Бурятлар (ўзларини баряат деб атайдилар) — Россия Федерациясидаги халқ. Бурятия Республикасининг асосий аҳолиси (286 минг киши, 2010). Бурятлар Монголиянинг шимолида (45 минг киши) ва Хитойнинг шимоли-шарқида (40 минг киши) ҳам яшайдилар. Умумий сони 620 минг киши (2010). Монголоид ирқига мансуб. Бурят тилида сўзлашади. Бурятлар орасида асосан будда — ламаизм, шунингдек христианлик (православие) тарқалган, энг қадимги диний эътиқодлар (шаманизм) ҳам сақланган.
- Юқорига кетган йўл, пастга ҳам тушади; мусибат ортидан бахт ҳам келади.
- Тутилмаган балиқ доим катта бўлади.
- “Ширин, ширин” деганинг билан оғзинг ширин бўлиб қолмайди, болангни “ақлли, ақлли” деганинг билан бошига ақл кириб қолмайди.
- Яхши отни тоғ емиради, яхши одамни — ароқ.
- Итлар йўқ жойда чўчқа ҳам ҳурийди.
- Китобсиз уй кўзсиз одамга ўхшайди.
- Кураш бўлмаган пайтда полвонлар кўпаяди.
- Чавандоз бешикдалигидан маълум.
- Мусибат ва кулфат олти кунда, бахт ва хурсандлик юз кундан сўнг келади.
- Камбағал доим ёрдам беради, етим доим далда бўлади.
- Тутундан қочиб ўтга тутилди.
- Тежамкорлик ҳаёт учун фойда, эҳтиёткорлик — бадан учун.
- Бефаҳм бош қўлга озор беради.
- Яқиндаги ҳўкиз узоқдаги қайиқдан афзал.
- Бой бойликдан, ботир курашдан тўймайди.
- Бирлик доим ғалаба қозонади.
- Катта ишлар кичик нарсалардан бошланади.
- Катта тошни кичиги билан йўнадилар.
- Катта айиқ кучлироқ бақиради.
- Омон бўлсанг мулк топилади.
- Югурик дарё денгизга етиб боролмайди.
- Очлик замонида эчкининг боши ҳам давлат, тўқлик замонида қўйнинг боши ҳам ахлат.
- Меҳмондўст оилада одам йиғилади, сувўтларига бой дарёда — балиқ.
- Очкўзнинг ошқозони тошни ҳам ҳазм қилади, итнинг ошқозони суякни эритади.
- Севгининг кўзи йўқ.
- Ўзга юртнинг итлари ҳам бошқача ҳурийди.
- Туяга эгрилиги кўринмайди, одамга — бадхулқлари.
- Вино ва тамаки — яқин қариндош.
- Ошиқ тошбақа денгиздан ҳам сузиб ўтади.
- Бўри ва қўзи бирга яшолмайди.
- Қарға чўлда ҳам, водийда ҳам қора.
- Вақт ҳар нарсадан қиммат.
- Қимматбаҳо тошларнинг кичигини, ноннинг каттасини ол.
- Танлаб-танлаб кўрига учради, текшириб-текшириб кирга ўтирди.
- Ўт-ўлан ўсса — ернинг кўрки, қариялар йиғилса — тўйнинг.
- Қарға қаерда бўлса ҳам лочин каби учолмайди.
- Галасидан айрилган қуш, онасидан айрилган улоқча йиртқичларга ем бўлади.
- Ғазаб инсонни, тоғ отни синайди.
- Бақироқ ит тишламайди.
- Давлат қонун билан тик туради.
- Сўз бердингми — бажар, бошладингми — охиригача ишла.
- Сершох дарахт тоғнинг кўрки, чиройли қиз — уйнинг.
- Узун нутқ — сафсата, қисқаси — донолик.
- Ақл билан киролмаган жойга кўз билан боролмайсан.
- Ўлжа кечикмайди, бола туғиш ҳеч қачон кеч эмас.
- Узун этак оёқни чалғитади, узун тил бўйинни кесади.
- Осмонга тош отма, бошингни ёради.
- Беришса — ол, ҳайдашса — кет.
- Олов бўлмаса тутун ҳам бўлмайди.
- Кеч қолсанг кўп нарсани йўқотасан, ошиқсанг бахтли бўласан.
- Агар сени қўй сўйиб кутиб олишган бўлса, сен уларни ҳўкиз сўйиб меҳмон қил.
- Мусибат кўрмаган ўзгаларнинг азиятини билмайди.
- Асал бор жойда пашша ҳам бўлади, қиз бор жойда — куёв.
- Очкўзга подани ишониб бўлмайди, хасисга — овқат тайёрлашни.
- Эчкининг шохи осмонга, туянинг думи ерга етишини кутиш шарт эмас.
- Айбинг учун ўзинг жавоб бер.
- Ёзда йиғилган қишда фойда.
- Қариликда олинган илм — кулга ёзилган битик, ёшликдаги билим — тошга ўйилган ёзув.
- Олтинни тозаласанг янада ёрқин бўлади, кўмирни тозаласанг янаям қораяди.
- Қуёшнинг ҳам доғи бор, яхши одамнинг ҳам камчилиги бўлади.
- Пўлат пичоқни майда нарсалар синдиради.
- Қарзи бор бойимайди, тиррақи эчки семирмайди.
- Шарафни бир умр излаб, бир кунда йўқотадилар.
- Оч бўлсанг, мой — хазина, касал бўлсанг, дори — хазина, совуқотсанг, пўстин — хазина.
- Тўқлигингда қўйнинг думбаси ҳам қаттиқлик қилади, очлигингда буғунинг шохи ҳам юмшоқ.
- Отнинг тўртта оёғи бўлгани билан у ҳам қоқилади.
- Сигир шакарнинг таъмини билмайди.
- Сигирга эгар ярашмайди, аёлга — вино.
- Итнинг оғзига тушган суяк бутун чиқмайди.
- Астойдил қидирган одам доим топади.
- Мусибат чекмаган бахт қадрини билмайди.
- Қўшнисидан умид қилган овқатсиз қолади, бошқалардан умид қилган — пулсиз.
- Игнани ўғирлаган бияни ҳам ўғирлайди.
- Темирни қайноқлигида бос.
- Қари итнинг ҳуриши — эрталабгача, қариянинг айтгани — бир умрга.
- Айтиш осон, бажариш қийин.
- Дангаса ўтириб чарчайди, меҳнатсевар ишлаб яйрайди.
- Тулки тушида ҳам товуқ санайди.
- Чучмал таъмдан аччиқ яхши.
- Юз гўзаллигидан қалб чиройи афзал.
- Ўн марта ваъда бергандан бир марта бажарган афзал.
- Кўп ейиш — саломатлик учун зарар, кўп ухлаш — иш учун.
- Сукут — розилик аломати.
- Хотинсиз эр — соқолсиз така.
- Ҳаммани бирдек рози қилиб бўлмайди.
- Қудуқ остида балиқ бўлмайди, мақолда ёлғон бўлмайди.
- Темирда занг бўлганидек қариндошлар орасида нодони ҳам бўлади.
- Денгизда дарға, қуруқликда сарбон керак.
- Хатолар ўргатади.
- Ўзга юртнинг баҳори ҳам қора, ўз юртингнинг қиши ҳам яшил.
- Лапашанг бўрини қўзичоқ ҳам масхаралайди.
- Ёққан ёмғир тинади, келган меҳмон кетади.
- Айтган сўзига эмас, қилаётган ишига ишон.
- Ўзингни кийим билан эмас, илм билан беза.
- Кўр ҳўкизни қудуққа яқинлаштирма, мастга ароқни кўрсатма.
- Ўғри ой нурини ёмон кўради, ёмон — яхшини.
- Томирсиз ўт ўсмайди.
- Қарилар устидан кулма, сен ҳам қарийсан.
- Ҳали туғилмаган болага темир бешик ясама.
- Қарз йўқлиги — бойлик, саломатлик — бахт.
- Ўз болангдан ҳам ширин нарса йўқ.
- Илмдан ортиқ бойлик йўқ.
- Олов ва сув — катта мусибат.
- Битта учқун бутун ўрмонни кул қилиши мумкин.
- Кузги осмон — юганланган от, баҳор осмони — юганланмаган от.
- Эшакни қулоғидан танийдилар, аҳмоқни — сўзидан.
- Ҳўкиздан сут олиб бўлмайди.
- Чириган ўтиннинг тутуни кўп, шалвираган араванинг — ғичир-ғичири.
- Ёмон уруғдан катта ҳосил кутма.
- Инсон меҳнатдан ёшаради.
- Чўчқадан қундуз туғилмайди, аҳмоқдан яхши гап чиқмайди.
- Хатолар пушаймонликка олиб боради.
- Йўқолган сигирнинг сути мўл.
- Пиёда отлиққа ўртоқ эмас.
- Нодон егани ҳақида, доно кўргани ҳақида гапиради.
- Олиш осон, бериш қийин.
- Бошқаларга ёрдам берсанг сенга ҳам ёрдам беришади.
- Ёрдам берсанг — унутадилар, зарар берсанг — эсдан чиқармайдилар.
- Ҳақиқат сувда чўкмайди, ўтда ёнмайди.
- Ҳақ гап — шердан кучли, адолатли инсон — олтиндан қиммат.
- Ҳақиқатдан қўрқиб бўлмайди, ёлғон сўздан қўрқиш керак.
- Қаттиқ момоқалдироқдан сўнг ёмғир ёғмайди.
- Қўрқоқ от ўз соясидан ҳам чўчийди.
- Оғиз омбор эмас, қулфлаб бўлмайди.
- Кучли билан курашма, бой билан тортишма.
- Ўзингнинг битта ёмонинг бировнинг иккита яхшисидан афзал.
- Ўзингнинг сувинг бировнинг мойидан афзал.
- Кўр ғилайнинг устидан кулган экан.
- Сўз сўзни туғади, сигир — бузоқни.
- Катталарнинг маслаҳатига қулоқ сол — ҳаётда йиқилиб қолмайсан.
- Ўлимга олиб борувчи касаллик билдирмай бошланади.
- Одамга ўз ҳиди билинмайди.
- Кўрлар орасида кўзингни қис, чўлоқлар орасида оёғингни кўтарма.
- Қари бўрини алдаб бўлмайди.
- Эски дўст янгисидан афзал.
- Бирлашган қирқ бошли тўда алоҳида ов қилаётган йўлбарслардан кучли.
- Қуриган дарахт — ўрмон учун ортиқча, ёмон қиз — оила учун дардисар.
- Тинч юрсанг узоққа борасан.
- Фақатгина аҳмоқ ўзини мақтайди.
- Дунёдаги энг тез нарсалар учта: инсон фикри, отилган ўқ ва нигоҳ.
- Меҳнат — бахт.
- Қўрқоқ ўн марта ўлади.
- Яхши отнинг эгаси кўп бўлади, яхши одамнинг — дўсти.
- Ёлғончининг доим гувоҳлари бўлади.
- Ёлғоннинг оёғи қисқа.
- Бошқаларни ҳурмат қилган ўзини ҳам ҳурмат қилади.
- Ақл қариликда эмас, кўрган, эшитган ва ўқилган илмда.
- Сувга йиқилганга ёмғир қўрқинчли эмас.
- Отни қўйиб юборсанг — ушлаб оласан, айтилган сўзни тутиб бўлмайди.
- Яхши дўст тош девордан мустаҳкам, яхши от — лочиндан тез.
- Ҳўкизнинг қулоғига сув ҳам, мой ҳам қуйиб кўр — у барибир моллигича қолаверади.
- Тана қаригани билан, қалб қаримайди.
- Кўпга улгурмоқчи бўлсанг, камдан бошла.
- Одамнинг ёмони шомон бўлади, отнинг ёмони — айғир.
- Одам икки марта ўлмайди.
- Қарздорликда яшагандан фақирлик афзал.
- Юзта молинг бўлгандан юз нафар дўстинг бўлсин.
- Кўп гапиргандан кўра кўп еган яхшироқ.
- Ўз номингни булғагандан суягинг сингани афзал.
- Бекорчи суҳбатдан сукут афзал.
- Хондан сўрагандан қоровулдан сўраган яхшироқ.
- Бировнинг хотини булбулдек, ўзингники қарғадек туюлади.
- Бировнинг ақли билан узоққа боролмайсан.
- Заҳарни заҳар билан босадилар, душманни қурол билан енгадилар.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.