Май ойида ўқиган китобларим

16.05.2019

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тасаввуф ҳақида тасаввур (Тошкент, “Шарқ” нашриёти, 2011)

Сунний тасаввуф ҳақида ўзбек тилида муфассал маълумот берилган илк китоб. Асар чоп этилган йиллари (илк нашри 2004 йил) халқимиз орасида тасаввуф борасида турли гап-сўзлар кўпайган, уларнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғри эканини ажратиб олиш мушкул эди. “Пирга қўл берган кишининг аввалги гуноҳлари кечирилар экан, қазо намозларини ўқимаса ҳам бўлаверар экан” қабилидаги ботил қарашлар болалаган эди.

Дунёвий асосда ўрганилган тасаввуфда эса турли ақида ва қарашлар аралаштириб-қориштириб ташланганди. Ҳатто Ўзбекистондаги фалсафий тасаввуф илмининг йирик намояндаларидан бири ўзининг “Тасаввуф” деб номланган китобида “Қуръон худди “Инжил”, “Таврот” ва “Авесто” каби инсоният ақли маҳсулидир” деб ёзган эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тасаввуф ҳақида тасаввур” асарида Қуръон ва суннатга мувофиқ бўлган соф тасаввуф ҳақида сўз юритилади, турли тасаввуфий мазҳабларнинг адашган ақидалари, амаллари ҳақида маълумот берилиб, руҳий тарбия маъно-мазмуни, шартлари, вазифалари ҳамда тариқатлар силсиласи баён этилади. Тасаввуф аҳли орасида ҳам тортишувларга сабаб бўлган туш, кашф, илҳом, ваҳдатул вужуд, шатаҳот, самоъ, мадад каби масалаларга илмий муносабат билдирилади.

 

17.05.2019

Имом Ғаззолий. Эй фарзанд (Тошкент, “Ҳилол-нашр”, 2019)

Ҳужжатул Ислом Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Айюҳал валад” асари тасаввуф оламида довруқ қозонган манба бўлиб, у алломанинг шогирдларидан бирига берган насиҳат ва иршодларидан иборатдир. Рисолада мусулмон оилада фарзанд тарбияси учун тавсия қилинган энг тўғри йўллардан бири баён қилинган. Шунингдек, ҳар бир толиби илм ўрганиши керак бўлган илм турлари белгилаб берилган. Қолаверса, мударрис ўзида касб қилиши зарур бўлган сифатлар саналган, муаллим ва шогирд орасидаги робита қандай бўлиши кераклиги батафсил изоҳланган.

“Эй фарзанд!” рисоласи ўзбек тилига аввал ҳам таржима қилиниб, чоп этилган. Ушбу таржима муаллифи Одинахон Муҳаммад Содиқ бўлиб, “Дорул-минҳож” изланиш ва илмий таҳқиқот марказининг илмий ҳайъати томонидан таҳқиқ қилинган нусхаси асосида тайёрланган.

“Эй фарзанд!” – ихчам ва ёдда қоладиган ҳикматлардан иборат рисола. “Ихлос – барча амаллар фақат Аллоҳ учун бўлиши, қалбнинг одамлар мақтови билан роҳатланмаслиги, ёмонлаши сени ташвишга солмаслигидир”, деб ўгит беради улуғ имом.

 

24.05.2019

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар (Тошкент, “Ҳилол-нашр”, 2019)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг энг сўнгги таълиф этган китобларидан бири. Шогирдлари томонидан таҳрир ва таҳқиқ қилиниб чоп этилган. Китоб кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган бўлиб, унда Қуръони карим ва ҳадиси шарифдаги илмий мўъжизалардан баъзилари қаламга олинган. Китобдаги айрим маълумотларни муаллифнинг 1990-йиллардаги мақолалари ва Хуршид Дўстмуҳаммад таҳрири остида чиққан “Иймон” китоби (1991) орқали ўқиган эдим. Бу китобда эса маълумотлар янада бойитилибди.

Китобда Қуръони карим ва суннатдаги тарих, география, геология, физика, кимё, биология ҳамда фаннинг бошқа соҳаларига оид илмий мўъжизалар баён қилинган.

 

31.05.2019

Имом Нававий. Арбаъин (қирқ ҳадис)

Имом, ҳофиз, фақиҳ, муҳаддис Яҳё ибн Шарофиддин ан-Нававий Ислом оламининг машҳур олимларидан саналади. Муаллифнинг “Арбаъин” асари ҳам неча асрлардан бери аҳли илм орасида эътироф этилиб, ҳадис толиблари учун мўътабар манба бўлиб келмоқда. “Арбаъин”га Исломнинг асоси, мадори бўлган 42 та саҳиҳ, ҳасан ҳадислар киритилган.

Китобни аввал арабий матни билан бирга инглизча шарҳини ўқишдан бошладим. Инглизчада бадиий китобдан кўра, диний-илмий матн анча мураккаб бўлар экан. Кейин русча таржимасига ўтдим, ўзбекчасини ўқидим. Юнусобод туманидаги “Мирза Юсуф” жомеъ масжидида ҳам таровиҳда “Арбаъин”дан ҳадислар шарҳлаб борилди. Бу ҳам фойдали такрор бўлди.

Рисоладан бир иқтибос. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абу Зайд шундай деган эди: “Барча хайрли одоблар ушбу тўрт ҳадис асосида таркиб топган:

  1. “Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган киши (фақат) яхши нарсани гапирсин ёки сукут сақласин”.
  2. “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломининг гўзаллигидандир”.
  3. “Ғазаб қилма!”
  4. “Сизларнинг (ҳеч) бирингиз то ўзига яхши кўрган (хайрли) нарсани биродарига ҳам соғинмагунга қадар (комил) иймонли бўлмайди”.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *