Хитойлар (ўзларини ханцзу, хан деб атайдилар) — Хитойнинг асосий аҳолиси бўлган халқ. Шунингдек, Тайланд, Малайзия, Индонезия, Сингапур, Вьетнам, Бирма, Филиппин ва Камбоджада яшайди. Дунёда сон жиҳатдан энг кўп халқ ҳисобланади. Умумий сони 1,325 млрд. киши (2003). Хитой тилида сўзлашадилар. Хитойларнинг асосий қисми монголоид ирқининг Тинч океан тармоғига, унинг кичик гуруҳлари эса Шарқий Осиё ва Жанубий Осиё вариантига мансуб. Ёзуви иероглифлардан иборат. Диндорлари — асосан, будда динига, даосизм, конфуцийликка эътиқод қилади, мусулмонлар, христианлар ҳам бор.
- Дарахт қанчалик юксак бўлса-да, барибир япроқлари ерга тўкилади.
- Бошқаларга таъна қилгандек ўзингга таъна қил, ўзингни кечирганинг каби бошқаларни кечир.
- Муваффақиятсизлик инсонга кўп нарсаларни ўргатади.
- Бир онлик ғазабингни боссанг, юз кун хотиржам яшайсан.
- Султон — қайиқ, халқ сув: хоҳласа суздиради, истаса чўктиради.
- Юрагинг безовта бўлса — қарайсан-у кўрмайсан, қулоқ соласан-у эшитмайсан, ейсан-у таъмни сезмайсан.
- Энг яхши қўшиқни ҳам бирданига уч марта айтмайдилар.
- Ўқиб туриб фикр қилмаслик — аҳмоқлик, фикр қилиб ўқимаслик — фожиа.
- Қарзни туриб бериб, тиззалаб қайтаришни сўрайдилар.
- Инсоннинг хоҳишлари осмондан юқори: император бўлганидан кейин абадий яшашни орзу қилади.
- Тоғларга чиқмаган узоқларни кўролмас.
- Бирон нарса сотиб олсанг қулоқ билан эмас, кўз билан иш тут.
- Қимор босқинчиликка, фаҳш қотилликка олиб боради.
- Неварасини суядиган буви иштонини шакарга алиштиришга ҳам тайёр туради.
- Эркалатилган бола тарбиясиз бўлади, эркалатилган ит — гапуқмас.
- Болани эркалатиш уни ўлдириш билан баравар; фақатгина оловли таёқдан тарбияли болалар чиқади.
- Камбағалликни беркитиб, бойликни яшириб бўлмайди.
- Деворсиз уй бўлмайди.
- Олийжаноб одам эзгу ишлари билан бахтига бахт қўшади, нодон куч ишлатиб одамларни алдайди.
- Бойлик ёнингда турса ҳам уни ноинсоф йўллар билан олма, қийинчилик яқин бўлса, ундан қочма.
- Бой камбағалнинг қийналганини, тўқ очнинг изтиробини билмайди.
- Қўрқсанг дарахтдан тушган барг ҳам бошингни ёради.
- Катта одам мусибатдан қўрқади, катта дарахт — шамолдан.
- Ака-укалар — қўл-оёқ, хотин либос кабидир.
- Кунига бир сиқим донни тежасанг, ўн йилдан сўнг от оласан.
- Уч йил тинмай саховат қилсанг — камчилик билади, қачондир бир ёмон иш қилиб қўйсанг — бутун дунё билади.
- Ишламай осмондан бахт кутсанг, куппа-кундузи чуқурга қулайсан.
- Дангасалик одамларга хос, ер дангаса бўлмайди: вақтида эксанг, кечикмай ҳосил беради.
- Кўзингни тезроқ оч, оғзингни — секин.
- Император ҳузурига кириш шер қафасига кириш билан баробар.
- Одамни урсанг — юзига урма, сўксанг — жисмоний нуқсонларидан кулма.
- Узоқ йўлда енгил юк бўлмайди.
- Узоқ давом этадиган ўйинда ғолиб бўлмайди.
- Дурадгорнинг уйида курси бўлмайди.
- Ўрмонда ўтин билан, кўл бўйида балиқ билан савдо қиладилар.
- Саёз сувда катта балиқ етиштиролмайсан.
- Ёшлигида ишламасдан дайдиганди, катта бўлиб — хазина ковлашга тушди, қариганда — роҳиб бўлади.
- Совуқ кунда ўт ҳам муздек.
- Нотаниш жойда яхши пул ишланади, таниш жойда байрам яхши нишонланади.
- Бир оғизга икки қошиқ тиқиб бўлмайди.
- Бир ўрмонда икки йўлбарс бўлмайди (яъни, икки кучли йўлбарс бир жойда яшай олмайди).
- Йўлда масофани, дастурхонда еган нарсангни санама.
- Жаннатга олиб борувчи йўл бор — ҳеч ким у ердан юргиси йўқ; қамоққа олиб борувчи дарвоза қаттиқ тамбаланган — одамлар тақиллатиб ўтади.
- Савдода энг муҳими — пулни санаш, деҳқончиликда — эрта туриш.
- Амалдор ўлса, дарвозага одам сиғмайди, генерал ҳалок бўлса аскарлар ҳам келмайди.
- Баҳорги ёмғир мойдек қимматли.
- Майдагап одамдан қарз олма — тун-у кун миянгни ейди.
- Бойнинг бир марталик базми — камбағалнинг ярим йиллик таоми.
- Ҳар қандай ишни уч марта ўйлаб бошлаш керак.
- Сув пастга қараб оқади, одам эса юқорига интилади.
- Ўғрилик пиёз ўғирлашдан бошланади.
- Одам билан одам каби, шайтонни кўрса шайтончасига гаплашади (иккиюзламачи киши ҳақида).
- Турмушга узатилган қиз сотиб юборилган дала кабидир.
- Қаҳрамон касаллик келиб кучини олиб қўйишидан қўрқади, холос.
- Гапирсанг — аниқ гапир, барабанни урсанг — қаттиқ ур, ҳамма эшитсин.
- Бошни-ку узиб қутулиш мумкин, тилни тўхтатиб бўлмайди.
- Оч сичқон мушукни ҳам еб ташлашга тайёр бўлади.
- Уялишни билган оқ кўнгил бўлади.
- Чиройли товус ўз парларини эҳтиёт қилади, виждонли киши — ўз шону-шарафини.
- Дўстни бир йилда ҳам топиш осон эмас, аммо уни бир лаҳзада йўқотиб қўйиш мумкин.
- Ҳақиқий дўстлик — сувдек зилол, қалбаки дўстлик — туз қўшилган асал.
- Яхши дўст — чинакам тилла.
- Қарчиғай катта илонни чўқиб ўлдиради, қарға эса кичкина илондан ҳам қўрқади.
- Бир оғиз яхши сўз кишини ҳатто қаҳратон совуқда ҳам иситади.
- Кучли оловда ҳўл ўтин ҳам ёнади, жасур қўшинда қўрқоқ ҳам жангга киради.
- Кимни ёмон кўрсанг, унинг яхши фазилатларини ҳам кўра билишинг керак, кимни яхши кўрсанг, унинг ёмон хислатларини ҳам кўра билгин.
- Энг баланд минора ҳам ердан бошланади.
- Бир кишининг ҳаётини сақлаб қолиш етмиш ибодатхона солишдан ҳам яхшидир.
- Тўғри сўз қулоққа ёқмайди, аммо тўғри иш қилишга ёрдам беради.
- Шошилишда хато бор.
- Пармалаш билан тахтада тешик пайдо бўлади, баҳслашиш билан ҳақиқат равшан бўлади.
- Сув ичганда қудуқ қазиган кишини унутма.
- Шамоллаб қолиш — юз касалнинг боши.
- Тўғри турган бўлсанг, соянинг эгрилигидан қўрқма.
- Отнинг кучи узоқ йўлда билинади, одамнинг қалби — узоқ вақт ўтиши билан.
- Фақат вақтгина киши қалбидаги нарсаларни охиригача очиб ташлайди.
- Қайиқда маҳкам ўтирган бўлсанг, тўлқин ҳам қўрқинчли эмас.
- Ҳатто энг баланд тоғ ҳам қуёшни тўсолмайди.
- Доно бўлмай туриб, камтар бўлиш мумкин, камтар бўлмай туриб, доно бўлиш қийин.
- Қайғу ортидан бахт келади, мағлубият кетидан мукофот ҳам кутади.
- Тоғ ва дарёни ўзгартириш осон, инсон феълини ўнглаш қийин.
- Икки кун балиқ тутиб, уч кун тўрни қуритади (бир ишни хоҳламасдан ва ўлда-жўлда қиладиган киши ҳақида).
- Икки сўз: тинчлик ва хотиржамлик — минг ёмби олтиндан қиммат.
- Қиз бола никоҳ тахтиравонига ўтиргунча ўн саккиз марта ўзгаради (яъни, қиз бола жуда тез ўсади).
- Кўз олдингда қилинган иш ҳақиқат бўлмайди-ю, орқангдан гапирилган сўзга қандай ишониш мумкин?
- Пулни топиш мумкин, яхши уй топиш мушкул.
- Савдодан топилган мол — ўттиз йилга, тер ва қон билан топилган мол — минг йилга.
- Пул осмондан тушмайди, олтин ерда сочилиб ётмайди, бас, яхши эксанг — яхши ҳосил оласан.
- Пул ўйин пайти йўқолади, китоблар — имтиҳон пайти.
- Кундузи оловдан эҳтиёт бўл, кечаси — ўғридан.
- Кундузи нохуш иш қилмадингми, кечаси дарвозанг тақиллашидан қўрқма.
- Кундузи амалдор каби юради, кечаси сариқ ловия ўғирлайди.
- Ёмғир йил бўйи ёғмайди, инсон умр бўйи камбағал бўлмайди.
- Узун кун кичик йил кабидир.
- Уйда минг кун яшаш осон, уйдан чиқдинг — бир соат ҳам қийин ўтади.
- Уйда ота-онагга суян, ташқарида — дўстларингга.
- Дўстнинг эскиси яхши, кийимнинг — янгиси.
- Аҳмоқ одам қаноти ўсиб чиққан йўлбарсга ўхшайди: кимни хоҳласа, ўшани ейди.
- Деҳқоннинг таоми об-ҳавога боғлиқ.
- Таом кўп бўлса, ейиш осон, сўз кўп бўлса, гапириш қийин.
- Агар тоғда дарахт бўлмаса, ўт-ўланлар ҳам уларга топинишларини хоҳлаб қолади.
- Агар тоғда йўлбарс бўлмаса, ит ўзини қирол деб эълон қилади.
- Агар белингда юз минг танга бўлса, Янчжоуга лайлакда учиб борасан.
- Йўлдан адашсанг, орқага қайтиш мумкин, тилдан адашсанг — йўл йўқ.
- Ота ва бола бир бўлса, ер олтинга айланади, ака-укалар бирлашса, тоғни марваридга айлантиради.
- Ишонмаган кишинг билан иш бошлама, иш бошладингми — шубҳаланма.
- Уч кишининг қалби бир бўлса, сариқ ер олтинга айланади; агар уч кишининг фикри уч хил бўлса сариқ олтин чангга айланади.
- Агар аёлнинг бирон истеъдоди бўлмаса — бу ҳам яхши фазилат.
- Яхши сўзни ҳам уч марта қайтарсанг, ҳатто ит ҳам ижирғанади.
- Уйинг бўлса — совуқ, ёмғир ва шамолдан қўрқма; болаларинг бўлса — қариганингда фақир бўлиб қолишдан чўчима.
- Кумушинг бўлса, суҳбатдош топилаверади.
- Сўзинг бўлса — тушунганга сўзла; таоминг бўлса — очга бер.
- Қария Ван борлигида севмасдилар, қария Ван йўқлигида соғинадилар.
- Ҳали юришни ўрганмади-ю, чопгиси келади.
- Инсон ҳаётининг охири бор, илмники — йўқ.
- Дарвозада уч кишига йўл бўшат: қарияларга, болаларга ва аёлларга.
- Ўз уйингни мустаҳкам қил, бировнинг хотинини муҳокама қилма.
- Оғзингни шишани тиқин билан ёпгандек ёп, сўзларингни қўрғондек қўриқла.
- Ерни бой қишлоқдан танла, уйни — яхши қўшнилар орасидан.
- Дон етилса, ташлаб қўйма — сочилиб кетади; қизинг улғайса, ташлаб қўйма — душманга айланади.
- Қиш совуғини совуқ дема, баҳорги совуқ бузоқни ўлдиради.
- Тўққиз қаватли минора ҳам ердан бошланади, ўн йиллик шон-шуҳрат ҳам бир кунда унутилади.
- Энг баланд тоғ ҳам қуёшни тўса олмайди.
- Энг баланд тоғлар ҳам булутни тутиб қолмайди.
- Ҳар қандай тўсиқнинг тирқиши бўлади, деворнинг қулоғи бўлади.
- Пулга ҳаёт сотиб олиб бўлмайди.
- Ҳатто отнинг думига қўнадиган пашша ҳам минг лига учиб бориши мумкин (ли — масофа ўлчови, 0,5 км).
- Ҳатто туғишган аканг ҳам қарзни унутмайди.
- Ҳатто адолатли амалдор ҳам уй идорасида муроса қилолмаслиги мумкин.
- Ҳатто тошюрак одамнинг ҳам кўзида ёш чиқиши мумкин.
- Энг ширин қовуннинг ҳам пўсти чиройли эмас.
- Миш-мишдан яхши ҳам, ёмон ҳам қутула олмайди.
- Тоққа чиқиш осон, тушиш мушкул.
- Қарғанинг инидан товуқ тухумини ололмайсан.
- Ўн минг касб ичида энг қадрлиси — олимлик.
- Тошдан мой олиб бўлмайди.
- Битта шох билан ўт ёқиш қийин, ёлғиз болани тарбиялаш мушкул.
- Уч юз олтмиш юмушдан энг шарафлиси — деҳқончилик.
- Юмалоқ тошдан текис девор чиқмайди.
- Пули бўла туриб, ёрдам бермаслик хазиналар ғорига кириб қуруқ қўл билан чиққан билан баробар.
- Ҳар куни бир тангадан жамғарсанг, уч йилда минг тангали бўласан.
- Қанчалик кўтарилма, осмондан устун бўлолмайсан.
- Чироқнинг нури қанчалик ёруғ бўлмасин, уни Қуёш билан таққослаб бўлмайди.
- Султон қандай бўлса, халқ ҳам шундай.
- Қонунни бузган шаҳзода оддий фуқаро каби жазо олади.
- Хачирни савалашганда от ҳам титраб қўяркан.
- Эшикни ўғри кетгандан сўнг ёпадилар.
- Қалбинг хотиржам бўлса, қамиш кулбада ҳам ҳузур қиласан.
- Қалин қор ёққанда ўтин, гуруч, мой ва туз қиммат бўлади.
- Қўшинни минг кун боқиб, бир дақиқа фойдаланадилар.
- Ошиқ ва қимор қарздорликка олиб боради.
- Оловга энг яқин киши биринчи бўлиб ёнади.
- Пўлатни тобласанг кўмирни аяма, бола боқсанг таомни аяма.
- Енгил аравада йўл ҳам таниш.
- Деворга чизиб қўйилган нонни кўриш осон, ейиш қийин.
- Баҳор шамоли эсмасдан ёз ёмғири ёғмайди.
- Қароқчиларни тутмоқчи бўлсанг, аввал сардорини тут.
- Ойнинг ўн беш кундан сўнг ёруғи камаяди, эркакнинг ўттиз ёшдан сўнг ёшлиги қолмайди.
- Уйда хизматкор бўлгандан томдаги қуш бўлган афзал.
- Фитна пайтида одам бўлгандан тинчлик пайти ит бўлган афзал.
- Агар китоб ўқишга ақлинг етмаса далада ишлаганинг афзал.
- Бойиб кетишнинг минг усулини режалаштиргунча далада ишлаган афзал.
- Одамни билмагандан иориглифни билмаган афзал.
- Болангга бир сандиқ олтин қолдиргандан унга таълим берган афзал.
- Бош кўтариб одамдан сўрагандан, бош эгиб ердан сўраган афзал.
- Ота-онани тириклигида боқ, ўлгандан сўнг сўйган молинг фойдасиз.
- Олтин қазигандан ер чопган афзал.
- Қариликдаги камбағалликдан ёшликдаги қийинчилик афзал.
- Аҳмоқ билан яшагандан ақлли билан ўлган афзал.
- Севимли хотин қайнонасини ҳурмат қилади, яхши фарзанд — устозини.
- Одамлар фарзандларининг камчилигини сезмайдилар.
- Кичкина болта билан катта шохни кесолмайсан.
- Амалдорнинг онаси ўлса бутун шаҳар оқ кияди, амалдор ўлди — тобут кўтаргани одам йўқ (Хитойда мотам ранги — оқ).
- Туриб қолгандан секин юрган афзал.
- Дунё шундай кенгки, унда йўқ нарсанинг ўзи йўқ.
- Танани даволаш мумкин, қалбни даволаш мушкул.
- Катта тарозида олиб кичкина тарозида сотадилар.
- Осмон остида яна осмон бор (яъни, ҳар қандай раҳбарнинг олий раҳбари бор).
- Ҳақиқий ботир уч қишлоқни қўриқлайди, яхши ит — уч қўшнини.
- Ҳақиқий дўст қаттиққўл муаллимдан афзал.
- Йўлбарс учта туғса қўрқма, кўксида иккита юраги борлардан қўрқ (яъни, иккиюзламачилардан).
- Зулмдан қўрқма, камбағалликдан қўрқ.
- Ёши қаридан эмас, қалби кексадан қўрқ.
- Яхши вазир бўлмасанг ҳам яхши табиб бўл.
- Билмаслик айб эмас.
- Амалинг йўқлигидан эмас, ҳунаринг йўқлигидан афсуслан.
- Тоққа чиқмасдан осмоннинг узоқлигини, тубсиз жарга тушмасдан ернинг кенглигини билолмайсан.
- Худодан шуҳрат сўрама, хатолардан паноҳ сўра.
- Йўлни сўрамасдан йўлга тушма.
- Осмон билди, ер билди, сен биласан, мен биламан — ҳеч ким билмайди деб ким айтди?
- Осмон ҳар соатда ўзгаради, одамлар — бир умр.
- Дунёда ҳеч кимга кераксиз инсон йўқ; ерда илдизи бўлмаган ўсимлик йўқ.
- Тугатилмаган китоб — охирига етилмаган йўл.
- Китоб ўқишдан ортиқ ҳузур йўқ, болаларга таълим беришдан афзал юмуш йўқ.
- Тугамайдиган базм йўқ.
- Ёмон дала бўлмайди, дангаса одамлар бўлади.
- Одамларни алдаб ўзингни ҳам алдайсан.
- Бир киши қудуқ қазийди, минг киши ундан ичади.
- Битта пиёладан овоз чиқмайди, икки пиёла — “дин-дин”.
- Ёмоннинг қўланса ҳиди ўн минг йилга етади.
- Жиян итга ўхшайди: ейди-ю, қочади.
- Бошқаларни муҳокама қилгандан кўра ўз феълингни ўнгла.
- От танлашда тишига қара, дўст танлашда — қалбига.
- Дала — хўжайин, одам — меҳмон.
- Тўла шиша жим туради, ярим шиша қулқуллайди.
- Аждаҳо чопонини йиртиш — ўлим, шаҳзодани ўлдириш ҳам — ўлим (Аждаҳо чопони — аждаҳо тасвири туширилган император чопони).
- Гул экдинг — ўсмади, ерга новда суқдинг — тол бўлди, соя берди.
- Гилос эксанг ўрик унмайди, ошқовоқ эксанг — ловия.
- Катта урушдан кейин давомли очарчилик бўлади.
- Давомли беморликдан сўнг ўзинг ҳам табиб бўлиб қоласан.
- Кам куч сарфласанг оз дон оласан.
- Одамни билиш учун аввал дўстларини кўр.
- Яхши олтин лойли тупроқда туғилади, яхши гўшт суякда етилади.
- Тез юрганда яхши қадам ташлолмайсан, овқатни секин егандагига мазаси чиқади.
- Меҳмонни ўн чақиримгача куузатиб қўйганинг билан барибир хайр-маъзур қиласан.
- Ошқовоқ сотувчиси ҳеч қачон молини аччиқ демайди.
- Янги китобни ўқиш — яхши дўст топиш, китобни қайта ўқиш — эски танишингни учратиш.
- Тўғри қалб момақалдироқ зарбидан қўрқмайди.
- Янги пойафзал кийдингми, оёқни юқори кўтар.
- Сўз шамолдек келиб, шамолдек кетади; қоғоз ва қалам — тоғу тош каби.
- Уйини алоҳида қилган ака-укалар уч йилдан сўнг оддий қўшнига айланадилар.
- Узун бурун қайиққа энг аввал сув киради.
- Очилган ёмғирпеш ойни тўсган булут билан тенглашолмайди; елпиғич ўзи келган шамол билан баробар эмас.
- Дарёнинг ўзани бўлади, дарахтнинг — илдизи.
- Сўзни таёқ билан ўлчайдилар, одамни — сўзи билан.
- Йўлбарсни чизгандим — итга ўхшаб қолди.
- Оғзи катта — тили узун (вайсақи ҳақида).
- Қўл ва тилингни асрасанг ҳар жойдан бошпана топа оласан.
- Болаликда игна ўғирлаган катталигида тилла ўмаради.
- Отга миниш осон, тушиш қийин.
- Ўзинг касал бўлдингми — ўзинг даволан.
- Энг ёрқин ой нурини олов билан солиштириб бўлмайди, энг яхши қайнона онага тенг келмайди.
- Қалби оқ инсон қора ишни қилмайди.
- Қўй ухласа — ёғ босади, одам ухласа — уйини сотади.
- Бугун чой бўлса — бугун ич, эртанги ғамни эртага ҳал қиласан.
- Эртанги тонгнинг қандай бўлишини бугун билолмайсан.
- Юрак касалини юрак дориси билан тузатадилар.
- Энг ёмон нарса — аёл юраги.
- Инсон қалбини унинг ташқи кўриниши билан аниқлаб бўлмайди, денгиздаги сувни доу билан ўлчаб бўлмайди (доу — ҳажм ўлчови, 10 л).
- Отда кетаётган одам пиёданинг ҳолини билмайди.
- Ҳунари кўпнинг даромади кўп.
- Сўз — дил калити.
- Қариялар сўзи олтин.
- Сўз — қалбни очадиган болта.
- Яқинлар ўлими ва айрилиқ — дунёдаги маъюс ва қайғули ўн минг ҳолатнинг энг ёмонидир.
- Гуллардан завқ олиш осон, ўстириш қийин.
- Қор ёғса совуқ эмас, қор эриса совуқ.
- Қуёшни кафтинг билан ёполмайсан.
- Қалмоқни узган балиқ доим катта.
- Ишга шошил, ейишга эмас.
- Туғилиш билан одам бўлмайсан, ўрганиш билан одам бўласан.
- Қарзни тезда ёзиб қўй — кейин ўйланиб юрмайсан.
- Эски китобдан юз боб ўқисанг ҳам зерикмайсан.
- Ўтин сотувчи аёл қамиш қалпоғини ёқаркан.
- Юз йўл — юз хил қийинчилик.
- Денгизга юзта дарё қуйилади, у тўлиб қолмайди.
- Сув йўқлигида тўғонни қуриб ол.
- Бахт қўшқўллаб келмайди, кулфат бир ўзи юрмайди.
- Кейинги асрнинг бахти шу асрда қурилади.
- Ўғил бўридек бўлса ҳам қўзичоқдек туюлади, қиз сичқондек бўлса ҳам — йўлбарсдек.
- Юқорида ёруғда яшаган пастда зулматда яшаганлар ҳолини билмайди.
- Сабр — барча муваффақиятлар асоси.
- Бўри инидан энди қочиб, йўлбарснинг оғзига тушди.
- Ўттиз ёшдан кейингина англайсан: осмон узоқ — етиб боролмайсан, ер қаттиқ — кириб кетолмайсан.
- Фарзанди борнинг ҳар иши бахт.
- Деворда ўсган ўт икки томонга ҳам эгилади.
- Битта ботир билан қўшинни енгиб бўлмайди.
- Агар уч кун китоб ўқимасанг нутқинг гўзаллигига путур етади.
- Уч кун китоб ўқимасанг — сўзинг қўполлашади, уч кун ёзмасанг — қўлинг заифлашади.
- Уч кун эрта турсанг — бир кун ютасан.
- Сен “ҳа” дединг, “йўқ” ҳам дея оласан.
- Ошқовоқ мутлақо юмалоқ бўлмайди, одам ҳам мутлақо мукаммал бўлолмайди.
- Минг — юқори, ўн минг — ундан ҳам юқори, инсон қалби — ҳаммасидан юқори.
- Минг йил — бошқа шамоллар, юз йил — бошқа одатлар.
- Агар минг киши бармоғи билан сенга ўқталса, касалликсиз ҳам ўласан.
- Минг роҳиб битта устозни таниши осон, бир устоз минг роҳибни эслаб қолиши қийин.
- Мингта ўлимни ерга қўйиш мумкин, битта очликка чидаш қийин.
- Мингта усулни ўрганиш осон, битта натижани чиқариш қийин.
- Катталарнинг мушкули ҳам катта.
- Катта дарахтнинг сояси ҳам катта.
- Беванинг эшигида доим жанжал.
- Аҳмоқнинг бахти ҳам аҳмоқона.
- Олтмишда бўлса-ю, набираси йўқ киши илдизсиз дарахтга ўхшайди.
- Ота-онаси йўқ — итоаткор боласини мақтайди, қизи йўқ — уйининг тозалигини.
- Оламнинг минг куни бахтли ўтмайди, гул — юз кун сўлимай турмайди.
- Деворга чизилган балиқнинг кўзи битта.
- Кучли қўмондоннинг заиф аскари бўлмайди.
- Мақтанчоқ табибнинг яхши дориси бўлмайди.
- Қорни очга нон қайғуси, совуқотганга — кийим.
- Яхши онадан яхши фарзандлар туғилади, яхши дондан яхши гуруч унади.
- Одамни ҳурмат қил, лекин кийимини эмас.
- Кулиб турган амалдор халқни ўлдиришдан ҳам тап тортмайди.
- Тинглашни билиш гапиришни билишдан афзал.
- Эрталаб дарахт экиб, тушдан сўнг соясида ўтиришни хоҳлайди.
- Ўқисанг биласан — илмнинг чегараси йўқ.
- Ўрганиш — оқимга қарши сузиш, бир дақиқа тўхтасанг орқага оқизиб кетади.
- Яхши асалари сўлган гулдан бол термайди.
- Яхши нарсани ўрганишга уч йил кетади, ёмонга бир соат кифоя.
- Яхшилик дарвозадан у ёғига чиқмайди, ёмонлик минг чақиримга етади.
- Яхши одамлар узоқ яшамайди, муаттар гул узоқ ҳид таратмайди.
- Яхши нонушта ҳам тушлик ўрнини босмайди.
- Яхши эр хотинини урмайди, яхши ит товуқларга вовулламайди.
- Яхши мол арзон бўлмайди, арзон мол яхши бўлмайди.
- Нон емоқчимисан — далада бироз терла.
- Одамни билмоқчи бўлсанг элчисига назар сол.
- Бутун тухумга пашша ёпишмайди.
- Кечаси билан туриб қолган чой илон заҳри кабидир.
- Киши камбағаллашса — санъатини бозорга солади, йўлбарс очиқса — одамни ейди.
- Эрксиз одам — пўлатсиз пичоқ.
- Ишсизнинг тирноғи узун, қалби шоднинг сочи узун.
- Одам яхши бўлса — алдайдилар, от яхши бўлса — минадилар.
- Ҳаракатсиз инсон яхши бўлолмайди, қўнғироққа урмасанг овоз чиқмайди.
- Одам юз йил ҳам яшамайди, ҳасрати эса минг йилга етади.
- От чўзилган юзидан хафа бўлмайди.
- Агар одам ерни алдамаса, ер одамни алдамайди.
- Юз касаллик оғиз орқали киради.
- Амалдор совға келтирган кишини урмайди.
- Амалдор пулни севмаслиги керак, қўмондон ўлимдан қўрқмаслиги лозим.
- Қўлингдан келадиган иш ҳақидагина гапир.
- Бировнинг гўштини танангга ёпиштиролмайсан.
- Ёқутга сайқал берилмаса — у мулк бўлмайди, одам ўқимаса — инсон бўлмайди.
Давронбек Тожиалиев таржималари
Assalom alaykum. Siz bilan qanday bog’lansa bo’ladi?