Японлар (ўзларини нихондзин — қуёшли ўлка одамлари деб аташади) —Япониянинг асосий аҳолиси (127 млн. киши, 2014) бўлган халқ. Умумий сони 130 млн. киши (2014). Япон тилида сўзлашади. Диндорлари — асосан, синтоистлар ва буддавийлар; христианлар ва синкретик динларга эътиқод қилувчилар ҳам бор.
- Ҳақиқат иккита бўлмайди.
- Қирол учун ҳам, ҳоким учун ҳам нариги дунёга алоҳида йўл мавжуд эмас.
- Гетани ҳам Буддани ҳам бир дарахтдан ясайдилар (гета — япон ёғоч пойафзали).
- Кўр тиланчи ҳам гулларнинг ҳидини сезади.
- Уч марта кўчиш бир янгига бадалдир.
- Биринчи рафиқани сенга худо, иккинчисини инсонлар, учинчисини шайтон жўнатади.
- Энг кичкина ҳашаротнинг ҳам ўз жасорати бўлади.
- Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди.
- Ҳатто битта баргнинг тўкилиши куздан дарак беради.
- Бир қайғу кетиб, орқасидан бошқаси сўроқлаб келди.
- Юракдан чиққан юракка етиб боради.
- Меҳрибонлик бор жойда ёвузлик ҳам бўлади.
- Бир шафтоли ачиса, юз шафтоли айнийди.
- Сукут — гул.
- Ғалаба қозонган бўлсанг ҳам дубулға ипини яхшилаб боғла.
- Қудуқда яшайдиган бақа денгиз нималигини билмайди.
- Сопол билан тирик қолгандан қимматбаҳо тош билан парчаланиб ўлган афзал.
- Эгилган толни шамол синдирмайди.
- Гўзаллик бахт билан бирга юрмайди.
- Ўроқ билан сувни кесма.
- Сартарошнинг сочи тўзғиган (Бўзчи белбоққа ялчимас).
- Одамга ўлганидан сўнггина тўғри баҳо берадилар.
- Инсон — фикр қиладиган ҳайвон.
- Ғалабада — давлат қўшини, мағлубиятда — инқилобчилар.
- Пул бир жойда турмайди.
- Чанқаган одам сув танламайди.
- Пул — душман.
- Ким ғолиб бўлса ўша ҳақ. Ғолибни айбламайдилар.
- Довюрак қўмондоннинг қўрқоқ аскари бўлмайди.
- Ғайрат — муваффақиятлар онаси.
- Ўтган ўтди-кетди.
- Ҳатто Кобо ҳам хато қилади (Кобо — машҳур будда руҳонийси ва хаттоти, 774-735 йиллар).
- Қўрқинчли нарса қизиқ бўлади.
- Йўлбарсдан пўст қолади, одамдан — ном.
- Аҳмоқликдан қўрқинчли нарса йўқ.
- Эски мақол сизни алдамайди.
- Бахт бор жойда қайғу ҳам бўлади.
- Йўлбарснинг уясидан қочиб аждарнинг ғорига кириб қолиш.
- Ота қандай бўлса бола ҳам шунда бўлади.
- Инсон умри қисқа, шон-шуҳрат ва бойлик ўткинчи.
- Йиқилмасдан аввал ҳасса тут.
- Кўп сўз кўп уят келтиради.
- Қайғу бор жойда бахт ҳам яширин.
- Бир томоннигина эшитиб масалани ҳал қилма.
- Ҳатто қирғоқ яқинида ҳам кема чўкиб кетиши мумкин.
- Қўмондоннинг шон-шарафи учун минглаб аскар ўлиб кетади.
- Олдиндагиларнинг бахтсизлиги орқадагиларга дарс бўлади.
- Ўзингдан чиққан ҳидни сезмайсан.
- Ўликлар гапирмайдилар.
- Лаблар йўқолса тишлар совқотиб қолади.
- Оч қорин мазани билмайди.
- Ҳўкизнинг думи бўлгунча хўрознинг тумшуғи бўлган афзал.
- Ҳайдалган сичқон мушукни тишлайди.
- Чиқиб кетишнинг имкони бўлмаган ҳолат йўқ.
- Ҳаётда ҳамма нарса ўзгарувчандир.
- Чап беришни билмасанг, ҳаётда яшай олмайсан.
- Қийшиқ новданинг сояси ҳам қийшиқ.
- Кийим инсонни безайди.
- Экилмаган дон унмайди.
- Сабр — умрбод хазина.
- Ғурур мағлубиятга етаклайди, камтарлик бахт келтиради.
- Қилмасликдан кеч бўлса ҳам қилган афзал.
- Инсон умри бир аср, исми — абадий.
- Мевали дарахтни гулидан билса бўлади.
- Ҳатто Будданинг юзи ҳам пулдан ёришади.
- Эзгу қалб гўзал юздан афзал.
- Гуручнинг бошоғи қанча етилган бўлса, ерга шунча қуйи эгилади.
- Йўлда йўлдош керак, ҳаётда — шафқат.
- Уч ёшли боланинг қалби қаригунича шундай қолади.
- Ёмон одамнинг дўсти бўлгунча, яхши одамнинг душмани бўлган афзал.
- Ёмон нотиқ лақма бўлади.
- Бахт кулги бор уйга киради.
- Тансиҳатликка ғамхўрлик қилиш — энг яхши даводир.
- Ортиқча мол — ортиқча ташвиш.
- Кечқурун бадмаст — эрталаб ишёқмас.
- Камбағал хотиржам ухлайди.
- Болани бехуда эркалатиш уни ташлаб кетиш билан баробар.
- Қимматбаҳо тош ҳам ишлов берилмаса ялтирамайди.
- Дангаса — сергап.
- Ишёқмасга бир тоғ бойлик ҳам етмайди.
- Оппоқ юз етти нуқсонни яширади.
- Мол-дунё ва машҳурлик бегонани ҳам жалб этади, камбағаллик яқинларни ҳам узоқлаштиради.
- Ҳаром йўл билан қозонилган мол-дунё ва машҳурлик булут каби тез тарқайди.
- Эртанги юздан бугунги эллик афзал.
- Юрак тош эмас.
- Ҳар меванинг ўз вақти бор.
- Умр қисқа — яхшилик қилишга шошил.
- Юмшоқлик қаттиқликни енгади.
- Балиқчи балиқчини узоқдан танийди.
- Заҳарни заҳар билан енгадилар.
- Бошда бори тилга чиқади.
- Бир дақиқа — минг тилло.
- Ҳеч нарсадан кўра нимадир афзал.
- Токи ҳаёт эканман — умид қиламан.
- Севги билан қорнинг тўймайди.
- Олтиннинг шуъласи Будда ёғдусидан ёрқинроқ.
- Камбағалнинг давлати — болалар.
- Қаерда яшасанг, ўша ерни пойтахт бил.
- Олган ҳадянгдай айб топма.
- Жаҳолат — жиноят манбаси.
- “Йўқ”дан “бор” туғилмайди.
- Ўтмиш — ҳозирнинг ойнаси.
- Нодонлик ҳукм сурган жойда ақл беркиниб олади.
- Энг яхши кўзгу ҳам орқани кўрсатмайди.
- Ёмон уста асбобларини айблайди.
- Чидаб бўлмайдиган нарсага чидаш — ҳақиқий чидам.
- Пул дарахтда ўсмайди.
- Муваффақият муваффақият келтиради.
- Ота-онасига ўхшамайдиган бола йўқ.
- Хаттот қалам танламайди.
- Ҳўл бўлишдан аввал ёмғирпўшни ол.
- Такаббурлик яхшилик келтирмайди.
- Кўр илондан қўрқмайди.
- Фанда енгил йўл йўқ.
- Келажак учун ҳаракат қилмасанг, яқинда хароб бўласан.
- Пул ишида ҳатто ота ва болалар ҳам — бегона.
- Узилган гулни шохга қайтариб бўлмайди.
- Ёш ҳам, қари ҳам қачон кетишини билмайди.
- Отнинг оёғи тўртта бўлса ҳам қоқилади.
- Ҳаётда қаердан топиб, қаерда йўқотишингни билмайсан.
- Истеъдодли кишини ўз истеъдоди ўлдиради.
- Орзу — рўёбга чиқмаган туш.
- Мамлакат мағлуб бўлса ҳам тоғ ва дарёлар қолаверади.
- Уч йил тош устида ўтирсанг, тош ҳам қизийди (сабр билан мақсадга эришиш ҳақида).
- Қалампирнинг уруғи майда бўлса ҳам аччиқ.
- Ота-онасиникига борган хотин уч кунда зерикади.
- Кичик ишлар катта ишларга етаклайди.
- Қариш осон, илм ўрганиш қийин.
- Самурай дўсти учун жонини аямайди.
- Ҳатто тўртта от ҳам тилни қувиб етолмайди.
- Ўлик йўлбарс тирик сичқонга тенг келмайди.
- Муваффақиятсизлик — омад калити.
- Кимоноси оқ-у, қалби қора (кимоно — япон миллий кийими).
- Билган — гапирмайди, бехуда гапирган — билмайди.
- Энг яхши уста ҳам хато қилади.
- Уч сунли тил беш сякли танани яралайди (сун — узунлик ўлчови, 3,8 см; сяк — узунлик ўлчови, 30,3 см).
- Энг яқин дўстинг билан ҳам орада масофа сақла.
- Туққан ота-она эмас, тарбиялаган — ота-она.
- Зиёндан ҳам фойда чиқар.
- Ортиқча давлат ҳам зарар.
- Чумчуқ ҳаккалашни юз йилда ҳам ўрганолмайди.
- Айш-ишрат инсонни ҳалок қилади.
- Оёғи ёрилган қамиш бошоғидан ҳам чўчийди.
- Тақдир ва вақтни кутиш керак.
- Қоринни белга алиштириб бўлмайди.
- Вақтни қайтариб бўлмайди.
- Қайиқчи кўпайса қайиқ чўкади.
- Энг чопқир от ҳам қариса, қирчанғидек бўлолмайди.
- Катта истеъдод кеч етилади.
- Тинчликда яшаб уруш йилларини унутма.
- Ҳатто чанг ҳам йиғилса тоғ бўлади.
- Ким эрта турса, унга Худо беради.
- Севги учун чегара йўқ.
- Ўғирланган сув ичгандан ташналикка чидаш афзал.
- Табиат, унинг қонунларини бузганни жазолайди.
- Ўзини ҳимоя қилганни осмон ҳам ҳимоя қилади.
- Осмон билди, ер билди — мен билдим (яъни, ҳамма билди).
- Ўрганиш — тоққа арава етаклаш (тўхтасанг, орқага қулайсан).
- Қайғу бахт билан ўрин алмашади.
- Дунёни бир одам бошқаролмайди, дунё — барчаники.
- Уйда — ботир, бегоналар орасида — қўрқоқ.
- Сен ўтирган кема орқага қайтмайди.
- Эски дарёлар қуримайди.
- Севги ва нафрат ораси бир қадам.
- Бир вақтнинг ўзида икки яхши нарса бўлмайди.
- Эр-хотин жанжалига аралашма.
- Сўраш — бир дақиқалик уят, билмаслик — бир умрлик.
- Энг азиз меҳмон ҳам уч кундан сўнг зериктиради.
- Саксон ёшида уч яшарлик боладек.
- Эрта турганга омад ёр.
- Катта санъаткорга — катта саҳна.
- Кундузги чироқдек бефойда бўлма.
- Одамнинг оғзига эшик ўрнатиб бўлмайди.
- Мусибатдаги дўст — ҳақиқий дўст.
- Илон чаққан чириган арқондан ҳам чўчийди.
- Фолбин ўз тақдирини билмайди.
- Айтилган сўз — кумуш, сукут — олтин.
- Муваффақият бир қанча майда кўнгилсизликлардан сўнг келади.
- Катта одам кичик иш билан шуғулланмайди.
- Ака-укалар — бир танадаги икки қўл.
- Тез қизиган тез совийди.
- Қушлар йўқ қишлоқда кўршапалак ҳам қуш.
- Жанжалда икки томон айбдор.
- Ҳаётда етти омад ва етти омадсизлик бўлади.
- Шаффоф сувда балиқ яшамайди.
- Ўз уйида ҳамма — Бэнкэй (Бэнкэй — афсонавий япон полвони).
- Баҳсда қаттиқ бақирган ютади.
- Яхши кийимда маймун ҳам гўзал.
- Йиллар — даво.
- Ўғри ўз эшигини яхшилаб тамбалайди.
- Саккиз қўли, саккиз тили бор (ҳийлагар ҳақида).
- Қарға ҳар ерда қора.
- Тарбия насабдан муҳим.
- Табиб ўз соғлигини ўйламайди.
- Жиззакилик омад келтирмайди.
- Учрашув — айрилиқнинг аввали.
- Дарёда ўсган дарёда ўлади.
- Йиллар ва ойлар инсонни кутмайди.
- Тоғлар баландлиги билан эмас, дарахтга бойлиги билан қадрли.
- Энг чопағон отга ҳам қамчи керак.
- Ҳатто ит ва мушукни уч йил боқсанг, улар ҳам яхшилигингни унутмайди.
- Ҳатто ўғриликни ҳам ўн йил ўрганиш керак.
- Ҳатто бахтсизлик ҳам уч йилдан сўнг керак бўлиб қолиши мумкин.
- Ҳатто қуриган дарахт ҳам тоғ манзарасини гўзаллаштиради.
- Ҳатто аҳмоқнинг ҳам бир истеъдоди бўлади.
- Ҳатто қоғознинг ҳам икки томони бор.
- Узоқ йўл яқиндан бошланади.
- Бир жуфт варадзини бир оёққа киёлмайсан (варадзи — япон похол шиппаги).
- Пул инсонни бегоналаштиради.
- Пул бутун дунё бўйлаб кезади.
- Пул пулни туғади.
- Бошингни совуқда қолдирсанг ҳам оёғингни иссиқ тут.
- Урушаётган чумчуқлар одамдан қўрқмайди.
- Машҳурнинг боласи камдан-кам ҳолатда машҳур бўлади.
- Вақт учун чегара йўқ.
- Болалар учун очлик йўқ (ота-она ўзи емаса ҳам боласига беради).
- Ёмғир томчиси тошни йўнади.
- У мамлакатига борсанг — одатларига амал қил (У — Хитойдаги қадимий ўлка номи).
- Яхши ишлатишни билсанг ўтмас пичоқ ҳам яраб қолади.
- Қўмондонни ўлдирмоқчи бўлсанг, аввало унинг отини ўлдир.
- Пулинг борида пул керак бўладиган кунларни ўйла.
- Туғилган — ўлади, учрашган — айрилади.
- Соғлик учун қайғуриш — энг яхши дори.
- Меҳнаткаш одамга касаллик ҳам йўламайди.
- Куни келганда ҳатто каламуш ҳам йўлбарсга айланиши мумкин.
- Ҳатто чумолилар ҳам тўғонни емириши мумкин.
- Ортиқча дори ҳам — заҳар.
- Овчи ҳам тузоққа тушиб қолиши мумкин.
- Эскини ўрганиб янгини билиб оласан.
- Минг кун тўқилган қамиш бир кунда кул бўлади.
- Байрам арафаси байрамнинг ўзидан қизиқ.
- Аҳмоқлар югуриб кетса, орқасида ақли расолар ҳам югуради.
- Пул тугаса севги ҳам тугайди.
- Сигир сув ичса сут бўлади, илон сув ичса — заҳар.
- Катта балиқ ботқоқда яшамайди.
- Уч кун тиланчилик қилган одатини ташлолмайди.
- Осон топилган осон сарф бўлади.
- Битта генерал топгандан мингта аскар топган афзал.
- Мингта чумчуқ чуғуридан битта турна овози яхшироқ.
- Будда ибодатхонасида яшайдиган бола сутраларни ўрганмасдан ҳам ўқийверади (сутра — будда диний матнлари).
- Масамунэ қиличи билан шолғом кесма (Масамунэ — машҳур қадимги қуролсоз. У ясаган қиличлар юқори баҳоланган).
- Сукут сўздан афзал.
- Денгиз қароқчилари тоғ қароқчиларини жиноятда айблайдилар.
- Ўликнинг овози бўлмайди.
- Болани ташлаб кетиш мумкин, ота-онани ташлаб бўлмайди.
- Эркак — қарағай, аёл — печакгул (печакгул қарағай атрофида ўсади).
- Расмдаги нон билан қорин тўйдириб бўлмайди.
- Шафқатли жангчигина ҳақиқий жангчидир.
- Никкони кўрмасдан туриб “гўзал” сўзини ишлатма (Никко — атроф манзаралари гўзал бўлган қадимги япон шаҳри).
- Сени мақтаётган кишига ишонма.
- Кетаётганни тўхтатма, ўткинчини ҳайдама.
- Янги келинни кузги бақлажон билан боқма (яъни, келинни бошга чиқариб олма).
- Аёл сенга еттита туғиб берган бўлса ҳам унга қалбингнинг тубини очма.
- Душманинг заиф бўлса ҳам ўзингни катта тутма, душманинг кучли бўлса ҳам ундан қўрқма.
- Фақат бир томонни эшитиб ҳукм қилма.
- Эҳтиётсизлик — энг катта душман.
- Уйдан яхши жой йўқ.
- Ўз вазнинг билинмайди.
- Ётоқда ётган қоқилмайди.
- Денгиз ҳақида балиқчидан сўра, ўзинг ҳақида — бошқалардан.
- Узилган баргни шохга ёпиштириб бўлмайди, синган ойнада юзинг акс этмайди (ажралишган оилалар ҳақида).
- Кузги осмон етти ярим марта ўзгаради.
- Аҳмоқликка қарши дори йўқ.
- Хато қилсанг, тўғрилашдан уялма.
- Биринчи ғалаба — ғалаба эмас.
- Биринчи — овоз, сўнг — куй.
- Илк невара фарзандда ширин.
- Биринчи гуруч ҳосили сўнггисидан ширин.
- Қалам қиличдан кучли.
- Ҳал қилишдан олдин ўйла, ҳал қилдингми — ўйлама.
- Оқар сув айнимайди.
- Оилавий жанжаллар фақирликка олиб келади.
- Рашк — севгининг юраги.
- Ота-оналар ишлайдилар, болалар ялло қиладилар, набиралар — қашшоқ.
- Оғиз — бахтсизликлар ва касалликлар сабаби.
- Сакэ ва кўп уйқу — қашшоқликка энг қисқа йўл (сакэ — гуруч ароғи).
- Қўлингдан келганча ҳаракат қил, қолганини тақдирдан кўр.
- Кўр илон ҳеч нарсадан қўрқмайди.
- Сўз темирни ҳам эритади.
- Қуёш ва гуручни ҳар ердан топа оласан.
- Эр-хотиннинг уруши ва ғарб шамоли оқшом бўлиши билан тинчийди.
- Қари от йўлдан адашмайди.
- Тақдир ва соя изимиздан қувиб юради.
- Бахт уни кутмаган пайт кулиб боқади.
- Ўғил отага тақлид қилади, қиз — онага.
- Уч аёл йиғилса — бозор.
- Йўл бўйидаги уйни уч йилда ҳам битказолмайсан (агар ҳар ўтганнинг маслаҳатига қулоқ солаверсанг).
- Фарзанди бўлмаган ота-она севгисини билмайди.
- Эркакнинг боши бор, аёлнинг — юраги.
- Қочган йўл танламайди.
- Табассум ҳеч қачон зарар эмас.
- Ўлиш осон, яшаш қийин.
- Аҳмоқ ва жиннига йўл бўшат.
- Келинни уйга тушиши билан тарбияла.
- Ёзишни ўрганиш саксон ёшда ҳам кеч эмас.
- Яхши дорининг таъми аччиқ бўлади.
- Яхши уста ашё танламайди.
- Шохини тўғриламоқчи эди, буқани ўлдириб қўйди.
- Ўлик бўлса ҳам тай яхши (тай — Японияда қадрланадиган балиқ тури).
- Инсон йиғлаётган бола ва ер эгаси олдида ожиздир.
- Атиргул қанча гўзал бўлса, тикони шунча узун бўлади.
- Қанча астойдил яширишса, шунча тез ошкор бўлади.
- Тез етилган тез бузилади.
- Бори — ёқмайди, ёққани — топилмайди.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.