Бугун Давлат Солиқ қўмитасидан қўнғироқ қилишди. Кечаги ижара шартномаси ҳақидаги постим юзасидан сўзлашдик. Ушбу хизматга масъул бўлган қўмита мутахассиси ҳудудлардаги бўлимларда яна тушунтириш олиб боришини ва бу амалиётни электрон тарзда амалга ошириш йўлга қўйилганини баён этди. Энди туман солиқ бўлимларида ижара шартномасини my.soliq.uz сайти орқали электрон тарзда топшириш мумкинлиги ҳақида телероликлар қўйиладиган бўлибди.
Ижара шартномасини электрон тарзда ҳисобга қўйиш учун (ижарага берувчи шахс) Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz электрон солиқ хизматлари порталидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетига жойлаштирилган “Ижара шартномаларини ҳисобга олиш” интерактив хизматидан фойдаланинг. Агар Сизда электрон рақамли имзо мавжуд бўлса, my.soliq.uz порталидаги шахсий кабинетингизга кирасиз ва “Ижара шартномаларини ҳисобга олиш” (https://my.soliq.uz/rentregister/forma?lang=uz) хизматини танлаб, ҳисобга қўйиш бўйича СЎРОВНОМАни тўлдирасиз ва унга паспортингиз ҳамда ижара шартномасининг электрон нусхасини бириктириб “Жўнатиш” тугмасини босишингиз кифоя. Электрон рақамли имзо билан кирганлигингиз учун Сўровноманинг сизга тегишли бандлари автоматик тарзда тўлдирилган бўлади.
Сайтда уй-жойни ижарага бериш шартномасининг намунавий шакли берилган. Уни юклаб олиб, тўлдиришингиз, шартнома шартларига тарафларнинг келишувига асосан ўзгартиришлар киритишингиз мумкин.
Ижара шартномаси ҳисобга қўйилгандан кейин, Сизга шартнома ҳисобга қўйилганлиги тўғрисида Билдиришнома ва жорий йил учун ҳисобланган даромад солиғини тўлаш бўйича тўлов хабарномаси тақдим этилади. Натижада кўчмас мулкни ижрага беришдан олинган даромадлар бўйича дастлабки декларацияни тақдим этиш талаб этилмайди.
Шартномани ҳисобга қўйиш учун солиқ органлари томонидан ҳеч қандай ҳақ олинмайди.
Электрон рақамли имзо олиш учун паспортингиз ва флешка билан исталган давлат хизматлари идорасига борасиз. Бўш ойналардан бирига мурожаат қилсангиз, сизга электрон рақамли имзо (ЭРИ) очиб беришади. Ўтган ой ЭРИ калитини олишимга 5 дақиқа вақт кетганди. Давлат хизматларига боришдан аввал Click тизими орқали калит учун тўловни (14192 сўм) тўлаб қўйсангиз, ишингиз тез битади (тўловингиз уларнинг базасида кўринади). Бу электрон калит билан Ягона портал (my.gov.uz) орқали вақтинчалик пропискани ҳам расмийлаштириш мумкин.