АҚШнинг шимоли-ғарбида, Тинч океани соҳилида жойлашган Орегон штати табиати, маданияти билан бошқа штатлардан ажралиб туради. Орегоннинг ғарбий қисми тоғликлардан иборат, ички қисми водий. Соҳил қисми иқлими нам мўътадил, ички қисм қуруқ континентал. Тоғлари асосан игна баргли ўрмонлар билан қопланган. Колумбия дарёси водийсида қишлоқ хўжалиги, ёғочсозлик ва балиқчилик яхши ривожланган. Орегоннинг Тинч океани соҳилларида сув ҳарорати анча салқин.
Орегон штати бизнинг Шарққа хос бўлмаган бир қанча одатлари билан машҳур. 1994 йилиёқ АҚШда биринчи марта штатда оғир касалларга врач ёрдамида ўз-ўзини ўлдиришга рухсат берилган. Бир жинслилар “никоҳи” ҳам бу ер учун янгилик эмас. Газеталарда жинсий озчиликлар ҳақида тез-тез мақолалар бериб турилади. 2014 йил 4 ноябрдан эса марихуана истеъмоли ва савдосига ҳам рухсат берилган. Ҳатто биз ташриф буюрган газеталардан бирининг муҳаррири таҳририят ҳудудидаги лабораторияда ўстирилаётган марихуана ниҳолларини фахр билан кўрсатди.
Орегон штатида харидлар учун солиқ мавжуд эмас. АҚШнинг аксарият штатларида федерал ва штат солиқлари қўшилиб, хариднинг 12 фоизигача қўшимча қиймат билан ҳисобланади.
* * *
Портленд – Орегон штатининг энг катта шаҳри. У АҚШнинг энг яшил шаҳарларидан бири ҳисобланади. Портлендни “Атиргуллар шаҳри” деб ҳам аташади. Шаҳар ҳудудида Халқаро Атиргул боғи мавжуд бўлиб, у ерда 10000 дан ортиқ турдаги атиргуллар ўстирилади.
Портленддаги энг катта муаммолардан бири уйсизлар, кўчада ётиб қолувчилардир. Маҳаллий “Willamett Week” газетаси муҳаррирининг изоҳлашича, уйсизларнинг аксарияти наркомания ва алкоголизм дардига йўлиққанлар, уруш фахрийлари ҳамда руҳий тушкунликка дучор бўлган одамлардир. Уларни Портлендга чорлаган бошқа сабаблардан бири иқлимнинг нисбатан мўътадиллиги ва уйсизлар учун уюштириладиган турли хайрия тадбирларининг кўплигидир. Бир куни ёмғирдан пана излаб ана шу уйсизлар маскани, кўприк тагига кириб қолдим ва ёмғир тингунича уларнинг ҳаётини ўргандим. Кўча одамлари орасида оқ танли ёш қиз ва йигитлардан тортиб, қари чол ва кампирлар ҳам мавжуд эди. Баъзилари кўчада худди уйдагидек яшашарди: эсдалик расмларини картон деворга илишган, қўғирчоқларини ясатиб қўйишган, гитара чалган…
Уйсизлар кўп бўлишига қарамай, шаҳар анча хавфсиз. Кечаси уйсизлар қароргоҳи олдидан ўтсангиз ҳам ўзингизни бехавотир ҳис қила оласиз. “Forbes” журнали Портлендни АҚШдаги ҳаёт учун хавфсиз учинчи шаҳар деб эълон қилган.
Флорида кундаликларида АҚШликларнинг эрта туриши ҳақида ёзгандим. Портлендда бўлиб, шунга амин бўлдимки, улар эрта ухлашаркан ҳам. Шаҳардаги аксарият дўкон, кафе ва ресторанлар соат 21:00 даёқ беркилади. Соат 22:00 дан сўнг кўчада жуда кам одамни учратиш мумкин.
* * *
Портлендга келган зиё аҳли Powell’s китоблар шаҳрини кўрмасдан кетмайди. Бутун бир квартални эгаллаган, 3 қаватдан иборат ушбу зиё салтанати АҚШдаги энг катта китоб дўконидир. “The Washington Post” газетасининг ёзишича, Powell’s китоблар шаҳри инглиз дунёсидаги энг яхши ва энг катта китоб дўконларидан биридир. Бу ердан исталган мавзудаги янги ва эски китобларни топиш мумкин. Дўконда 4 миллиондан ортиқ китоб сотилади, кунига 3000 эски китоб сотиб олинади. Китоблар мавзусига кўра, 9 та зал, 3500 та бўлимга ажратилган. Ҳар бир залда китобни электрон тарзда қидириш учун компьютерлар ўрнатилган. Телефонлар учун ҳам махсус илова дастури мавжуд бўлиб, у орқали маълум китобни қайси бўлимдан топишни аниқлаш мумкин. 40 нафардан ортиқ хизматчилар сизга китоб топишда ёрдам беришади. Дўконни айланиб чиқишга ярим кун кетди, шунда ҳам барча бўлимлар билан танишиб чиқишга имкон бўлмади. Асосий ва ўзимга қизиқ бўлган бўлимларни кўриб чиқдим.
Ислом бўлимида 1000 га яқин китоб мавжуд. Бўлимда Имом Термизий ривоят қилган ушбу ҳадис ёзиб қўйилган: “Агар сиз фақирларни севсангиз ва улар билан яқин бўлсангиз, Қиёмат куни Аллоҳ ҳам сизни Ўзига яқин қилади” (1376-ҳадис маъноси). Жалолиддин Румий учун ҳам алоҳида бўлим ажратилган. Саёҳатлар бўлимидан Ўзбекистон ҳақида ҳам учта китоб топдим. Луғатшунослик, энциклопедиялар, болалар учун китоблар бўлимида кўпроқ қолдим. Болаларнинг интеллектуал шаклланиши учун ажойиб китоблар мавжуд экан. Баъзи китоблар икки хил: арзон ва қиммат вариантда чоп этиларкан. Қимматроқ вариантининг муқоваси қаттиқ, ялтироқ, қоғоз сифати ҳам аъло. Арзонроқ вариантдаги китобнинг муқоваси юмшоқ, қоғози сариқ, лекин ҳамёнбоп — қиммат версиядан 2 баробар арзон.
* * *
Тинч океани соҳилидаги Манзанита шаҳарчасида меҳмон бўлдик. Шаҳарда 598 киши истиқомат қиларкан. У ернинг маҳаллий “North Coast Citizen” деб номланган газетаси бўлиб, у 1500 нусхада чоп этиларкан. Бу ерда ҳамма газета ўқирган, қўшни ҳудудларга ҳам тарқатишаркан. Менга энг маъқул келгани мана шу кичик шаҳарда ҳам катта китоб дўкони мавжуд бўлиб, у ерда кўпгина харидорларни учратиш мумкин эди.
Колумбия дарёсининг Тинч океанига қуйилиш ҳудудида жойлашган Астория шаҳрида 10000 киши истиқомат қилади. Маҳаллий “The Daily Astorian” газетаси 10000 нусхада, ҳафтасига 5 марта чоп этилади. Асосан маҳаллий хабарларга ихтисослашган бу газета ҳам шаҳардаги барча хонадонларга етказиб берилади. Шунингдек, унинг интернет версиясини ҳам кунига 20000 киши ўқиркан. Газета муҳарриридан “Ҳозирда кўп нашрларнинг интернетга ўтиб кетишидан хавотирланмайсизми? Одамлар газета ўқимай қўйишидан қўрқмайсизми?” деб сўраганимда “Йўқ, ўқувчиларни асло йўқотмаймиз, газетада ўқиган планшетда ҳам ўқийверади. Лекин, реклама берувчиларни йўқотамиз. Интернетдаги реклама жуда арзон” деб жавоб берди. АҚШдаги газеталарнинг аксарияти рекламадан даромад қилади. “The Daily Astorian” муҳаррирининг айтишича, обуна пули газетани етказиб бериш харажатларини қоплайди, холос.
Орегон штатининг энг қадимий газетаси (1850) “The Origonian” ҳар куни 320000 нусхада, якшанба кунлари 375000 нусхада чоп этилади. Асосан маҳаллий янгиликларни чоп этадиган ушбу газета 7 марта Пулицер мукофотига сазовор бўлган.
* * *
BBC компанияси томонидан ишланган “Табиатнинг буюк ҳодисалари: Лососларнинг буюк кўчиши” (Nature’s Great Events: The Great Salmon Run) фильмини кўпчилик кўрган бўлса керак. Унда ярим миллиарддан ортиқ Тинч океани лососларининг бир вақтлар ўзлари туғилган тоғ жилғалари томон 5000 километрлик узун саёҳатлари ҳақида ҳикоя қилинади. Орегоннинг Тинч океани қирғоқлари ва Колумбия дарёси қуйи қисми ана шу лосослар ҳаракат қиладиган ҳудудда жойлашган. Штатнинг энг чиройли табиий манзаралари: тоғ ва океан, игна баргли қалин ўрмонлар, шошқин жилғалар, шаршаралар бу маконга кўрк бериб туради.
Малтнома шаршараси ҳам Колумбия дарёси ҳавзасида жойлашган. 191 метр баландликдан оқиб тушувчи ушбу шаршара АҚШдаги доимий оқиб турувчи энг баланд иккинчи шаршарадир. Бу ернинг табиати жуда гўзал, ҳавоси тоза. Биз борган куни майин ёмғир ёғаётган эди. Сўқмоқ йўл билан шаршара юқорисигача кўтарилдим.
Малтномадаги балиқ хўжалиги — музей-қўриқхонага бордик. У ерда Колумбия дарёсида яшовчи лосос ва оқ осетр балиқлари кўпайтирилар экан. 4 метрли оқ осетрни ўша ерда кўрдим.
* * *
АҚШда мен борган шаҳарлар орасида Портлендда мусулмонларни кўпроқ учратдим. Шаҳарда 10 дан ортиқ масжид, исломий маданият марказлари мавжуд.
© Суратларни муаллиф туширган.