Қалмиқ халқ мақолларидан
Қалмиқлар – Россия Федерациясидаги халқ, Қалмиғистоннинг асосий аҳолиси (156 минг кишидан зиёд); Россияда жами 174 минг киши (2002) қалмиқ тилида сўзлашади.
Дарё қанча чуқур бўлса-да, туби бор, тоғ қанча юксак бўлса-да, чўққиси бор.
Ерга йиқилган ерга таяниб туради.
Кетаётганни уйни иситиб ҳам олиб қололмайсан.
Шам ўчмасидан олдин алангалайди.
Хасис қиз шоҳнинг тўйидан нолибди.
Аввал чанқоғини қондир, сўнг нимага келганини сўра.
Тоғ отни қийнайди, адоват – одамни.
Туҳматда ҳақиқат йўқ, ёлғонда яхшилик йўқ.
Ёмон дўстдан ҳам баттар душман йўқ.
Уммонда кир бўлмайди.
Тушунмаган одамга гапириш ҳўкизнинг шохига дон сочиш билан баробар.
Нодондан сўрама, ўзи айтади.
Нодон еган-ичганини гапиради, доно – кўрган-эшитганини.
Калла бўш бўлса, оёқ оғирлашади.
Нодонга яхшилик қилсанг – тушунмайди, донога зулм қилсанг – унутмайди.
Ўлимдан бошқа ҳар ишнинг тез битгани яхши.
Тафаккур кўрлиги кўз кўрлигидан ёмон.
Давронбек Тожиалиев таржималари
“Ҳидоят” журнали, 2015 йил, 2-сон