Энг арзон саёҳат

Постдан мақсад асло мақтаниш эмас. Ўзимга ёққанини бошқаларга ҳам раво кўриш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш.

Одатда бир йилда 20 мартагача тоққа чиқаман. Шаҳарнинг шовқинидан узоқда, табиат бағрида, сув бўйида, тупроқ-тош устида, осмон остида, тоза ҳаво бағрида дам олиш, мутолаа қилиш, болаларга атрофни танитиш жону дилим.

Тошкентдан ҳар куни тоғ тарафга электропоезд қайтнайди. Нархи атиги 3500 сўм. Егулик, таом учун маҳсулотларни уйдан олиш мумкин. Тоғда ўтин кўп, ёқишга тақиқ йўқ. Сув мўл. Ўзингиз билан олиб келган маҳсулот чиқиндиларини махсус чиқитдонларга ташласангиз бўлди.

Бу сафар ҳам ҳозир ҳеч ким бормайдиган Хўжакент тоғларини танладим. Йўловчиларнинг аксарияти Ғазалкентда тушиб қолишди. У ёғи Билдисой ва Чимёнга боришади. Бу гўшалар менга унча ёқмайди. Тумонат одам. Тартибсизлик. Табиийлик тобора камайиб бораётгандек.

Хўжакентда эса истаганимизни топдик. Ҳеч ким йўқ. Осойишта. Ўтган ҳафта ўғлим билан, бугун қизим билан қишнинг тотини чиқардик. Ортиқча нарса шарт эмас. Бир парча целлофан бўлса кифоя. Уни қорга ёзиб, ёшликни эслаб қийқираверасиз.

Болалар билан борганда мутолаа бироз қийин. Лекин ёлғиз борганингизда сафар давомида каттагина китобни тугатиш мумкин. Ҳозир аудиокитоблар ҳам анча кўпайиб қолди. Поезд ва йўловчиларнинг шовқинида шу асқотади. Агар хаёл чалғимаса, аудиокитоблар эшитиб ҳам мутолаа лаззатини тотиш мумкин. Телефон орқали электрон китоблар ўқиб кетиш варианти ҳам бор. Лекин буларнинг бари ҳақиқий китоб мутолаасига етмайди.

Сафарда ўқилган (асл қоғоз) китоблар ёдимда кўпроқ қолади. Китоб сюжетига қўшилиб ўтган манзиллар ҳам мияга сақланиб қолади. Китобнинг ўша бобини қайта ўқиганимда илк марта ўқиган жойим ёки ўша манзилдан қайта ўтаётганимда китобнинг муайян боби ёдга тушади. Ажойиб туйғу.

Кўп кузатаман. Ёзнинг иссиқ пайтлари ҳам поездда тоққа келадиганлар, чиқиб пикник қиладиганлар кўп бўлади. Поездда тоққа келиб, юқорига чиқадиганлар кўпинча бошқа миллат вакиллари бўлади. Ёзда бизникиларнинг кўпчилиги ё Чорвоққа чиқишади, ёки иссиқда тоққа кўтарилишни хуш кўришмайди, тирикчилик сабаб умуман тоққа чиқмайдиганлар қанча. Атай тоққа чиқиб, китоб ўқиб кетадиган бир нечта братларни биламан.

Шаҳарга қор кам тушди. Болаларингизни иссиқ кийинтириб, тоғларга олиб келинг, табиатга ошно қилинг, бирга ўйнанг. Ўзингиз ҳам маза қиласиз. Ишонаверинг, бу тот билан бир ҳафта маза қилиб яшайсиз!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *