Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов билан суҳбат
– Уламоларимиз азалдан ҳаётда пайдо бўладиган турли одатлар ва янгиликлар орқали юзага келадиган вазиятларга ҳам Ислом фиқҳи қоидаларига асосланиб, ўз қарашларини баён қилишган. Ҳозирги пайтда кўпчилик эҳтиёж сезаётган мобил алоқадан фойдаланиш маданияти барчани қизиқтиради. Қори ака, ана шу ҳақда ўз фикрларингизни билдирсангиз.
– Ҳар қандай технологиядан неъмат сифатида фойдаланиш мумкин. У телевизор бўладими, компьютер бўпадими, уяли телефонми, яхши ниятда фойдалансак, икки дунёмиз учун ҳам манфаат топамиз. Акс ҳолда, шиддат билан ривожланаётган технология инсоннинг таназзулига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Ёшларимизни ана шундай таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун аввало оилада бундай маъсиятларга қарши тамйиз (иммунитет)ни шакллантириш лозим. Ҳозирда «оммавий маданият» номи билан «инсоннинг эркинлигини чеклаб бўлмайди, у истаганини қилишга ҳақли» шиорларини илгари суриб, маънавиятга қарши интилишлар кучаймоқда.
Лев Толстой «Эркинлик аввало масъулиятдир» деб таъкидлаган эди.
Аллоҳ таоло бизга ато этган неъмат – уяли алоқа телефонларидан ўзларининг ғаразли мақсадларида ёшларнинг маънавияти, эътиқодини бузишга ундовчи восита сифатида фойдаланаётганлар ҳам бор. Уларнинг бу алдовларига учмаслик учун фарзандларимизни ёшликларидан динимизга, маънавий қадриятларимизга муҳаббат руҳида тарбиялашимиз лозим.
– Технология ривожланиши билан инсонларнинг турли алоқа воситалари орқали мулоқот қилишлари кундалик ҳолатга айланди. Мулоқот, аввало, саломдан бошланади. Айнан шу нуқтада бир қанча тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Баъзида кимгадир қўнғироқ қилиб, «Ассалому алайкум» дейилса, у «Ва алайкум ассалом» деган фарз жавоб ўрнига, «Ассалому алайкум» дейди. Радио ва баъзи ТВ мулоқотларида ҳам шу ҳолат кузатилади. Кўпинча алик олинмасдан, икки томон бир-бирига «Ассалому алайкум» дейиш билан кифояланади. Яна айрим ҳолатлардан ёши кичик инсонга салом берилса, алик олишга хижолат тортади-да, у ҳам салом беради. Мана шу ҳолатнинг фиқҳий ечими қандай бўлади?
– Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага борганларида шаҳар аҳли у зотдан сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, бизнинг шаҳар аҳолиси ўртасида ўзаро аҳиллик йўқ. Тез-тез жанжаллар бўлиб туради. Нима қилсак ўнгланамиз?» Шунда Расули акрам икки калимадан иборат тинчлик калитини мадиналикларга топширдилар, яъни, «Орангизда саломни ошкор қилинг», деб таълим бердилар. «Тарихи Табарий»да ёзилишича, Мадинаи мунавварада салом ёйилгандан бир йил ўтиб биронта ҳам аразлашган одам қолмади.
Салом бериш суннат бўлса, унга алик олиш фарздир. Нисо сурасининг 86-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олгувчи бўлган Зотдир».
Салом минг йиллар давомида қонимизга сингган миллий қадриятларимиздан. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрадилар: «Қайси хислатлар исломда энг яхшидир?» Айтдилар: «Очларга таом бермоғинг ва таниган танимаганингга салом бермоғинг». Шунингдек, Расули акрам саломни аввал бошлаган инсонни мақтадилар. Имом Бухорийдан келтирилган ривоятда кичиклар катталарга салом бериши суннатлиги ҳам баён қилингани учун халқимизда шу ҳолат одат бўлиб қолган. Аммо катталар ҳам аввал салом берсалар савоб бўлади.
«Ассалому алайкум» (Сизга тинчлик, Аллоҳнинг саломини тилайман) деган саломга «Ва алайкум ассалом» (Сизга ҳам Аллоҳнинг саломи бўлсин) деб жавоб бериш ёки Расулуллоҳ (алайҳиссалом) таълим берганларидек, «Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ», «Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» деб алик олиш суннатга мувофиқдир. Лекин баъзи уламолар «Ассалому алайкум»га «Ассалому алайкум» деб жавоб берса бўлади, дейишган. Чунки иккинчи кишининг жавобида сизга ҳам Аллоҳнинг саломи бўлсин, деган ният бор. Энг афзали «Ва алайкум ассалом» дейишликдир.
– Турли юмушлар билан айни бир инсонга кунига 3-4 мартадан қўнғироқ қилишга тўғри келади. Ҳар бир қўнғироқда салом бериш керакми? Ёхуд бир марта бошида салом берилиб, кейингиларида бермаслик лозимми? Бунинг учун вақт чегараси борми?
– Саҳобалар саломлашиб, кейин бир дарахтдан айланиб ўтиб, кўришсалар, яна саломлашаверардилар. Уйимизга меҳмон келса, унинг ҳузурига ҳар кирганда салом берилса, афзал. Телефонда ҳам ҳар қўнғироқда салом берилгани афзал. Лекин бир марта салом берилгани билан ҳақ адо этилади. Бунинг мисоли шундай: таомни бир марта “Бисмиллоҳ” деб ейилса суннат адо этилади. Аммо ҳар луқмада “Бисмиллоҳ” деб таомланиш афзал ва савоби каттадир.
– Жамоат транспортида, дарс жараёни ва мажлисларда уяли алоқа воситасидан фойдаланиш мумкинми?
– Мажлисларда, қабристонларда уяли алоқа воситасидан фойдаланиш беодоблик. Дарсда эса мутлақо мумкин эмас. Жамоат транспортларида муҳим қўнғироқ бўлсагина, овозни пастлатиб, бошқаларга озор бермайдиган тарзда гаплашса бўлади. Ота-она, устозлар олдида беписандлик билан телефонда сўзлашиш ҳам одобдан эмас.
Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.
“Ислом нури” газетаси, 2015 йил, 31 август сони