Қоғознинг ҳам уволи бор

Сўнгги ойда паспорт ва ижара тизимини текширгани ижарадаги уйимга уч марта келишди. Зудлик билан ижара шартномасини расмийлаштириб, солиқ инспекциясига маълум қилишимни, акс ҳолда қаттиқ чора қўллашларини айтишди.
Аслида ҳар бир мулк эгаси даромадидан солиқ тўлаши матлубдир. Зеро ҳар бир даромаддан фақирлар, муҳтожларнинг ҳақи бор. Бу жиҳатдан ижара шартномасининг қатъий жорий қилишидан мен хайр умид қилдим. Энди ана шу хайрга олиб борувчи йўлни ҳам осон қилинса, давлат ва жамият учун фойдали бўлар эди. Аммо…
Ижара шартномаси Тошкент шаҳрида вақтинча яшаш ва ишлаш учун рухсатнома олишдан ҳам қийин экан. Аввалига Ер ресурслари ва давлат кадастри (БТИ) бошқармасидан маълумотнома олиш кераклигини айтишди. Уни олишга бир ҳафта кетди. Сўнг солиқдан уй эгасининг қарзи йўқлиги ҳақида, Паспорт столдан 17-форма ва доимий пропискада турадиганлар тўғрисида, коммунал идорадан қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотномалар олинди.
Уй эгаси ва унинг турмуш ўртоғи билан нотариусга бордик. Нотариал идорада 10 нафар киши навбатда турарди. Навбат келгач, нотариус ҳузурига кирдик. Нотариус ҳужжатларни кўриб, яна менинг рафиқам паспорти, никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, болаларимнинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари, солиқ тўловчининг инвентар рақами (ИНН) кераклигини айтди. Навбатимиз 10 кундан кейин келиши, 8 кундан кейин ҳужжатларни ташлаб кетиш кераклигини маълум қилди.
8 кундан кейин яна нотариал идорага бордик. Яна навбат. Яна ҳужжат кўришлар. Бу сафар нотариус ёрдамчиси ижарада турувчи барчанинг ИННси кераклигини, янги тартиб келганлигини айтди. Рафиқам ҳеч қаерда ишламайди. Шунинг учун ИНН очилмаган. Энди Марғилонга бориб, солиқ идорасига доимий пропискада туриладиган уйнинг коммунал қарзлари йўқлиги ҳақида маълумотномаларни топшириб, яна кутиш керак.
ИНН тайёр бўлгач, нотариал идорага бордик. Яна навбат. Яна кутиш. Сўнгги маълумотнома – квартиранинг тақиқ ёки арестда турмаслиги ҳақида сўровномани тўлдириб келишимизни айтишди. Бу маълумотнома 1 кунга ўтаркан холос. Зудлик билан ҳаракат қилдик. Уни олиб келганимиздан сўнг ҳужжатларни яна бир кўриб чиқишди. Паспорт стол маълумотномасида ксеронусха устига муҳр босилган экан. Шунинг асл нусхасига қайтадан муҳр бостириб келишни айтишди. Яна югурдим. Бугун паспортистка ишламас экан. Иш паспортистка билан ҳам битмас экан. Унинг муҳри йўқлиги учун ЖЭКка бориб у ердан муҳр бостириш керак экан. ЖЭК ходимаси квартиранинг қарзи йўқлигини яна бир бор текшириб муҳр уриб берди.
Уй эгаси, турмуш ўртоғи ва мен 4 нусхада (бири менга, бири уй эгасига, бири БТИга, бири нотариусга) ижара шартномасини имзоладик. Нотариус яна бир ксеронусхасини солиққа топширишимиз кераклигини таъкидлади.
Хулласи калом биргина ижара шартномасини тузиш учун қуйидаги ҳужжатлар керак бўлди:
1. Уйнинг ҳужжатлари, олди-сотди шартномалари асл нусхаси.
2. Уйнинг кадастр ҳужжатлари асл нусхаси.
3. БТИдан маълумотнома (уйнинг кадастр ҳужжатлари бўлса, БТИдан маълумотноманинг нима ҳожати бор? Ваҳоланки маълумотномадаги қайдлар кадастр ҳужжатида мавжуд. Бу маълумотноманинг амал қилиш муддати 1 ой экан холос).
4. Уй эгасининг солиқдан қарзи йўқлиги ҳақида маълумотнома (Хўп қарзи бўлса нима қипти? Ўз номида бўлган шахсий мулкни ижарага беришга ўша қарз монелик қилиши керакми?).
5. Паспорт столдан форма-17 ва доимий пропискада турадиганлар ҳақида маълумотнома (Бунинг ижара шартномасига нима алоқаси бор? Агар пропискаси бўлса, ҳеч ким ижара шартномаси қилмайди-ку!).
6. Коммунал идорадан қарзи йўқлиги тўғрисида маълумотнома (Бу ҳам аслида ижара шартномаси қилишга монелик қилмайди. Мақсад, шу баҳона қарзни ундириш).
7. Уй эгасининг паспорти.
8. Уй эгасининг ИННси.
9. Уй эгасининг турмуш ўртоғи ижарага қўйишга рози эканлиги ҳақида маълумотнома.
10. Уй эгаси турмуш ўртоғининг паспорти.
11. Уй эгаси ва турмуш ўртоғи никоҳ гувоҳномаси.
12. Ижарага олувчининг паспорти.
13. Ижарага олувчининг ИННси (ижарага қўйгани учун солиқни уй эгаси тўласа, ижарага олувчининг ИННси нимага керак?).
14. Ижарада турувчилар (рафиқам) паспорти.
15. Ижарада турувчилар никоҳ гувоҳномаси (ҳар хил гап-сўзлар бўлмаслиги учун эмиш).
16. Ижара турувчи болалар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси.
17. Ижарада турувчи рафиқамнинг ИННси (барака топгурлар, рафиқам ҳеч қаерда ишламаса, даромад қилмаса, лоақал у билан ижара шартномаси тузилмаган ҳам бўлса, ИННнинг нима ҳожати бор?)
18. Квартиранинг тақиқ ёки арестда турмаслиги ҳақида сўровнома (БТИдан аввал олинган маълумотномада “мазкур кўчмас мулк объекти бўйича тақиқ ва чеклов йўқ” деб ёзилиб, муҳр, имзолар қўйилган бўлса, бу сўровноманинг нима ҳожати бор? Энг қизиғи бу ҳужжат бир кунга ўтаркан холос).
Яхши тушунаман, солиқлар – давлатнинг таянчларидан бири. Ҳар бир фуқаро буни англаган ҳолда солиқларни вақтида тўлаши матлубдир. Лекин 30 нафар солиқдан қочувчининг касрига 70 нафар қонунга риоя қилувчи фуқаро югурмаслиги керак. Мана шу ҳужжатларни тайёрлаш, кутиш ва бошқаларга 3-4 кун вақт кетди. Ваҳоланки, ушбу кунларда ишлаб, давлат ва жамиятга фойда келтириш мумкин эди. Биз информацион технологиялар асрида яшаяпмиз. Наҳот шунча ҳужжатни ягона маълумот маркази орқали электрон тарзда тайёрлаш имкони бўлмаса?
Ҳар хил қоидалар ўйлаб чиқарадиганлар ҳурматли ҳамфуқаролар, кабинетингизнинг у ёғидагиларни ҳам сал ўйланг. Қоғознинг ҳам уволи бор.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *