Ҳаётимда илк бора узоқ хорижга саёҳат қиляпман. Тошкент – Москва, Москва – Варшава йўналишида йўлга чиқдим. Тошкентдан учган ТУ-154 самолётидаги ўринлар бироз тор бўлса-да, ердан 10000 метр баландликдаги учоқ яхши ҳаракатланяпти. Самолётнинг ойна тарафида ўтиришнинг гашти бор. Коинотдан ер гўзалликларини томоша қилиб кетасиз. Қозоғистон даштларидан ўтиб, яшил ўрмонлар ва дарёю кўлларни завқ-ла кузатдим. Москвага яқинлашишимиз билан булутлар орасига кириб кетдик. Булутлар ҳам қатлам-қатлам бўларкан. Бирини ёриб ўтсангиз, иккинчиси бошланади. Улар муз тоғларини, паға-паға ёққан майин қорларни эслатади.
Илк сафарга чиқиш осон кечмади: ҳужжат тайёрлаш, ОВИР стикерини олиш, виза, банкдан доллар олиш, билет қидириб топиш, югур-югур, кут-кут… Сўнгги икки кунгача ҳам сафарга чиқишим аниқ эмас, ОВИР стикери олинмаган, билет ҳам харид қилинмаган эди. Шукрки, ҳаммаси кўнгилдагидек битди.
Фридрих Шопен номидаги Варшава аэропорти Шереметьево (Москва) каби улкан бўлмаса-да, хизмат даражаси мақтагулик экан. Багаж бўлмасидан юкимни топа олмадим. Йўқолган багажлар бўлимига хабар қилдим. Улар хавотир олмаслигимни, агар багажим Москвада қолиб кетган бўлса, кейинги рейс билан олиб келишларини, меҳмонхона манзилимни қолдиришимни, ўзлари юкни олиб боришларини маълум қилишди. Дарвоқе, багажимни шу куни кечаси меҳмонхонага келтиришибди, эрталаб қўлимга тутқазишди.
Варшава Тошкентга қараганда кичик шаҳар. Шаҳарда 1,6 миллион аҳоли яшайди. Шаҳар XIII асрда бино қилинган. XVIII асрдан Польшанинг пойтахти. Шаҳарнинг ўртасидан Висла дарёси оқиб ўтади.
Биринчи куниёқ қозоғистонлик ҳамкасблар шаҳар айланишга тушдик. Меҳмонхонамиз Варшава марказидан узоқроқда. Автобусга ўтириш учун йўлнинг қарши тарафига ўтиш керак. Дам олиш куни бўлгани учун йўлда машиналар қатнови жуда кам. Аввал ўнг томон, сўнг чап томонга қараб, йўлдан ўта бошладик. Ўтишим билан орқага қарадим. Светофор тагида 4-5 чоғли одам, иккита велосипедчи навбат кутиб тургандай туришибди. Йўлда эса машина йўқ. Қарасам, йўловчи ва велосипедчиларга қизил чироқ ёнган экан. Биз эътибор ҳам бермабмиз, йўлда машина йўқ-ку дея ўтиб кетаверибмиз. Бу менга дарс бўлди. Бундан сўнг пиёдалар учун қизил чироқ ёнганда, гарчи машиналар қатнови суст ёки йўқ бўлганда ҳам кутиб турадиган бўлдим.
Шаҳар жуда озода. Тўпланиб турган чиқинди, ташлаб юборилган баклажка, қоғозларни кўрмайсиз. Чиқинди қутиларига полиэтилен халта солинган. Тўлиши билан алмаштириб кетишади. Сув ва яшиллик мўллиги учундир балки, ҳавоси ҳам тоза, кўнгилга хуш ёқади.
Эски шаҳарга яқинлашар эканмиз, тарихий бинолар, сарой ва қасрлар кўзга ташланади. Ўзимни XVIII аср Европасига тушиб қолгандек ҳис қилдим. Шаҳарнинг тарихий қисмида эски даврларга хос унсурларни сақлаб қолишга ҳаракат қилишган: от аравалар, эскича кийинган аскарлар, классик архитектура, мусиқа…
Бир жиҳат диққатимни тортди: эски Варшава кўчаларида кира қилаётган аравага бойланган от ҳожат чиқариб қўйди. От эгаси тушиб, чўтка ва куракча билан ахлатни тўплаб, тозалаб, целлофан пакетга солди-да, ўзи билан олиб кетди.
Шу ердаги кичикроқ кафеда енгил тамадди қилдик. “Чой ичиб олиш”га 10$ кетди. Ҳаётимдаги илк узоқ сафарга атиги 10$ билан чиққан эдим. Уни ҳам бир ҳамкасбим “бирон кўйлак ёки футболка олиб келарсан” деб берганди. Яхшиям ҳамкасбларда қўшимча пул бор экан. Йўлкира пулимни тўлаб беришгандан сўнг уларга қайтардим.
* * *
Варшавада кўрилиши шарт бўлган масканлардан бири Лазенки паркидир. Шаҳар марказида жойлашган, 76 гектардан иборат ушбу тарихий парк жуда чиройли бўлиб, серсоя дарахтлар, манзарали буталар, гуллар, кўл ва шалолалар инсоннинг баҳри дилини очади. Бу ерда товус ва олмахонлар одамлардан қўрқмайди. Биров уларни ушлаб, олиб ҳам кетмайди.
Лазенки парки XVII асрдан ободонлаштирила бошланган. Парк ичида тарихий саройлар, қасрлар, аллеялар, Рим театри, ибодатхоналар жойлашган.
Варшаванинг жанубида жойлашган Вилянув саройи (XVII аср) ва парки ҳам гўзал. У ерга ёмғир ёққандан сўнг етиб бордик. Бунақа ҳавода паркда кезиш жуда мароқли экан.
Варшава ботаника боғига ҳам киришни тавсия этаман. Жудаям гўзал гуллар ва ўсимликлардан завқ оласиз.
* * *
Варшавага келишдан асосий мақсад “Марказий Осиёдаги мустақил нашриётларни қўллаб-қувватлаш” дастурида иштирок этиш эди. 2 ҳафта давомида замонавий нашриётлар ва таҳририятлар учун керак бўладиган компьютер дастурлари, жумладан Adobe in Design дастурини ўрганиш бўйича амалий машғулотлар бўлиб ўтди. Куннинг иккинчи ярмида Польшадаги машҳур газета ва журналлар, телевидение, жамоат ташкилотларида меҳмон бўлдик, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдик.
Польшада оммавий бўлган “Przegląd” ҳафталик журнали (маъноси: “Нигоҳ”; 50000 ададда нашр этилади), “Newsweek Polska” ҳафталик журнали (машҳур “Newsweek” нашрининг полякча версияси 100000 ададда нашр этилади), “Gazeta Wyborcza” кунлик газетаси (маъноси: “Сайлов газетаси”; кундалик 500000, дам олиш кунлари 600000 нусхада чоп этилади; 16 та иловаси мавжуд), “Rzeczpospolita” кунлик газетаси (маъноси: “Республика”; 100000 нусхада чоп этилади) каби нашрлардаги учрашувлар, хабар тайёрлаш жонли жараёни билан танишув халқаро журналистика факультетини эндигина тамомлаган камина учун ғоят қизиқарли маҳорат дарслари бўлди.
Дастур сўнггида энг яхши иштирокчи сифатида менга ноутбук совға қилишди. Ноутбук, ҳеч бўлмаса, оддий стационар компьютер олишни орзу қилардим. Кутилмаган жойдан кутилган ҳадя бўлди.
* * *
Европада инсонлар қонунни, кундалик ахлоқ қоидаларини ҳурмат қиладилар. Умар Сайфиддин деган турк ёзувчиси ўз ҳикояларидан бирида шундай деган эди: “Қонунлар бузилган юрт кўкармайди…”. Польшада, гарчи Европанинг нисбатан кам ривожланган давлати бўлса-да, қонунлар ва фуқароларнинг ўзаро ҳурмат қилиши таҳсинга лойиқ.
Варшаванинг марказий кўчасида кетяпман. Ўша кунлари Руминия Республикаси президенти Варшавага келган эди. Узоқдан икки давлат байроқлари илинган президент кортежи кўринди. Улар чорраҳага яқинлашганида қизил чироқ ёнди. Президент кортежидаги барча машиналар тўхтаб, яшил чироқ ёниши билан яна йўлда давом этишди.
Бекат томон юриб келяпман. Бир киши мендан аввалроқда, сигарет тутатган шекилли, қўлида унинг қолдиғини ушлаганча кетиб боряпти. Қўлидаги чиқиндини ташлаб юборса бўлмасмикан, деб, ғашим келди. У бўлса, хотиржам бекат томон кетяпти. Бекатга келдию, ўша ердаги ахлат учун мўлжалланган қутига сигарет қолдиғини ташлади. Бир болакай қўлидаги еб бўлган музқаймоғи қоғозини атрофга ташламай, ахлат қутисини қидира бошлади. Аллақанча муддат қўлида ушлаб бориб, керакли жойга ташлади…
* * *
Польшада умумий транспорт воситаларига чиқсангиз сиздан пул сўрашмайди. Назоратчи ҳам йўқ. Фақатгина сиз йиллик, ойлик, ҳафталик, кунлик йўл чиптасини олдиндан сотиб олсангиз бўлди. Шу чипта билан биринчи марта транспортга чиққанингизда уни автобус ёки метро ичида ўрнатилган турникетдан ўтказиб оласиз. Турникет чиптангизни шу соат билан рўйхатга олиб қўяди ва чиптангизга чоп этади. Шу билан ҳеч кимга билетни кўрсатмай юраверасиз. У ҳолда бепул юравериш ҳам мумкин экан-да! Лекин кўпчилик бундай қилмайди. Бу сизнинг виждоний ва фуқаролик бурчингиз. Пенсионер, талабалар чиптани ярим нархига олишлари мумкин. Ўзбекистондаги “талабалик билетим” билан мен ҳам ярим нархга олдим.
Баъзида назоратчилар йўловчиларнинг чиптаси бор-йўқлигини текшириб туришади. Бир куни машғулотдан чиқишда чиптамни йўқотиб қўйдим. Шерикларга айтсам, чиқавер, бир гап бўлар дейишди. Аксига олиб, ҳеч замон текширмайдиган текширувчилар ҳозир чиқиб қолишди. Аста орқароққа ўтдим. Шериклар бекатда тушиб қолавер, дейишди. Улгурмадим. Эндиям 120 злотий (35$) штраф тўласам керак деб турибман. Назоратчилар келишди. Мен ўзимни худди рюкзагимдан билетни қидираётгандек тутдим. Ичидаги ҳамма нарсани бўшатдим. Ниҳоят… рюкзак ичидан билет чиқди. Билетни рюкзакнинг олд чўнтагига солган эканман, чўнтак тешилиб, билет рюкзак ичига тушиб кетган экан. Худо бир асради. Сал қолса шарманда бўлардим.
Польшада катта ёшлилар давлат, жамият мулки тушунчаларига жиддий қарайдилар. Ёшлар орасида буни писанда қилмайдиганлари ҳам учраб туради. Метрога киришда турникет бор. Шунга чиптани тиқсангиз, йўлак очилади. Алоҳида назоратчи йўқ. Чипта олмаган баъзи ёшларнинг турникет устидан сакраб ўтиб кетганларига ҳам гувоҳ бўлдим.
* * *
Ҳафта сўнггида Польшанинг иккинчи катта шаҳри Краковга боришни режалаштирдик. Аввалдан 100 злотийга билет сотиб олдик. Сўнг яна 15 злотий жой учун тўладик. Бу ерда жойни ҳам алоҳида сотиб олинаркан. Жойни сотиб олмаганлар туриб кетишаркан.
Тезюрар поездда икки соатда Краковга етиб олдик. Вокзал Краковнинг тарихий марказида экан. Вокзалдан чиқишингиз билан ўрта асрнинг антик бинолари сизни ўзига ром қилади. Краков — Польшанинг эски пойтахти, қироллар шаҳри. Краков – ўта католик шаҳар. Ҳар қадамда черковни учратасиз.
Краковликлар варшаваликларни унчалик хушлашмас экан. Сабабини сўраганимда “Варшавада вақт тез ўтади, ҳаёт жуда жадал кечади, одамлари югуриб юрганга ўхшайди. Краковда эса ҳаёт сокин, ҳеч ким шошилмайди, дам олади, вақт ҳам секин ўтади”, дейишди. Мен ҳам бунга гувоҳ бўлдим. Краковга Варшавага қараганда кўпроқ турист келар экан. Менга ҳам Варшавадан кўра Краков кўпроқ ёқди.
Поляк қироллари ва қаҳрамонлари яшаган ва дафн этилган Вавель саройи, Мария готик черкови, Матейко саройи миллий музейи, Флориан кўчаси, Барбакан минораси, Сукеннице майдони, Ратуша минораси каби тарихий жойларни кўрдик.
* * *
Поляк ошхонасини хуш кўрмадим. Менга кўра, овқатлари бемаза: ярми аччиқ, ярми ширин. Яхшиям турк кафелари бор. Ҳалол гўштдан таом қилади.
* * *
Варшаванинг “Arkadia” савдо марказида жойлашган “Saturn” техника дўконидан рақамли фотоаппарат қидираётган эдим. Бир маҳал уч нафар бақувват йигитлар менга яқинлашишди-да, русчалаб сўрашди:
— Братан, откуда?
— Из Узбекистана!
Йигитлар ўзбек эканимни билиб, “Ассалам алейкум” дея қучоқлашиб сўрашишди. Нима қидираётганимни, қандай ёрдам кераклигини суриштиришди. Хайрлашув олдидан, бу ерда қанақа муаммо бўлса, уларга мурожаат қилишимни айтишди. Бу чечен йигитлари шу дўкон атрофининг “қараб тургич”лари экан.
Машғулотдан сўнг ҳар куни мен турк-кабоб ейдиган кафе кабобчиси украин Мариан ҳам шу кўчани чечен йигитлар “қараб туришади” деганди.
* * *
Поляк ёшлари русчани унчалик ёқтиришмайди. Русча гапирсангиз, тушунади, энса қотиради-да, инглизча жавоб қайтаради. Катта авлод орасида русча биладиганлари кўп, лекин улар ҳам кўпинча полякча жавоб қайтаради. Яхшиси, инглизча гапиравериш керак экан.
* * *
Польша – анъанавий католик давлати. Рим папаси Иоанн Павел II ҳам польшалик. Қарийб 40 миллионлик аҳолининг 30-40 мингги мусулмонлардир. Ҳар йили Исломни янги қабул қилган поляклар (баъзи маълумотларга кўра, уларнинг сони 7000 киши), миллати араб, турк, чечен бўлган иммигрантлар ҳисобига мусулмонлар сони ортиб бормоқда. Ерлик поляк мусулмонларининг асосий қисми XIV асрдан бу тупроқларга жойлашган татарларнинг авлодларидир.
1939 йилга қадар Польшада 17 та масжид бўлган. 1930-40-йиллар қатағонлари сабаб кўп масжидлар вайрон қилинган, баъзилари уй-жой сифатида бўлиб берилган. Крушинян ва Бохоники қишлоқларида XVIII ва XIX асрга тугишли бўлган масжидлар сақланиб қолган. Ҳозирда Польшада 5 та масжид фаолият юритмоқда. Варшава шаҳрининг четроғида ҳам бир масжид мавжуд. Бу ерда жума кунлари 300-400 кишилик жамоат йиғилади.
Тошкент – Москва – Варшава – Краков
17-31 июль, 2005 йил