03.02.2019
Чингиз Айтматов. Асрга татигулик кун (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1989)
Романда гўё 100 йилга чўзилган бир кун ҳодисалари қаламга олинган. Ёзувчининг маҳорати шундаки, асрга татигулик воқеаларни бир кунга сиғдира олган, сингдира билган.
Асарни яна қайта ўқишимга сабаб бўлган воқеа – манқурт Жўломон ҳикоясидир. Сариўзакни босиб олган жунжанглар машъум усулни қўллайди: асир тушган навжувон йигитларнинг сочи қириб ташланиб, тақир бошларига янги сўйилган туянинг энг қалин бўйин териси тортилади ва улар жазирама қуёш тиғида қолдириш йўли билан даҳшатли қийноққа солинади. Шу тариқа асирлар ўзлигидан, инсонийлигидан мосуво этилади. Ўз хотираси, тили, маданияти, тарихини унутган манқурт хўжайини нима деса ўшанигина бажарадиган ҳайвондан баттар махлуққа айланади. Айни шундай қийноққа мустаҳиқ этилиб, манқуртга айлантирилган Жўломон ҳам соҳибининг буйруғига кўра ўз онасини камондан ўқ отиб ўлдиради.
…Сўнгги икки йилда Хитойнинг асосан мусулмонлар яшайдиган Шинжон-Уйғур мухтор районида маҳаллий аҳолининг концлагерларга юборилаётгани, уларга ноинсоний муносабатда бўлинаётгани, маҳбусларнинг сони 1 миллиондан 10 миллионгача экани ҳақидаги хавотирли хабарлар кўпайиб қолди. Расмий Пекин аввал-бошда бу хабарларни рад этди. 2018 йилнинг октябрь ойида эса ҳукумат қайта тарбиялаш марказларида экстремизм таъсирига тушиб қолган фуқаролар профессионал таълим берилаётгани ҳақида ахборот берди. Хитой ҳукумати баъзи оммавий ахборот воситалари вакилларини лагерларга таклиф ҳам этди.
“Марказ” тарбияланувчилари ўз ихтиёрлари билан келганлари, ҳақиқатан ҳам экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолганлари, шароитлари жуда яхшилиги, коммунистик партия шарофати билан сифатли таълим олаётганлари ҳақида гапирганларини кўпчилик кўргандир. Оғир, ўта оғир синовга дучор бўлган туркигўй биродарларимизни айблаш, маломат қилиш фикридан йироқман. Лекин “марказ” тарбияланувчиларининг интервьюларини кўриб, негадир золим жунжанглар ва манқуртлар ҳақидаги маҳзун қисса ёдимга тушди.
05.02.2019
Уильям Аткинсон. Память и ее развитие (Москва, “Ардис”, 2009)
XIX асрда яшаган америкалик ёзувчининг хотирани ривожлантириш ҳақидаги ушбу китобини рус тилида аудио шаклида эшитдим. Унда онг ва онгости; диққат ва уни жамлаш; таассурот ва хотирани шакллантириш; кўриш ва эшитиш воситасида эслаб қолиш; математик ва таҳлилий хотирани ривожлантириш ҳақида маълумот ва машқлар берилган.
Очиғи, китобдан унчалик қониқмадим. Келтирилган маълумотлар ҳам бирёқлама туюлди. Муаллиф ўз мисолларини Америка, Европа ва Ҳиндистондан келтиради. Ҳолбуки, ноёб қувваи ҳофизага оид мисоллар тарихимизда ҳам талайгина. Масалан, Имом ал-Бухорий 600 минг ҳадис тўплаб, шундан 100 минг саҳиҳ, 200 минг заиф ҳадисни ёд билган. Ҳижрий 63 йил яшаган аллома 7 ёшидан ёдлашни бошлаган деб ҳисобласак, кунига 15 тадан ҳадис тўғри келади. Бу саноққа ҳадиснинг матнигина эмас, унинг санади, ровийлар ҳақидаги маълумотлар ва бошқа илмий манбалар ҳам киради. Ваҳоланки, Имом Бухорий тафсир, фиқҳ, тарих илмларига оид жилд-жилд китоблар ҳам ёзган. Бунинг учун эса албатта юксак ақл ва фавқулодда кучли ҳофиза талаб этилади.
Уильям Аткинсоннинг хотирани ривожлантиришга оид тавсиялари Ислом оламида эскидан урф бўлган таълим усулларига мос келади: диққатни жам қилиш, бир сатрни иккинчи сатрга улаб ёдлаш, устоз ёрдамида ёдлаш, давомли такрор, матн маъносини ўрганган ҳолда ёдлаш, китобнинг визуал ҳолатини тасаввур этган ҳолда ёдлаш, рақамлар ва ҳарфларга боғлаб хотирада сақлаш (абжад ҳисоби) ва ҳ.
13.02.2019
Тўпламнинг мақолалар қисмини ўқиб чиқдим. Ҳамза шахсига муносабат ҳар даврда турлича бўлган. Совет даврида у инқилоб куйчиси ва қаҳрамони сифатида улуғланган. Қайта қуриш ва мустақилликнинг илк даврида “жадидлар сафига киритилган”. Сўнгги йилларда эса Ҳамза номи билан боғлиқ жой номларидан воз кечилди, матбуотда унга қарши буюртма мақолалар пайдо бўлди.
Ҳамза – ўзбек адабиёти, педагогикаси ва театрининг байроқдорларидан бири. У Тошкент, Қўқон ва Марғилонда мактабу кутубхоналар очган, дарсликлар ёзган. Фаолиятининг асосий йилларида у дин ва миллат ҳимоячиси ўлароқ жонбозлик кўрсатган, бу унинг шеър, қисса ва мақолаларида яққол сезилади. Умрининг охирги йилларида шўроларга хизмат қилган бўлиши мумкин. Унинг таржимаи ҳоли, ҳатто асарлари совет даврида қайтадан ёзилиб, қизил мафкурага мослаштирилган.
Ҳамза мақолалари Қодирийники каби салмоқдор, қамровдор эмас. У “Бидъатми мажусиятми?” мақоласида халқ орасида тарқалган мажусий одатларни қоралаган. “Жумъа қандоқ кун?” мақоласида жума кунини суннатга кўра қандай ўтказиш кераклиги ҳақида жўяли таклифлар берган. Бу кун билан боғлиқ бидъат-хурофотлардан воз кечиб, дин ва миллат тараққийси учун фойдали амаллар қилишга тарғиб этган. Муаллифнинг бошқа мақолалари ҳам таълим, миллий ўзлик ва жамият тараққийси ҳақида.
20.02.2019
Антон Чехов – дунё адабиётида кўп ва хўб ҳикоя ёзган, мазкур жанрнинг қироли дея эътироф этилган ёзувчи. Аён баён не ҳожат, адиб ҳикоялари ҳақида алоҳида тўхталмай, менга энг маъқул келган ўнталикни келтириш билан чекланаман:
- “Хамелеон”.
- “Семиз ва ориқ”.
- “Йилқибоп фамилия”.
- “Справка”.
- “Ғилоф бандаси”.
- “Каштанка”.
- “Ҳасрат”.
- “Ионич”.
- “Тегирмончи”.
- “Чиновникнинг ўлими”.
27.02.2019
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Хислатли ҳикматлар шарҳи. 1-жуз (Тошкент, “Ҳилолнашр”, 2014)
Китобни ўтган йил Рамазон ойида бошлагандим. Англаш ва ҳазм қилиш қийин бўлган китоблардан бири. Кунига битта ҳикмат ва унинг шарҳини ўқиб, уқиб олиш ҳам кифоя қилади. Менимча, мазкур китоб мутолаасидан аввал муаллифнинг уч жилдли “Руҳий тарбия” тўпламини албатта ўқиш керак.
“Хислатли ҳикматли шарҳи” – мисрлик машҳур аллома ибн Атоуллоҳ ас-Сакандарий қаламига мансуб “Ҳикам ул-Атоийя” китобининг ўзбекча шарҳидир. Ушбу китоб муаллифнинг Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ҳамда бошқа исломий илмлардан олган хулосаларининг қисқача ифодасидир. Ҳикматлар услуб ва маъно, шакл ва мазмун нуқтаи назаридан араб тилининг юқори “парда”ларида битилган. Асар ўз муаллифининг араб тили балоғати ва фасоҳатини пухта эгаллаган адиб эканига шоҳидлик беради.
Атоуллоҳ Сакандарий асари таржимасини ўқиган оддий китобхон ҳикматларнинг теран маъно қатламларини тўлиқ тушунмаслиги мумкин. Шу боис “Ҳикам ул-Атоийя” китобига бир қанча уламолар шарҳлар битган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам ҳикматларни замон ва макон ила боғлаб, мулоҳазага ундайдиган мисоллар билан шарҳлаган. Назаримда, “Руҳий тарбия” ва “Хислатли ҳикматли шарҳи” инсон ҳаётини буткул ўзгартирадиган китоблардандир.