Ютубда 5 миллиондан ортиқ обуначига эга россиялик блогер Юрий Дуднинг “Колыма – родина нашего страха” деб номланган 2 соатлик ҳужжатли фильми рус медиасида шов-шувларга сабаб бўлди. Унда Сталин қатағонларининг аянчли оқибатлари ҳақида фикр билдирилган.
2018 йил октябрда Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, 18 ёшдан 24 ёшгача бўлганларнинг қарийб ярми Сталин қатағонлари ҳақида ҳеч қачон эшитмаган экан. Юрий Дудь Сталин қатағонининг ўлим лагерлари – совуқ Магадан ва Колимага бориб, собиқ лагерларнинг машъум манзарасини, тобора одам қадами узилаётган маконларни, ташландиқ шаҳар ва қишлоқларни суратга олади, шароитлардан зада бўлган маҳаллий халқ вакиллари, тарихчилар, собиқ маҳбусларнинг фарзандлари билан суҳбат қилади.
Фильмда айтилишича, 1930-1956 йилларда 20 000 000 киши ГУЛАГга ташланган. Улардан 2 000 000 нафари нобуд бўлган. Одатда “халқ душмани” ва бошқа айбловлар билан отиш ва ҳибсга олиш учун ҳар бир республикага рақамлар белгиланар, республика куч ишлатар тизимлари шу рақам бўйича “айбланувчилар”ни етказиб бериши талаб этиларди. Вазият шу даражага етдики, республика раҳбариятлари марказга “Бизда ҳали халқ душманлари кўп экан” деб квотани ошириш бўйича таклиф юбора бошлайдилар.
Магадан, Колиманинг ўлим лагерларида бир қанча ўзбек зиёлилари ҳам нобуд бўлган. Қиш ойларида ҳарорат 50°-60° гача тушгани учун кўплаб маҳбуслар очлик ва совуқдан вафот этиб кетишган, яна қанчадан-қанча маҳбуслар, қўл-оёқларию қулоқларини совуққа олдиришган. Буюк шоир Усмон Носир ҳам Магадан қамоқхоналарида совуқдан жинни бўлиб қолаёзади, сўнгра Кемерово вилоятидаги қамоқхонага юборилиб, 1944 йил вафот этади. Германияда ўқиган илк ўзбек ёшларидан Марям Султонмуродова НКВДнинг Колимадаги «Дальстрой» лагерида 1939 йилдан 1947 йил 13 сентябрга қадар ишлайди…
“Колыма – родина нашего страха”ни кўришни тавсия этаман. 9-май арафасида мустабид Сталинни кўкка кўтарувчиларга яхшигина “совға” бўлади бу. “Қўрқув — озодликнинг энг катта душмани” деб хулосалайди блогер.