Мустақиллик йилномаси (1991-2016)

Мустақиллик йиллари ўтмиш саҳифаларига 25 йиллик тарих ўлароқ қўшилди. Қуйида юртимизнинг ана шу жажжи тарих китоби қатларига муҳрланган ёрқин саҳифалар билан танишинг.

1991 йил

31 август. Тошкентда Республика Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VI сессиясида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги эълон қилинди. Олий Кенгашнинг республика давлат мустақиллиги тўғрисидаги Баёноти қабул қилинди. Тегишли қарорга мувофиқ Ўзбекистон ССР Ўзбекистон Республикаси деб қайта номланди. 1 сентябрь — Мустақиллик куни деб эълон қилинди. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисидаги Қонун қабул қилинди.

18 ноябрь. Олий Кенгашнинг VIII сессиясида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасдиқланди.

29 декабрь. Республиканинг давлат мустақиллиги масаласи бўйича Референдум ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловлар бўлиб ўтди. Ислом Абдуғаниевич Каримов президент этиб сайланди.

1992 йил

30 январь. Европа Хавфсизлик ва ҳамкорлик Кенгаши (EХҲК) бўйича Прагада бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирларининг мажлисида Ўзбекистон ушбу Халқаро ташкилотга қабул қилинди.

10 март. Брюсселда Шимолий Атлантика ҳамкорлиги Кенгаши (ШАҲК)нинг фавқулодда мажлисида Ўзбекистон Республикаси шу ташкилот аъзолигига қабул қилинди.

16 март. Тошкентда мустақил Ўзбекистонда хорижий давлатларнинг биринчи элчихонаси — АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси очилди.

16 апрель. Ўзбекистоннинг биринчи йўловчи авиалайнери Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги халқаро аэропортига қўнди. Бу Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги мунтазам ҳаво йўлларининг бошланиши бўлди.

30 апрель. Ўзбекистон Республикаси Европа Тикланиш ва тараққиёт банки аъзоси бўлди.

2 июль. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги Қонунини эълон қилинди.

24 август. Тошкентда Жанубий Кореянинг “ДEУ” корпорацияси ва Ўзбекистон Давлат концерни “Автоқишхўжмаш” ўртасида Андижон вилоятининг Асака шаҳрида йилига 180 минг автомобиль ишлаб чиқарадиган автомобиль заводини қуриш тўғрисида шартнома имзоланди.

9 декабрь. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ХI Сессиясида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун — 8 декабрни умумхалқ байрами деб эълон қилиш тўғрисида”ги Қонунлари эълон қилинди.

1993 йил

12 сентябрь. Ўзбекистон Республикасининг Республика Олий Кенгаши ХIII сессиясида қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонун эълон қилинди.

26-28 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Сентябрь. Тошкентда Ўзбекистон тарихида биринчи бор Халқаро Валюта фондининг доимий ваколатхонаси очилди.

Сентябрь. Ўзбекистон Халқаро Молия корпорацияси (ХМК) аъзолигига қабул қилинди.

1994 йил

25 февраль. Ўзбекистонлик халқаро тоифадаги спорт устаси, фристайл бўйича Жаҳон чемпиони ва кубоги соҳиби Лина Черязева Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида бўлиб ўтган XVII қишки Олимпия ўйинларида чемпион бўлганлиги тўғрисида хабар эълон қилинди. Қишки олимпиадалар тарихида биринчи марта чемпион шарафига мустақил Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳияси янгради.

16 июнь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида” Фармон чиқарди. Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси — сўм республика ҳудудларида 1994 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қиймати 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўм бўлган банк қоғоз пуллари (банкнотлар) ва 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийин бўлган метал тангалар ҳолида нақд пул муомалага чиқарилди.

1 сентябрь. Боннда (ГФР) Ўзбекистон Республикасининг Европада биринчи элчихонаси очилди.

5 октябрь. Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида Конституциявий Қонун қабул қилинди.

19 декабрь. Тошкентда ЮНИСEФ билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида Ўзбекистоннинг БМТнинг ривожланаётган давлатларга ёрдам кўрсатадиган Халқаро болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)га аъзо бўлиб киришини назарда тутадиган Битим имзоланди.

1995 йил

23-24 февраль. Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг I сессияси бўлиб ўтди.

26 март. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ваколатлари муддатини 1997 йилдан 2000 йилгача узайтириш масаласига бағишланган Умумхалқ референдуми бўлиб ўтди.

25 май. Мурунтовда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижасида барпо этилган “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонаси очилди. Бу корхона ҳар куни 37 тонналик тупроқ қатламларини қайта ишлаб, улардан жаҳон андозалари даражасидаги олтин ва кумуш олади.

1996 йил

19 январь. “Таймс” (Буюк Британия) газетасининг тўлалигича Ўзбекистонга бағишланган 40 саҳифалик иловаси босилиб чиқди.

25 март. Андижон вилоятининг Асака шаҳрида “Дамас” микроавтобусларини ишлаб чиқариш линияси ишга туширилди.

16 апрель. Профессионал бокс тарихида илк бор Ўзбекистон вакили — тошкентлик спортчи Артур Григорян жаҳон чемпиони бўлгани ҳақида хабар эълон қилинди. У Германиянинг Гамбург шаҳрида пуэрториколик машҳур боксчи Антонио Риверни 12-раундда нокаут қилди.

25 июнь. “ЎзДЭУавто” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонасида “Нексия” автомобили ишлаб чиқарадиган линия ишга туширилди.

1997 йил

13 январь. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Истеъдодли ёшларнинг чет элларга бориб ўқишини қўллаб-қувватлиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умид” жамғармасини ташкил этиш бўйича ташкилий тадбирлар тўғрисида” Қарор қабул қилди.

19 октябрь. Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги нишонланди.

20 октябрь. Хива шаҳрининг 2500 йиллиги нишонланди.

1998 йил

5 февраль. Американинг “Шаттл-Эндевер” космик кемаси парвози муваффақиятли якунланди ва унда Америка астронавтлари билан бирга ўзбек космонавти Солижон Шарипов ҳам иштирок этди.

22 май. Ўзбек алпинистларидан биринчи бўлиб Рустам Ражапов Жомолунгма (Эверест) тоғининг энг баланд чўққисини забт этиб, у ерда Ўзбекистон байроғини ўрнатди.

23 октябрь. Самарқандда буюк мутафаккир Имом ал-Бухорийнинг 1225 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди. Шу куннинг ўзида Челак туманининг Хартанг қишлоғида Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуининг очилиш маросими бўлди.

24 октябрь. Фарғонада Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллик юбилейига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди.

1999 йил

1 февраль. “Кураш” Халқаро ассоциацияси очилди.

19 март. «СамКочавто» қўшма корхонаси тижорат фаолияти бошлади.

6 май. Тошкент Ислом университети ташкил этилди.

5 ноябрь. Урганчда Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигига бағишланган катта тантаналар бўлиб ўтди.

1 декабрь. Тошкентда “Кабул-Ўзбек К” Ўзбекистон-Жанубий Корея тўқимачилик қўшма корхонаси ишлаб чиқариш мажмуининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

2000 йил

9 январь. Ислом Абдуғаниевич Каримов 2000-2005 йилларга Ўзбекистон Республикаси Президенти қилиб сайланди.

12 май. Тошкент шаҳрида Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуи очилди.

7 август. Пекинда биринчи Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси — “Ўзбек ярмаркаси” очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

29 август. “Тошкент — Ўш” автомобиль йўлида Қамчиқ ва Резак довонларида ерости тунеллари очилди.

16 ноябрь. Марғилонда буюк мутафаккир, Ислом фикҳининг асосчиларидан бири, шайхулислом Бурҳониддин ал-Марғиноний таваллудининг 910 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди.

17 ноябрь. Самарқандда ислом фанининг машҳур даҳоси Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг 1130 йиллик юбилейи республика жамоатчилиги вакиллари, турли хорижий мамалакатлардан келган меҳмонлар иштирокида кенг миқёсда нишонланди.

2001 йил

14 июнь. Ўзбекистон Республикаси “Шанхай форуми”га аъзо бўлди.

Июнь. “ЎзДЭУавто” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонасида “Матиз” автомобили ишлаб чиқарадиган линия ишга туширилди.

Сентябрь. Тошкент метросининг Юнусобод йўли ишга туширилди.

8 декабрь. ЮНЕСКОнинг Финляндияда ўтказилган 25 сессиясида Самарқанд Маданиятлар кесишган шаҳар сифатида меъморий-тарихий ёдгорликларнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.

20 декабрь. Қашқадарёда Шўртан газ-кимё мажмуининг халқаро тақдимоти бўлиб ўтди.

2002 йил

16 январь. Тошкент шаҳрида Халқаро Вестминстер университетини ташкил этилди.

2 апрель. Термизда ушбу шаҳарнинг 2500 йиллигига бағишланган юбилей тантаналари бўлиб ўтди.

18 октябрь. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Кофи Аннан расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бу дунёдаги энг нуфузли халқаро ташкилот раҳбарининг Ўзбекистонга ва умуман Марказий Осиё давлатларига биринчи ташрифи бўлди.

1 ноябрь. Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги нишонланди.

2003 йил

12 сентябрь. Нукус шаҳрининг 70 йиллиги нишонланди.

27 ноябрь. Ғиждувоний ва Нақшбанд зиёратгоҳларида юбилей тантаналари ўтказилди.

2004 йил

13 июль. Рустам Қосимжонов шахмат бўйича Жаҳон чемпиони бўлди.

26 август. Афинадаги “Олимпиада – 2004” мусобақаларида ўзбекистонлик курашчи Александр Доктурашвили юнон-рум кураши бўйича, Артур Таймазов эса эркин кураш бўйича 28-ёзги Олимпиада ўйинлари чемпиони бўлди, Магомед Ибрагимов кумуш медал билан тақдирланди.

Хожа Аҳрор Валий таваллудининг 600 йиллиги нишонланди.

2005 йил

14 май. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Андижон шаҳрида содир бўлган воқеалар муносабати билан Тошкентда мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказди.

1 сентябрь. Мустақиллик майдонидаги Эзгулик аркаси қуриб битказилди.

2006 йил

24 январь. Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо мамлакатлар раҳбарлари Давлатлараро кенгашининг Санкт-Петербург саммитида Ўзбекистон Республикаси мазкур ташкилотга расман аъзо бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Қўнғирот сода заводи ишга туширилди.

2007 йил

14 август. Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ислом ташкилотининг (ISESCO) Тошкентни 2007 йилда ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиши муносабати билан Тошкент шаҳрида  “Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилди.

24 август. “Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон” янги темир йўли ишга туширилди.

25 август. Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейи нишонланди.

7 сентябр. Марғилон шаҳрининг 2000 йиллигига бағишланган тантаналар бўлиб ўтди.

21 ноябрь. Туркиянинг Анталия шаҳрида футбол бўйича ногирон-ампутантлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси чемпион бўлди.

2008 йил

16 январь. Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросими бўлиб ўтди.

18 декабрь. Ўзбекистонда “General Motors” корпорацияси билан ҳамкорликда двигателлар ишлаб чиқарадиган “General Motors Powertrain Uzbekistan” қўшма корхонаси ташкил этилди.

2 декабрь. Навоий вилояти ҳудудида «Навоий» эркин иқтисодий-саноат зонаси ташкил этилди.

“Шашмақом мусиқаси” ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг номоддий маданий мероси дурдонаси” деб тан олинди.

2009 йил

28 август. Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи очилди.

1 сентябрь. “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган тантанали мажлис бўлиб ўтди. 2200 йиллик юбилейи муносабати билан Тошкент шаҳри «Мустақиллик» ордени билан мукофотланди.

4 сентябрь. Самарқандда “JV MAN Auto-Uzbekistan” Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси очилди.

17 декабрь. Тошкентда Астрономия музейи очилди.

2010 йил

27 май. Гарварддаги хал­қаро Кичик сайёралар маркази ўзбекистонлик олимлар томонидан очилган кичик сайёра — «Самарқанд»ни 70135-сонли циркулярида қайд этди.

25 август. “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси “Ўзекспомарказ”да Андижон вилоятининг Асака заводида ишлаб чиқарилган янги Chevrolet Spark автомобилини кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилди.

20 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадлари бўйича олий даражадаги ялпи мажлисида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

25 октябрь. Аргентинанинг Креспо шаҳрида футбол бўйича ногирон-ампутантлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ногирон-ампутант футболчилар терма жамоаси иккинчи маротаба жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.

2011 йил

Январь. Ўзбекистон Республикаси аҳолиси 28 миллиондан ошди.

4 июль. Мексикада ўтказилган футбол бўйича 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси биринчи марта муваффақиятли иштирок этиб, мусобақа чорак финалигача етиб келишди.

26 август. Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поездининг илк қатнови амалга оширилди.

16 ноябрь. Тошкент шаҳрида “Маърифат  маркази” мажмуаси  очилди. Бу замонавий бинодан Симпозиумлар саройи ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон  миллий  кутубхонаси  жой олган.

2012 йил

Январь. GM-Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан Chevrolet – Malibu русумли автомобиллар ишлаб чиқарила бошланди.

15 февраль. Тошкент шаҳрида Халқаро қуёш энергияси институти очилди.

13 апрель. “Ангрен” махсус индустриал зонаси ташкил этилди.

12 август. Лондон шаҳрида бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 4 медални қўлга киритишди: эркин кураш бўйича Артур Таймазов – олтин, Сослан Тигиев – бронза, бокс бўйича Аббос Атоев – бронза, дзюдо бўйича Ришод Собиров – бронза.

7 октябрь. Футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U-16) мамлакатимиз терма жамоалари тарихида илк бора Осиё чемпиони деган шарафли унвонни қўлга киритди.

28 сентябрь. Тошкентда “Бунёдкор” спорт мажмуининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлди.

2013 йил

Февраль. Ўзбекистон аҳолиси сони 30 миллион нафардан ошди.

18 март. “Жиззах” махсус индустриал зонаси барпо этилди.

30 апрель. Пойтахтимизда кимё фани бўйича ўтказилган 47-халқаро Менделеев олимпиадасида Ўзбекистон ёшлари 2 та олтин, 5 та кумуш ва 8 та бронза медалини қўлга киритди.

1 июнь. Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан юртимизда янги “Bolajon” деб ном олган телеканал ўз фаолиятини бошлади.

21 июнь. “Бухоро” халқаро аэропорти Фуқаро авиацияси “Аэропорт” ассоциациясининг “МДҲ мамлакатлари орасида йилнинг энг яхши аэропорти” йўналишида мукофотга сазовор бўлди.

1 июль. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қиймати 5000 сўм бўлган янги пул билетларини муомалага чиқарди.

2014 йил

24 март. Тошкент шаҳрида Инҳа (Жанубий Корея) университетини ташкил этилди.

Июль. Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов ўз бригадаси билан Бразилияда бўлиб ўтган ЖЧ-2014да тўртта ўйинда ҳакамлик қилди. 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган мундиалда Эрматов бешта ўйинда ҳакамли қилганди. Натижада у ҳакамлик қилган ўйинлар сони тўққизтага етиб, ушбу кўрсаткич бўйича у жаҳон футболи рекордини ўрнатди.

Август. Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида 28 нафар ёш спортчимиз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медалга сазовор бўлди.

1 октябрь. Тошкент шаҳридаги “Минор” жомеъ-масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

2015 йил

29 январь. Кураш 2018 йили Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди.

6 апрель. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ислом Абдуғаниевич Каримов 90,39 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

22 август. Юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоезди Тошкент – Қарши йўналишида илк қатновни амалга оширди.

1 октябрь. «Насаф» поездининг Тошкент-Қарши йўналиши Китобгача узайтирилди.

10 октябрь. Россия пойтахти Москва шаҳрида Ravon номли янги ўзбек автомобиль брендининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Октябрь. Устюрт газ-кимё мажмуаси ишга тушди.

2016 йил

13 май. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди.

21 июнь. Тошкентда Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси қуриб битказилди.

23-24 июнь. Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлди. Мажлис Ўзбекистон Республикаси раислигида ўтди.

23 июнь. Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннели очилди.

22 август. Рио-де-Жанейродаги XXXI Ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар жами 13 та медал (4 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза) жамғариб, умумжамоа ҳисобида 207 давлат ичида 21-ўринни эгалладилар. Вакилларимиз Осиё қитъаси давлатлари орасида Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейин тўртинчи натижани,  МДҲ мамлакатлари орасида Россия терма жамоасидан кейин иккинчи ўринни қайд этдилар.

25 август. Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий «Афросиёб» электр поездининг илк қатнови амалга оширилди.

27 август. Қамчиқ довонидан ўтувчи “Андижон-Тошкент” йўналишидаги илк поезд қатнови йўлга қўйилди.

2 сентябрь. Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов (1938-2016) вафот этди.

Давронбек Тожиалиев тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *