Бир киши ҳикоя қилади:
Рамазон яқин. Хурмо яхши кетади. Савдони бошладим. Бирон муҳтожрож одам келиб қолса, ҳадя қиламан деб, 400 граммлик идишларга упаковка ҳам қилиб қўйдим. Савдо ёмон эмас.
Юпунроқ кийинган бир опа келиб, хурмонинг нархини сўради.
– 30000 сўм.
– 25000 бўлмайдими?
– Тўғри келмайди-да.
– Ҳмм, майли – дея опа кета бошлади.
– Тўхтанг, қанча оласиз ўзи?
– 100 грамм беринг…
Томоғимга нимадир тиқилди. Ортиқ қилиб тортиб бердим. Сўнг упаковкадаги хурмони ҳам ҳадя қилдим. Опа хижолат бўлганча, дуо қилиб кетди.
10 минутлар ўтмай, 9-10 ёшлардаги бир бола келди.
– Хурмо неча пул?
– 30000.
– 100 грамм беринг.
Қизиқ, бу бола ҳам муҳтожларданмикин? Ҳа, майли, бола экану, бир маза қилсин, деб ҳадя хурмодан ҳам бериб юбордим.
15 минутлардан сўнг бир аёл келди. Хурмони кўрди-да, пулини ҳам сўрамади.
– 100 грамм бероласизми?
– Албатта.
Иккиланиб қолдим. Ҳадядан берайми-йўқми? Майли, бераверай.
Қизиқ, нега ҳамма 100 граммдан оляпти. Растани шогирдга қолдирдим-да, ҳалиги аёлни кузата бошладим. Аёл шу бозорда ишларкан. У шериклари олдига борди-да, афтидан, бўлган воқеани, мени қандай чув туширганини айтиб берди. Тезда растага қайтдим-да, шогирдга ҳадя хурмоларни тез беркитиб қўйишни буюрдим.
Бир маҳал яна бир аёл келди. Ортида яна 3-4 аёл ҳам бор эди.
– Хурмонгизни роса мақташди-да, хафа бўлмайсиз, қўлимиз калта. 100 грамм ҳам сотаверасизми?
– Ҳа, сотамиз.
Тортиб бердим.
– Қанча бўлади?
– 3000 сўм.
Пулни олиб, кейинги харидорга юзланаётсам, ҳалиги аёл дўқ ургандек сўради:
– Бонуси қани буни?
– Нимаси?
– Акцияси. Хурмо олса, қўшиб бераётган экансиз-у. Беринг дедим. Нега одам ажратасиз? Акцияни чидасангиз қилинг… (яна ҳар хил сўз, ҳақоратлар)
Орқадаги опалар ҳам қўшилишди.
– Опа, биз ҳеч қанақа акция ўтказмадик. Бировга ҳадя қилгимиз келди, қилдик. Бўлди. Тўполон қилманг.
– Ўзи сизлар шунақасизлар. Сал юпун кийинса, бервораверасизлар. Бизга ўхшаган муҳтожлар қолаверади…
– Опа, сизни танидим, ҳов ана ерда кўкат сотасиз, бир шеригингиз ҳам келганди…
– Ҳе сани, ма хурмонгни, пулимни қайтар…
Эҳсонни эгасига қилиш ҳам санъат экан. Биринчи аёлга қилган ҳадямдан мамнун бўлган ҳолда (афтидан, упаковкаси чиройли бўлгани учун, кўкатчи опалар қизиқишган), кейингиларини унутишга ҳаракат қилдим…