«Тилимизни қайтариб беринг!»

Ўтган йили Туркиянинг Кастамону шаҳрида ўтказилган «9-Турк дунёси адабий нашрлари конгресси»да иштирок этдим. Конгрессда қатнашган Татаристон вакили, ёзувчи ва «Мәдәни җомга» газетаси муҳаррири Вахит Имамовнинг чиқиши барча қатори мени ҳам саросимага солди. У она тилини ҳимоя қила олмай, бор-будини бой бераётган ўз Ватани ҳақида куйиниб, шундай деди:

«Россияда туркий тиллар тақдири аянчли бўлиб қолмоқда».
Баъзи туркий тиллар йўқолиш арафасига келиб қолди. Буларга олтой, хакас, ёқут тилларини киритиш мумкин. Бу тилларда гаплашувчилар сони йилдан йилга камайиб кетмоқда. Исм-шарифлар руслашганига анча йиллар бўлиб қолди.

«Рус тили билан биргаликда татар тили ҳам расмий тил бўлишига қарамасдан мактабларимизда она тилимизни мажбурий ўқитишни тақиқлаб қўйишди. Бир тарафдан биз — зиёлилар бунга қарши курашдик. Иккинчи томондан айрим татар миллатига мансуб ота-оналар татарчани ўқитилмаслигини ёқлаб Москвани қўллаб-қувватладилар».
2017 йил ноябрида Россиянинг босими остида Татаристон мактабларида давлат тили бўлган татарчани мажбурий ўқитиш тақиқлаб қўйилди ва ихтиёрийга ўтказилди. Унга кўра, татар тили дарслари ўқувчининг ота-онаси ёзма рухсати билан ихтиёрий тарзда ҳафтасига икки соатдан ошмаслиги белгиланди. 2002 йили Россия давлат Думаси ва Конституцион суд татарчанинг лотин ёзувига ўзгартиришни тақиқлаганди. 2009 йилиёқ регионларда миллий тилларида ягона давлат имтиҳонини ўтказиш ман қилинган эди.

«Академик тарзда татар тили ва адабиётини ўрганиш ҳам йилдан йилга камайиб бормоқда».
Татаристонда татар тили ва адабиёти бўйича олий таълим Қозон федерал университети қошидаги Филология ва маданиятлараро алоқалар институтининг Абдулла Тўқай номидаги миллий маданият ва таълим олий мактабида берилади.

Бошқа татар зиёлилари билан суҳбатларимда ҳам улар ёшлар татарчани ўрганмай қўйгани, ҳатто баъзилари татарча исм-фамилияларини русчага ўзгартириб, Проваслав мазҳабини қабул қилаётганлари, афсуски, бундай ҳолатлар тобора кўпайиб бораётганини айтдилар. «Бу борада сизларга хавас қиламан. Ягона давлат тили сифатида она тилингизни танладингиз, ҳар бир педагогика университетларингизда ўзбек тили ва адабиёти факультетлари бор экан, мактабларда ўзбек тили мажбурий экан, лотинга ҳам ўтгансизлар. Келажак учун тилингизни бошқа тиллар таъсиридан асранг» деганди қозонлик муҳаррир дўстларимдан бири. Тил, ёзув билан боғлиқ муаммоларимиз ҳақида унга гапириб ўтирмадим.

Воҳид оға асримиз бошларида татар маърифатпарварларининг бутун турк оламига қилган хизматлари, ёзувнинг ўзгариши билан туркий миллатлар бирлиги тарқаб кетгани ҳақида гапириб, қизариб кетди-да, кўзда ёш билан сўзини шундай якунлади:
«Ҳурматли биртуғанлар, илтимосим, болаларимизни Истанбулдами, Тошкентдами, Бокудами, Алматидами, қаерда туркий таълим бўлса, ўқитиб беринглар! Зеро, мусулмонлигини, турклигини, татарлигини унутмасин!»

Бугун рус тилига расмий мақом берилишини талаб қилаётган айрим «зиёлилар» эртага таълим рус тилида бўлишини, ўзбек тили ихтиёрийга ўтказилишини, давлатнинг ўзбек тилини ўқитиш учун сарфлаётган бюджети ўрнига «тараққийпарвар» рус тилини ўргатиш яхшироқ самара беришини талаб этиши ҳеч гап эмас. Зеро, айрим ўзбеклар орасида ҳам «болам ўзбек тилини ўрганиб нимага эришарди, унга нима фойда беради бу тил» дегувчилар, ўзи шу миллат вакили бўлатуриб, она тилида гапиришни билмайдиган, уяладиган оз эмас.

Ўз тилига эътиборсиз миллатдошнинг давлат ва халққа эътибори сўроқ остида қолади. Тилини сотган энг биринчи бўлиб Ватанини сотади!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *