Оқ ва қора Америка: Узун йўлчилик

Тошкентдан Москвага Airbus 330 учоғида етиб келдик.

Шереметьева аэропортида энг ёмон жой ҳожатхоналардир. Тозалик, санитария, гигиенага эътибор жуда суст. Терминал ҳудудида чекиш ман этилган бўлишига қарамай, ҳожатхона тамаки тутуни билан тўлиб, ҳар қандай инсонни нохуш қилади. Аэропорт ҳудудида ейиш ва ичиш жуда қиммат. Ярим литрлик сув 170 рубль (3 доллар), кофе 5 доллар.

Delta Airlines компаниясининг Airbus самолётида Нью Йоркка парвоз қилдик. 7500 кмлик масофани қарийб 10 соатда босиб ўтдик. Москвада кўпчиликни астойдил текширгани ҳолда бизни визамизни кўрибоқ тез ўтказиб юборишди. Самолётнинг дум қисмидан ўрин олдик.

АҚШнинг Delta Airlines компанияси парвоз давомида муттасил меҳмон қилиб келди. Парвоз вақти узун бўлганиданми ё америкаликлар кўп ва тез-тез ейдиган халқ эканлигиданми овқатлантириш хизмати жуда аъло ва ортиқча ҳам эди. Ҳали бунақа таомлантирган авиакомпанияни кўрмагандим. Агар шу маҳсулотларни аэропортдан сотиб олганимизда борми, нақд 80-90 долларни қуртдек санаб берган бўлардик.

Юқоридан, булутлар устидан заминни томоша қилиш завқли. Россия, Латвия, Эстония, Швеция, Норвегия, Буюк Британия шимоли ва Канаданинг кўм-кўк ва серсув тупроқлари, Балтика ва Шимолий денгиз манзаралари, айниқса, Атлантика уммони кенгликлари яққол кўз ўнгингизда намоён бўлади. Оппоқ парқут булутлар устида парвоз қиларкансиз Яратганнинг ушбу мўъжизаси қаршисида шукрона туйғуларини Ўзига изҳор этасиз.

http://davronbek.ziyouz.com/images/atlantika.jpg

Нью Йорк вақти билан 13:20. Самолётимиз АҚШ ҳудудига кириб келди. 11500 метр баландликда 850 км/соат тезликда учяпмиз. Ҳаво ҳарорати -48 С°. Манзилгача 974 км масофа қолди.

АҚШдаги энг катта ҳаво бандаргоҳи бўлган Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропорт Нью-Йоркнинг Куинс туманида, океан бўйида жойлашган экан. Ушбу аэропорт йилига қарийб 50 миллион йўловчига хизмат қилади.

http://davronbek.ziyouz.com/images/jon-kennedy.jpg

Вашингтонга кичикроқ самолётда учдик. Менга Delta Airlines компаниясининг хизмат сифати ёқди. Москвадан келган самолётимизда парвоз хавфсизлиги ҳақида қувноқ ролик намойиш этилган бўлса, Вашингтонга учишда хитой йигити ажойиб мимикалар билан эҳтиёт чиқиш йўллари ва ҳалокат пайтида ҳаракат қилиш қоидаларини тушунтирди. Одатда кўп авиакомпанияларнинг парвоз хавфсизлиги ҳақидаги роликлари жиддий бўлиб, йўловчиларни баъзан хавотирга тушириши ҳам мумкин.

Бугун ҳаётимдаги энг узун кун (33 соат) бўлди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *