Пусиб ётган кибр

Америкада на диним, на миллатим, ирқимга нисбатан камситиш бўлмагани учун хотиржам юрдим. Америкаликлар менга салом берар, мен ҳам уларга кулиб салом йўллардим. Аммо… Ҳаммаси меҳмонхонага покистонлик ва ҳиндистонликлар делегацияси келгандан кейин бошланди. Бироз қорамтир, ўзидан озроқ нохуш ҳид таратадиган бу кимсалар олдида кибрим уйғониб қолди. Нега мен уларга салом беришим керак? Бир томондан Раҳмон ҳадеб “ахир улар мусулмон ака-укаларинг, улар билан “ассалому алайкум, брозер” дея сўраш” деб турса-да, Кибр: “Йўқ, мусулмон киши покиза бўлади, покизаларга салом берилади. Қўлингни қора қиласанми?” дея васваса қиларди. Уларга салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашдим. Кейин хотиржам бўлганда ўзимга ўзим саволлар бера бошладим. Нега?…

Москвадаги ҳаво бандаргоҳида афтидан бирон офисда ишлайдиган (кейин суриштириб билдим, гумоним тўғри экан), пўрим кийинган ўзбекдан бошқа бир “гастарбайтер” ўзбек ўз тилида самолёт қачон учиши ҳақида сўради. Пўрим гердайганча миллатдошининг саволига рус тилида жавоб берди: “ана табло, ўзинг қараб ол!”. Жаҳлим чиқди. Қадоқ қўлли юртдошимга парвоз ҳақида тушунтириб бўлгач, калондимоғ Пўрим билан “дардлашдим”. Эмишки, “гастарбайтер”ларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли оқ ёқали ўзбекистонликлар ҳам жабр чекмоқда эмиш. Шунинг учун у доимо миллатини, тилини яширишга уринармиш. Тупурдим, ўша оппоқ ёқаларингга!

Кейин яна ўйладим, хаёлимдан бир қанча воқеалар кино тасмасидек ўтиб борди. Бой билан қучоқлашиб, деҳқонга келганда қўл учида сўрашган, сўнг қўлини спиртли салфетка билан артган қориндор ҳам, катта шаҳарда ҳузурига келган қишлоқдошининг афт-ангорига қараб котибасига “мени йўқ деворинг” деб сўзлаган, лекин ўзи дераза ойнасидан кўриниб қолган амалдор ҳам, ўзидан озроқ паст мартабадаги суҳбатдошининг ҳақ гапини қабул қилишга журъат топа олмаган олим ҳам ўз миллатдошим, диндошим эди.

Сарлавҳани нотўғри танлаган эканман. Бизники пусиб ётган эмас, бижғиб ётган, кўпчиб ётган КИБР экан…

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *