Канъонлар водийсидан энг катта лола гиламгача

Қора денгиз устидан учиб борарканман, бир гала оқ махлуқларнинг сузиб юрганини кузатдим. Дельфинлар бўлса керак. Қуруқликка етгунча уларнинг галаси тугамасди, денгиз узра шодон-шодон сузишарди… Афсус, улар дельфин эмас, денгизга отилиб, қаерга боришини билмаётган ахлат уюмлари экан.

Кастамону шаҳри марказининг юқоридан кўриниши

Истанбулдан Кастамонугача масофа самолётда 400 км (автомобиль йўли 515 км). Кастамону аэропортига қўниб, ичкарига кирарканман негадир табассум қилардим. Бугун умримда биринчи марта мўъжазгина, миттигина аэропортни кўрдим. Кунига бир донагина самолёт қабул қиладиган аэропортчада эса, катта ҳаво бандаргоҳларидагидек барча шароит мавжуд. Самолётдан тушиш ва багажни олиб ташқарига чиқишга атиги 10 дақиқа кетди.

Кастамону аэропорти

2013 йили реконструкция қилинган Кастамону аэропортининг майдони атиги  3740 м2 бўлса-да, унда 4 та рентген лентаси, 9 та рўйхатдан ўтиш йўлаги, 3 та болалар хонаси, 2 та гейт, 2 та юк конвейери, 3 та ҳожатхона ва 2 та масжид мавжуд.

Авлиёлар шаҳри

Кастамону Туркиянинг шимолида, Қора денгизга яқин тоғ ўрмонлари орасидаги водийда жойлашган. Аҳолиси 146 000 киши.

Авлиёлар шаҳри деб ҳам аталадиган бу замин Онадўлининг энг кўҳна кентларидандир. Милоддан аввалги XVIII асрда асос солинган шаҳарга пафлагонияликлар, кашкалар, хититлар, римликлар, византияликлар, Чўпонўғиллари, Жандарўғиллари бейликлари, Амир Темур давлати, усмонлилар эгалик қилганлар.

Шайх Шабони Валий даргоҳи

Шаҳарда Кастамону қалъаси (12 аср), бир дона ҳам мих ишлатилмаган Маҳмут бей масжиди (1366 йил), Насруллоҳ жомеъси (16 аср), Шайх Шабони валий даргоҳи (16 аср), Куршунли хон карвонсаройи (1460 йил) каби бир қанча тарихий ёдгорликлар мавжуд. Бугун Туркия маданият ва туризм вазирлиги шаҳар ва унинг атрофида жойлашган 1567 та маданий ёдгорликларни рўйхатга олган. Ундан 1151 таси турар жой, уйлардир (уларни бузиш мумкин эмас, реставрацияси учун давлат пул ажратади).

Кастамонудаги анъанавий уйлардан бири

Кастамонунинг маънавий тараққиётида Ўрта Осиёдан Онадўлига келган олим ва мутасаввуфларнинг ўрни катта бўлган. Кастамонуда тасаввуф ва илму-ирфонни тарқатишда Саид Али Донишманд Бухорий, Солиҳ ал-Мунжий Бухорий (14-15-асрлар) каби алломаларнинг хизмати катта бўлган.

Канъонлар оралаб

Кастамону вилоятининг 70 фоиздан ортиқ майдони ўрмонлардан иборат. Шаҳар ичида ҳам ўрмонлар мавжуд. Сафарнинг бир куни ана шу ўрмонлар ва тоғ водийларида жойлашган табиат мўъжизаларини томоша қилиш билан ўтди.

Биринчи бўлиб вилоятнинг Аздавай туманида жойлашган Чатак миллий парки ва канъонини кўришга бордик. Автобусимиз тоғ йўли бўйлаб юқорига кўтарила бошлади. Канъонгача 500 метрни ўрмон оралаб юриб бордик.

Канъоннинг тепа қисмида ойнадан кўриш нуқтаси ташкил қилинибди. Бу нуқтадан 600 метр пастда жарлик-канъон намоён бўлади. Кескин нишабликдан жарлик остига қараш ҳам ваҳимали.

Валла канъонининг юқори қисми

Пинарбаши туманининг Муратбаши қишлоғида, Куре тоғлари миллий паркида  Валла канъони жойлашган. Баъзи нашрларнинг ёзишича, бу дунёдаги 2-энг чуқур канъон экан (800 м). Автобусдан тушиб, канъонгача 1,5 километрлик тоғ ва ўрмон йўлидан ўтдик. Баланд бўйли арча ва қарағайлар оралаб юқорига кўтарилдик. Ҳақиқатда баланд ва таҳликали канъон экан.

Валла канъонига олиб борувчи сўқмоқ

Илижа шаршарасига ҳам боришимиз керак эди. Кеч тушиб қолгани учун шаҳарга қайтдик.

Кастамону – турк дунёси маданий пойтахти

«ТУРКСОЙ» халқаро туркий маданият ташкилоти томонидан Туркиянинг Кастамону шаҳри 2018 йилда турк дунёси маданий пойтахти деб эълон қилинди. «ТУРКСОЙ» 2012 йилдан туркий тилда сўзлашувчи ўлкалар шаҳарлари ичидан турк дунёси маданий пойтахтини эълон қилиб келади. 2012 йили Астана (Қозоғистон), 2013 йили Эскишеҳир (Туркия), 2014 йили Қозон (Татаристон), 2015 йили Марв (Туркманистон), 2016 йили Шеки (Озарбайжон), 2017 йили Туркистон (Қозоғистон) шаҳарлари турк дунёси маданий пойтахти бўлган.

Кастамону – 2018 йили турк дунёси маданий пойтахти

Кастамону шаҳрига киришингиз билан унинг туркий дунё маданият пойтахти эканига оид баннерлар, туркий ўлкалар байроқларига кўзингиз тушади.

Кастамонунинг бош майдони

Туркий дунёнинг маданий пойтахти бўлиш шаҳарнинг ҳар томонлама ривожланиши учун катта ҳисса қўшади. Йил давомида шаҳарда бир қанча халқаро маданий тадбирлар, симпозиум ва конференциялар ўтказилади. Бутун туркий дунёдаги оммавий ахборот воситаларида шаҳарнинг тарғиботи олиб борилади. Туристлар оқими кўпаяди, инвестиция киради. Маданий пойтахтлик мақомига муносиб бўлиш учун давлатдан ва бошқа халқаро ташкилотлардан шаҳар бюджетига маблағ ажратилади. Бу маблағлар ҳисобига шаҳарда транспорт-коммуникация такомиллаштирилади, янги бинолар барпо қилинади, маданий-тарихий объектлар реконструкция қилинади, шаҳарнинг тарихи ва маданиятига оид бир қанча китоб ва журналлар чоп этилади.

Турк дунёси адабий нашрлари конгресси

Кастамонуга келишимнинг асосий сабаби 9-марта ўтказилаётган ушбу конгрессда қатнашиш эди. Бу тадбир ҳам Кастамонунинг бу йил турк дунёси маданий пойтахти эканлигиги шарафига шу шаҳарда ўтказилди.

17-19 апрель кунлари ўтказилган «9-Турк дунёси адабий нашрлари конгресси»да Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Ироқ, Македония, Косово давлатларидан, Бошқирдистон, Татаристон, Гагаузия, Қрим ўлкаларидан 26 адабий нашр муҳаррирлари иштирок этди. Унда турк дунёсининг ижодий нашрлари ҳамкорлиги, маданиятлар муштараклиги, ўзаро таништирув масалалари сўзлашилди.

Маросимда Евросиё Ёзувчилар уюшмасининг “Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси 2017” мукофоти татар шоири Зиннур Мансурга тақдим этилди.  Шунингдек, буюк озарбайжон ёзувчиси Анорнинг 80 ёши муносабати билан унга «ТУРКСОЙ» медали берилди.

“Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси” мукофоти 2011 йилдан бери туркий дунёнинг энг ҳурматли ва уста шоир-ёзувчиларига тақдим этилади. Бу мукофотга 2011 йили Али Оқбош (Туркия), 2012 йили Анор (Озарбайжон), 2013 йили Тўлен Абдик (Қозоғистон), 2014 йили Исмоил Бўзқурт (Кипр), 2015 йили Умар Султонов (Қирғизистон), 2016 йили Шукрулло (Ўзбекистон) сазовор бўлган.

“9-Турк дунёси адабий нашрлари конгресси” шўъбаларда давом этди. Бу конгрессда иккинчи бор Ziyouz адабий портали ҳам иштирок этди. Порталда амалга оширилаётган ишлар ва адабий ҳамкорлик ҳақида маъруза қилдим.

Кичик шаҳарлар қандай тараққий этади?

Кастамону аҳоли ва майдони анча кичик бўлса-да тез ривожланаётган шаҳарлардан бири. Бу шаҳар мисолида кичик шаҳарларни ривожлантириш стратегияси ҳақида баъзи фикр ва таклифларимни баён этаман. Кичик шаҳарларни ривожлантириш учун нима қилиш керак?

1. Транспорт-коммуникацияни яхшилаш. Шаҳарга олиб борадиган йўллар, транспорт тугунларини замонавий талабларга жавоб берадиган тарзда реконстукция қилиш, темир йўл, ҳаво линияларини ташкил этиш. Электр энергияси, алоқа тизимлари, газ ва бошқа муқобил энергия манбаларининг муаммосиз ишлашини йўлга қўйиш. Юқорида Кастамонуда кичикроқ бўлса-да, аэропорт қурилганини ёзгандим. Бу ҳам шаҳар тараққиёти учун катта воқеадир. Транспорт ва энергия – ишлаб чиқаришнинг асосий шартларидан бири. Бу муаммоларни тўлиқ ҳал қилмай туриб жадал тараққиётга эришиб бўлмайди.

2. Ҳар минтақага хос туризм имкониятларини ишга солиш. Бунга тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш, табиий географик объектларга бориш ва томоша қилиш шароитларини яхшилаш, миллий ҳунармандчилик, гастрономия анъаналарини намойиш қилиш, шарққа хос бозор колоритини сақлаб қолиш орқали ҳам эришиш мумкин.

Куршунли хон карвонсаройи (1460 йил) ичидаги чойхона

3. Эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш. Шаҳарга инвестиция чақириш ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришда эгаларига турли имтиёзлар тақдим этувчи эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш  самара беради.

4. Халқаро университет ташкил этиш. Кастамонуда 2006 йили халқаро университет ташкил этилган. Университет ўзида 13 та факультет, 2 та институт, 4 та олий мактаб, 13 та касб-ҳунар коллежи, 35 та бўлим ва 2 та илмий-тадқиқот институтини жамлаган. Ҳозирда университетда 26000 нафардан ортиқ талабалар ва докторантлар таълим олмоқда. Улардан 3000 нафардан ортиғи хорижий талабалардир. Ўзбекистондан ҳам 20 га яқин талабалар таълим олади. Давлат университети бўлгани учун таълим бепул. Университет домлалари учун барча шароитлар яратилган, ойлик иш ҳақлари катта шаҳарлар университетлари билан бир хил.

Насруллоҳ майдони

Бизда ҳам янги университет ва халқаро университетлар филиалларини ҳадеб пойтахтда очавермасдан вилоят шаҳарларида ташкил этиш вақти келди. Масалан, Турин политехика университети Тошкент филиалини Андижоннинг Асакасида очиш мумкин эди. Ўша ерда педагогларга пойтахтдагидек шароит яратилса, пойтахтдан кўра кўпроқ ойлик берилса, албатта келиб ишлашади. Асакадаги автомобиль заводи амалиёт учун ҳам қулай. Худди шунингдек, кичик шаҳарларда ҳам миллий, ҳам халқаро университетлар очилиши керак. Шунда ўша ҳудуддагилар ҳам узоққа кетмайди. Қўшни давлатлар ёшлари орасида Ўзбекистонда таълим олишни истайдиганлар жуда кўп. Уларга имтиёзни шартнома асосида ҳам таълим бериш мумкин. Бу орқали республикамиз имижи ҳам кўтарилади.

Транспорт-коммуникация, туризм инфраструктурасининг такомиллаштирилиши, яхши яшаш ва иш шароитларининг яратилиши, халқаро университет ташкил этилиши билан кичик шаҳарларга инвестиция кира бошлайди, янги иш жойлари очилади, аҳолининг турмуш даражаси юксала бошлайди. Бу тадбирлар ўз-ўзидан амалга ошмайди. Бунинг учун давлат, маҳаллий ҳокимият пухта режа асосида маблағ ажратиши шарт.

Истанбул. Лола сайли

Апрель ойида Истанбулда лола сайли бўлиши, бутун шаҳар лолаларнинг алвон, сариқ, пушти рангларига бурканиши ҳақида кўп эшитган, кўрган эдим. Истанбулга 5-келишимда бу гўзалликни кўриш ҳам насиб этди. Шаҳарнинг энг машҳур Султон Аҳмад майдонида дунёнинг энг катта лола гиламини экишибди. Йўл четлари ҳам лолалар билан безанган. Тўпқопи саройининг орқа тарафидаги Гулхона паркида ҳам лола сайли давом этмоқда.

Истанбунинг Султон Аҳмад майдонида дунёнинг энг катта лола гилами

 

Давронбек Тожиалиев

Кастамону – Истанбул,

16-20 апрель, 2018 йил

One thought on “Канъонлар водийсидан энг катта лола гиламгача

  1. Очень интересно. Такое ощущение, что на татарском написано!) Рэхмэт, Давронбек дустым! Сәлам белән Радикҗан)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *