Нью-Йорк штати – АҚШнинг банк иши, қимматли қоғозлар савдоси ва телекоммуникация соҳаларидаги энг катта маркази. Молиявий фаолият (жумладан, суғурта), кўчмас мулк савдоси штат ялпи даромадининг 80 фоизини ташкил этади. Нью-Йорк штатининг ялпи ички маҳсулоти 1130,4 миллиард доллардир (2011).
* * *
Нью-Йорк АҚШнинг энг коррупциялашган штатларидан бири. Олбанидаги журналистларнинг берган маълумотларига кўра, сўнгги ўн йил давомида штат қонун чиқарувчи органида ишлаган 30 нафар депутат коррупция билан айбланиб қамоққа олинган. Бунда оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта бўлган. АҚШ расмийлари, сиёсатчилар 3 ҳокимиятдан ҳам кўра ОАВдан кўпроқ қўрқишади.
* * *
Орегонда марихуана истеъмолига буткул рухсат этилганлиги ҳақида ёзгандим. Нью-Йорк штатида эса марихуана фақатгина тиббий мақсадлар учун рухсат этилган. Нью-Йоркдаги радиолардан бирининг муҳаррири сўзларига кўра, “тиббий мақсадда” деган сўзнинг қўшилиши масъулиятдан қочиш учун, холос.
Учрашувларнинг бирида меҳмон тараф Ўзбекистондаги тамаки тақиқига оид ҳолатни сўраб қолди. Бизда жамоат жойларида чекиш қонунан тақиқланганини айтдим. У бунга жавобан бизда ҳам ҳаммаси жамоат жойларида чекишни тақиқлашдан бошланган эди, деди. Ҳозирда АҚШ ҳудудидаги барча парклар, аэропортлар, кафе-ресторанлар, федерал бинолар, меҳмонхоналар ичкарисида чекиш ман қилинган.
Марихуана истеъмоли бўйича ҳолат ҳам шунга ўхшайди, менимча. Аввал тиббий мақсадда, фақатгина клиникаларда махсус изн билан фойдаланишга рухсат берилади. Кейин беморларга ҳам сотиб олишларига изн берилади, сўнг Орегондагидек хоҳлаган одам сотиб олаверадиган бўлади. Кейин бошқа моддалар ҳам қонунийлаштирилишига ҳеч ким кафолат беролмайди.
* * *
АҚШда хусусий телерадиоканаллар ва фильм компанияларидан фарқли ўлароқ жамоат теле ва радиоканаллари учун баъзи сўзларни ишлатишга цензура киритилган. Нью-Йорк дохил 7 та штатга узатиладиган Шимоли шарқий жамоат радиосининг президенти Алан Чартокнинг айтишича, жамоат радиоси эфирида “f…” сўзини ишлатган журналист ёки тингловчи 350 000$, радиостанция 50 000$ жаримага тортилади.
* * *
Нью-Йорк — АҚШдаги мусулмон жамоаларининг ҳам энг йирик маркази. Мусулмонлар штат аҳолисининг қарийб 4 фоизини, Нью-Йорк шаҳри аҳолисининг 10 фоизини ташкил этади. Мамлакатдаги энг кўп масжидлар ҳам Нью-Йорк штатида жойлашган. Штатда 257 та, Нью-Йорк шаҳрида 100 дан ортиқ масжидлар фаолият юритмоқда. Америка-Ислом алоқалари Кенгашининг ҳисоб-китобларига қараганда, 2011 йили уларнинг сони 2106 тага етган. Шунингдек мамлакатда 550 дан ортиқ мусулмон мактаблари фаолият юритмоқда. Турли маълумотларга кўра, АҚШдаги мусулмонлар сони 3 миллиондан 7 миллион нафаргача деб баҳоланади.
2010 йили айнан 11 сентябр терактлари амалга оширилган жойда «Ground Zero» масжидининг қурилиши режаси кўпчиликда норозилик уйғотган бўлса-да, президент Барак Обама қўллаб-қувватлови ва Нью-Йорк шаҳри ҳокимлиги рухсати билан жомеъ масжиди ва исломий марказ қурилиши бошланган эди.
* * *
Нью-Йорк – АҚШнинг энг, энг, энглар шаҳри. У Американинг бошқа шаҳарларига ўхшамайди. Бу ерда дунё маданиятлари, динлари, тил ва қадриятлар бирлашган. Дунёдаги энг кўп тилда сўзлашадиган шаҳар ҳам Нью-Йоркдир (шаҳар аҳолиси 800 дан ортиқ тилда сўзлашади). Нью-Йорк аҳолисининг 47 фоизи уй шароитида инглиз тилидан бошқа тилларда сўзлашади. Шаҳарга йилига 56 миллион турист ташриф буюради (2014). Нью-Йорк – дунёдаги энг кўп суратга тушириладиган шаҳар. Дунё бўйлаб ҳар йили ишланадиган фильмларнинг 250 тасида Нью-Йорк шаҳри тасвирланади.
Нью-Йорк шаҳрида қарийб 8,5 миллион киши, шаҳар агломерациясида 28 миллион аҳоли истиқомат қилади (2014). Ҳаддан зиёд аҳоли, миллионлаб автомобиллар ҳаракати, баланд биноларнинг кўплиги сабаб бу ердаги ҳаво анча ифлосланган. Шаҳарнинг қоқ марказида ҳам ахлат уюмларини учратишингиз, нохуш ҳиддан зада бўлишингиз мумкин.
Нью-Йоркдаги кўплаб осмонўпар бинолар, йирик молиявий ва маданий марказлар Манҳэттен оролида жойлашган. Голланд сайёҳи ва тадқиқотчиси Питер Минуит Манҳэттен оролини ҳиндулардан 24 долларга сотиб олган, аниқроғи Европадан келтирилган эсдалик буюмлар ва шиқилдоқларга алмашган. Ҳозирда эса Манҳэттенда ўртача кичик квартиралар нарҳи 2 миллион доллардан бошланади.
* * *
АҚШда бугунги кунда 20 мингдан ортиқ этник америкалик ўзбеклар истиқомат қилишади. Уларнинг аксарияти бундан 30-40 йил илгари Осиё ва Европадан кўчиб ўтишган. Америкадаги барча ўзбеклар сони 70 минг нафардан ортиқ деб баҳоланади. Ҳар йили “Грин карта” лотереяси орқали 3000 нафардан ортиқ юртдошларимиз Америка заминига келишмоқда. Уларнинг 70 фоизи Нью-Йорк шаҳрида қолишмоқда.
Ўзбек мигрантлари бизнес, фан, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилишмоқда. Давлат ташкилотларида, мамлакатнинг мактаб ва институтларида, адвокатура, авиация, медицина соҳасида фаолият юритаётганлари ҳам кўп. АҚШ ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органларининг маълумотларига кўра, ўзбеклар энг қонунга риоя қиладиган жамоалардан биридир ва улар орасида жиноятчилик жуда кам.
Дўстларим билан Нью-Йоркнинг марказида, Таймс майдони яқинида ўзбеклар очган ресторанда овқатландик. Ўзимизнинг болалар хушмуомалалик билан хизмат қилишди. Деярли туну кун ишлайдиган ушбу ресторан деворларини ўзбек тўнлари, сўзаналари ва матолари, Ўзбекистоннинг буюк тарихий шаҳарлари суратлари билан безашибди. Биргина Нью-Йорк шаҳрининг ўзида 10 дан ортиқ ўзбек ресторанлари мавжуд. АҚШнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўзбекча ресторанлар аста-секин урфга кириб бормоқда.
* * *
АҚШнинг энг катта шаҳри, молиявий пойтахти – Нью-Йорк шаҳри, Нью-Йоркнинг маркази – Манҳэттен ороли, Манҳэттеннинг маркази – Таймс майдони (Times Square). Нафақат Нью-Йорк, балки АҚШнинг ҳам маданий рамзига айланган Таймс майдонини «Дунёлар чорраҳаси», «Буюк оқ йўл» деб ҳам аташади. Бу ерда дунёнинг деярли барча миллат вакилларини учратиш мумкин.
Майдон марказида автомобиллар тирбандлигида қолиб кетган ўзбекистонлик дўстларимни кутарканман, бепул Wi-Fi қидира бошладим. Очиқ тармоқлардан бирига кирсам, уларнинг сайтига йўналтирилдим. Махсус сайтда “ўз севгингизни изҳор қилинг, у шу ердаги реклама экранларида кўринади” деган ёзувга кўзим тушиб, анкетани тўлдира бошладим. “Сизнинг изҳорингиз 2 дақиқадан сўнг намойиш этилади” деган ёзув чиқди. Шундай қилиб, Нью-Йоркнинг энг машҳур майдонида севгимни шу тарзда изҳор этдим:
Севги изҳори мутлақо бепул. Wi-Fi га уланиш имкони ва озгина абжирлик бўлса бўлди. Ушбу 2 катта экранда Hyundai бренди реклама қилиниб, баъзи вақтларда Wi-Fi орқали уларнинг дастурига кириб, мана шундай изҳорни юбориш мумкин экан. Фақат тез ҳаракат қилиб, улгуриш керак холос. Ушбу изҳор қарийб бир дақиқа давомида дунёнинг ҳар еридан келган минглаб инсонлар кўз ўнгида намойиш этилди. Дунёнинг машҳур брендлари ушбу майдонда қад кўтарган осмонўпар бинолардаги реклама жойлари ижараси учун миллионлаб долларлар тўлашади. Бу ердаги реклама дунёдаги энг қиммат рекламалардан биридир.
* * *
Нью-Йорк метрополитени – станциялар сони бўйича дунёдаги энг катта ерости транспорти. Жами 1355 километр, 34 та линия, 468 та бекат, 6400 вагондан (дунёдаги энг кўп) иборат ушбу метрополитенда иш кунлари ўртача 5,47 милиион йўловчи ташилади (йилига 1708 миллион йўловчи ташиш билан дунёда 7-ўринда туради. Биринчи ўринда Токио метрополитени – 3217 миллион йўловчи).
Нью-Йорк метрополитени жуда гавжум (эрталаб ишга келиш вақти ва кечроқ қайтиш маҳали метрода тирбандлик юзага келади), иссиқ (кўпгина бекат ва вагонларда ҳаво кондиционери ишламайди ёки дош беролмайди), бироз сассиқ (баъзи станцияларда ахлат уюмлари ва уларни ковлаётган каламушларни ҳам кўриш мумкин), сершовқин (метрополитен вагонларидаги шовқин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти нормаларидан анча юқори), кўримсиз (аксар бекатлар кўриниши бир хил).
* * *
АҚШда ҳар қандай тартиббузарлик учун жавобгарлик қатъий белгилаб қўйилган. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ҳам катта штрафлар солинади ва қоидабузарликлар фуқаронинг маълумотлар базасига киритилиб, унинг келгуси фаолиятида катта таъсирга эга бўлади. Масалан, йўл ҳаракати қоидаларини кўп бузган шахс транспорт билан боғлиқ ишга кира олмаслиги ёки банкдан транспорт воситаси сотиб олиш учун кредит ололмаслиги мумкин. Ушбу омиллар сабаб ҳайдовчилар ҳаракат қоидаларига кўпинча қатъий амал қиладилар. АҚШнинг 10 га яқин шаҳрида бўлиб, бирон марта ҳам бир-бирига тўқнашиб кетган машинани кўрмадим. Светофор ишламай қолган тақдирда ҳам тўрттала тараф навбат билан юришганига гувоҳ бўлдим. Шаҳардаги тирбандликларда ҳам ҳаракат тартибли, “тезроқ юр” деб орқадан сигнал чалиш ёки қарама-қарши йўлдан юриб олдинга ўтиб олиш, ёндан келиб навбатга кириб олишга уриниш йўқ. Йўловчилар ҳам кўпинча светофор чироқларига қараб ҳаракат қиладилар. Агар йўлда автомобиллар бўлмаса, қизил чироқдан ўтиб кетадиганлар ҳам бор. Худди шу чорраҳада баъзи йўловчилар оқ чироқ ёнишини кутадилар.
Лекин Нью-Йоркда буларнинг аксини кўрасиз. Кунига 5 миллион автомобиль ҳаракатланадиган Нью-Йорк кўчаларида иш кунлари доимий тирбандликлар юзага келади. Олғир ҳайдовчилар ёнингиздан ўтиб, навбатга турмоқчи бўлади, орқангиздан сигнал чаладиганлар ҳам бор. Қизил чироққа қарамасдан йўлдан ўтмоқчи бўлган оломонга ҳам гувоҳ бўласиз. Нью-Йоркдаги деярли барча кўприк ва тоннеллардан ўтиш пулли (бир томонга 6,50$).
* * *
Лондоннинг Хитроу аэропортида «Лондон — дунёнинг пойтахти» деб ёзиб қўйилган экан. Нью-Йоркда бўлган одамгина ушбу ёзувга беписанд назар ташлаб, “Йўқ, дунё пойтахти бу — Нью-Йорк” дея олади!
© Суратларни муаллиф туширган.