Намозхонларга қулай шароитлар яратиш учун масжидларда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Масжидларимизда совутиш ва ҳаволантириш мосламалари, Рамазон учун махсус салқинлатгич ускуналар ҳам ўрнатилган. Таровиҳ намозларини масжид ҳовлиси ва майдонларда адо этиш бўйича ҳам тавсиялар берилди.

— Рамазон арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўмагида масжидлар таъмири, янги масжидларни ташкил этиш борасида қандай хайрли ишлар қилинмоқда?

— Ҳар бир вилоятда масжидлар таъмирига катта эътибор қаратилган. Рамазон арафасида Наманган вилояти Уйчи туманида жойлашган “Машҳад мозор” жомеъ масжиди хонақоси қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги ҳазрат Боязид Бистомий масжиди асосий биносининг биринчи ғишти қўйилди. Тошкент шаҳридаги “Авайхон”, “Яккасарой”, “Пул емас ота” жомеъ масжидлари ҳам замонавий усулда қурилиб, реконструкция қилинмоқда.

— Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ва бошқа уламоларнинг хатми Қуръон бўлаётган масжидларни зиёрат қилиб, мавъиза билан иштирок этишлари анъанага айланган. Бу йилги зиёратлар қайси масжидлардан бошланади?

— Бу йилги Рамазонда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, фатволар бўлими мудири Абдулҳамид Турсунов, масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва ЎМИ матбуот котиби Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги масжидларга бориб, мусулмонларни табриклаб, 5-10 дақиқалик мавъиза қилишлари режалаштирилган.

Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *