Ўзим шахсий фирма очиб, юритиб кўрмаганман. 2 йил олдин дўстимнинг илтимоси билан унинг фирмасига директор бўлдим. Фирма фаолият юритмагани боис “нолевой” ҳисобот топшириб турдик. Кейин бошланди: ҳокимиятдан қўнғироқ, статистика бошқармасидан, солиқ қўмитасидан, банкдан… Унга ҳисобот топшир, бунга топшир, уни тўла-буни тўла…
2016 йилнинг март ойи бошларида ишламаётган фирмани ёпишга қарор қилдим. Танишлардан суриштирдим, йўл-йўриқ сўрадим. Кимдир фирмани ёпишда ёрдам берувчи ёлланма кишилар борлигини, уларнинг хизмат ҳақи фирма оборотига қараб, 200 доллардан 1000 долларгача эканлиги, шу пулни бериб, тинчгина қутулиш кераклигини айтди. Бировга пора бермайман, оддий халқ қандай қийналса, мен ҳам шу усулда фирмани ёпаман, деб фикр қилдим.
Агар фирма 1 йил давомида фаолият юритмаган бўлса, солиқ идорасида банкдан бу ҳақда маълумотнома ва кўчирма олиб келиб берилса, корхонани автоматик тугатишга йўналтиришлари мумкин дейишди. Буёғига фирмани ёпиш учун тайёрлаган қоғоз-ҳужжатларим ҳақида рақамлаб ёзиб бораман.
Солиқ идорасига юқоридаги ҳужжатни олиб бориш учун аввало банкка хат (1) билан мурожаат қилдим. 3 кундан сўнг менга жавоб хати (2) ва кўчирмани (3) беришди. Уни олиб туман солиқ қўмитасининг фирмаларни ликвидация қилиш бўлимига учрадим. Бўлим мутасаддиси муддаомни тинглагач, бундай амалиёт ҳозирда қўлланмаётганини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 630-сонли қарорига кўра, ихтиёрий тугатиш лозимлигини тушунтирди.
Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш учун туман ҳокимиятининг “Ягона дарча” марказига бордим. Улар керак бўладиган дастлабки ҳужжатлар рўйхатини беришди:
- Фирма ёпилаётгани ҳақида газетага эълон (4).
- “Ягона дарча маркази”га ариза (5).
- Фирмани тугатиш ҳақида таъсисчилар мажлиси протоколи (6).
- Фирмани тугатиш ҳақида таъсисчилар қарори (7).
- Фирмани тугатувчининг паспорт нусхаси (8).
Ушбу ҳужжатларни тайёрлаб (газетада эълон чоп этилишига 1 ҳафта кетди), “Ягона дарча” марказига топширдим. Улар ушбу ҳужжатлар асосида солиқ қўмитасига хат юборадиган бўлишди. 10 кунлардан кейин солиқ қўмитасига чақиришди. Солиқ қўмитаси текшируви учун қуйидаги ҳужжатларни олиб келишимни айтишди:
- Таъсис ҳужжатлари (9).
- Директорнинг паспорт нусхаси (10).
- Бош ҳисобчининг паспорт нусхаси (11).
- Текширувлар рўйхати китоби (12).
- Ижара шартномаси (13).
- Кадастр шартномаси (14).
- Электр энергияси шартномаси (15).
- Устав фондини ташкил этиш ҳужжати (16).
- Лиценция (17).
- Кадастр ҳужжати (18).
- Инвестиция ва дивидентлар расшифровкаси (19).
- Ҳисоб сиёсати (20).
- Ҳисоботлар, солиқлар баланси (21).
- Штатлар жадвали (22).
- Халқ банки йиллик акт-сверкаси (23).
- Дебит ва кредит расшифровкаси (24).
- Сўнгги чек дафтари (25).
- Асосий воситалар расшифровкаси (26).
- ТМЦ расшифрофкаси (27).
- Иш ҳақи китоби (28).
- Иш ҳақи ведомостлари (29).
- Касса китоби (30).
- Пластик карталар рўйхатномаси (31).
- Инкассация шартномаси (32).
- Экспорт-импорт шартномалари (33).
- Солиқлар жадвали (34).
- Ликвидацион баланс (35).
- Кирим-чиқим ҳисоб-фактуралари (36).
- Шартномалар (37).
- Йиллик 01, 10, 20, 28, 29 ҳисоботлар (38).
Рўйхатни кўриб хушим ўчди. Бухгалтерияни яхши тушунмайман. Бор ҳужжатларни келтириб бердим. Кейин қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш ҳақидаги солиқ қўмитаси хатини банкка топшириб, жавобини олиб келишимни айтишди:
- Банкдаги барча бирламчи, иккиламчи ва махсус ҳисоб рақамлари ва валюта ҳисоб рақамлари бўйича муҳр ва имзо билан тасдиқланган кўчирма (39).
- Экспорт ва импорт операцияларининг мавжудлиги ва ижроси ҳақида тўлиқ маълумот (40).
- Бошқа банк муассасаларида валюта, иккиламчи, махсус ва бошқа ҳисоб рақамларининг мавжудлиги ва валюта қолдиғи ҳақида маълумот (41).
- Картотека №2 нинг мавжудлиги ва иш ҳақи бўйича қарздорлик мавжудлиги ҳақида маълумот (расшифровкаси билан) (42).
- Банк ссудалари ва кредитлари бўйича маълумот (43).
- Дебитор ва кредитор қарзлари мавжудлиги ҳақида маълумотнома (44).
- Ҳисоб рақамидаги пул ва валюта маблағлари қолдиғи бўйича маълумот (45).
- Корхонанинг ҳисоб рақами ёпилган бўлса, ёпилган сана ва сабаблари бўйича маълумот (46).
- Хизмат кўрсатувчи банк муассасасидан ўрнатилган касса лимити бўйича алоҳида йиллар бўйича маълумот (47).
- Банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи кимга берилганлиги нусхаси (48).
15 апрель куни банкдан ҳужжатларни олиб, солиқ қўмитасига топширдим. Орадан бир ойча вақт ўтди. Молиявий ва хўжалик фаолияти бўйича давлат солиқлари ва мажбурий тўловларни Давлат бюджетига ва бошқа жамғармаларга тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида бюджетга ўтказилиши бўйича якуний текширув бошланди. Текширув бошланганлиги ҳақида актга муҳр ва имзо қўйдим (49).
21 июнь куни текширув далолатномасини олдим. Текширув асосида йўл қўйилган хатолар ва солиққа тўлашим керак бўлган жарималар баён қилинди. Далолатнома (50), жисмоний шахслар даромадидан даромад солиғининг тўғри ҳисобланиши ва ўз вақтида бюджетга ўтказилиши юзасидан ўтказилган якуний текширувнинг оралиқ далолатномаси (51), электр энергияси истеъмоли учун тўловларнинг тўланиши бўйича ўтказилган якуний текширувнинг оралиқ далолатномаси (52) имзоланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисида тушунтириш хати (53) олинди.
14 июль куни Ўзбекистон Республикасининг солиққа оид қонунбузарликларини бартараф этиш тўғрисидаги Мирзо Улуғбек тумани ДСИ бошлиғининг қарори (54) чиқди. Унга кўра, 1 ой муддатда солиқ идорасининг жами бешта ҳисобига тегишли қарз ва жарималарни тўлашим ва энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида маъмурий жарима тўлашим керак бўлди.
Жарималарни солиқ идорасидаги касса орқали тўлаш тўхтатилган экан. Банкдаги ҳисоб рақамимизда пул йўқ. Аввало банкка нақд пул қўйиб, картотека очилишини кутдим. Сўнг бешта ҳисоб рақамига тегишли қарз ва жарималарни ўтказдим. Солиқ ҳисоб рақамлари ўзгарган экан. Яна бир кун вақтим кетди. Баъзи ҳисоб рақамларига Солиқ қўмитаси сайтидан пул ўтказиб бўлмади. Ҳисоб варағи (55) тайёрлаб, яна банкка келдим.
Солиқ қарздорлиги йўқлиги ҳақидаги маълумотномани олиш учун яна солиқ идорасига келдим. Маълумотномани беришга масъул шахс яна бир текшириб чиқишини, ҳозир инкасса пайти эканини айтиб, телефон рақамимни олиб қолди. Тайёр бўлгач, қўнғироқ қиламан деди. 4-5 кун ўтгач ўзим бордим. Қоғозни йўқотган экан. Маълумотномани 15 дақиқада тайёрлаб берди.
Солиқ текширувлари, маълумотномалар, тўловлар учун солиқ қўмитасига 15 марта қатнадим.
3 август куни банк ҳисоб рақамимни ёпиш учун қуйидаги ҳужжатлар билан банк идорасига бордим:
- Солиқ қарздорлиги йўқлиги ҳақидаги маълумотнома (56).
- Ўзбекистон Республикасининг солиққа оид қонунбузарликларини бартараф этиш тўғрисидаги Мирзо Улуғбек тумани ДСИ бошлиғининг қарори нусхаси (57).
- Банкдан очилган пластик карточкалари (58).
4 август куни банкдан ҳисоб рақамининг ёпилганлиги, картотека ва банкдан қарзи йўқлиги ҳақида маълумотномани олдим.
Шу куни туман суд ижрочилари департаментига бордим. Маълумотномани шаҳардан беришаркан. Бунинг учун қуйидаги ҳужжатларни топширдим:
- Қарздорлик йўқлиги ҳақидаги маълумотнома олиш учун ариза (59).
- Корхонани тугатиш ҳақидаги қарор нусхаси (60).
- Гувоҳнома нусхаси (61).
- Ликвидаторнинг паспорт нусхаси (62).
Ўн иш кунида тайёр бўлишини айтишди.
5 август куни шаҳар архив бошқармасига бориб фирма ҳужжатларини топширдим. Архивга топширишда қуйидаги қоғозларни илова қилдим:
- Тугатилаётган фирма ҳужжатларини архивга топшириш учун ариза (63).
- Топширилаётган ҳужжатлар акти (64).
- Солиқ қарздорлиги йўқлиги ҳақидаги маълумотнома нусхаси (65).
- Туман ДСИ бошлиғининг қарори нусхаси (66).
- Солиқ текшируви далолатномаси нусхаси (67).
- Гувоҳнома нусхаси (68).
- Устав нусхаси (69).
- Архивга ҳужжатларни топшириш тўлови квитанцияси (70).
17 куни тайёр бўлган қуйидаги ҳужжатларни олиб, ҳокимиятнинг юридик шахслар фаолиятини тугатиш бўлимига йўл олдим:
- Солиқ қарздорлиги йўқлиги ҳақидаги маълумотнома (71).
- Банкдан ҳисоб рақамининг ёпилганлиги ҳақида маълумотнома (72).
- Суд ижрочилари департаментидан ташкилотга нисбатан ундирув йўқлиги ҳақидаги маълумотнома (73).
- Ҳужжатлар архивга топширилгани ҳақидаги маълумотнома (74).
- Гувоҳнома асл нусхаси (75).
- Юмалоқ ва бурчак муҳр.
Сентябрнинг 3-ларига фирманинг реестрдан чиқарилганлиги ҳақидаги маълумотномани олишга келишимни айтишди. 6 сентябрь куни фирманинг давлат реестридан чиқарилганлиги тўғрисидаги (76) сўнгги қоғозни олдим.
Фирмани ёпиш билан боғлиқ барча қоғозларни тўлдиришга 5 ой вақт кетди. Бу орада банкка 8 марта, солиқ қўмитасига 15 марта, архив идорасига 3 марта, суд ижрочилари департаментига 3 марта, ҳокимиятга 5 марта қатнадим.
Муҳим эслатма: мутасадди идоралар томонидан бериладиган ҳеч қайси ҳужжат ҳеч қачон бир зумда тайёр бўлмайди. Бунинг учун 2 кундан 20 кунгача вақт талаб қилинади. Одатда телефон рақамингизни олиб, “тайёр бўлса ўзимиз қўнғироқ қиламиз” дейишади. Амалиётда ҳужжат аллақачон тайёр бўлса-да, биронтаси қўнғироқ қилмади. Шунинг учун кўп овора бўлмаслик учун албатта уларнинг рақамларини ҳам олинг ва вақти-вақти билан уларни “безовта” қилиб туринг.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган шароитлар ҳақида деярли ҳар куни матбуот ва телевидениеда ёритилмоқда. Тадбиркорлик субъектини тезда, осон очиб оласиз, лекин уни ёпиш учун бу тартибдаги бюрократияни бошдан кечирган ишбилармон менга ўхшаб, “ўта зарур бўлмаса, қайтиб фирма ҳам очмайман, директор ҳам, таъсисчи ҳам бўлмайман” дейиши ҳақиқатга яқин.
Аслида бунақа бюрократиянинг кимга кераги бор? “Қоғозлар” сонини кескин қисқартириш шарт. “Ягона дарча” очилдими, марҳамат, охиригача тадбиркорга ёрдамчи бўлсин. “Ягона дарча”да солиқ, банк ва бошқа ташкилотлар вакили ўтириб, ўз базаси орқали корхонанини текшириб чиқсин. Қарз ва штрафлар шу ернинг ўзида ҳал қилинсин.
Фирма ёпиш учун 76 та (!) ҳужжат жудаям кўп. Балки юқорида ҳужжатлар сонида бўрттириб юборгандирман, бошқа ҳолатларни ҳам бюрократик тўсиқ сифатида баҳолагандирман. Лекин деярли ишламаган фирмани қонуний ёпиш шунча ҳаракат, оворагарчилик, энг асосийси вақт сарфлаш инсон умрини беҳуда совуришдан бошқа нарса эмас. Тараққий этган замонда яшаяпмиз. Ахборотлаштириш, электронлаштириш ҳақида бот-бот сўзлаяпмиз.
Албатта, фуқаролар учун осонроқ, қулайроқ бўлган бўлган ечимлар бор. Асосий масала — қоғозбозликдан воз кечиб, энг минимал қоидаларни жорий этишда.
Assalomu aleykum. To’g’ri, bizda firmani yopish biroz qiyin, lekin, postingizda ozgina bo’rttirilgan joylar ham bor.
Кўп нарсалар фирма қандай фаолият кўрсатганига ҳам боғлиқ.