Чойхоналар қаерда қолди?

Яхши эслайман: Марғилондаги барча маҳалла гузарларида масжид, чойхона, новвойхона, қассобхона, сартарошхона ва дўкон бир жойда бўлар, маҳалла аҳли шу ерда йиғилиб, вақтини хуш ўтказарди.

Айниқса, маҳалла чойхонаси қарияларнинг йиғиладиган жойи бўлиб, улар масжиддан чиқиб, шу ерда ўтиришар, суҳбатлашишар, газета ўқишар, бурчакдаги радиони тинглашар эди. Катта самоворда доимо сув қайнаб турар, чой деярли сувтекин эди. Гоҳида мени ҳам давраларига қўшишар, гўзал суҳбатларига шерик қилишар, баъзан китоб ўқиттиришар эди. Бир пайтлар бу ерда бедилхонлик, яссавийхонликлар бўлган, эски туркий-арабий китоблар ўқилган экан. Ўша пайтларда чойхонада қариялар кўп бўларди.

Иқтисодий шароитми ё яна бошқа сабабларми шаҳардаги чойхоналар аста-секин ёпилди ёки фаолиятини ўзгартирди. Бизнинг чойхона бир муддат емакхона бўлди, сўнг сомсахонага ижарага беришди, кейин картахона, теннисхона, хотдогхона бўлди… Ҳозир қулф осилган. Марғилондаги энг катта “Ханда” чойхонаси тўйхонага, унинг ёнидаги “Оталар чойхонаси” ошхонага айлантирилган.

Ҳозирда чойхона деганда буткул бошқа манзара тасаввур қилинади: сигарет ҳиди буруқсаган алоҳида хоналарда бир гуруҳ йигитлар хандон отиб карта ўйнайдиган, сўнггида ошпаз пишириб берган паловхонтўрани паққос тушириб, кекириб ўтирадиган жой.

Назаримда маҳаллаларда қариялар ҳам камдек. Менга қадрдон чолларнинг кўпи раҳматли бўлиб кетди. “Янги чоллар”ни фақат масжидда ва наҳорги ошларда учратасиз. Маҳалланинг тўрига кўрк бўлган чоллар тарихга айланди.

Эртага фарзандим чойхона ҳақида сўраб қолса, қайси вариантда жавоб бераркинман, деган ўйдаман.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *