Юнус Эмро (Туркия)

КEЛ КЎР МАНИ ИШҚ НАЙЛАДИ

Ман юрурман ёна-ёна,
Ишқ бўяди мани қона,
На оқилман, на девона,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Гоҳ эсарман еллар каби,
Гоҳ тўзарман ерлар каби,
Гоҳ оқарман селлар каби,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Оқар сувлардек оқарман,
Дардли юрагим ёқарман.
Ёримни ўйлаб йиғларман,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Ё қўлим ол қолдир мани
Ё васлингга қондир мани
Кўп йиғлатдинг, кулдир мани
Кел, кўр мани ишқ найлади.

Ман юрурман элдан элга,
Дўст сўрарман тилдан тилга.
Ғурбатда ҳолим ким билар,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Мажнун бўлубон юрурман,
У ёрни тушда кўрурман.
Уйғониб малул бўлурман,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Рангим сариқ, кўзларим ёш,
Бағрим пора, жигарим тош.
Ҳолим билган дардли қардош,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Ишқинг мани маст айлади,
Олди кўнглум, хаст айлади.
Ўлдирмакка қасд айлади,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

Мискин Юнус бечораман,
Бошдин оёғи ёраман,
Дўст кўйида овораман,
Кел, кўр, мани ишқ найлади.

АҲЛАН ВА САҲЛАН МАРҲАБО!

Эй анбиёлар сарвари,
Эй авлиёлар раҳмати,
Эй инсу жон пайғамбари,
Аҳлан ва саҳлан марҳабо!

Сиз жонларнинг жононисиз,
Дардлиларнинг дармонисиз,
Оламларнинг султонисиз,
Аҳлан ва саҳлан марҳабо!

Аллоҳу акбар шонуҳу,
Султонаҳу субҳонаҳу,
Қод жаина бурҳонаҳу,
Аҳлан ва саҳлан марҳабо!

Сиз эрурсиз маҳбуб худо,
Этманг шафоатдин жудо,
Аҳмад Муҳаммад Мустафо
Аҳлан ва саҳлан марҳабо!

Дарвеш Юнус сўйлар сўзни,
Равзангинга сурар юзни,
Севарлар маҳшарда бизни,
Аҳлан ва саҳлан марҳабо!

ЖАННАТНИНГ ИРМОҚЛАРИ…

Бул жаннатнинг ирмоқлари
Оқар Аллоҳ-Аллоҳ дея.
Чиқмиш Ислом булбуллари
Куйлар Аллоҳ-Аллоҳ дея.

Тебранар Тубо шохлари
Қуръон ўқийди тиллари
Жаннат боғининг гуллари
Ҳид таратар Аллоҳ дея.

Соф нурдандир устунлари
Кумушдандир япроқлари
Узайгунча бутоқлари
Ўсар Аллоҳ-Аллоҳ дея.

Ойдан ойдиндир юзлари
Шаккардан тотли кўзлари
Жаннатда ҳури қизлари
Кезар Аллоҳ-Аллоҳ дея.

Кимлар еяр, кимлар ичар,
Малаклари раҳмат сочар,
Идрис набий ҳулла бичар
Тикар Аллоҳ-Аллоҳ дея.

Ҳаққа ошиқ бўлган киши
Оқар кўзларининг ёши,
Нурга тўлар ичу таши
Сўйлар Аллоҳ-Аллоҳ дея.

Юнус Эмром, бор ёрига
Қўйма бугунни эртага
Эрта Ҳақнинг девонига
Борарман мен Аллоҳ дея.

НEЧУН ЙИҒЛАРСАН БУЛБУЛ, ҲEЙ

Сен бунда ночор келдингми?
Нечун йиғларсан булбул, ҳей…
Чарчаб изинг йўқотдингми?
Нечун йиғларсан булбул, ҳей…

Қорли тоғлардан ошдингми?
Шошқин ирмоқлар кечдингми?
Ёрингдан айру тушдингми?
Нечун йиғларсан булбул, ҳей…

Нечун дардли инграюрсан,
Менинг дардим янгиларсан.
Дўстни кўрмакми тиларсан?
Нечун йиғларсан булбул, ҳей…

Ишонган тоғинг кетдими?
Ё ному оринг битдими?
Ғурбатда ёринг қолдими?
Нечун йиғларсан булбул, ҳей…

Гулистонларда яйрардинг,
Тоза гулларни бўйлардинг,
Ажиб хонишлар айлардинг,
Нечун йиғларсан булбул, ҳей…

Уйқудан кўзим уйғонди,
Уйғонди, қонга бўёнди,
Ёнди, бу юрагим ёнди,
Нечун йиғларсан булбул, ҳей…

Не бўлди, Юнусга не бўлди?
Дарёи ишққа ғарқ бўлди,
Яна баҳористон бўлди,
Нечун йиғларсан булбул, ҳей…

УСТИНА

Бир ажойиб ишқ келди, менда бу ҳол устина,
Кўнглимни тахт айлади, ўтирди жон устина.

Сен султонсан, мен қулман, сен гулсан, мен булбулман
Ҳукминг олмага етар не ким бор қул устина.

Аввал баҳор бўлажак, ёғочлар жонланажак
Кўр қанча мадҳ этарлар булбуллар жон устина.

Кўрарсан ошиқларинг кезарлар халқ ичида
Киши бор кўрмас кўзи ўтирмиш йўл устина.

Сўзларни айтдим дея Юнус нуқта қўймагил
Яна қанча ҳикмат бор, эл бордур эл устина.

СEНСАН

Илоҳи, дардимнинг дармони сенсан,
Гуноҳкор қулларнинг ғуфрони сенсан.

Сенинг амринг ила айланар фалак
Ҳам ою қуёшнинг даврони сенсан.

Ҳалилнинг севгиси, Яъқубнинг оҳи
Юсуфнинг банди-ю, зиндони сенсан.

Мусонинг Турдаги муножоти сен
Исонинг кўкларда сайрони сенсан.

Кўзимнинг нури ва танам ҳаёти
Кўнгиллар тахтининг султони сенсан.

Юнус Эмро сабоқни сендан олур
Қўлинда дафтари девони сенсан.

Туркчадан Давронбек Тожиалиев таржималари

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *