Интернет аталмиш техника мўъжизаси инсон ҳаёти, онгу тафаккур, дунёқарашини ўзгартириб, мисли кўрилмаган бошқа ўзанга буриб юборди, тараққиёт кемаси ҳаракат маромини жадаллаштирди. Одамзот, хусусан, кейинги 20 йилда қўлга киритган ютуқлари учун интернетдан ҳар қанча миннатдор бўлса арзийди. Бугун алоқа-телекоммуникация, банк-молия тизимлари, бизнес, оммавий ахборот воситалари, юқори технологиялар (Hi-Tech), таълим соҳаларини интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Техника-технология кашшофлари инсониятни ҳайратга солишни бас қиладиганга ўхшамайди. Кунда-кунора инсон оғирини енгил, узоғини яқин қиладиган виртуал хизматлар пайдо бўлаётгани шундай некбин хулосага ундамоқда. 2012 йил 30 июнь ҳолатига кўра, сайёрамизнинг 2,4 миллиард аҳолиси интернетнинг доимий фойдаланувчиси саналади. 2015 йил бошидаги статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг учдан бири (10,2 миллион) халқаро компьютер тармоғидан фойдаланади.
Интернет – гигант ахборот уммони. “Google” экспертларининг маълум қилишича, виртуал маълумотлар базаси ҳозирча 5 миллион терабайтни ташкил этади (1 терабайт – 1024 гигабайт). Ҳа, ҳозирча шундай. Ахборот миқдори геометрик прогрессия асосида ошиб бораётган бир пайтда қилни қирқ ёрадиган мутахассислар ҳам интернетнинг эртаси ҳақида узил-кесил фикр айтишга журъат қилолмаётир.
Сониялар салмоғи
Ахборотни топиш. Ҳозир ахборотнинг ҳаётимиздаги ўрни ҳамма замондагидан ҳам ошган. У онгу тафаккуримизни шу қадар кучли чирмаб олганки, ахборот одамни идора этаётгандек туюлади. Исталган мавзудаги ахборотни интернет орқали сониялар ичида топиш мумкин. Виртуал оламдаги илғор қидирув тизимлари оний вақт ичида миллиардлаб саҳифалар орасидан сизга керакли маълумотни топиб беради. Турли тиллардаги онлайн қомусларни айтинг! Масалан, энг йирик интернет энциклопедияси – “Wikipedia” инглиз тилида 4 853 000, немис тилида 1 806 000, француз тилида 1 614 000, рус тилида 1 213 000, итальян тилида 1 193 000, испан тилида 1 172 000 та ва бошқа тилларда минг-минглаб мақолаларни жамлаган.
Электрон савдо. Устоз шоиримиз бу дунёни бозорга ўхшатгани бежиз эмас. Чиндан ҳам, ҳаётимизни олди-сотдидан айро тасаввур этолмаймиз. Бугун тиғиз савдо муносабатлари реал бозордан виртуал бозорга кўчяпти. Жаҳоннинг жуда кўп товар-хомашё, валюта ва фонд биржалари тўлиқ электрон тизимга ўтган. “Oxford Economics” маълумотларига кўра, жаҳон бўйича йиллик электрон савдо айланмаси 20,4 триллион АҚШ долларини (жами савдонинг 13,8 фоизи) ташкил этади.
Интернет орқали маҳсулотларни сотиш ва сотиб олиш янгилик бўлмай қолди. Юртимизда ҳам бир қанча интернет дўконлари фаолият юритмоқда. Ақчангиз бўлса бас, зарур маҳсулотга уйдан чиқмай, интернетда буюртма берасиз. Кўз очиб юмгунча истагингиз муҳайё этилади. Авваллари харид учун бир кун-ярим кун сарфланган бўлса, бугун интернет орқали бу юмушни саноқли дақиқаларда битириш мумкин.
Оммавий ахборот воситалари. Интернет журналистика энг тезкор ОАВга айланди. Яхши бузоқ ҳақидаги машҳур нақл эсингиздадир. Интернет журналистика вакиллари матбуот, радио, телевидениенинг имконият ва ютуқларидан бирваракайига фойдаланмоқда. Энди сиз муҳим ахборот билан танишиш учун газета чоп этилиши, телевизор ёки радиода янгиликлар дастури бошланишини илҳақ кутмайсиз. Интернет нашрлари жонингизга ора киради. Матн, фото, тасвир, овоз, инфографика каби элементлар мужассам хабарлар билан интерфаол тарзда танишасиз. Янги пайдо бўлган интернет-радио ва интернет-телевидение йўналишлари ҳақида ҳам кўп ва хўб гапириш мумкин.
Ҳозирда Uz миллий доменида 21000 дан ортиқ сайт мавжуд бўлиб, улардан 304 таси ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган (2015 йил, 1 январь ҳолати).
Электрон почта. Бугунги тезкор замонда илгаригидек ҳафталаб мактуб кутишга сабр қаерда?! Алқисса, электрон почта (e-mail) анъанавий почтанинг нонини яримта қилди. Интернет орқали мактуб ва ҳужжатларингизни дунёнинг исталган нуқтасига сониялар ичида юборишингиз мумкин. Электрон почта телефон, факс ва почта хизматларидан кўра анча арзон, аксар ҳолларда, деярли текин. Қулайликларга бой бўлгани боис ҳам электрон почта хизмати бизнес ва коммуникациянинг ажралмас қисми – “қўлу оёғи” бўлиб қолди.
Хизматлар. Одамзот қийинчиликни хуш кўрмайди, ҳамиша жонининг ҳузурини ўйлайди, муаммолари хамирдан қил суғургандек оппа-осон ҳал бўлса дейди. Интернет эса бунда энг яқин кўмакчи, дастёр. Қаерда бўлишингиздан қатъи назар, халқаро компьютер тармоғи орқали банк хизматидан фойдаланиш, коммунал тўловларни амалга ошириш, чипта, меҳмонхона ва бошқа хизматларга буюртма беришингиз мумкин. Телефон, кабель телевидениеси ҳақини тўлаш учун ҳам овора бўлиб касса қидириш шарт эмас. Ахир, ҳожатбарор ихтирочилар интернет деган аломат воситани бекорга ўйлаб топибдими!
Мулоқот. Глобаллашув замонида инсоний муносабатлар ҳам таҳрирга учраяпти шекилли. Баъзилар девор-дармиён қўшниси ёки хеш-ақрабоси билан ойлаб дийдорлашмайди, аммо дунёнинг қайсидир пучмоғидаги виртуал дўсти билан кунлаб қаймоқлашиб ўтиради. Ана шунақа, интернет одамга икки оламни бир қадам қилиб қўйди. Айни чоғда, ҳар доим ҳам кўришиш, суҳбатлашиш имкони бўлавермайдиган синфдош, курсдош, хизматдош, маслакдош, сирдош дўстларингиз билан интернет воситасида осонгина топишиб, доимий ҳол-аҳвол сўраб туриш, қисқаси, виртуал дийдорлашиш мумкин. Интернет иш юзасидан музокаралар олиб бориш, ҳамкорликни жонлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Электрон кутубхоналар. “Ёшлар китоб ўқимай қўйди” дейдиганлар интернетдаги виртуал кутубхоналарга бирров бош суқиб, фикрини ўзгартирса ажаб эмас. (Виртуал дунё фуқаролари қандай китобларни ўқиётгани – бошқа масала.)
Кутубхоналардан тополмаган ёки сотиб олишга қўл калталик қилган аксар китобларингизни халқаро тармоқдан топасиз. Керакли маълумотни қидиришнинг осонлиги-чи! Дейлик, “Девони луғотит турк”дан бирор кўҳна туркий сўзнинг маъносини аниқлаш зарурати туғилди. Китобингиз бўлмаса, табиийки, кутубхонага чопган бўлардингиз. Китоб топилгунча, кўнгилни кенг қилиб кутишга тўғри келардиди. Эндиликда эса интернет эса қисқа фурсатда муродингизни ҳосил қилади.
Халқаро тармоқдаги электрон китобларнинг асосий қисми инглиз тилидадир. Немисча, французча ва русча нашрлар ҳам анча салмоқли.
Дунёдаги энг йирик китобфуруш компания (Amazon) маълумотига қараганда, кейинги йилларда бестселлер бўлган китобларнинг 25 фоизи ҳали нашриётлар чоп этмасдан туриб, муаллифлар интернетга жойлаган асарлардир. Дунёнинг тескарилигини кўринг, катта нашриётлар дастлаб халқаро тармоқда машҳур бўлган китобларнинг муаллифлари билан шартнома тузиб, асарларнинг босма вариантини ҳам чоп этмоқда. Британия университети профессори Пол Рикингтоннинг аввал “Amazon” сайтида эълон қилинган икки романи “Pan Macmillan” нашриётида 150 000 нусхада чоп этилди.
Дарвоқе, ўзбек тилидаги биринчи электрон кутубхона – www.ziyouz.com сайти 2004 йили ташкил этилган бўлиб, ҳозирда порталда 5300 дан ортиқ электрон китоб мавжуд. Уларнинг аксари ноёб нашрлардир.
Иш топиш. Ҳозирда ёзувчи, дизайнер, дастурчи, таржимон ва бошқа касб эгалари интернет орқали иш топиб, фаолият юритмоқда. Одатда, бу турдаги фаолият учун маконнинг аҳамияти йўқ. Интернет орқали берилган ишни бажарасиз, иш ҳақингизни эса бориб банкдан оласиз.
Маълумотларни юклаб олиш. Ўзингизга керакли дастурий таъминот, мусиқа ва фильмларни интернетдан бемалол кўчириб олишингиз мумкин. Маълумотларнинг аксари текин! Шунингдек, онлайн кинотеатрларда мароқ билан фильм томоша қилиш, фонотекалардан эса эски мумтоз қўшиқларни топиб, тинглаш қулай ва мароқли.
Таълим. Дунёнинг машҳур университетлари бугун онлайн таълимни таклиф этмоқда. Виртуал оламда онлайн таълим тизими жорий қилиниб, илмталаб ёшларга қулайлик яратилди. Шунингдек, минглаб бепул онлайн курслар ҳам мавжуд бўлиб, уларда турли соҳалар бўйича билим ва малака ошириш мумкин. Онлайн таълим интерактив усулда – электрон китоб, аудио қўлланмалар ва жонли видеомулоқот орқали амалга оширилади.
Қайси соҳада бўлишингиздан қатъи назар, иш ва ўқув фаолиятида туғилган саволларга интернетдан жавоб қидиришингиз, маслакдошларингиздан маслаҳат олишингиз мумкин.
Тарғибот. Бизнингча, ёшларни интернет китобхонлигига жалб этиш, онлайн танлов, викториналар уюштириш, форум ва ижтимоий тармоқлар имкониятидан самарали фойдаланиш, ёзувчи, шоир ҳамда жамоат арбобларининг сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ривожлантириш, оммабоп сайтларда мазмундор китоблар рекламасини кучайтириш орқали интернетда ўзбек тили, тарихи, адабиёти ва маънавиятини кенг тарғиб қилиш мумкин.
Ўзбекистон халқ шоири, халқаро тармоқнинг фаол фойдаланувчиси Хуршид Даврон айтмоқчи, “Интернет бамисоли дудама пичоқ: бировнинг қўлида у олма пўстини чиройли айлана қилиб арчади, бировнинг қўлида гўдак жонига қасд қилади”. Демак, бу “дудама пичоқ”дан фақат эзгу мақсадда фойдаланиш кўникмасини шакллантириш жуда муҳим.
Интернетнинг омма, хусусан ёшлар онгига кўрсатаётган зарарли таъсири ҳақидаги фикрларга дуч келганимда, унинг юқорида қайд этиб ўтганим ижобий хусусиятлари ҳақида булар нега жим туришади, деган савол кўнглимдан ўтади. Шунда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозим, деган шиор бугунги кунда жанговар ҳайқириққа айланиб жаранглаши лозим, деган хулосага келаман. Ўйлайманки, инернетга қарши эмас, балки интернет орқали тарқатилаётган ёт ғояларга қарши кураш ҳақида кўпроқ ўйласак, бу борадаги ишларимизга интернетнинг ўзини қурол қилиб олсак, кўзлаган мақсадга тезроқ етамиз.
Менимча, интернетни душман билганлар янглишади, уни дўст тутиб, ўзимизга ҳаммаслак ва ёрдамчига айлантириш ўз қўлимиздаги иш.
Давронбек ТОЖИАЛИЕВ,
www.ziyouz.com портали бош муҳаррири
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2015 йил, 1-сон