Араблар, ал-араб — Ғарбий Осиё ва Шимолий Африкадаги араб мамлакатларида яшовчи халқлар гуруҳи. Умумий сони 350 млн. киши (2014). Араблар, асосан Африка ва Осиё мамлакатларида: Миср, Судан, Ливия, Тунис, Жазоир, Марокаш, Ливан, Сурия, Ироқ, Иордания, Саудия Арабистони, Яман ва бошқа ерларда яшайди, бу мамлакатлар аҳолисининг қарийб 80% ини ташкил қилади. Катта европеоид ирқига мансуб. Араб тилида сўзлашади. Арабларнинг кўпчилиги суннийлар. Бундан ташқари, араблар ичида мусулмон динининг бир қанча мазҳаблари мавжуд; шиалар — Ироқ, Яман, Сурия ва Ливанда; ибодийлар — Шимолий Африкада; зайдий ва исмоилийлар — Шимолий ва Шарқий Ироқда, Ливаннинг тоғли туманларида яшайдилар. Миср, Ливан, Сурия ва Иорданияда яшовчи арабларнинг бир қисми христиан динига эътиқод қилади.
- Айбига иқрор бўлганни авф эт.
- Йигит урушда, дўст дардда, комил инсон ғазаби келганда маълум бўлади.
- Тилинг бўйнингни кесишидан эҳтиёт бўл.
- Ё мустақил яша, ё ўл.
- Тирик эшак ўлик файласуфдан афзал.
- Гарчи у айиққа ўхшаса ҳам сен севаверадиган инсон — ҳақиқий дўст.
- Вақт — энг яхши устоз.
- Олим жаннатга тушмагунича илм олишдан тўймайди.
- Илмни ёзиш билан мустаҳкамланг.
- Уят йўқолганида бало бостириб келади.
- Ҳар гўзалликнинг бир нуқсони ҳам бўлади.
- Икки нарсанинг қадри у қўлингдан кетгандан сўнг билинади: ёшлик ва саломатлик.
- Қўрқсанг — гапирма, гапирдингми — қўрқма.
- Вақтида келган ўлим ҳам — неъмат.
- Агар инсон ўз фикр ва ҳисларини тили билан ифода эта олмаганида эди, унинг гунг ҳайвон ва девордаги суратдан фарқи қолмасди.
- Агар шамол бўлмаса, елканнинг оддий матодан фарқи қолмайди.
- Баъзида сукут ҳам муносиб жавоб бўлади.
- Агар акангдан ёлғон ва хушомад билан бирон нарса сўрашга ўтган бўлсанг, демак у сенга ака эмас.
- Ҳузурингда сени ўзингда бўлмаган сифатлар билан мақтаган одамдан эҳтиёт бўлгинки, у сени ўзгалар олдида ёмон сифатлар билан гапиришга ҳам қодир.
- Агар итга ишинг тушса, унга “акажон” деб мурожаат қилавер.
- Агар сабаблари маълум бўлса, барча дард учун дори топилади.
- Оз е — кўп яшайсан.
- Буқани шохидан, одамни тилидан боғлайдилар.
- Бадавийни фақат бир марта алдаш мумкин.
- Ё қирол билан, ё денгиз билан қўшни бўл.
- Илмни қайтаришда фойда кўп.
- Кулфат — тилнинг маҳсули.
- Инсоннинг омонлиги тилининг ширинлигида.
- Оқлик — ярим гўзаллик.
- Хотинни узоқдан, боғни яқиндан танла.
- Мевасиз дарахтга тош отмайдилар.
- Нимадир сотиш ҳақида эса, сотиб олиш ҳақида қайғур.
- Фойдасиз сўзни гапирма, фойдалидан юз ўгирма.
- Эзгулик ёмонлик ичидан етилади.
- Сен яхшилик қилган одам сенга зулм қилишидан қўрқ.
- Кўп гапириш пушаймонга олиб келади.
- Кўпгина ақлий урушлар эҳтирос тўлқини билан оловланади.
- Сенга чин дилдан маслаҳат берувчи — ака.
- Тилингга эҳтиёт бўлсанг — у сени сақлайди, эркин қўйсанг — сени сотади.
- Диндошларинг билан самимий, йўлдошларинг билан хушмуомала бўл.
- Яхши ишнинг думи бўл, лекин ёмон ишнинг боши бўлишдан эҳтиёт бўл.
- Баъзида бир онадан туғилмаган бошқа бир инсон сенга акалик қилади.
- Буқа бурнини шохи билан ҳимоя қилади.
- Умумий кулфат пайти хусуматлар унутилади.
- Қардошлик кулфат пайти билинади.
- Бир саллага икки калла сиғмайди.
- Ҳаттоки ёмонликда ҳам хайр бўлади.
- Ўзга юртда ҳатто қуён ҳам фарзандингга зарар беради.
- Инсоннинг буюклиги унинг ҳурлигида.
- Камтарлик — инсон тожи.
- Инсоннинг иймони унинг қасамидан билинади.
- Туя олтин ташигани билан ўзи тикан ейди.
- Боланинг нигоҳи у нима демоқчилигини англатади.
- Синовлар пайти инсон ё ҳурмат, ё нафратга сазовор бўлади.
- Уруш бу — ёлғон.
- Катта фарзандни ўқит, тарбияла, кичиги ўзи ўрганади.
- Оқилнинг душманлиги нодоннинг дўстлигидан афзал.
- Сабабсиз душманлик бўлмайди.
- Худо ҳар ишда енгилликни севади.
- Ҳар ишнинг ўз вақти ва жойи бор.
- Йўлдошни йўлга чиқишдан аввал танла.
- Халқнинг раҳбари — уларнинг энг бахтсизи.
- Севишганлар жаҳли баҳор ёмғирига ўхшайди.
- Худойим! Қисқа муддатга келган меҳмонни ўзинг ёрлақа!
- Кўнгил — сирларинг учун кенг макон.
- Баъзида ашаддий ёлғончи ҳам ҳақ сўзни гапириши мумкин.
- Итни семиртирсанг сени ҳам ейди.
- Йўлга чиқилган кун — ярим саёҳат.
- Пул — яхши хизматкор, аммо ёмон хўжайин.
- Тарбиясиз болалар етимдан баттар.
- Баъзида дирҳам мусулмонларни бўлиб юборади.
- Узун тил — умр заволи.
- Ҳар айтилган сўз учун эшитувчи қулоқ топилади.
- Сўзнинг кўрки қисқалигида.
- Аҳмоқ суҳбатдош тополмайди.
- Агар дўстлик бўлмаганида инсонлар қирилиб кетарди.
- Агар айтиб тушунтира олмасанг — кўрсатиб тушунтир.
- Олимнинг адашгани — дунёнинг бузилгани.
- Бир кўзлилар қироллигига тушиб қолсанг сен ҳам бир кўзингни юм.
- Агар сен шамол бўлсанг, мен — бўронман.
- Сен яхшилик қилсанг — яшир, сенга яхшилик қилишса — гапир.
- Агар шердан зўрға омон қолган бўлсанг, уни ов қилишни бас қил.
- Агар хўжайин дўмбира чалишни хуш кўрса, хизматкорлар рақс тушишига тўғри келади.
- Яхшилик тилаш уни қилиш билан баравар.
- Баъзилар учун тўй бир ойлик роҳат ва бир умрлик қайғудир.
- Уятсиз аёл — тузсиз таом.
- Тирик ит ўлик шердан афзал.
- Ҳасадчи юқори мансабга чиқолмайди.
- Ҳасадчини ҳасад ўлдиради.
- Ҳасад — давосиз дард.
- Икки кишига етган уч кишига ҳам етади.
- Қурғоқчилик очарчилик эмас.
- Илон ўз заҳридан ўлмайди.
- Тикандан гул ўсади.
- Дарға кўп бўлса, кема чўкиб кетади.
- Баъзида кўзлар тил айтолмаган кўп нарсаларни сўзлайди.
- Баъзида ёмон ўқчи ҳам нишонга тўғри уради.
- Баъзида сукут сўздан афзал.
- Даъвогарлар рози бўптию, қози рози бўлмабди.
- Ҳақиқат — очиқ, ёлғон — қоронғи.
- Ҳар нарсанинг ўз қиймати бор.
- Қандай ҳукм қилсанг сенга ҳам шундай ҳукм қилишади.
- Севганинг қўлидаги тош олмадек туюлади.
- Ақл тамом бўлганда сўз топилмай қолади.
- Шер қариса шоқоллар унинг устидан куларкан.
- Тилинг — сенинг тулпоринг: уни асрасанг — сени асрайди, бўш қўйсанг — ерга қулатади.
- Далил-исботи йўқнинг тили узун бўлади.
- Тилнинг суяги йўқ, лекин суякни емиради.
- Тил — дил таржимони.
- Бу дунё — кўприк.
- Иқтисод — турмушнинг ярми.
- Кўп ҳазил обрўни туширади.
- Ажнабий — ажнабийнинг дўсти.
- “Ҳеч нима”дан “нимадир” яхшироқ.
- Ҳолвадан ширин нима? — Душманликдан кейинги дўстлик.
- Жигарга фойдали нарса қоражигарга зарар.
- Тоғанг тош берса ҳам ол.
- Тарбиясиз киши — қалбсиз тана.
- Кўпинча ризодан кўра рад қилиш фойдалироқ бўлади.
- Кўпинча урушлар биргина сўздан аланга олади.
- Кўпинча ҳазилнинг остида жиддийлик яширин бўлади.
- Иффат — енгилмас қўшин.
- Энг яхши нутқ — қисқа нутқ.
- Итнинг думини даста билан текислаганинг билан у қайрилганича қолаверади.
- Ўғрини ўғриламасдан аввал ушла.
- Илмини ўргатмайдиган олим ёмғирсиз булутга ўхшайди.
- Ёшликдаги илм тошга ўйилган нақш кабидир.
- Оқил меҳнат самарасига, нодон қуруқ орзуга ишонади.
- Аёлнинг ақли — унинг гўзаллигида, эркакнинг гўзаллиги — ақлида.
- Кўздан йироқ — кўнгилдан йироқ.
- Ўзингни ҳурмат қилсанг, ҳурматли бўласан.
- Сенга дарс бўлган зарар — даромад.
- Ҳар бошнинг ўз оғриғи бор.
- Ҳар бир тирик жоннинг ўз муҳлати бор.
- Ҳар дарахтнинг ўз сояси бор, ҳар диёрнинг ўз одати бор.
- Қамоқ гарчи боғ бўлса ҳам қамоқлигича қолаверади.
- Таклифсиз келган ёстиқсиз ухлайди.
- Сабр — енгиллик калити.
- Сир — сенинг асиринг: агар уни қўйиб юборсанг, ўзинг унинг асирига айланасан.
- Бировларнинг хатосидан хулоса чиқарган — бахтли.
- Қўрқув — омадсизлик калити.
- Кўрлар орасида бир кўзли — султон.
- Хачирдан сўрадилар: “Сенинг отанг ким?” У жавоб берди: “От — менинг тоғам”.
- Тилдан адашиш оёқдан қоқилишдан хавфлироқ.
- Аввал қўшни, кейин уй.
- Туш ва орзу — опа ва сингил.
- Оқилнинг бойлиги — илмида, нодоннинг бойлиги — пулида.
- Худодан қўрқадиган инсон билан маслаҳат қилинг.
- Ит ҳуриши билан булут тўхтаб қолмайди.
- Уят ўлимдан кучли.
- Ғолиблик тоти сабр аччиғини ювади.
- Ширин қатиқ ғазабни юмшатади.
- Хасис бой қўли очиқ камбағалдан фақирроқ.
- Аллоҳ яширганини сен ҳам яшир.
- Аҳмоқни қанча ўқитганинг билан эрталаб эсидан чиқиб кетади.
- Ярамас хотин — темир кишан.
- Қаттиқ қўрқув оғриқни олади.
- Қаердан жой кўрсатишса, ўша ерда ўтир.
- Аҳмоқнинг қалби — тилида, дононинг тили — қалбида.
- Юрак кўздан аввал кўради.
- Бугунги тухум эртанги товуқдан афзал.
- Ўзга юртда инсон учун энг қимматли нарса — Ватан.
- Энг ёқимсиз озғинлик отда ва аёлда бўлади.
- Олийжаноб одамнинг қўли — тарози.
- Сукутдаги пушаймонлик айтилган сўздаги пушаймонликдан афзал.
- Бировларнинг камчилигини гапириш — қусур.
- Ой одамдан яширина олармиди?
- Камчиликларимни юзимга айтган инсонни Аллоҳ ёрлақасин!
- Сувсиз қудуқ шудринг билан тўлмайди.
- Кечиримли бўл, сени ҳам кечиришади.
- Лақаблар осмондан тушади.
- Сендан даражаси юксак одамдан ҳам, паст одамдан ҳам маслаҳат ол, сўнг ўз фикрингга суян.
- Сенга зарар келтирувчи ҳақиқат фойдали ёлғондан яхшироқ.
- Йўқотиш топишга ўргатади.
- Қаср қурди, лекин бутун шаҳарни вайрон қилди.
- Шошқалоқлик афсусга, эҳтиёткорлик хайрга олиб боради.
- Мақол — нутқнинг тузи.
- Энг зотдор от ҳам баъзида қоқилади.
- Дўстингга ҳеч бўлмаса овозинг билан ёрдам бер.
- Кучсизлар устидан ғалаба мағлубият билан тенг.
- Ёмон одат қарздан баттар.
- Манманликнинг меваси — ҳасад.
- Хўрозга “қичқир” дедилар. У “ҳар нарса ўз вақтида яхши” деб жавоб берди.
- Ит шерлар орасида ўсгани билан итлигича қолаверади.
- Аввал ўлча, кейин кес.
- Ошпаз кўпайса ош куйиб кетади.
- Айиқдан қочиб, қудуққа тушиб кетди.
- Қарғадан лочин туғилмайди.
- Диннинг асоси — илм.
- Хатолар асоси — очкўзлик ва нафрат.
- Эшак ўзига шох қидиргани бориб, қулоқсиз қайтибди.
- Бир шохни эгсанг ўнтаси шитирлайди.
- Бир қўл билан юзни ёпиб бўлмайди.
- Биргина учқун бутун бошли маҳаллани кул қилади.
- Битта дарё бутун бошли денгизни лойқалатолмайди.
- Биродарлардек муомала қилинг, бегоналардек ишланг.
- Касал бўлмасдан аввал табибга кўрин.
- Тун — қочоқнинг қалқони.
- Оёқлар юрак хоҳлаган ергагина олиб боради.
- Маслаҳатдан ҳеч ким ўлган эмас.
- Ҳеч ким орқамни ўзимдек қашлай олмайди.
- Илмсизлик — тириклар ўлими.
- Баъзида ёлғон ҳам ғалаба қозонади, лекин узоқ турмайди.
- Етимга йиғлашни ўргатма.
- Соқолингни икки киши орасида қисқартирма. Бири узун деса, бири қисқа дейди.
- Ёпишга кучинг етмаганларга эшикни очма.
- Йўлбарс терисини ёпинган ҳамма ҳам ботир эмас.
- Ҳаракатсиз умид — мевасиз дарахт.
- Қўйларнинг кўплиги қассобни қўрқитмайди.
- Сукут — оқилнинг либоси ва нодоннинг ниқоби.
- Кўп сўзлаш — омадсизлик калити.
- Арслонни кўп кўрган ундан камроқ қўрқади.
- Одамлар туяга ўхшайди: юзтадан биттаси пойгага ярайди.
- Севги — кўрликнинг дугонаси.
- Ширинни севсанг аччиққа ҳам чида.
- Ишларнинг яхшиси — ўртачаси.
- Ёмон суҳбатдошдан ёлғизлик афзал.
- Энг яхши садақа — сўз садақаси.
- Арслон қафасда ҳам арслонлигича қолаверади.
- Ҳунарини ташлаган бахтини йўқотади.
- Агар сен бўри бўлмасанг, бўриларга ем бўласан.
- Кўп кулган одамлар орасида ҳурматини йўқотади.
- Ўз боласини севган етимларга ҳам мурувватли бўлади.
- Қуролини ташлаганни ўлдирмайдилар.
- Қироллар халқ устидан ҳукмронлик қиладилар, олимлар — қироллар устидан.
- Кишиларга муҳаббат — энг яхши давлат.
- Гуноҳларнинг дориси — тавба қилмоқдир.
- Уч нарса умрни узайтиради: кенг уй, яхши улов, меҳрибон хотин.
- Оқил ўзига ўзи соқчилик қилади.
- Кишилар адолат билан ҳаракат қилганларида эди, қозилар дам олган бўлар эдилар.
- Кесиб ташлаш қўлингдан келмагач, у қўлни ўпмай иложинг йўқ.
- Кўп пул одамни кўр қилади.
- Адл биноси ҳеч қачон хароб бўлмайди.
- Бахилнинг кулфати унинг бахиллигидадир.
- Дунё молига ҳарис бўлмаган киши ҳимматлидир.
- Қўрқув-ваҳимани жиловлаёлмаган киши, ўз мақсадларига эришолмайди.
- Битта нон билан тўядиган киши яримта нон билан ҳам тўяверади.
Давронбек Тожиалиев таржима қилди.