Тайлар — Ҳиндихитой, Жанубий Хитой ва Шимоли-шарқий Ҳиндистондаги халқлар гуруҳи (сиамлар, чжуан, лао, буи, шань, тай ва бошқалар). Умумий сони 90 млн. киши. Тайланднинг асосий аҳолиси (64,2 млн. киши, 2015). Шунингдек, АҚШ (250 минг киши), Лаос (180 минг киши), Австралия (150 минг киши), Хитойда (110 минг киши) яшайдилар. Тай гуруҳига мансуб тилларда сўзлашади. Диндорлари буддизм (тхеравада)га эътиқод қилади.
- Хасислик бир эшикдан кирса, бахт иккинчисидан чиқиб кетади.
- Тимсоҳлар мамлакатида калтакесакдан кулишади-ю, мушукни йўлбарснинг жияни деб ўйлашади.
- Агар ит сени тишлаб олса, қасос оламан деб сен ҳам уни тишлама.
- Денгиз чуқурлигини ўлчаш мумкин, лекин инсон кўнглининг чегараси йўқ.
- Қийшиқлар мамлакатида қийшайиб юр.
- Уйланиш бир қалъа кабидир. Ташқаридагилар унга кириш учун, ичкаридагилар ундан чиқиш учун уринадилар.
- Тошни тухум билан чўқиштириш бефойда.
- Пули кўплигидан санамайдиган ҳам, билимни фақатгина китобдан оладиган ҳам бой эмас.
- Уруш тухумга ўхшайди: ундан товуқ ёки хўроз чиқиши номаълум бўлганидек, жангнинг ғалаба ёки мағлубият билан тугаши ҳам маълум эмас.
- Йўлбарс, тимсоҳ ва илон боласини тарбиялаш — қўйнингда хоинни опичлаш.
- Қушсиз дарахт — зерикарли дарахт.
- Ўнта тил кўрувчи битта кўзга, ўнта кўз сезувчи битта қўлга тенг келмайди.
- Ёмғирлар мавсуми эртароқ бошланиши ҳам мумкин — томингни таъмирлаб қўй.
- Саёқ кезмаса — зерикади, ётағон ётмаса — касал бўлиб қолади, камбағал бойлиги билан мақтанмаса — сиқилиб қолади.
- Яширсанг, охиригача яшир.
- Секинроқ е — қорнинг оғримайди.
- Осмон остида яшаб, ёмғирдан қўрқиш не ажаб?
- Агар сигир йўқолган бўлса, дарвозангни яхшилаб ёп.
- Буқани сўйдингми, ошкўкларни аяма.
- Сайрга бир ўзинг чиқма.
- Сеҳрни ўрганиш билан яқинларингни ўлимдан асролмайсан.
- Жунглига боришдан аввал пичоғингни текшир.
- Балиқ тутсанг бошидан яхшилаб ушла.
- Қироллик қонини, олов ва илонни назар-писанд қилмай бўлмайди.
- Яхши номни қурбон қилишдан пулни қурбон қилган афзал.
- Бировни масхара қилишни яхши кўрсанг, сенинг устингдан ҳам кулишларини унутма.
- Севги — иттифоққа, ёлғон ҳалокатга олиб боради.
- Уй ишларини ташқарига олиб чиқма, ғийбатни уйга олиб кирма.
- Ёшликда бойлик орқасидан қувма.
- Ёнғинга ўтин бўлма.
- Сенга ором берган дарахт соясини кирлама.
- Дўстингдан ўзи севган нарсасини сўрама.
- Дарахтни ўзингга қулайдиган қилиб кесма.
- Бир вақтнинг ўзида икки хўжайинга бирдек холис хизмат қилиб бўлмайди.
- Осмонда — юриб, сувда — югуриб, ер остида саёҳат қилиб бўлмайди.
- Ўйланмай қўйилган қопқонга ўзинг тушасан.
- Қарғанинг энг чиройлиси ҳам оққушдай бўлмайди.
- Ақл йўқ бўлса, кўз ҳам ёрдам бермайди.
- О оққуш! Сенинг қўшиғинг ширин, лекин тухуминг нордон экан (Ушбу мақол номуносиб совға келтирганларга нисбатан ишлатилади. Унинг пайдо бўлишига ушбу ривоят сабаб бўлган экан. Бир киши холасининг туғилган кунига совға сифатида ноёб бўлган таом — оққуш тухуми ўрнига барибир билмайди-ку, дея лимон олиб борган экан. Аёл совғани пайпастлаб, унинг тухум эканлинини англагач, хурсанд бўлиб ейишни бошлабди-ю, кейин хафсаласи пир бўлибди. Ўшанда у юқоридаги мақолни айтган экан).
- Ёлғиз дарахт баланд ўсади.
- Филни бир ўқ билан ўлдира олмайсан.
- Хотин танлашда адашсанг — умринг охиригача, уй қуриш учун янглиш жой танласанг қулагунча азобланасан.
- Душманинг билан хушмуомала бўл.
- Синган тошни қайта бутлолмайсан.
- Бемаза овқатдан — тузнинг, сичқон кемирган кийимдан мушукнинг қадри билинади.
- Ёнарқурт олов билан рақобатлашолмайди.
- Душманнинг кучини сўз билан енгиллатолмайсан.
- Уста тужжорнинг сўзларидан минг йил яшайдигандек бўласан, руҳоний билан сўзлашиб, кунига минг марта ўласан.
- Тўқ сигир ўт-ўланга қарамайди.
- Қийин ишни олдинга, осонини кейинга сур.
- Йўлбарсдан қочиб тимсоҳга, дарахтга чиқиб ари уясига тутиласан.
- Тиришқоқ бой бўлади, дангаса қашшоқлигича қолаверади.
- Устозни — юзига, дўстни — ўзи йўқлигида, хизматчини ишдан кейин мақтайдилар.
- Совуқ тоғ ва ерларни қоплайди, лекин юракни забт этолмайди.
- Яхши отни белини силаб ҳам билса бўлади.
- Қизни билиш учун унинг онасини кўр, яхшироқ билиш учун бувисини кўр.
- Ўнта фикр битта тажрибага тенг келолмайди.
- Тиканни тикан билан чиқарадилар.
- Қиролнинг ғазабига қаҳр билан жавоб қайтарма.
- Тиканзорда ялангоёқ юрма.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.