Оқ ва қора Америка: Вашингтон кундаликлари

АҚШ пойтахти Вашингтон (Колумбия округи, DC) илк президент шарафига шундай номланган. Шаҳар майдони 177 кв. км. Аҳолиси 601 мингдан зиёд (2010). Вашингтон агломерациясида (атрофидаги яқин шаҳарларда) 5,4 миллион киши истиқомат қилади. Шаҳарни Потомак дарёси Виржиния ва Мэриленд штатларидан ажратиб туради.

http://davronbek.ziyouz.com/images/wash1.jpg

Вашингтон — маъмурий шаҳар. Бу ерда АҚШ ҳокимиятининг уч асоси: қонун чиқарувчи (Конгресс), ижро этувчи (Оқ Уй, президент) ва олий суд бинолари, вазирликлар, агентликлар, элчихоналар, Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди ва бошқа ташкилотлар штаб-квартиралари, турли ёдгорликлар ва музейлар жойлашган.

Мен иштирок этаётган “Журналистика: босма медиа ва блогинг” дастури юзасидан Вашингтонда Журналистлар учун халқаро марказ (ICFJ), Халқаро медиа ёрдам маркази (CIMA), АҚШ давлат департаменти, Пью тадқиқот маркази, АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида учрашувлар бўлиб ўтди.

Вашингтон — музейлар шаҳри

Бу ерда Смитсон институтига тегишли 19 та музей ва галереялар мавжуд. Ушбу музейлар англиялик кимёгар олим Жеймс Смитсон (1765-1829) мероси асосида ташкил этилган бўлиб, уларга кириш текин. Авиация ва космонавтика музейи, Миллий расмлар галереяси, Миллий санъат галереясини (бу ерда Леонардо да Винчининг машҳур “Жиневра де Бенчи” портрети сақланар экан) айланишга муваффақ бўлдим.

http://davronbek.ziyouz.com/images/wash3.jpg

Вашингтон марказида жойлашган ботаника боғи менга жуда маъқул келди. Кичик ҳудудда жуда кўпгина ўсимликларни етиштиришга муваффақ бўлишган. Боғда дунёнинг турли ҳудудларида ўсувчи дарахтлар ва буталар, гулларни учратиш мумкин. Ҳар бир бўлимда ўша иқлимга хос шароит барпо этилган. Бу ерга ҳам кириш текин.

Миллий зоопарк ҳам Смитсон институтига тегишли бўлиб, унинг ҳудуди 66 гектарни ташкил этади. Ҳар бир ҳайвон учун табиий ландшафт яратилган. Ҳайвонлар ошёни катталигидан уларни томоша қилиш учун обдон қидиришингизга тўғри келади. Зоопарк ҳудуди баҳаво, салқин. Болалар билан астойдил айланадиган маскан экан.

Вашингтондаги дўстларимдан бири бу ерга келиб Конгресс кутубхонасини кўрмай кетиш денгизга бориб чўмилмай келиш кабидир деган эди. Дунёнинг энг катта кутубхонасига Капитолий марказидан ерости йўли орқали ўтдик. Бу ерда 470 тилдаги 30 миллиондан ортиқ китоблар, бутун дунёдан миллиондан ортиқ газета нусхалари, 58 миллион қўлёзмалар, 4,8 миллион хариталар, 12 миллион фотографиялар, 2,7 миллион овозли ёзувлар, 500000 микрофильмлар сақланади. Йилига яна 1 миллиондан янги манбалар қўшилади. Кутубхонадаги манбаларнинг 10 фоиздан ортиғи электронлаштирилган (2007).

http://davronbek.ziyouz.com/images/wash4.jpg

Вашингтон сафарининг сўнгги куни журналистика соҳасидаги энг катта музей – Ньюзиумга (Newsuem) бордик. 7 қават, 14 та галерея, 15 та кинозалдан иборат ушбу музейнинг умумий экспозиция майдони 75000 кв. метрдир. Музейни айланиб, шунга амин бўлдимки, АҚШ журналистикасининг тараққиётида урушлар ва терроризм катта рол ўйнаган экан. Экспонатларнинг аксарияти журналистиканинг уруш ва терроризмни қандай ёритганига бағишлангандек гўё. Аслида астойдил айланадиган музей экан, вақт камлик қилди. Турли интерактив экспонатлар орқали журналистика тарихи ҳақида яхшигина маълумот олса бўларкан.

Исломий ҳамжамиятлар

Машойихлар халқнинг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, аввал бозорига, сўнг мозорига бор, дейишган. Одатда, мен ҳар бир шаҳарнинг масжидларини кўришга, у ердаги мусулмонлар аҳволини ўрганишга қизиқаман.

АҚШда барча динлар қатори Исломга эътиқод қилувчилар учун ҳам кенг шароитлар мавжуд. Вашингтон аҳолисининг 10,6 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Колумбия округи ҳудудида Вашингтон исломий маркази жойлашган. Марказ расман 1957 йили Исломни яхшироқ тушуниш мақсадида АҚШ ҳукумати ёрдами билан очилган. Ўша пайтларда ушбу масжид ғарбий ярим шардаги энг катта масжид бўлган. 1983 йилдан жума ва кундалик намозлари ўқий бошланган. Ҳозирда бу ерда ҳар жума 6000 киши ибодатларни адо этади.

http://davronbek.ziyouz.com/images/wash5.jpg

Марказга аср намозидан сўнг бордим. Хонақоҳ ва кутубхона биносида эътикоф ўтирган кўпгина миллат вакилларини учратдим. Марказ масжиди гўзал услубда бино қилинган, кутубхонаси жуда бой экан. Шу ернинг ўзида намозхонлар учун ифторликлар ташкил қилинар экан. Аёллар учун ҳам алоҳида бино мавжуд.

Марказда маданий ва ижтимоий тадбирлар доим ўтказилиб тураркан. Шунингдек, никоҳ, шаҳодат (исломни янги қабул қилганлар учун), болалар ва катталар учун ислом ва араб тили дарслари ва бошқа хизматлар ташкил этилган.

Мэриленд штатининг Ланҳам шаҳрида жойлашган “Америка Диёнат маркази”да (Diyanet Center of America) Лайлатул Қадр кечаси ўзгача шукуҳ билан ўтказилди. Миллати, жинси, келиб чиқиши, ирқи, динидан қатъи назар барча ифторлик дастурхонига таклиф этилди. Бу ерда 30 дан ортиқ миллат вакилларини учратиш мумкин. Ифтордан сўнг минг кишилик жамоат билан бирга хуфтон ва таровиҳ намозлари адо этилди, дуолар қилинди.

http://davronbek.ziyouz.com/images/wash6.jpg

Ушбу марказ Туркия ҳукумати ва Диёнат ишлари бошқармаси маблағларига қурилган бўлиб, бу ерда диний (5 вақт намоз, жума, жаноза ва ҳайит намозлари, хутба, эътикоф, мавлуд, закот, ҳаж ва умрага юбориш), ихтимоий (оилавий учрашувлар, аёллар учун махсус йиғилишлар, никоҳ ва оилага тайёргарлик, лагерлар, спорт мусобақалари) ва таълим (якшанба мактаблари, тил курслари, турли мавзудаги семинарлар) хизматлари амалга оширилади. Марказ ҳудудида масжид, маданият маркази, жамият биноси, турк ҳаммоми, меҳмонхона, анъанавий турк маҳалласи ва уйлари, ерости гаражи мавжуд.

Вашингтон — менинг нигоҳимда

Вашингтонда осмонўпар бинолар мавжуд эмас. Колумбия округидаги бинолар баландлиги Капитолийдан ошмаслиги керак деган гап юради. Лекин бу қонунан чекланган эмас. Менга шаҳарнинг архитектураси унчалик хуш келмади. Аксар кўчалар бир хил, харита бўлмаса адашиш жуда осон. Лекин шаҳар жуда озода. Намлик етарли бўлгани учун ҳаммаёқ кўм-кўк.

Вашингтон метро станциялари Тошкентники каби чиройли эмас. Аксар бекатлар бир хил, ортиқча безак берилмаган. Метро нарҳи борадиган манзил ва вақтга кўра 2,5 доллардан 7 долларгача. Метро вагонларида электрон таблолар кўрмадим. Бекатларни ҳайдовчи эълон қилади. Баъзан эшитмай қолишингиз ҳам мумкин.

Шаҳарда исқирт кийинган, кўчада ётиб қолувчи уйсизлар, тиланчилик билан шуғулланувчилар ҳам топилади. Уларни полиция назорат қилмайди. Уларнинг фикрига кўра, кўчадаги скамейкаларда, паркларда, ҳайкаллар остида ётиб қолиш ҳам фуқаронинг эркинлиги экан.

Вашингтонда ишловчиларнинг аксарияти атрофдаги Виржиния ва Мэриленд штатларида яшашади. Эрталаб ва кечқурун ишга келиш ва қайтишда йўлларда тирбандлик кузатилади. Шаҳардаги энг катта муаммолардан бири автомобилларни парковка қилишдир. Баъзи жойларда кунлик парковка нарҳи 40 долларгача. Шу боис ҳам кўпчилик шахсий машинадан кўра жамоат транспортини афзал кўради.

АҚШда йўллар ва йўл ҳаркати белгилари яхши такомиллаштирилган. Шаҳарларда ҳайдовчилар ҳам, пиёдалар ҳам қоидаларни бузмасликка ҳаракат қилишади. Барча соҳада бўлганидек йўлларда ҳам навбатда туриш маданияти шаклланган.

© Суратларни муаллиф туширган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *