Атлантика океани ва Мексика кўрфази орасида жойлашган Флорида штати АҚШнинг энг тез ривожланаётган ҳудудларидан биридир. Штатнинг йиллик ялпи ички маҳсулоти 776,3 миллард долларни ташкил этади (2011). Бу Австралия давлати ЯИМи билан тенгдир. Бу ерда цитрус мевалар, балиқ маҳсулотлари етиштириш ривожланган. Энг сердаромад соҳалардан бири туризмдир. Майами, Орландо, Форт-Лодердейл, Палм Бич, Сент Питерсберг каби шаҳарлар туристларнинг энг севимли масканларидан.
Флориданинг Сент Питерсберг ва Тампа шаҳарларида бўлдик. Бу ерларда қишин-ёзин деярли бир хил об-ҳаво (24-30 С°) кузатилар экан. Биз билан учрашган шу ерлик журналистлардан бирининг айтишича, унинг энг катта орзуси қорни кўриш экан. Сент Питерсберг шаҳрининг рамзи “серқуёш шаҳар” бўлса-да, биз борган маҳал иссиқ тропик ёмғирлар мавсумига тўғри келди. Шаҳар Атлантика океани, Мексика кўрфази бўйида жойлашган. Океан суви жуда илиқ бўлгани учун бу ернинг пляжлари доимо туристлар билан тўла бўлади.
Сент Питерсберг — тинч ва бағрикенг шаҳар. Автомобиллар ҳам у қадар кўп эмас. Одамлари ҳам сокин, хушмуомала.
Тампа ва Сент Питерсберг шаҳарларида бир қанча медиа корпорациялари, музейлар, маданий масканларда бўлдик. Poynter институтида малака оширдик.
* * *
АҚШда турли миллат ва жамоатлар ўзларининг исломий марказларини очган бўлиб, бундай муассасаларнинг вазифаси фақатгина масжиддан иборат бўлмай, маданий марказ ҳамдир. Бу ерда араб, турк, албан, босния, ҳинд-покистон исломий маданият марказларини кўп учратиш мумкин. Нью Жерси ва Нью Йоркда ўзбеклар ташкил этган масжидлар ҳам мавжуд. Улар шу йўл билан ўз маданиятлари, тиллари ва мазҳабларини сақлаб қолишга ҳаракат қиладилар. Умум мамлакат бўйича ягона мазҳаб мавжуд эмас. Ҳар ким хоҳлаган мазҳабига амал қилаверади. Масалан, ҳанафийлар масжидида бошқа мазҳаб вакиллари оминни жаҳрий ва жўр бўлиб айтаверадилар. Бунга ҳеч ким ажабланмайди. Ҳайит кунини белгилаш ва ийд намозини ўқишда ҳам шу нарса кузатилди. Мен меҳмон бўлган Сент Питерсберг шаҳрида 17 июль куни ҳайит намози ўқилди. Бу ерга яқин бошқа бир масжидда эса 18 июль куни адо этилди.
Сент Питерсберг шаҳридаги Исломий жамият 2009 йили шу ерлик мусулмонлар томонидан ташкил этилган. Улар аввал черков сифатида фаолият кўрсатган бинони сотиб олиб, масжидга айлантиришган. Жума намозларида бу ерга 200 киши ташриф буюради. У ерда шом намозини 10 кишилик жамоат билан адо этдик.
АҚШда ийд намозлари учун парклар, стадионлар ижарага олинади. Чунки, аксар масжидлар кичкина, ҳайит намозига келувчиларни сиғдира олмайди. Шунинг учун каттароқ майдонларда ийд намозлари ташкил этилади. Баъзи жойларда жамоатнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ийд намози 2-3 марта адо этилади (масалан, соат 8:00 да биринчи жамоат, 9:00 да иккинчи жамоат, 10:00 да учинчи жамоат ва ҳ.).
Баъзи черковлар мусулмонларга жума намозини ўқиб олишлари учун ўз биноларини бепулга ижарага ҳам берадилар. Яъни, насоро жамиятларининг таклифи билан мусулмонлар черков ҳудудида жума намозини адо этадилар. Вашингтондаги Капитолий биноси олдидаги майдонда ҳам бир неча марта жума намозлари адо этилган.
АҚШ шаҳарларида жуда кўплаб протестант, католик черковлари мавжуд бўлиб, кўпчилиги жамоат камлигидан шикоят қилишади. Баъзи черковлар одамлар келмай қўйгани учун ёпилган ва сотувга қўйилган. АҚШдаги бир қанча масжидлар ана шу черковлар биносида жойлашган.
* * *
Кўпчилик америкаликларнинг серсалом, сертавозе, очиқюзли эканликларини изҳор этса-да, баъзилар бунинг сохта, қалбда бошқа фикр, юзда ўзга ҳолат эканлигини айтишади. Йўқ, мен кўрган америкаликлар мени танимаса-да, кулиб салом берар, аҳволимни сўрар, харитага қараб кетаётсам, “кечирасиз, сизга ёрдам керак эмасми?” деб илтифот қилишарди. Мен бунда самимийликдан ўзга нарсани кўрмадим. Айниқса, Америка туб жой мусулмонларининг сизга салом бериб, келиб қўл бериб сўрашишлари, Ўзбекистондан эканлигингизни билгач, “алҳамдулиллоҳ, машааллоҳ” дея суҳбатга чоғланишлари мени хурсанд қилди. Шу пайтгача ҳали “ўзбекистонликман” деган жавобдан сўнг “эшитмаган эканман, қаерда у?” ёки “Покистон?” деган саволлар бўлмади.
* * *
Сент Питерсберглик дўстим кўрфаздан қуёш чиқишини кузатиш жуда мароқли деб айтганди. Бомдоддан сўнг қирғоққа бордим. Тонг қоронғусида кўчада ҳеч ким бўлмаса керак, маза қилиб ухлаб ётишса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, шаҳарда, кўрфаз бўйида жуда кўпчилик эди. Икки эгиз чақалоғини аравага солиб ҳаракатланаётган ёш онадан тортиб, 90 ёшли қариягача азонлаб югуришарди. Бу ердаги бараканинг сабабларидан бири ҳам сахар туришдан деб ўйладим. Боболаримиз бекорга “сахар турсанг барака ёғилади” дейишмаган.
Сахарда сув сатҳи кўтарилиб, делфинлар қирғоққача келишаркан. Қуёш бироз кўтарилиши билан яна океанга қайтишаркан. Океанда делфинлар ҳайқириғи остида қуёш чиқишини кузатиш ҳақиқатдан ҳам завқли. Айни шу пайтли турли денгиз қушлари, олмахонлар қирғоқ бўйига йиғилади. Бечора олмахонлар бирон нарса берармикан деб роса орқамдан юришди. Билганимда бирон егулик оволардим…
Океанда қуёш ботишини ҳам томоша қилдим. Қуёш ботганидан сўнг осмон турли гўзал ранглар билан қопланади. Ранглар сувда акс этиб ажиб манзара юзага келади.
Кўрфазга яқин жойда очиқ ботаника боғи мавжуд бўлиб, у ерда 200 дан ортиқ пальма турлари ўстирилади. Уларни томоша қилиб, ҳали Яратганнинг ҳали биз кўрмаган не-не буюк яратмишлари борлиги ҳақида тафаккур қилдим.
© Суратларни муаллиф туширган.
Ajoyib, gap yo’q! Muallif, yozganlaringizni o’qib, havasim ketti. Qani edi bizni ham amriqoda yo’qlovchimiz bo’lsa…